Başlangıç > Сиёсат > БИР ОЙЛИК МАОШ ЁКИ МИНГ КИЛО ПОМИДОР

БИР ОЙЛИК МАОШ ЁКИ МИНГ КИЛО ПОМИДОР

29-июл куни “Озодлик” радиоси орқали радио мухбирининг иқтисодчи Анвар Йўлдошев билан суҳбати берилди. Бу суҳбат такрорий бўлиб, бир ҳафта илгарироқ ҳам эшиттирилган эди. Албатта, “Озодлик” радиосининг баъзи эшиттиришларни такрорий бериши кўп ҳолларда жуда ўринли ва аҳамиятлидир. Чунки; Ўзбекистон радио-телевидениеси ва матбуотида берилмайдиган, аммо “Озодлик” орқали берилаётган муҳим хабарлар, фикр ва мулоҳазаларни радио мухлислари баъзан эшитолмай қолган бўлишлари мумкин, бу тушунарли. Аммо Ўзбекистоннинг ҳар бир газетасида, радио ва телевидениесида ҳар куни тинимсиз такрорланадиган гапларни “Озодлик” орқали ҳам такрорлашга ҳожат бўлмаса керак. Радио орқали такрор эшиттирилган иқтисодчи Анвар Йўлдошевнинг Ўзбекистондаги иқтисодий аҳвол ҳақидаги мулоҳазалари эса, худди ана шундай сифатдаги гаплардир.

Анвар Йўлдошев ўзига ўзи: “қандай қилиб меҳнат самарадорлигини ошириш мумкин?”, дея савол беради ва шу ҳақда фикрлай бошлайди. Унинг айтишича, ишчини яхши ишлаши учун “мулкка яқинлаштириш” лозим экан. Афтидан, “яқинлаштириш”нинг ўзи меҳнат самарадорлиги учун камлик қилишини фаҳмлади шекилли, у ўз фикрини яна бир оз ривожлантиришга журъат этади ва “ишчи ўз меҳнатидан манфаат кўриши керак, яъний, у рағбатлантирилиши лозим”, дейди. Суҳбати давомида у тингловчиларнинг (айниқса, ҳукумат вакилларининг) этини ўлдириб, “бир оз тайёрладим”, деб ўйлади шекилли, гапнинг пўсткалласига ўтади: “Мулкдорлар қатламини яратиш керак”, дейди ниҳоят. “ҳайрият-ей”, дейди радио тингловчи ҳам, енгил тортиб. Аммо, нега энди “мулкдорларни” эмас, “мулкдорлар қатламини” яратиш керак? Нима, фақат бир қатлам одамгина мулкка эгалик қилиш ҳуқуқига эга бўлиши керакми? Иқтисодчи бунга жавоб бермайди. У мушоҳада юритар экан, реал ислоҳотларга ишора этувчи “хусусийлаштириш” сўзини иложи борича айтмасликка ҳаракат қилади.

Иқтисодчи сўзи давомида Ўзбекистондаги ишлаб чиқариш суръатининг МДҲдаги бошқа давлатлардан фарқли ўлароқ, кескин пасайиб кетмаганини айтади, газ ва нефт қазиб чиқариш ишларининг боришини мисол тариқасида келтиради. Ҳақиқий иқтисодчи хом-ашё етказиб бериш суръатининг пасаймагани билан мақтанмайди. Ўлканинг иқтисодий қуввати унинг хом-ашё сотиш миқдори билан эмас, қайта ишланган тайёр маҳсулотлар сотиш миқдори билан ўлчанади. Биронта ҳам ривожланган давлат ўз тирикчилигини фақат хом-ашёдан тушадиган пул устига қурмайди.

Ўзбекистонда хом-ашё етиштириш суръатининг бошқа МДҲ давлатларига нисбатан камроқ пасайгани сабаблари, афсуски, А.Йўлдошев ўйлагандек, “фазилат”да эмас, қусурдадир. Ўша “иқтисодий кўрсаткич”лари пасайган давлатлар иқтисодида тўла қайта шаклланиш жараёни кетаяпти. Улар ҳозир катта йўлга чиқиб олишди, суръатни ошириш эса, қисқа бир муддатлик ишдир. Эски коммунистик йўлдан кетаётган Ўзбекистон эса, тобора орқада қолаверади.

Коммунистик империя тугаганидан сўнгги давр мобайнида Ўзбекистондаги ишлаб чиқариш кўрсаткичларининг кам ўзгаргани ҳам эски структуранинг тўла сақланиб қолганини кўрсатади. Шунинг учун ҳам бундан ўн-ўн беш йил олдин Совет Иттифоқида долзарб бўлган “ишчини ўз меҳнатидан манфаатдор қилиш”,”ишчини меҳнатга рағбатлантириш” каби муаммолар бугунги Ўзбекистонда ўз долзарблигини сақлаб қолди ва бундай гапларни Йўлдошев каби иқтисодчиларимиз такрорлаб чарчамаяптилар. Ҳатто бу иқтисодчимиз ўз халқининг коммунистик танбаллик ботқоғидан сира қутулолмаётганини ислом ақидалари билан ҳам боғлашга ҳаракат қилиб, шундай дейди:”Халқимиз руҳидаги, ўша “фарзанд берган худо, ризқини ҳам беради” қабилидаги исломий кайфият ҳукуматга нисбатан ҳам “ҳукумат ота бизни боқади” қабилида кишиларимиз онгига ўрнашиб қолган”,  дейди у ва қўшиб қўяди: “бундай боқимандалик кайфиятидан қутулишимиз керак”.

Яъний, Йўлдошев ҳам коммунистлар сингари боқимандалик кайфиятини яратувчи сабабни эмас, шу кайфиятнинг ўзини одамлар онгидан ўчиришга тиришади. Аммо у одамлардаги бу кайфиятни “боқимандалик” дея нотўғри баҳолайди. Ҳеч қачон ҳеч қандай ҳукумат халқни боқмаган, аксинча, ҳар қандай ҳукумат халқнинг боқимандаси бўлган. Одамлар онгидаги Йўлдошев ишора қилаётган кайфият – боқимандалик кайфияти эмас, хўжасизлик, манфаатсизлик, ҳуқуқсизлик кайфиятидир. Бу кайфиятни эса, халқ эмас, ҳукуматнинг ўзи яратади.

Иқтисодчи баъзи ҳукумат вакиллари қиладиган қонунсизликлар сабабини ҳам эски дунёқараш оқибати, деб ҳисоблайди. “Масалан,– дейди у,–коммунистик тузум пайтида фақат давлат корхоналаридаги ишчилар меҳнатига қонуний нарса деб қаралган, сал ташаббус кўрсатиб хусусий корхонасини очишга урунган одамларга ёмон кўз билан қаралган. Бугун ҳам баъзи амалдорларимизда ўша кайфият сақланиб қолган”.

Йўлдошев фикридан чиқувчи хулоса шуки, эски кайфият қурбони бўлаётган амалдорларни эски коммунистик “дори” билан (”аччиқни аччиқ кесади”қабилида), яъний, сиёсий ўқишлар (политучёбы) ёрдамида даволамоқ керак. Тасанно!

Иқтисодчимиз ўзбек халқининг бугун фаровон яшаётганига Тошкент кўчаларидаги кабоб сотаётганларнинг кўплигини мисол қилиб келтиради. “ҳеч қачон кўчаларда бу қадар кўп шашлик сотилмаган”, дейди у ғурур билан ва шу ерда бозордаги гўштнинг сероблигини ҳам қўшиб ўтади.

Ҳа, гўшт Ўзбекистондаги асосий кўрсаткичлардан бири, шунинг учун ҳам сўнгги уч-тўрт йил давомида гўшт, чорвачиликка дахлдор жуда кўп “ислоҳотлар” ўтказилди. Гўштнинг бирданига қимматлаб кетишининг олдини олиш учун ҳукумат бозорларда қаттиқ назорат ўрнатди. Гўштни ҳукумат кўрсатган баҳода сотиб, панд ейишни истамаган чорвадор, мутлақо гўшт сўймай қўйди. Аммо унинг ўжарлиги узоққа бормади, молни боқиш учун озуқа керак, озуқа ўсиши керак бўлган ерларга эса, ҳукуматнинг (ҳа, ҳа, деҳқоннинг эмас, ҳукуматнинг) пахтаси экиб ташланган. Қарабсиз-ки, яна бозорда гўшт кўпайиб қолибди. Ахир, ўз молининг очликдан ҳаром ўлишини қайси чорвадор истайди?

Аммо, бу гўштли давр узоққа чўзилмайди, зеро, сигирлар пашша каби ҳар куни туғавермайди. Албатта, ҳукумат дарҳол халқ пулининг бир қисмини бошқа давлатдан, масалан, Қозоғистондан гўшт сотиб олишга сарфлайди. Шундай қилиб, яна бир бор биз “эски иқтисодий алоқалар”нинг нақадар ҳаётий тарзда давом этиб келаётганига гувоҳ бўламиз. Яъний, биз гўшт ўрнига ҳам, айтайлик, пахта етиштириб, пахтанинг пулига эса, яна қиммат нархда гўшт сотиб оламиз: бу– совет тузумини тутиб турган асосий принциплардан бири эди.

Иқтисодчи Йўлдошев ўз суҳбатини давом эттириб, бозорлардаги арзончиликдан ҳайратланади. “Мана,–дейди у,–бир кило помидорнинг баҳоси 1-2 сўм, Ўзбекистондаги ўртача ойлик эса, 1000 (минг) сўм, демак, меҳнаткаш ўзининг бир ойлигига минг кило помидор сотиб олар экан”. Офарин сизга, муҳтарам иқтисодчи! Бир ойлик маошга 1000 кило помидорни сотиб олишни бизга ўргатдингиз, энди 1000 кило помидор билан қандай қилиб бир ой тирикчилик қилиш йўлини ҳам ўргатинг!

Ҳақиқий иқтисодчи фуқаролар олаётган маошнинг миқдори ва  қудратини унинг помидор сотиб олиш имкониятлари билан эмас, балки, турмушнинг умумий таъминотига (кийим-кечак, озиқ-овқат, маиший хизматлар, турар-жой солиқлари ва ҳоказоларга) нисбат бериб баҳолаши лозим.

Хуллас, муҳтарам Анвар Йўлдошев ўзининг иқтисод ҳақидаги мулоҳазалари билан ўзи ҳақида икки хил фикр туғдирди: Биринчиси: “У иқтисодчи эмас”, иккинчиси эса: “Агар бу киши ҳақиқатан ҳам иқтисодчи бўлса, демак, у  била-кўра, бу суҳбатга иқтисодни эмас, балки, бундай мажруҳ иқтисодни ушлаб турган мажруҳ сиёсатни мавзу қилиб олган”.

Мақсуд Бекжон

1995

Reklamlar
Kategoriler:Сиёсат
  1. Henüz yorum yapılmamış.
  1. No trackbacks yet.

Bir Cevap Yazın

Aşağıya bilgilerinizi girin veya oturum açmak için bir simgeye tıklayın:

WordPress.com Logosu

WordPress.com hesabınızı kullanarak yorum yapıyorsunuz. Çıkış  Yap /  Değiştir )

Google fotoğrafı

Google hesabınızı kullanarak yorum yapıyorsunuz. Çıkış  Yap /  Değiştir )

Twitter resmi

Twitter hesabınızı kullanarak yorum yapıyorsunuz. Çıkış  Yap /  Değiştir )

Facebook fotoğrafı

Facebook hesabınızı kullanarak yorum yapıyorsunuz. Çıkış  Yap /  Değiştir )

Connecting to %s

%d blogcu bunu beğendi: