Başlangıç > Шеърият > Шеърлар

Шеърлар

ШАҲАР

Соат милларини шоширмас ҳеч ким,

Ушлашга ҳам уринмас ҳеч ким уларни,

Сен ёлғиз кезасан шаҳар бўйлаб жим,

Одимлаб ўлчайсан узун кунларни.

На бирор қайғу бор, на бирор ташвиш,

Хурсандчиликнинг ҳам йўқлиги тайин,

Киролмай эшикдан қараб турар қиш,

Узоқ ивирсир куз, чиқиб кетмайин.

Муҳаббат ҳам бунда гўё йилдирим,

Идрок кечикади доим юракка.

Ҳар куни эрталаб қиласан ирим,

Фақат етишмайди шаҳарда ҳакка.

Етишмайди бунда яна нелардир,

Тасаввур ғуборли, англамоқ қийин:

Кўз олдингга чангли қишлоқ келади,

Содда юзлар пайдо бўлади кейин…

1981

МУШАКЛАР

Мушаклар отилар кўкка тинимсиз,

Кўк, қизил… ва яна қандайдир ранглар,

Барча қийқирмоқда… сиз нега жимсиз,

Сиздаги сукутни ким тўғри англар?

Минглаб қиёфалар бир зум ёришар,

Ҳатто китоб ўқиш мумкиндир бир зум.

Кўк, қизил… ва бошқа ранглар қоришар,

Мушак кўтарилар – залворли гурзи…

Мамлакат бахтиёр, масрурдир ғоят,

Дев каби кўкларга чўзар қўлини –

Бир лаҳза йўқолар ҳар қандай соя:

Мушаклар ёритар халқнинг йўлини…

1983

ЙЎЛДА

Зиммангда бировнинг зилдай Ишончи,

Зўрға одимлайсан кўтариб уни –

Тиззангга баъзида титроқ югурар.

Гоҳида ёнингдан бир яшин каби

Шовқин-сурон солиб суворий ўтар –

Ишончни от қилиб минган суворий.

1983

БАЛКИ…

Балки, тўкилмасди япроқлар,

Балки, турналар ҳам учиб кетмасди

Ва эҳтимол, ёмғир бу чоғлар

Эзмасди бунчалар, нола этмасди.

Кунлар совимасди бизлардан,

Музга айланмасди сувларнинг бағри,

Бизни ҳар одимда шодлик изларди,

Шамолнинг бунчалик келмасди қаҳри.

Агар бирга бўлганмизда

Ушлаб қолармидик, балки, фаслни…

1983

СУРУР

Ёзилган нарсалар ёзилди – улар

Танангни тарк этган мадор, кўз нури,

Юзлаб варақларда устимдан кулар

Мен қўйиб юборган ҳаёт сурури.

Шеъримга тарбия бериб мен ўзим

Унинг тарбиясин олибман беҳос,

Бу сўз меники-мас, бу-шеърнинг сўзи,

Айтганим – шеърларнинг такрори, холос.

Ўзга бир ғурурни ахтармок лозим,

Шеърнинг бўйи етмас ўзга бир ғурур.

Шеър шаҳоншох эмас, мен-чи – мулозим,

Демак, сирларим бор, шеърим билмас сир.

Бугун сатрларнинг кетидан қувмоқ

Саробнинг ортидан чопмоқ билан тенг.

Хўш, нега кунларим ўтаркан қувноқ

Шеърлар ёзмоқ ила машғул бўлай мен?

Ёмғирлар ёғмоқда, чақинлар чақар,

Кунларим ўтмоқда гулдурос солиб,

Менинг ёзганларим бари – бир чақа,

Шеърларим, сиз мени қолдиринг ҳоли!

Ҳаёт куйдирмоқда кафтимни, мана,

У кафтдан бу кафтга отаман уни,

Барча кунларимни фақат бир сана,

Бир сана белгилар, унутмам буни!

1986

ПАРИШОНХОТИРЛИК

Неларни истайсан сен яна,

Интилганинг – у не саодат?

Юлдузлар бор, тун бор-ку, мана,

Кенгликлар бор – рангсиз, беадад.

Изтиробинг бу кунлар аро

Паришонхотирлик меваси.

Факат кўз ҳақ, у кўзлар – қаро,

Факат Сўз ҳақ – шоирнинг саси…

Ва ихтиёр ҳақдир сендаги,

Тинмай юраётган шу соат,

Шу бетин ҳаракат кундаги,

Кундаги, кундаги саодат…

1986

ФАЙЛАСУФ

Бутун борлиғини

Унга қурбон қилган аёлдан

Миннатдор бўлгиси келмасди унинг:

“Бу – қурбонлик эмас, –

деб ўйларди у –

Бу – ўша аёлнинг эҳтиёжидир”.

1986

СУКУТ

Терс йўлдан кетаман қасдма-қасд,

Ўзгарар қўлдаги аламнинг рангги,

Мен юрган йўлдаги баланд-паст

Довонлар чекинар жимликдан гангиб,

Улар кутган нарса – ҳайиқириқ,

Улар айтажак гап – акс-садодир.

Довонлар турадир томоғин қириб,

Жим бўлсам, уларнинг сўзи адодир.

Энди ”Сукут” аталар нутқим,

Довонлар нутқимга этолмас тақлид.

Менда бор безовта бир қутқу,

Фақат у сукунат ичида ҳақли.

1986

ххх

Муҳаббатни бағритош қиздан ўрганди,

Синчкловликни – қиларга иши йўқлардан.

Гўзалликни илк бор чангда кўрганди,

Очликни ўрганди қорни тўқлардан.

Энди у бир куни атрофга боқиб,

Эрк билан танишиб олар, шубхасиз.

1986

ЭРК

Эрк –

Чиройли тамаки қутисига битилган

“Чекиш – соғлиғингизга зарардир”

Деган ёзув каби холисдир.

Баланд симёғочга ёзилган

“Чиқма, ўласан”, деган сўзлардай

Лоқайд минғирлайди Эрк.

Эрк ундамайди,

Огоҳлантирар:

Чақмоқ чақишидан олдин жимгина

Огоҳлантирганидай булутлар.

Эрк –

Уятчан гўдакдай камгап,

Қўлидан келмайди насиҳат этмоқ,

Ҳамма тенг акс этар унинг кўзида.

1986

ИТОАТГЎЙЛИККА УНДОВ

“Бор, тошингни тер” десалар,

Сен, албатта, тошингни теришинг лозим –

Йўлда ётган барча тошлар сеники.

Қўлингда тош билан

Келсанг сен қайта

“Бор, тошингни тер” деб

Айтолмас ҳеч ким!

1983

ОСИЁДА ҚИШ

Қуёш ёздагидай юрар чимматсиз,

Одамлар яширмас кийимга танин,

Қиш тентирар кўкда ёлғиз, умматсиз,

Қўмсар олисларда қолган ватанин.

Ҳордиқ чиқармоқда бунда Осиё,

Ётар у тортинмай, узала тушиб,

У интиқ кутади турна сасин ё

Бошига қўнувчи ўша Бахт қушин…

1986

ВАТАН

Иқлим ҳам шунчалар бўларми илиқ,

Кўксимда барг ёзар минг бир хил гиёҳ,

Ойни қаранг, ойни – бу нима қилиқ?

Тиришар дилимни қилмоққа сиёҳ.

Кўксимни тўлдириб нафас олгани,

Кўрқиброқ турибман асли мен авом,

Кўрқиброқ турибман ерда қолгани,

Бу осмон кўксимда этганда давом…

1986

ЭРТАНИ АЛҚАБ...

Охири не бўлар, худога аён,

Тораяр кун ўтган сайин доира,

Англаб етолмайман, бу не жараён,

Ким у менга қарши тиғини қайрар?

Юз берган туйғулар бариси бекор,

Улардан ҳозир ҳам руҳим қамашар,

Ҳислар доираси кундан-кунга тор,

Қалбда бошланмоқда ажиб томоша.

Дўстлар юзидаги эски кечинма,

Кўнглимга сабабсиз ялқовлик ҳайдар,

Ҳеч кимнинг олдида, Юрак, ечинма,

Ҳеч кимнинг олдида – ўлгунга қадар!

Тораяр кун ўтган сайин бир ҳалқа,

Мен ҳамон яшайман Эртани алқаб.

1986

ЕТИМ ТОНГ

Тонг етим, тонгдан ҳам етимроқ ким бор?

Кел, унга сен – она, мен – ота бўлай,

Токи у бечора ҳар гал умидвор

Боқмасин кўзлари ҳасратга тўла.

Токи, сал юпансин бизнинг меҳр-ла,

Бизларга мақтансин чиройи билан,

Ўзини овутсин бизни сеҳрлаб,

Ки, биз хам чиқайлик Туннинг измидан.

Ахир Тонг эгасиз, эгаси йўқ уй,

Юракни эзгудай ҳувиллаб ётар,

Кел, уни тўлдирсин биз танлаган куй,

Ҳам бизга бошпана бўлсин Тонготар!

1986

ДАСТУРИЛАМАЛ

Кичраймоқ,

Кичраймоқ,

То Ўзингга қадар кичраймоқ

Ва оний ҳузурла рақибга боқмоқ,

Ғалаба нишонин рақибга тақмоқ!

Сўнг портлаш,

мислсиз бир портлаш билан,

Рақибни кўкларга кўтармоқ

Ва ташлаб юбормоқ шу юксакликдан –

У ҳам билсин, майли, парвоз нелигин!

1986

“УЯТЧАН” ОДАМ

Яланғоч девордан,

Гиламлар осилмаган,

Яланғоч девордан уялади у –

“Ҳокисор” бир одам,

“Уятчан” одам.

1982

ХАЛҚ ИБОРАЛАРИ

(ҳазил)

Юрагимни Ҳовучлаб қаршингга чиқдим,

Бироқ қарамадинг сен Ҳовучимга,

Чунки, мендан олдин сенинг ёнингга

Кимдир етиб келди Ўпка Қўлтиқлаб.

1982

ЖИПСЛИК

Аллоҳнинг қўлидаги одамлармиз биз:

Аллоҳ ғазабланса,

Муштумин қисса,

Бизлар жипслашамиз яна яқинроқ…

1986

СЎЗ ФАҚАТ СЎЗ ЭМАС

Гапингга билдиргим келмас эътироз,

Тилингга не келса, айтавер, майли,

Сўзлар менинг учун товуш эмас – роз,

Ўзни унутганман, сўзлар туфайли.

Сен эса, уларни айтасан осон,

Сен учун “сўз”-”сўз”дан бошқа нарса-мас,

Энг ноёб сўзларни ўйлаб топасан,

Кечирган ҳаётинг бунга арзимас.

Фақат сўзлаётиб сен эҳтиёт бўл,

Ахир хар бир сўзнинг ўрни бор қалбда,

Сўзлар билан тўлса агар ўнг-у сўл,

Сен халок бўлурсан бир бўм-бўш дарддан.

1986

БИР ОҒРИҚ

Кузги ёмғир каби батафсил,

Итдай садоқатли бир оғриқ…

Оғригим не дея аталсин,

Мен унга қандай ном берайин?

Юртим иқлимидай барқарор,

Халқим ишончидай собит у,

Шам каби ёнар у, ярқирар,

Қачон ёниб тугар бу оғриқ?

1986

ТУНГГИ СУҲБАТ

Мунча бақирмасанг тонгги хўроздай,

Салгина секинроқ гапир эй, нодон,

Бошимизга тушган кўргулик оздай,

Яна қараб турар кимдир ойнадан…

Ахир бола-чақа, уй-жой дегандай,

Сенингдек шир бўйдоқ эмасман-ку мен!

Сенсиз ҳам кунларим заҳар егандай

Ўтади… йўқ, сенга келолмасман тенг!

Бундай гапларингни ташла яхшиси,

Кел, қулоқ осайлик тунгги сасларга,

Бу озод элимнинг озод бахшиси

Эшит, қўшиқ айтар ҳушёр, мастларга.

Пардани тушириб қўйганинг маъқул –

Сирли нигоҳлардан бадан жунжикар.

Латифа айтайлик, айтайлик нақл,

Балки, ўйларимиз бир ердан чиқар…

1986

ДУШМАН

Менга оғир ботар сенинг шивиринг,

Гўё фақат иккимизга тегишли бир сир

Бизни бошқалардан тумордай асраб

Тургандай шипшийсан қулоқларимга.

Не гуноҳ иш қилдимки, шивирлайсан сен

Менинг қулоғимга ўз сирларингни?

Сенинг ишончингни қачон қозондим –

Мен қачон қуладим бундай жарликка?!

1986

ОЗОДЛИК РАМЗИДАЙ…

Қорайиб турган бу чуқурлик нимадир,

Қайлардан келди бу бошдаги жароҳат?

Бошимга вазнсиз оғирлик инадир,

Миямга ёйилар нотаниш бир роҳат.

Бошдаги бу дарча эркинлик рамзидай,

Ланг очиқ тургандай зиндоннинг эшиги –

Оҳиста чиқаман фикримнинг изидан,

Унутар бир зумда фикрим ўз бешигин.

Остона ҳатлагач сезаман иқлимнинг

Таҳдидли нафасин, риёли шивирин,

Қарайман бир чети кемтикдир ақлимнинг,

Бир чети оғрийди азобли ва ширин.

Очундан мен талаб қилганим у нарса

Ақлимнинг ярмидир, шу кемтик жойидир.

Сен уруғ бўлсанг-у, экилсанг, унарсан,

Ақлим ҳам бир уруғ… экилган ойидир…

Бироқ бошимдаги бу тамға не бўлди,

Бошимдан не ўтган – бу ненинг туёғи?

Бошим балчиқ эмас, балчиқли бир йўлдан

От ўтган десангиз…

билмайман у ёғин…

1986

ТУШ

1

…юракнинг сатҳидан беш минг чақирим

пастрокда, йўсинлар ҳансираб ётган,

жилғалар юзида кўҳна бир ирим

акс этган ва қуёш тинимсиз ботган

масканда учратдим ўзимни бехос,

дайдиб юрганимни кўрдим тубанда,

илоҳсиз, мақсадсиз, даҳрийларга хос

бир кимса эдим мен, бир шаккок банда;

ўз елкаларида зил хотиротнинг

юкини қул каби кўтариб олган,

дол каби эгилган, букилган зотнинг

руҳи эдим ўзим, ҳориган, толган:

фикр туғиларди бир илон каби –

бошим илонларнинг уяси эди,

мен ҳали очмоққа улгурмай лабим

фикрлар фикрнинг бошини ерди,

сўнг ғолиб келган у ягона илон

тишлаб олар эди ўз қуйруғини –

ўзининг ҳалқадай вужуди билан

менга ўтказарди ўз буйруғини:

оёғим ҳалқада, қўлим ҳалқада,

мен қайга борардим юра олмасам,

аммо юмалашим мумкин, ҳар қалай,

юмалаб кетаман шунда солмага…

2

…олисда, ортимдан қоп-кора ридо

кийган бир номаълум, бир сирли кимса

аста одимларди мен томон, жудо

қилмоқ учун мени шубҳадан – кимсан,

деган сўроғимга жавобсиз ва лол…

негадир севардим шубҳани – менга

шубҳадан айрилмоқ келарди малол

(қўрқардим, дея ҳеч айтгим йўқ сенга),

мендаги гумонга бўлган муҳаббат,

фош бўлган сирларга менинг нафратим

мени қийнар эди ўлимдан ҳам бад –

оловга айланган эди ҳасратим,

бироқ ҳеч айрилгим келмасди ундан,

гумонсиз қолишдан қўрқардим – ёлғиз:

қора ридо кийган мавжудот шунда

мени ўз пойига чўктирмоққа тиз

жазм этган эди, маккор, афтидан,

чунки, у ҳеч қолмай этарди таъқиб,

ненидир яширар эди кафтида,

бўйинга ненидир олганди тақиб,

ненидир авайлар эди ақлида,

ненидир, билмайман, билмам – ненидир –

қора ридо кийган кимса шаклида

юриб келар эди очилажак сир;

ўрнимдан жилишга урундим – бекор,

вазнсиз эдим мен бир арвоҳ каби,

иложсиз эдим мен, қўлимдан ҳеч кор

келмасди, бир қўрқув эди сабаби:

шунда мен англадим – бунчалар ночор,

бунчалар тадбирсиз фақат уйқуда,

фақат тушдагина бу қадар хор-зор

бўлмоқлиги мумкин инсон, аслида…

…ниҳоят, уйғондим, уйғондим, мана,

асл ҳаёт ётар менинг қаршимда,

бироқ нимагадир, негадир яна

кўксимни шубҳалар, гумонлар тимдар,

яна ўша қомат, қоп-қора ридо,

яна таҳликага тушган гумоним,

мендаги шубҳага сирини фидо

қилмоқ бўлаётган нотаниш ғаним:

шунда мен англадим – уйғонмоқ лозим,

асл ҳаётдан ҳам уйғонмоқ керак:

бироқ, айт, мен қандай уйғонай, созим,

билсанг, айт, қай йўсин уйғонмоқ керак?..

1986

ҚАЧОН ВА ҚАЕРДА

(шоирга хазил)

Куз чоғи, япроқлар тўкилажак пайт,

Дафна дарахти остида ёлғиз

Ўзингнинг энг ёрқин қўшиғингни айт:

Бу пайтда меҳнатинг кетмагай беиз.

Ўз барглари билан дафна дарахти

Юксак тақдирлайди оқ манглайингни,

Шеърларинг, албатта, чиқажак бахтли

Ва Тақдир кўтарар чўнг танглайингни.

Қоядай виқорли пешонанг узра

Ҳилпираб узилар дафна барглари,

Бошингни буюк бир гулчамбар безар,

Шодликка айланар шеърий дардларинг…

Унутма, кеч кузда, дафна остида

Юксак тақдирланар ҳар битта сўзинг…

1986

ххх

Мен ўқий олмадим,

Ўкий олмадим

Зулмат қўйнидаги

У ёзувларни –

Зулумот қўйнига

Ёруғлик ҳақида

Кўмир-ла битилган у ёзувларни.

1986

АРАФА

Шипшийдон эмасдир йўллар,

Бийдай дала эмас тасаввур.

Эй, тилим, ўғлингни қўлла,

Сен рангсан, мен-чи, мен – мусаввур.

Ифода этмоқлик оғир

Нелар кечганини кўнгилдан.

Ранг эмас, ненингдир доғи

Қолар юрагимда зилдай.

Жарга қарамоқдан қўрқиб,

Кундалик ташвиш-ла овора,

Ўзингга эртаклар тўқиб,

Қани, юраверсак биз, зора.

Сиримиз бой бермай ташда,

Хотиржам етсак биз ҳар тонгга.

Қўрққандай жарга қарашдан

Қарамай у тубсиз осмонга.

Мен гўё минг йил яшадим,

Яшадим ва энди сезяпман:

Мана, етилар недир жим,

(У оғир, қалбларни эзяпти)

Етилар, мевадай маҳкум,

Қуёш чиқмоғидй муқаррар,

Энди йўқ ҳеч кимнинг ҳаққи

Ҳар куни ўлишга юз карра!

1986

СИЙМО

Бу сиймо қақраган юрак маҳсули,

Қақраган лабларнинг алаҳсираши,

Бу сиймо ёлғизлик, умид таҳсили,

Муаллақ илинжнинг жим қалтираши.

Бу сиймо йўқликдан келган бор нарса,

Сен интилиб сира етмаган юлдуз,

У – кўксингда ётган бир оғир харсанг,

Қалбдаги баҳорнинг ўрнин босган куз,

Шу сатрлар каби нотекис, мубҳам,

Туйғунинг зурёди бу нозик чеҳра:

Сен маҳкум этилган мангулик шубҳа,

Ва сира ушалмас орзунинг сеҳри.

У сенга муносиб, сен каби мавҳум,

У хам орзу қилар сени, афтидан,

У ҳам сенинг каби юрак-бағри хун,

Исинар сен каби орзу тафтида.

1986

САРҲУШ ЗАМИН

Боши айланади Заминнинг тинмай,

Гўё сайёралар базмида кеча

Кўп ичиб қўйган-у меъёрни билмай,

Энди сарҳуш ётар қувватин тежаб.

Бетиним айланган бу сарҳуш бошга

Тушлар кириб чиқар ранг-баранг:

У гўё турганмиш омонот тошдай

Тубсиз бир ўпқоннинг четида аранг,

Унинг бошидаги беш миллиард фикр,

Беш миллиард эзгу ё қонхўр ўй-хаёл

Ё хунук алфозда тушарлар зикр,

Ё сузиб юрарлар чўпдан ясаб сол,

Ухлаб ётар экан, уйғонмоқ истар,

Халос бўлмоқ истар ёмон тушлардан,

Тезроқ уйғонай деб йилларни қистар

Ва нажот ахтарар сирли кучлардан…

Тинмай айланади Заминнинг боши…

1986

ЎЗБЕКИСТОН

1

Шеър ёзмоқчи бўлсанг,

Қўлингга луғатни олгин-да аввал –

Сўзларни излаб топ шубҳадан ҳоли.

Агар юзга яқин сўз топа олсанг,

Излаб топа олсанг,

Хар хил шубҳалардан ҳоли юзга яқин сўз

Демак, сен омадли шоирсан, ука,

Демак, сен шеър ёзишинг мумкин –

Шубҳа-гумонлардан ҳоли битта шеър.

2

“Худо” деган сўзни эшитиб,

Қўркувдан

Зир титрар

Иблислар.

3

–Бу нима, биродар?

–Билмайман…

–Яхшиям, билмайсан,

Зеро,

Барча биладиганлар

кайгадир кетишди

БОШ ОЛИБ…

1987

ИБОРАЛАР

Худога шукр,

Энди қовун туширмайсан, халқим,

Негаки, Қовуннинг ўзи йўк сен туширадиган.

Худога шукр-ки, бундан буён

Тарвузинг ҳам тушиб кетмас қўлтиғингдан,

Чунки,

Тарвузи қўлтиғидан тушмас

Тарвузи йўқ одамнинг.

Бундан кейин энди сен, халқим,

Аҳволинг хақида бировга

Оғзингдан гуллаб ўтирмайсан,

Нега-ки,

Гуллайдиган нарсанинг ўзи қолмади мулкингда.

1988

ТАНИШУВ

Беозор одам.

Ҳокисор,

Камсуқум,

Тортинчоқ одам.

Қадди руҳи каби чўккан одам.

Кўзлари пирпираб турувчи одам.

Ҳазили ҳазин одам.

Соғлиги синиқ одам…

Ниҳоят, мен сени танидим, халқим!

1987

БЕКИНГАН…

Сенинг кўзларингда ғазаб бекинган,

Кўксингда бир жаҳл ётибди писиб,

Миянгда бир қасос яшар чекинган,

Турқингдан бир кекнинг келмоқда иси,

Тугилган муштингда мудрар адоват,

Кундузи гизланган чиябўридай,

Тилингнинг учида ухлар бир Даъват,

Донг қотган элингдай кўнглинг тўрида…

1989

РИЁЛАР ДИЁРИ

Тинмай таъқиб этар сени мусибат,

У сени пойлайди ҳар муюлишда.

Киёфанг ўзгарар – кўримсиз ва бад,

Сира чарчамайсан сочинг юлишдан.

Тақводор кўзига кўринган жиндай,

Кўнгилда “йилт” этган бадбин хаёлдай,

Ва ёки тузилиб, бузилган индай,

Номуси топталган ғариб аёлдай

Қарайсан… минора каби сўққабош,

Илдизсиз янтоқдай (йўлларинг оқдай),

Ўчоғинг ўтсиздир, ўчган чўққа бош

урасан, юрасан, турасан – хақдай.

Ким нимага лойиқ – Яратган билар,

Сенга раҳм қилмоқ – тайинсиз юмуш…

Фақат юрагимни бир оғриқ тилар,

Фақат тугилмоқда оғриқдан бу мушт.

1989

ҒАМГИН ЭМАСМАН…

1

Куйиниб,

Куйиниб гапирилар,

Ҳоллар ҳақда,

Аҳволлар ҳақда.

Куйишга қодир бўлган барча куяр –

Кигиз мисоли…

Осиёни тутиб борар куйинди ҳиди.

2

Мен ғамгин эмасман,

Сиз адашдингиз,

Тиши ғижирламас ғамгин одамнинг.

Ғамгин одам

Лабини тишламас қон чиққунича.

Бўйнидан томирлари бўртиб чиқмас

Ғамгин одамнинг.

Юрти Ўзбекистон бўлган одам Ғамгин бўлмас сира, ишонинг.

1988

КЎЧМАНЧИ МАЁҚЛАР

Маёқ

Саёк бўлса,

Ҳолимиз ёмон,

Маёқ – булут каби кўкда дайдиса…

Саҳролар устига шаҳарлар қўниб,

Шаҳарлар устини босар сахролар…

Шаҳарлар ўша дайди булутнинг сояси мисол

Саҳродан-саҳрога,

Саҳродан-саҳрога

Кўчар дарбадар.

Маёқ

Саёқ бўлса,

Ҳолимиз ёмон.

Маёқ саёқ бўлса,

Кеча “авлиё” деб улугғланган зот

Бугун “фирибгар” деб эълон этилар.

Маёқ

Саёқ бўлса,

Ҳолимиз ёмон,

Маёқ

Таёқ бўлса.

Ундан ҳам ёмон…

1988

ЙЎҚ НАРСАЛАР

Йўқ нарсалар эзар бизни…

Дейлик, бир Ватан эзар,

Бир бошпана эзар юрагимизни.

Бир меҳр эзар бизни самимий,

Бир карами эзар Оллоҳ Таолонинг.

Йўқ нарсалар босар елкамизда бизнинг,

Йўқ нарсалар эзар юрагимизни.

Йўқ нарсалар оғир бўлар,

Йўқ нарсалар оғир…

Бир ишонч эзар бизни зил каби,

Бир эътиқод эзар тоғдан ҳам улуғ,

Тегирмон тошидай бир озодлик эзар

Ҳарсанг тошдай бир бахт эзар юракларни.

Йўқ нарсалар эзар бизни,

Зеро,

Мавжуд нарсаларнинг йўқ эрур вазни.

1989

ҚЎРҚИНЧЛИ ТИНЧЛИК

Кўчада кимдир

Ваҳший овоз билан бўкирар тинмай:

“Яшасин тинчлик!

Тинчлик!

Тинчлик…!”

Буни эшитиб, бошимизга

Қўрқинчли, қўрқинчли ўйлар келади…

1983

ҚИЗИМГА

Нега йиғлаяпсан, қизим?

Айт, сен нега йиғлайсан ўзи?

Aхир тушунмайсан-ку, ҳали

“Ватан” сўзини?

“Халқим”,

“Юртим” деган тушунчалар

Сенга ёт-ку, ҳали,

Нега йиглайсан?

“Эрк” деган сўз ҳақида ахир,

Тасаввуринг йўқ-ку, ҳали,

Нега сен беҳуда кўз ёш тўкасан?

1988

СОЯЛАР

Айтилган бу сўзларнинг моҳиятини

Соялардан ўзга ҳеч ким билмайди…

Биз билмаймиз, не ҳақда гаплашаётганимизни,

Не ҳақда бу қадар куюниб гапирдик

Биз – тўртта суҳбатдош – буни билмаймиз:

Буни ҳў анови шарпалар билади,

Улар ҳали, бир кун бизларга

“Тушунтириб” берар ўзларимизни.

1988

АСОССИЗ АСР

Ғазаб,

Ғазаб,

Ғазаб…

Ва

Шалоғи чиққан асаб –

Асрнинг энг ёрқин, ўткир қирраси.

Бошқа ҳеч нарса йўқ…

Гулдан лаззатланмоқ – хотира

(Ярми унутилган туш каби хира)…

Ҳар ким ўз нонини ейди ботириб

Зардобга

Зардобга,

Зардобга…

1988

КУЛГУЛИ УТМИШ

Бугун, 1993 йилда туриб, эски қўлёзмаларимни титкилар эканман, 1988 йилда ёзилган шундай сатрларга кўзим тушди:

Бугун

Ватанингдаги ҳар бир қарич ер

Заҳарли жилмаяр кўзингга боқиб.

Бугун Атиргул ўзининг тўрт-бешта тиканини

Қонли бир жанг учун ҳозирлар найзадай.

Бугун

Боғларингдаги булбуллар

Йўлбарсдай ириллар сайраш ўрнига…

Бу сатрлар рус империяси зулмига қарши ёзилган эди. Бугун биз империядан халос бўлиб, “мустақилларча” яшаяпмиз. Ҳозир заҳарли (дефолянтлар туфайли бўлса керак) жилмаяаётган ер ҳам, ўзининг турт-бешта ожиз тиканлари билан кимгадир таҳдид қилаётган нодон гул ҳам, сайраш ўрнига йулбарсдай ириллаётган асабий булбул ҳолати хам ичак узгудай кулгули кўринади…

Чунки, бу “персонаж”лардаги пафос империя билан бирга йитди; юксак трагизм ўрнини, тубан комизм эгаллади. Ўзбекистондаги бугунги тузум ернинг “заҳарли жилмайиши”га, “атиргулнинг фидокорлиги”га ва “булбулнинг шижоати”га арзимайди.

1993

ДЕЯРЛИ ШЕЪР

Энди эркинман қарийб,

Қўлда кишаним йўқ деярли.

Баъзан ўпкам тўлиб, ийиб,

Мавжудот излайман суярли.

Қарийб қўшиқ айтаман,

Қарийб мен ҳамма қатори…

Ватаним қарийб—чаман,

Қарийб халқимнинг бор ори.

Деярли авлод бор, мана,

Деярли келажаги порлоқ,

Авлодлар қарийб лаънат

Ўқимас бизларга, руҳ чорлаб.

Деярли жойида юрак,

Кўзларим деярли жойида.

Ватаним деярли керак,

Қарийб мен унинг лойидан…

1988

ххх

ҳадеб такрорлайверсанг

ҳатто исминг ҳам йўқотар ўз маъносини

“фаровонхалқ” деган товуш шу қадар кўп такрорланди-ки

энди биз билолмай гарангмиз

қай ўлкада яшашини бу жонзотнинг

1988

МУНГЛИ НАРСА

Дунёдаги энг мунгли нарса

Шамғалат қилинган кўзлардир,

Ундан мунглироқ нарса йўқ…

Мабодо,

Мабодо,

Ундан-да мунглироқ нарса бор бўлса,

Агар мавжуд бўлса шундай бир қайғу,

Билинг-ки, у—Бахтдир

Шамғалат қилинган кўзларда акс этган.

1989

***

Ҳаммамизнинг чеҳрамизга ҳорғинлик муҳр

босибди—биз еб қўйибмиз ўз ризқимизни.

Ҳаммамизнинг чеҳрамизда фақат муз зуҳур

Этмоқдадир, жунжиктириб бир-биримизни.

Ҳаммамиз ҳам одамови бойқуш мисоли,

Қалдирғочлар янглиғ аммо юрамиз тўп-тўп.

Бир бошпана излаб топмоқ—кураш тимсоли,

Битта бўйра, битта чойнак… эҳ, у ёғи кўп!

Ҳаммамизнинг бошимизда битта таваккал,

Битта илинж— умиднинг қоқ ярмича келган,

Ҳаммамиз ҳам ҳаракатчан мисоли ҳайкал,

Изн сўраб, кўз тикамиз, нотаниш элга.

Раҳмат, деймиз, замонага—мақсад бор бизда,

Мақсадимиз бисёр бизнинг ҳар кимникидан.

Авлодлар ҳам қуруқ қолмас келгувчи издан,

Уларга ҳам етар мақсад… етмасалар ҳам.

1989

ШЎРЛИКЛАР ЁКИ ШЎРҲОК ЗАМИН ОДАМЛАРИ

1

Афтидан, тузсиз гаплар гапиравериб,

Қаҳрини қўзғатдик заминнинг.

Зора, энди тузли шамоллар эсиб,

Жиндай тиниқлашса ақлимиз…

2

Биз,

Керак бўлса,

Тузларга ҳам бардош берардик:

Фақат,

Фақат…

Сепилмаса эди улар яра устига…

3

Хоразмдан кетаётиб,

Хайрлашай, деб,

Манглайингдан оталарча ўпдим-у, шу зум

Шўртак бир таъм вужудимни ларзага солди…

Оҳ, манглайи шўр синглим,

Мен қандай кетайин сени қолдириб?

Айт, қандай кетаман,

Манглайим шўри?!

1988

ҲАҚИҚАТ

у анчадан бери қулай фурсат кутиб

тишининг ковагида асраб юрган эди бу ҳақиқатни

бу ҳақиқатни у

гўдаклик чоғидан

ҳатто ҳали

тиши ҳам чиқмаган пайтлардан бери

асраб юрган эди тишининг ковагида

1988

МУҲОЖИР

Юраклар унут бўлиб қолсин Гўшада,

Эркин бўлиб чиқайлик Бизлар кўчага.

Тавқи лаънат каби

Олиб юрманг қалбни

Ўзингиз билан.

1983

КУЗАК

Коинот жовдирар гўдакдай ҳоксор,

Митти юлдузлардан таралар илинж.

Секин одимлайсан, атрофинг токзор,

Борлиқ кўксинг каби осуда ва тинч.

Танангни эркалар майин бир долға,

Ҳаводан оналик меҳри уфурар.

Бирдан сен тўхтайсан… кетолмай олға:

Кимдир кўк юзини аста супурар.

Англаб олгинг келар кимнинг сояси,

Кимнинг кўланкаси самода кезар?

Кўкда тентиб юрган кимнинг ғояси,

Қалб кимнинг борлигин туйинар, сезар?

Булутларни секин олар у артиб,

Юлдузлар яна ҳам ярқирар, порлар,

Кўкка ато этар ажиб бир тартиб,

Руҳларни самога, самога чорлар.

Кўкламги чечакдай гўл, содда, лаққи,

Жонинг вужудингга ёпишмас сира.

Ҳаётга нафрат-мас, муҳаббат ҳаққи,

Жонинг вужудингдан бир оз ётсирар…

Майинлик, майинлик, фақат майинлик…

На умр бор бунда, на замон, на вақт.

Бошда ҳам фикр йўқ бирор тайинлик,

Ҳеч қандай тушунча— на “қайғу”, на “бахт”…

Секин одимлайсан, атрофинг токзор…

1990

ФАСЛЛАРГА ҚАРШИ

(Кузакда ёзилган шеьр)

Мен фаслга алданмайман, дўстгинам, етар,

Айт, биз учун нима ўзи, фасл дегани?

Фасл деган қушча бир зум келар-да, кетар,

Биз қоламиз мангуликнинг ғамин егани.

Фасл кўзни алдагувчи сароб ё рўё,

Умидларни кўкартирар, сўнг айлар хазон.

У қалблардан минг хил шакл ясайди гўё,

Қалб— қалб эмас, бир парча лой—зарра, чанг, тўзон.

Фаслларнинг этагидан тутиб чарчайсан,

Тентирайсан лўли бола каби саргардон.

Ҳозир кўклам сувларига юзинг гар чайсанг,

Лаҳза ўтмай, куз дамидан жунжикади жон.

Биз севамиз ёримизнинг саратонини,

Қонимизни жўштиради унинг кўклами.

Бироқ кўрмоқ истамаймиз сўлғин онини,

Сипқорганда ёз ойининг сўнгги ҳўпламин.

Зотан, барча фаслларнинг охири тупроқ,

Зотан, гулгун ғунчаларни аёзлар ютар,

Инсон эмас, унда зоҳир фасллар кўпроқ

Бизни тортар, мафтун этар ёки чўчитар.

Инсон юзи—фаслларнинг ойдин кўзгуси.

Унда зоҳир бўлар бир-бир тўртта фасл ҳам.

Ўз умридан, ҳеч шубҳасиз, инсон ўзгуси

Агар умрин Фаслга-мас, Руҳга қилса жам.

Мен фаслга алданмайман, дўстгинам, етар…

1990

КУЗГИ МУОЛАЖА

Ҳамма ёқда хазон, хазон…

Мендаги истаклар қани кечаги?

Жунжикиб ўрнимдан тураман. Азон.

Чақалоқ чинқирар, узилиб ичаги.

Туйқусдан туғилган кайфият—ёлғон,

Ўзимни алдашдан менга қандай наф?

Бу туйғу азонга оқшомдан қолган,

Демак, оқшом яна қилар уни даф.

Шеърим— умрим эмас, шеърим ўзгадир,

У — мен орзу қилган, ё қўрққан нарса.

Шеърим таъсирида нима ўзгарур:

Ҳеч нима —

истагим… кўп нари борса…

1989

ҚОР

Қорлар, қорлар, ёғингиз бетин,

Балки, оғриқ босилар қалбда.

Балки, кўрмоқ инсонлар бетин

Енгиллашар қор шуъласида.

Қорлар, ёғинг, мен излаб ташбеҳ

Ўтирмайин ғариб кулбада,

Ташқарига чиқай шодон, беҳ,

Менга ҳамроҳ бўлсин гулбадан.

Қорлар, ёғинг, сиздан нажотим,

Ёғаверинг излар устига,

Оқланадир балки, ҳаётим,

Ёғинг, умр ками-кўстига…

Ёғинг, ёғинг, қорлар, бетиним…

1993

СУРАТ

Кўксимда

Бошинг—

Ўксинган,

Қўлимда

Қўлларинг,

Йўлимда

Ўзинг

Ва ғамгин

Сўзинг.

Тепамда

Юлдузлар—

Илдизлар:

Самовий

Толларнинг

Илдизи…

1989

ЁМҒИР ЁҒСА...

Ёмғир ёғса,

Шамол турса,

Нега уйга кетгим келар менинг,

Нега ширин-ширин оғрир кўксим

Шамол турса,

Ёмғир ёғса?…

Ёмғир ёғса,

Шамол турса,

Мени ҳам эсларми кимдир,

Кетгиси келгандай юртига

Кўксимга кетгиси келарми унинг?

Ёмғир ёғса,

Шамол турса,

Нега шундай бўлаверар ахир?

Шамол хўрсиниқмас,

Кўзёши эмас-ку, ёмғир?

Шамол турса,

Ёмғир ёғса,

Нега масофалар қисқарар?..

1986

ЎҒИРЛАНГАН ЮРАК

Бу улус

Юрагини олдириб қўйибди Тунга…

У энди ҳамёнини олдириб қўйган аёлдай

Ёзғириб излайди ўз юрагини…

Ўша аёл каби у

Бегуноҳ одамларни айблар қарғаниб –

Яъний,

Ўз юрагини

Тундан ахтариш ўрнига

Кундуздан ахтариб юрар бу бадбахт.

1989

ТИНИШ БИЛМАС САТРЛАР

***

омонсиз чайнарди

Тақдиринг сени

сен эса

Тақдирнинг чирик тишларидан бирига

ёпишиб олгандинг жон-жаҳдинг билан

***

вақтингни ялқовликда айблаб

бўралаб сўкасан

нега имиллайсан лаънати танбал

нега имиллайсан

сал тезроқ айлансанг бўлмасми

нега ётиб олдинг

менинг ёнимга

***

сени кўз қорачиғим каби асраган бўлар эдим

агар кўзларимга ишонганимда

***

кек сақлама дўстим

кек ҳам шаробдир

шаробдай кучланар у ҳам кун сайин

кекни шароб каби сақлама узоқ

***

шоирни масхара қилар

ўз дунёқарашининг қафасида ўтирган

одамсимон маймун

***

айтгим келган сўзларни

адаштириб келаман ўзга диёрларга

мени топа олмас сўзларим

***

сариқ чақа бор киссангда

энди шу сариқ чақага арзигулик

режа ҳам туз

***

қизил байроқ каби тинимсиз

оғизда ҳилпирар Тилингиз

***

мен сабаб излайман ғамгинлигимга

бошмоқ излагандай, оёғимга мос

аммо бу бошмоқлар тўғи келмас ҳеч

сабаб излайдурман етим кулгумга

чакмон излагандай, қоматимга мос

лекин тўғри келмас бу чакмонлар ҳам

севгимга излайман муносиб сабаб

тушов излагандай ўз қўлларимга

бироқ тушовларга сиғмас қўлларим

1988

МУҒОМБИР ОСМОН

Гўёки фалакнинг парвойи фалакдир…

Бор эҳтироси билан,

Бутун кучин тўплаб,

Фалак исбот қилмоқ бўлар менга

Ўз лоқайдлигин.

***

Сувараклар—

Тўкин нонуштанинг даракчисимас,

Унут бўлган бурчнинг Элчиларидир…

Мана,

Суварак ўрмалар кўксида унинг,

Бадани жимирлар

Муздай сув каби—

Қимир этмай ётар,

Қимирлаб қўйиб,

Суваракни чуқурроқ туймоқдан қўрқар…

1986

БИР ЁШЛИ ҲАКАМ

бир ёшли ҳакам

ҳали оёғи ҳам тили ҳам чиқмаган

нарсаларни оғзига солиб кўриб

ҳукм чиқарар у аёвсиз

аввал қўғирчоғи ҳақда

кейин онасининг кўйлаги ҳақда

ҳатто менинг шеърлар битилган дафтаримни ҳам

эринмай оғзига солиб кўрди

сўнг кутилмаганда

афтини буриштирди юз-хотир қилмай.

1988

БОШҚА

Телефон жиринглайди устма-уст, шошқин,

Хушхабар келтирган чопардай ҳансираб.

Телефон дастагин оламан… эҳ, кошки…

Аллаким Тошматни сўрайди сансираб.

“Сиз бошқа рақамни терибсиз биродар,

Зеро, мен бошқаман, бошқаман, тушунинг

Агар инсоф бўлса сизда ҳам бир қадар,

Тинчини бузманг-да, бошқа бир кишининг”,

Ва хомуш иламан дастакни жойига,

Одимлай бошлайман—манзилим тўрт қадам.

Бас, етар! Телефон—қабрдир, пойига

Энди гуллар қўйгум то бўйи қадар.

Бироқ, яна жиринглар лаънати “қабр”,

Айланиб қолишни истамас бир тошга.

Саҳро қумларидай тугамас бу сабр—

Мен яна “бошқа”ман, мен—мангу “бошқа!”.

1989

ТАЪБИР

Мана, Туш—кун каби аёвсиз йўйилган,

Ҳаммаси айтилди—нажот йўқ, излама,

Режалар ётибди, қўй каби сўйилган,

Бефойда, тақдирдан ўзингни гизлама.

Қоядай қулайди мислсиз бир Мазмун,

Ўзини йўқотар баҳйбат бир Маъно

Энди сен аввалги Мақсуд-мас—кўп вазмин,

Бошъа бир кимсасан, на тентак, на доно.

Фикр кўп. Фикрлар кераксиз бир ҳашам,

Тушингдай йўйилар юрагинг бир маром.

Қасирлаб қулайди қасрлар муҳташам,

Ҳаловат булғанган, сен учун у—ҳаром.

Сен шамдай қотгансан, қўлларинг чўрт кесик,

Таъбир бу—йўлбарсдир, ҳамлага шайланган.

Сен карахт мудрайсан, чайқалар бир бешик,

Ҳаёт—Туш, Туш эса, Ҳаётга айланган.

1989

ФАЙЛАСУФНИНГ КАЙФИЯТЛАРИ

Мен ўлим ҳақида ўйлайман—

Чунки, кайфиятим аъло.

Мен ҳаёт ҳақида ўйлай бошлайман—

Кайфиятим энди “мўътадил”лашар.

Ризқ-рўзғор ҳақида ўйлайман охир—

Кайфиятим ёмон,

жуда ҳам ёмон…

1989

***

Муҳаббат кемтикдир,

беҳуда энтикдинг,

туйғулар нафсиз.

Лоқайдлик хавфсиз.

Тош каби мужассам

эрсанг ҳеч севмассан—

сен тошга қил тақлид,

тошлардай бўл яхлит,

шунда сен ботмайсан

севгига: қотмайсан

бир забун сезгида—

қалбингни эзгудай,

севгининг домида

севгининг номидан

гапирсам, инонма,

бу ўтда сен ёнма!

1989

БАХТ

Бахтдан дийданг қотар, қароғим…

Бахт шафқатсиз қилиб қўяр одамни.

Сен эса, Бахтдан қўрқмаяпсан, жигарим,

Худди сўқир одам

Жардан қўрқмагани каби

Сен қўрқмаяпсан

Бахтдан.

1989

***

Бир пой ковушини йўқотиб қўйган одамдай,

Мен ҳам йўқолган бир пой сўзни излайман.

Кўпинча тополмай,

қўйнимдаги бир пой сўзни ҳам улоқтириб юбораман йўқликка.

1988

***

Оғриқлар ўз ҳолича яшар,

Бу оғриқларни туққан сабаблар ўз ҳолича…

Севгимнинг сенга не даҳли бор,

Севгилим?

1988

***

Эрк ҳақида ўйлар эканман,

Ажиб бир туйғулар бошимдан кечар.

Ҳайратга тушаман

Осмоннинг мовий ва чексизлигидан.

Мазмунин йўқотар “Бугун” ё “Кеча”.

Ҳайратга тушаман Вақтнинг,

умрнинг “кексиз”лигидан,

Шунда дафтаримнинг сўнгги бетидан

ҳеч нарса ёзилмаган бошига қараб

Тескари тартибда ёза бошлайман.

1988

***

Ё алҳазар,

Ҳар ким ўз юрагини тезрок кимгадир тақдим этишга ошиқади.

Ҳар ким гўё юраги ўзига оғирлик қилаётгандай,

бир лаҳза ҳам иккиланмай,

биринчи дуч келган кимсага уни узатмоқчи бўлади.

Ё алҳазар,ҳар ким ўз юрагини

атиргул деб ўйлайди…

1991

ХУНУКЛИК ТИМСОЛИ

Нега биз маймунни хунук санаймиз—

Нега тошбақа ё илонни эмас,

Ёки отни эмас узун тумшуқли?

Нега бесўнақай фил ёки тимсоҳ

Бадрўйлик тимсоли саналмас?

Нега айнан маймун хунук саналар?

Балки,

Маймуннинг инсонга ўхшаб кетиши

сабаб эрур бизнинг бу ҳукмимизга?…

1990

ТАБАССУМ БЕЛГИСИ

Кулаётган одамнинг юзида

Бужур пайдо бўлар, одатда.

Вақт ўтиб, бужурга айланса юзим

Мен қандай куламан, севгилим?

1989

СЎЗЛАР ҚАБРИСТОНИДА

Бу ерда хар бир сўз хунук, тасқара,

Бу ерда хар бир сўз бадбин, мунофиқ.

Сўзлар бир-бирини қилар масхара,

Ва  заҳар сочарлар шунга мувофиқ.

Улар фоҳишадай яланғоч, орсиз,

Газетлар ичидан сенга кўз қисар…

Кўчада дайдирлар бетавфиқ, корсиз,

Кўнгил-чи, сокинлик, гунгликни тусар…

Сўзлар тентирайди расталар узра:

“Қани, келиб қолинг, бераман арзон,

Қадоғи фалон пул, ейсиз ҳузур-ла,

Қани, татиб кўринг мевадан ларзон”…

Гўё мева эмас, сўз сотилмоқда,

Гўё мева эмас, сўзни татийсан.

Гўё мевани-мас, у сўзни мақтар…

Қанийди, бир зумга тилини тийса!..

Бас, кетмасам бўлмас олиб бошимни,

Бошим олинмасдан тезроқ кетайин.

Заминда мен яшаб бўлдим ёшимни,

Мен қариб боряпман ҳар жумла сайин.

1989

ДАВРА

1

Мутаффакирона бир қиёфа билан,

Давлат арбобининг салобати-ла,

Мутаассибларга хос бир ишонч билан

Тушлик овқат ҳақда сўз юритар у.

2

Саккизоёқ янглиғ юмшоқдир:

Бошқа жонзотларни ўлдиргувчи қўрғошин ўқлар,

Унинг вужудига кириб ўзлари

Мислсиз юмшоқликдан ҳалок бўлишар.

***

Хаёлимда фақат сиз борсиз,

Хаёлингиз билан яшайман.

Менинг битта хаёлим бор, у—сиз,

Хаёлим-ла ўлишга шайман.

Ҳар хил хаёлларга бориб,

Қийнаманг мени…

1986

***

Ҳақиқатни билиб олардим,

Мингта кўзим бўлган тақдирда,

Айлантирмас эди бошимни ҳеч ким,

Мингта кўзим бўлганда агар…

Агар мингта кўзим бўлганда эди,

Ишонмас эдим мен биттасига ҳам.

1983

***

Тўғри, ҳар ким ўзича кўрар дунёни,

Лекин биз севамиз-ку бир-биримизни…

Кел, бир хил кўрайлик бир хил нарсани:

Мен ахир сочларингни силаяпман сенинг,

Қўлларимни артаётганим йўқ-ку сенинг сочингга?!

1989

***

Кўзларингда

Орзунинг излари…

Бу излар кетидан тушмоққа қўрқаман —

ким билади,

қай манзилга элтар мени бу излар…

1988

ШЕЪР НИМА?

Оғриқ эмас бу, азиз дўстим.

Бу—юракдир, арчилган пўсти.

Бўм-бўшликдир, йўқликдир ушбу,

Қаноти бор, ўзи йўқ қуш бу.

1991

***

Фиғони фалакка ўрлаган эркам,

Бу тутунлар аро,

Бу туман аро

Мен сенинг чеҳрангни излайман кўрдай,

Афсус, тополмайман, ахтариб сени,

Тутун қуюқ,

Афсус,

Бу тутун қуюқ—

Сенинг фиғонингдан кўтарилган дуд.

1986

ЯНА ҲАЁТНИНГ МАЗМУНИ ХУСУСИДА

Қаттиқ тикиласан бирон нарсага,

Кўзингни қадайсан турғун жисмга,

У жисм қалтирай бошлайди аста,

Ўрнидан кўчади у қимир этмай,

Ўрнидан қилт этмай лопиллай бошлар…

Шунда хавотирга тушиб сен

Жисмдан кўзингни олиб қочасан,

Қочасан жисмдан олиб кўзингни—

Яна қарамоққа қўрқасан…

1986

ВАТАНДАН УЗОҚДА

1

Иқлим бошқа,

Ақлим бошқа,

Чеҳрам бошқа,

Овозим ҳам ўзгариб борар,

У ингичка тортар кун сайин,

Ватанга боғланган ип каби.

2

Агар яшаётган бўлсак,

Демак, сабаби бор бунинг ҳам.

Гумроҳликдан иборатдир,

балки, бу сабаб—

Эҳтимол, гумроҳлик…

Нега гумроҳликни сабаб демайлик?

1986

ЎЗБЕК ТИЛИ ДАРСИ

(болаларга)

Хўроз қичқирди-ю,

Булбул сайради,

Қўзичоқ маъради,

Бўкирди ҳўкиз.

Қўнғиз ғўнғиллади,

Ҳурди този ит,

Менга тўнғилладинг,

Сенга гапирсам.

1986

ТУРКИСТОНДА МЕН КИММАН?

Мен валиаҳд—қолган мероссиз,

Бойваччаман—кийинган юпун,

Мен ёлғончи—туролмас ростсиз,

Мен— ҳасрат-ла севгувчи юртин,

Мен ошиқман—айтмай турган васф,

Мен булбулман—тиллари соқов,

Мен олимман, этмай турган кашф,

Мен сайёдман—қилмай турган ов,

Мен эрклиман—эркни билмаган,

Мен бахтлиман—сезмаган бахтни,

Мен қувноқман—ҳали кулмаган,

Мен валиаҳд—кўрмаган тахтни…

1989

***

Мен ҳалок бўламан агар бир сатр,

Атиги бир сатр гапни ёзмасам,

Менга шу бир сатр йўлни кўрсатур

Ҳаётимни давом эттириш йўлин.

1989

СОБИТЛИК

Деворлар, сиз собит бўлинг ақалли,

Ақалли сизларни кўрайин муқим.

Коинот турибди амал-тақалли,

Мен эса, инсонман, камтар, камсуқум.

Жисмлар сув каби оқар теграмдан,

Ҳаммаси муваққат, бари омонот,

Мен сўраш истайман қодир эгамдан:

Бу не кўргуликдир, бу не синоат?

Қалам деб ўйласам қўлдаги намни,

Алам деб ўйласам— у-чи, ҳомуза…

тутунни қилсам мен хаёл: санамми?

Санамни бу иқлим ерга томизса…

Кемадай чайқалиб ташлайман қадам,

Ҳаммаси омонот, бари муваққат,

Дунё деб аталмиш бу мулки адам,

Тумандай солланар сокин, бешафқат…

1988

МУБОЛАҒА

Сен ҳаётни эмас,

ҳаёт сени тушуниб борар тобора.

Ҳаёт йилдан-йилга улғаяр, ўсар,

Сен туфайли тажрибаси ортади унинг.

Сени, яъний, оқ-қорани буткул танигач,

Ҳаёт донишмандга айланар бир кун.

1989

ДУНЁҚАРАШ

У зерикиб ўтирмас бошқалар каби,

ҳеч қандай машғулоти қолмаса агар,

Ўз кўйлагининг йиртиқ жойидан

Хотинига термулишни яхши кўрар у.

ЧАП ЁНИ БИЛАН УХЛАЁТГАН ОДАМНИНГ ТУШИ

Яланғоч оломон

Ўртага олиб,

Сазойи қиларди уни—

Якка-ю ягона кийимли одамни:

Уни нуқишарди тўрт томонидан,

Кийимидан кулишарди бахти қаронинг,

Бу—

Башарнинг энг соғлом кулгуси эди…

1989

СОЦРЕАЛИЗМ

Майда-чуйдаларга ем бўлар бу руҳ,

Ботқоқдай сўради сени ташвишлар.

Сен уч юз бўлаксан—катта бир гуруҳ,

Елкангда бир бошмас, уч юз бош ишлар.

Яшашни истайсан кийиб қулоқчин,

Баъзан жонга тегар кўзингнинг бори.

Баъзан от сурасан—нўноқ улоқчи,

Баъзан ўз кўнглингнинг чертасан торин.

Яшайвер, яшайвер, алдама, фақат,

Осмон бор-ку, дея ўзни овутма.

Осмон мавжуд, аммо у—етти қават:

Қанотсиз кўнглингни ердан совутма.

1988

ЎСАЁТГАН ХОТИРА

1

Ағанаб чиқаман тун бўйи,

Биқинимга ботиб, уйқу бермайди

Шағал тошлар каби фикрлар.

Яшашга ҳалақит бераётган нарсаларни

Юлиб ташлагим келар, ўтни юлгандай,

Хусусан,

Бошимни силайман ўзимнинг,

Бошим

Танамдан ўсиб чиққан улкан ғуррага ўхшар,

Фахрланса, арзийдиган баҳайбат ғурра…

2

Коса,

Унинг ичида аллақандай таом…

Косани кўтариб,

Қайларгадир шошар вужудим.

Кимнидир излайман кимсасиз оломон ичидан.

Кимнидир кутаман,

Кутаман сира келмаётган меҳмонни,

Меҳмон эса йўқ…

Бошимнинг косаси ичида эса,

Совуб қолган мия чайқалар илҳақ.

3

Мен ўз сезгиларимнинг подасиман.

Сезгиларим—беҳисоб чўпонларим

Мени ҳайдаб борар номаълум уфққа.

Мен қўй эмасман,

Аммо менинг ҳам

Ваҳм босар юрагимни аҳён-аҳёьнда

Кўплигини кўриб чўпонларимнинг…

4

Мен ҳам қадрлашни ўрганаман,

Мен ҳам қадрлашни ўрганаман бир кун,

Ишни юлдузлардан бошлайман,

Улар негадир тобора

Хиралашиб борар кўкда тун сайин.

Қадрлашни ўрганаман Вақтимни,

Вақт солинган ҳамёним бўшаб бораётир,

Ҳамёнимда бор-йўғи

Бир неча ой қолди—

Бир неча сариқ чақа.

Мен одамларни қадрлашни ўрганаман,

Уларни эъзозлай вақт борида,

Зеро камаймоқда уларнинг сони,

Озайиб бормоқда куррада Инсон.

5

Ўша ўрисларнинг Қорбобоси каби,

Мен ҳам совға тайёрлайман ўзимга.

Қорбобо бўм-бўш қопларни тўлдирар,

Мен эса, тўлдираман бўм-бўш кунларни

Ва уларни жўнатаман ўзимнинг номимга—

Келажак сари.

Кун деб аталмиш бўм-бўш қанорларни тўлдираман эринмай

Эринган кунларимнинг ичидан эса,

Совға эмас, ўзим чиқаман,

Ҳазиллашмоқ истаган масхарабоздай.

6

Мен ўз атрофимда

Уйилган қовоқларни кўряпман,

Уларнинг ҳар бири

Қабрдай дўппаяр манглай остида,

Биламан, бу дўппайган қабрлар ичида

Мен ётибман,

Мен!

АНТИКОММУНИСТ ВАСИЯТИ

Эслаб қол, бу турқни,

Бу турқни унутма, қароғим:

Қип-қизил башара,

Шу қадар қизил-ки,

Ҳеч қачон, ҳеч қачон қизармас.

1986

САРОЙ ШОИРИГА

Тишинг оғриғидан ҳам манфаат изласанг

, Қулоғинг оғриғидан ҳам кўзласанг фойда,

Қоқилиб кетсанг-у, ҳатто шундан ҳам

бир ҳикмат ахтарсанг, бўлгулик ибрат,

Хасис бир судхўрдай нафасинг ютиб,

Қулоқ солиб турсанг ошқозонингга,

Бирон бир лоҳаслик,

Ё бир оғир дард,

Қидирсанг…

тополмай, пир бўлса ҳафсаланг—

Шубҳасиз, бадавлат бўлурсан бир кун…

Шубҳасиз, йўталиб,

Шу йўталдан ҳам

Тилла узукчалар ясайсан ҳали.

1988

СЕНГА

Ғайриоддий эрур, ғайриоддийдир,

Ғайриоддий эрур ушбу кечинма.

Сўз эса, малагим, ўта моддийдир,

Сўзларнинг қошида туйғу ечинмас.

Акс ҳолда, бағишлар эдим сенга шеър,

Улуғлар эдим-ку, етгунича сўз,

Лек сўзга фарқи йўқ—осмонми ё ер,

Сўзга фарқи йўқдир—ипакми ё бўз…

Энг гўзал шеъримни сенга бахшида

этган бўлмасмидим сўз—севги бўлса?

Аммо бу шеърларим девор нақшидай

кўз-кўз бўлур эди, халққа мен ўлсам…

Мен эса, истамам бундай ёзмишни—

Чурқ этиб очмасман оғиз сен ҳақда.

Энг гўзал шеъримни худо ёзмишдир

кўксимга! Қолгани бариси сохта!

1988

***

Йўлда бахтга ташна бир аёл

Келиб қолур сенга рўбарў,

Кўзларида мунгли бир хаёл—

Хаёлида пойинг ўпар у.

У сендаги бор-йўқ хислатни

Азалдан билади … индамас!

Тан олмас у машъум қисматни

Аммо севгига ҳам ундамас!

Севгиси ёввойи ўт мисол,

Қуш мисол эркин ва эгасиз.

Гўёки, ишқ эмас, бу—тимсол,

Гўёки, туйғу йўқ (“нега сиз

севасиз?” демоқлик беўрин)…

Шундай бир ҳилқатдир бу аёл.

Мангу садоқатли бир чўри,

Шундайин безавол бир ҳаё,

Шай турар муҳаббат кўксида,

Куз чоғи етилган мевадай.

Асрайди севгисин ўксиган,

Навжувон қиз эмас, бевадай…

Сенга келиб қолур рўбарў

Бахтга ташна шундай бир аёл…

1988

МЕНГА ХАМ РАҲМ ҚИЛИНГ!

Мен яқинларимга ачинаман…

Бола-чақамга ачинаман…

Дўстларимга ачинаман…

Халқимга ачинаман…

Юртимга ачинаман…

Мени бу ачинишлар тобора ўлдирар…

Менга ҳам жиндай раҳмингиз келсин, деб бакиргим келар,

Менга ҳам шафқат қилинг озгина—

Бу қадар раҳмимни келтирманг менинг…

1990

ШОИРНИНГ ЎЛИМИ

1

Сен—марҳусан.

Кўникиб улгурмадинг ҳали бу янги ҳолатга.

Энг муайян сезги—ҳароратсизлик.

Хозир сен, мабодо, қабул қилишса,

Иштрокиюнлар (коммунистлар) фирқасига

намунали аъзо бўлардинг.

Уйинг тўла меҳмон,

Уйинг тўла Сўз,

ҳамдардлик билдиргани келишган улар:

Бири қари тутдай қадрдон, маъюс,

Бири бойўғлидай камгап, ҳурпайган,

Бири-чи, ғазабнок, омадсиз касдай,

Бирининг юзидан томади заҳар,

Аммо бари самимийдир,

Бари очиқ юз,

ҳатто шодлигини ҳам яширмайди баъзилари.

Сен ўз яқинларингни излайсан Сўзлар ичидан,

Мана,

Мана, уларнинг қадрдон юзлари,

Уларнинг ярмидан кўпроғи—феълдир.

Сени “феълинг қурсин” деб койишганида,

Мана шу феълларни назарда тутишган, балки.

Сен ётибсан,“ҳиссиётга берилмай”,

Рисолада ёзилганидай.

2

…Бу Сўзлар

Яна неларнидир англата бошласайди,

Уларни айта туриб,

Кўкармоқ мумкин бўлсайди яна, совуқ ургандай

Ёки мурч мисоли қизара бошласайдинг, аввалгидай,

Сўзларни айта туриб,

Дунё ёруғ ёки қоронғу бўлиб кўринсайди кўзингга…

4

Маъракага йиғилган Сўзларнинг бари

Бир пайтлар сенинг хизматингда бўлган,

Улар бугун сени кўмар эканлар,

Ўша даврларни эслаётган бўлишса, ажабмас.

Балки, нафрат билан,

Сен уларни бажаришга мажбур қилган

Қора юмушлар ҳақида ўйлашаётгандир.

5

Ўз шеъринга дафн этишди сени,

Сен умр бўйи танлаган чўяндай сўзлар

Мақбара тошига айланди бугун.

Бу зилдай сўзларнинг остидан

Сен чиқа олмайсан ҳеч қачон.

1990

КАРАМСИФАТ ОДАМГА

Карамнинг моҳияти пўстлоқдан иборат бўлгани каби

Сенинг моҳиятинг ҳам

Кийимдан,

Кийимдан,

Кийимдан иборатдир.

1988

ҲАҚҚОНИЙ ТУШ БЕР, ТАНГРИМ!

Тушларимда, тангрим, менга вужуд ато эт,

Токи, тонгги туман каби кетмайин тарқаб.

Бу вужудда, токи, душман душманлигини,

Дўстлар эса, дўстлигини этсин намоён.

Бир вужуд бер менга, тангрим, босинқирасам,

Уятли бир вазнсизлик тарк этсин мени.

Мен заминни сезай зилдай пошнам остида,

Баъзан эса, душманимнинг ғўладай бошин.

Алаҳласам, менга тангрим, вужуд эт ато,

Токи сезай унда қоним кўпиришини,

Ёвимга ҳам бир вужуд бер, эй, парвардигор,

Ханжар санчса, арзигулик муқим бир вужуд.

1990

КУЗ

Куз ивирсир…

Куздан-да ивирсиқроқ фасл йўқ.

Русияга отланаётган мўл-кўл мевалар-у,

Сабзавотлардан Ажиб бир муваққатлик уфурар…

Куз ивирсир экан,

Барча меҳмондай сезади ўзини…

Биронта ҳам мезбон йўқ.

1990

ҚИШЛОҚ

Бу ерда ҳамма нарса мангу:

Асрлик гужумлар,

Эгри-бугри тутлар,

Ўртанган замин…

Ҳатто

Одамлар юзида тош қотган ифода ҳам—

Мангу!

1990

БИГИЗ ҚИЛМА КЎЛИНГНИ

Унга бигиз қилма қўлингни,

Пичоқлар санчилган,

Тиконлар қадалган, муштдай юракка

Энди бигиз уриб нетасан?

1988

***

Сочларинг тўкилиб бир куни

Манглайинг очилиб қолар саҳродай,

Шунда бу саҳрода адашиб кетар

Сен авайлаб юрган бир орзу…

1988

ИЛДИЗ ОЧИЛМАСИН…

(Дарахт ҳақда ёзган шоирларга ҳазил)

Ширин табассумга лаблар очилсин,

Қуёшнинг нурида очилсин ғунча,

Очилсин минг сирли ҳар қандай тилсим,

Фақат очилмасин илдиз—ўлгунча.

Эшиклар очилсин меҳмон кутсангиз,

Чеҳрангиз очилсин ҳол сўрмоқ учун,

Бахтингиз очилсин, бахтни тутсангиз,

Фақат, очилмасин илдизнинг учи…

Пахталар очилсин, терайлик, майли,

Деҳқоннинг бахтига очилсин ҳаво,

Мавсумлар очилсин—тоғ, лола сайли…

Илдиз очилмасин, бунга йўқ даво.

1986

БАЪЗАН ТОМДАН ЧАККА ЎТГАНИ КАБИ…

Баъзан,

Йигирманчи асрнинг

Мислсиз шовқин-сурони,

Ғавғолари оралиғидан

Томдан чакка ўтгани каби

Бир сукунат сизиб ўтар тепадан

Ва бу улугвор Сукунат

бир зумга босиб юборар,

Темир-терсакларнинг шарақ-шуруғин,

Шунда биз ҳайратдан ушлаймиз ёқа.

1990

ТУРКИСТОНДА

Яхшиям, шоир девор эмас,

Барча товушларни такрорлайдиган.

Яхшиям, у баъзан орзу қилади.

Гоҳида ҳаётда учрамайдиган

Ноёб товушларни ўйлаб топади.

Агар шоирнинг иши фақат

Акс-садо қайтармоқдан иборат бўлса эди,

Акс-садо билан у нуқул ҳаётни акс эттирса эди девордай,

Жарангдор оҳанглар эмас, унинг бўғзидан

Хирқираган товушлар чиқарди тинмай.

***

Тасаввуринг бунча қизиққон,

Ақлинг бунча шошма-шошардир!

Кимсалар кўп сенга қизиққан,

Кўнглинг эса, тўқсон яшардир.

Саҳий кўкнинг сенга аталган

Бордир ахир бир сиқим ризқи.

Бироқ сенинг вужудинг толган,

Қуриб қолган сендаги исқин.

Ортдан сени чорлар Истиқбол,

Келажакда кутар Ўтмишинг.

Сенга тақдир кўҳна бир иқбол,

Иқбол билан зарра йўқ ишинг.

Умр гўё ўтилган мактаб,

Ёзмиш эса, хатдир ёзилган.

Шеър тўқийсан йўё нарса ҳақда,

Ҳандақ ҳақда кўкда қазилган…

1991

ҲАҚИҚАТ ШУНЧЛАР ОДДИЙ

Ҳақиқат шунчалар оддий-ки,

Агар бор ҳақиқатни айтгудай бўлсанг,

Сенга ишонмайди ҳеч ким.

Ҳақиқат шунчалар оддий-ки,

Шунчалар жўн-ки, бу ҳақиқат,

Бир чимдим ёлғон ҳам қўшмасанг,

Ишонмас одамлар ҳақиқатингга.

1991

БАҲОР

Баҳор содда тушунтирар, гапирар лўнда,

Боз устига қалдирғоч бор, у—моҳир тилмоч.

Баҳор айтган таклифларга ноз қилмай кўн-да,

Менга келиб, эй малагим, юрагингни оч!

Яшилликка дадил қара, юмма кўзингни,

Ранглар сўйлар, осмон сўйлар, сўйлар дўнг-у, қир.

Анқовликка солиб турма, эй гул, ўзингни,

Асли баҳор билан, маккор, сенинг тилинг бир.

1990

ҚАБРИСТОНДА

Думалаб-думалаб мовий ўтлоқда

Қуёш ёрилгудай бўлиб кулади,

Атрофга кулгуси сачрайди унинг…

Қабр тепасида турар экансан,

Қуёшдан тескари бурасан юзинг

Ва чўнтагингдан чиқариб рўмол

Шошилмай, ҳафсала билан артасан

Манглайингга сачраган кулгу юқларин.

1991

***

Бу дунёда,

Тиниб-тинчимаган бу дунёда,

Бутун ғазабин тўплаб,

Бор жон-жаҳди билан

Осудаликка талпинаётган қалблар бор,

Холос.

1990

АФСОНА

Сана ҳеч эсда йўқ, сана,

Балки, мен кеча туғилдим…

Ёнимда жилмайиб турар Шохсанам –

Демак, кеча емас, билдим…

Алифбони ўқир Сиёвуш,

Демак, мен анча яшабман.

Хотирда уйғонар узоқ туш –

Болалик – қуриган шабнам…

Севгилим, сочларинг – қиров,

Кўзларинг хорғин, беҳол,

Уларда акс этар биров –

Нотаниш, мўйсафид бир чол…

1994

ҲАЛИГИ НАРСАЛАР ҲАҚДА

(Ҳалигидай мамлакатда ёзилган шеьр)

Учовлан кетар эди кўчадан аста-аста,

Гаплашар эдилар секин-секин

Ҳалиги нарсалар ҳақда…

Учаласи ҳам атрофга боқар эди ўқтин-ўқтин,

Гўё ҳалигидай ерларда

Ҳалигиларни куриб коладигандай –

Бошларига ҳалигидай-ҳалигидай хаёллар келар эди…

“Албатта, ҳалигидай деб ўйлашнинг ўзи ножоиз,

Ахир, ҳар ҳолда,

Дунёда ҳалигидай нарсалар бор,

Мабодо, ҳалигидай бўлса…

аммо….

аммо..”

Атрофда эса, ҳалиги…

куз эди,

Ҳаво гўзал эди мислсиз,

Дарахтлардан… ҳалигилар тўкилар эди,

Худди

Уларнинг кўксидаги

Ҳалиги

нарсалар

каби …

2000

ххх

Кўчаларда фаррош аёллар

машьум бир хабарни бекитган каби

шоша-пиша йўқотар хазонларни

одамлар кўзидан нарироқ…

“Ранг кўр, ҳол сўр”, деганлар,

ҳол сўрмоq истаги туғилар заьфарон ранглардан…

Балки, кўнглинг бўшдир ортиқча,

балки, борлиқ сен тасаввур қилгандан кўра

анча жўндир, анча оддийдир…

аммо баьзан

барг хам оғирлик қилар юракка…

2000

ЭДИ…

Буюк бир Чинордай эди Тарих,

Соясида ястаниб ётар эди миллат,

Ширин-ширин хаёллар сурар эди,

Боболарини кўрар эди

Чинорнинг бурушиқ танасида,

Унинг япроқлари шивирида

Туяр эди аждодлари қиличин жарангин,

Кўксини шукуҳга тўлдирар эди сояда ётганларнинг,

Чинорнинг юксаклиги,

Улуғворлиги,

Сояда ётаркан

Миллат хам ўзини тобора,

тобора юксалаётгандай ҳис қилар эди…

Гўё миллат хам тарихга айланган эди…

2003

ЁМҒИР

Ёмғир ёғар экан,

Борлиққа бир Ибо инади,

Ёмғирдан иборат тўрпарда ортидан

Бир сирли, бир жозиб кўринар атроф.

Ёмғир ёғар экан,

Одамлар ва унга ўхшаш бошқа жонзотларнинг ҳам

Ўзгарар хулқ-атвори:

Улар камтарроқ кўринар ёмғир остида,

Бўйинлари бир оз букилган,

Елкалари қисиқ,

Думи борларининг эса,

Думлари ҳам қисилган –

гўё самовий бир Ҳаё

ҳаммани қилгандай асир…

2

Баъзида

Ёмғирни ҳеч нарса билан,

Ҳатто унинг ўзи билан ҳам боғлагинг келмас…

Хусусан,

Кўлмаклар устидан сакраб – сакраб кетаётган анави одамни,

Оёғи остидаги кўлмаклардан ва

Устидан қуяётган ёмғирлардан ҳоли тасаввур қилгинг келар;

Ёмғирсиз – букилган,

Кўлмакларсиз – сакраётган одамни тасаввур қилгинг келар…

2003

ОВЛОҚ МАСКАН

Асрлардир очилмаган қопқа сингари,

Ғижирлайди юрагимнинг кўҳна эшиги,

Хуш келибсан, қани, қўрқма, киргин ичкари,

Бу қабрмас, севгимизнинг томи, бешиги.

Сен чўчима, гарчи, бу ер бир оз қоронги,

Бир оз захдан жунжиксанг ҳам чида, жонгинам,

Бу овлоқда кўрмайсан сен юрганни санғиб,

Бир ҳужра-ки, инсонлардан ҳоли ва шинам.

Бу гўшага одам оёқ босмаган минбад,

Илк қадам бу – сеникидир, муборак бўлсин,

Сен биласан, феьл-атворим менинг бир оз бад,

Шу сабабдан кўймаган қалб ким бўлса, бўлсин.

Яна шуни сенга айтай, эй қоши қора,

Қулоғингга шипшиб қўяй яна мен шуни,

Одам оёқ босмагандир бу ерга, зеро,

Истамадим унга Оёқ Босилишини…

2006

ХОРАЗМ

Хоразм елимдай ёпишар руҳимга,

Бир хира пашшадай бузади роҳатим,

Мен бардош беролмай бу зайл зуғумга

Шеър айта бошлайман йўқотиб тоқатим.

Қалбимни сўзлар-ла қўрийман пашшадан,

Руҳимдан елимни артаман мажоз-ла,

Аммо бир нашъаванд қай йўсин нашъадан

Халос бўла олар сўз ила, соз-ла?

Хоразм васваса, мен эса, бир восвос,

Кўзимнинг ўнгидан сурати кетмайди.

Мен денгиз тубига шўнғиган бир ғаввос,

Менга ҳаво, яъний, Хоразм етмайди…

2006

ЎЛИМДАН КАТТАРОҚ

Ғуруримиз каттароқ ўзимиздан,

Севгимиз буюкроқдир севгилимиздан,

Нафратимиз каттароқ душманимиздан,

Нафсимиз улканроқ иштаҳамиздан…

Ўлим қурқувимиз эса,

Каттарокдир ўлимнинг ўзидан.

2011

Kategoriler:Шеърият
  1. Henüz yorum yapılmamış.
  1. No trackbacks yet.

Bir Cevap Yazın

Aşağıya bilgilerinizi girin veya oturum açmak için bir simgeye tıklayın:

WordPress.com Logosu

WordPress.com hesabınızı kullanarak yorum yapıyorsunuz. Çıkış  Yap /  Değiştir )

Facebook fotoğrafı

Facebook hesabınızı kullanarak yorum yapıyorsunuz. Çıkış  Yap /  Değiştir )

Connecting to %s

%d blogcu bunu beğendi: