ИСЛОМ КАРИМОВ: “ҚЎРҚМАНГ, БУ ДИКТАТУРА ЭМАС, БОР-ЙЎҒИ—АВТОРИТАРИЗМ…”
1995 йилнинг сентябр ойида Ислом Каримов “Озодлик” радиосининг рус шўъбасига интервю берди. Радио ходимининг айтишига қараганда, у чет эл журналистлари билан 3 соат-у 45 минут суҳбатлашган. Ҳатто халқаро матбуот конференцияларига ҳам шунча вақт ажратмаган Каримов, “Озодлик” мухбири билан тўрт соатга яқин гаплашиб, ҳатто радио ходимларининг ўзларини ҳам ҳайрон қолдирган бўлса, унинг суҳбатда айтган гаплари бутун соғлом фикрли одамларни ҳайратга солди. “Тоталитаризм даври тугади, буни, ниҳоят, тушунишлари лозим, наҳотки, бу тушунарли бўлмаса?”, дейди Каримов таъна оҳангида аллақандай номаълум диктаторга қарата.
Шуни тан олиш лозим-ки, таъна оҳангида гапириш доим Каримов ирод қилган нутқларнинг шоҳ нуқтаси бўлган. Масалан, худди ўшандай оҳангда у: “Нега биз ҳали ҳам ишга эскича ёндошамиз, нега сиёсатимизнинг фалон жойи ундоқ? Қани, фалончиев, ўрнингиздан туриб, жавоб беринг-чи?”, деган пайтда, бундай “самимият”дан халқ эриб кетади. Президент сиёсатини “бузиб кўрсатаётган” ҳокимлар-у, министрларга эса, янада нафрати ошади. Халқ соддадиллик билан: ”Президентимиз ўзи яхши одам-у, атрофидагилар ёмон”, деган хулосага келади. Президент баъзан ўз ролига шундай берилиб кетади-ки, ҳатто тўғридан-тўғри ўзига боғлиқ бўлган нарсаларни ҳам телевидение орқали халқдан ёки ўша залда ўтирган одамлардан дағдаға билан сўрай бошлайди: Нега ундоқ? Нега бундоқ? Бунга ким жавоб беради? Ва ҳоказо. Бундай ўйин ўтган давр ичида Каримовга катта муваффақиятлар келтирди.
Ҳатто бошқа давлатлар раҳбарлари ҳам биринчи икки-уч йил ичида Каримов “феномени”ни тезда англаб ололмадилар. Чунки, Каримовдаги популизм ҳамма кўникиб қолган коммунистик популизмдан анча йироқ эди. Каримов коммунистлардаги нима қилиб бўлса ҳам ўз ҳокимиятини ушлаб туриш хусусиятини тўла сақлаб қолган ҳолда, уларнинг ҳокимият учун курашиш усулларига анча ўзгартиришлар киритди, яъний, кураш усулларини “замонавийлаштирди”. Масалан, Ўзбекистон компартияси номини ХДП га, “интернационал” сўзини “ўзбекчилик”ка, “атеизм” сўзини “худо”га, “коммунистик жамият” сўзини “демократик жамият”га ўзгартирди.
У жамиятнинг кайфиятини сезгирлик билан кузатиб борди ва жамиятга керак бўлган сўзларни илиб олиб, уларни қайта-қайта такрорлади. У диндорларга “”ислом давлати”, демократларга “демократик жамият”, депутатларнинг ҳар бирига биттадан Корея автомобили, талабаларга катта стипендия, халққа эса, 1992 йил август ойида ҳамма нарса “во” бўлишини ваъда қилди. Оқибат шу бўлди-ки, исломий тарғибот ва демократик ҳаракат яширин фаолиятга ўтди, диндорлар ва демократлар турмаларга ташланди, қувғин қилинди. Депутатлар автомобил ўрнига ҳақорат ва таҳқир олди, халқ эса, мана, орадан уч август ўтибди-ки, президентнинг ўша “ҳамма нарса “во” булади”, дея тепага кўтарган бош бармоғини сўриб келмоқда.
Юқорида саналган ваъдалар Каримовнинг кечаги “самимиятлари” эди. Хўш, унинг бугунги самимияти нимадан иборат? У бугун самимият билан авторитаризм ҳақида гапирмоқда. “Озодлик”дан берилган унинг суҳбати ҳам “Авторитаризм диктатурага айланмайди”, деб номланган. Каримов “авторитаризм сўзини ўйнар экан”, ўзини худди авторитар тузумнинг афзаллигини исбот қилган одамдай тутади. Тўғри-да, атрофдаги демократик йўлдан кетаётган давлатларни қаранг, ҳар кун намойиш, халқ ҳар куни ўз ҳукуматидан норози эканлигини бақириб-чақириб айтиб ётибди. Бу ерда-чи? Қани, ҳукуматдан норози бирон бир одам топа оласизми? Қайси ҳукумат яхши, албатта, бизники.
Сўнгги икки йил ичида ўзларини демократик йўналишда дея ҳисоблаётган давлат раҳбарлари бир муддат Каримовга ҳаваслари келиб қолди. “Қаранг-а,–дейишди бу раҳбарлар, – янги замон, янги давр бошланишига қарамай, бу ҳамкасбимиз, эски тоталитар бошқарув усулини сақлаб қола билди. Биз эса, демократия деган бир даҳмазани ўз бошимизга бало қилиб олдик, биз ҳам қайта эскича усулга ўтишга ҳаракат қилиб кўрсакмикан?”. Ва ҳаракат қилиб кўра бошлашди. Қирғизистонда матбуот эркинлигини чеклашга урунишлар бўлди. Аммо бу ҳаракат жамоатчилик томонидан қаттиқ танқидга учради. Акаев ўз шаштидан қайтди. Чунки, қирғиз халқи ўзбеклардан фарқли ўлароқ, озодлик таъмини татиб кўришга улгурган ва энди уни эгарлаб олиш осон эмас эди. Бугун қирғизлар “демократияга тайёр бўлмаган” ўзбеклар қошида анча салобатли кўринадилар. Аммо Ўзбекистонда Каримов яратган инцидент Қозоғистон ҳудудларида анча муваффақиятли қўлланилди. Каримовнинг чапани ҳаракат ва гапларидан илҳомланган Назарбоев Каримов руҳида бир қанча сиёсий “ислоҳот” ўтказди: парламентни тарқатиб юбориб, ўзини сайловсиз – референдум орқали яна бир муддатга президентликка сайлатди, мухолифатга бўлган муносабатини кескинлаштирди. Ҳатто Россия президенти ҳам журналистлар билан бўлган учрашувларининг бирида, Каримовнинг “иш услуби”га тасанно ўқимай ўтолмади. Россиядаги жиноятчиликк ҳақида гапирар экан, у: “Мана, Ўзбекистондан ўрнак олиш керак, у ерда жиноятчиларни тўғридан-тўғри отиб ташлайверишади”, қабилида гапирди.
Хуллас, Каримов ўзбеклар ҳақида “қўйдек ажойиб халқимиз бор, бундай халқ билан ҳамма нарса қилса бўлади”, дер экан, бошқа давлат раҳбарларида ҳам ўз халқи билан “ҳамма нарса қилиш” васвасасини уйғотишга муваффақ бўлди. Аммо, ҳамма халқлар ҳам қўйдай ювош бўлавермайди.
Яқинда Бишкекда бўлиб ўтган туркий жумҳуриятлар раҳбарларининг навбатдаги йиғини олдидан, И. Каримов у ерда йиғилганларга қарата: “Агар бу ерда сиёсий масалалар муҳокама этиладиган бўлса, биз, Ўзбекистон вакиллари, ҳозироқ залдан чиқиб кетамиз”, дея ултиматум қўйган эди. “Озодлик” мухбири Аркадий Дубновнинг бу ҳақдаги саволига Каримов қуйидагича жавоб берди: “Туркий жумҳуриятлар иттифоқи каби бундай ассосациялар тузилаётган пайтда, доимо умумий принциплар ҳақида гапирилади, фақат иқтисодий, маънавий алоқалар кўзда тутилади. Аммо вақт ўтган сайин аста-секин бу ташкилотга сиёсий ғоялар ҳам аралаша бошлайди. Мана, масалан, Туркияда бўлиб ўтган Туркий жумҳуриятлар йиғинида Шимолий Қибриз ҳам иштирок этганини олинг. Хўш, сизнингча бу ўзаро келишилган муносабатлар доирасидан чиқиб, таъсис ҳужжатларида кўрсатилмаган сиёсат, бунинг устига ҳали ҳал қилинмаган сиёсий масалалар доирасига ўтказишга уруниш эмасми? Мен илгари ҳам юқоридаги каби урунишларни кузатиб келаётган эдим. Балки, бу гапим дипломатик нормалардан сал четга чиққандир, аммо мен бу каби уюшма ва иттифоқларга узил-кесил нуқта қўйиш учун шундай дейишга мажбур бўлдим”. Бу гапларни эшитган одам Ўзбекистон президенти дунё томонидан тан олинмаган Қибриз турк жумҳурияти бошқонинг қурултойлардан бирига келганидан, яъний, Турк жумҳуриятлари ўртасидаги алоқалар бўйича тузилган ҳужжатлардаги нормалар бузилаётганидан норози бўлаяпти, деб ўйлаши мумкин.
Аммо Каримов фаолиятини етти-сакккиз йилдан бери кузатиб келаётган кишилар нега унинг бундай деётганини яхши тушунади. Қибриз “фактори” бу ерда Каримов доим ишлатадиган “ислом фундаментализми”, “экстремизм”, “империализм” каби навбатдаги атамалардан бири сифатида ишлатилаяпти, холос. Аниқроғи, Қибриз ҳақида гапирар экан, Каримов бу ерда “уятчанлик” билан пантуркизмга шаъма қилмоқчи бўлади. Нега жаноб Каримов бирдан пантуркизмдан қўрқадиган бўлиб қолди? Илгари унда бундай кайфият кўзга ташланмаган эди-ку? Чунки, илгари Каримовнинг бу ҳақда гапириши учун бирон бир сабаб туғилмаган эди. Фақат 1993 йил охирларида, “Эрк” партияси раиси Муҳаммад Солиҳ Туркияга келиб яшай бошлаганидан сўнг, ўзбек матбуотида ҳукумат буюртмаси билан ўзбекларнинг турк эмаслиги ҳақидаги мақолалар чоп этила бошлади. ғайримиллий, ғайриилмий бу мақолаларга қарши ёзилган мақолалар чоп этилмади.
Бир пайтнинг ўзида ҳукумат одамлари томонидан халқ орасида “Туркия ҳукумати Туркияда ўқиётган болаларимизга стипендия бермаяпти”, каби гаплар тарқатила бошлади. Бу гапларнинг рост ёки ёлғонлигини аниқлаш учун баъзи ватандошларимиз Туркиянинг Тошкентдаги элчихонасига бориб, бу ҳақда маълумот сўрашди. Маълум бўлишича, стипендиялар берилмаганига Туркия ҳукумати эмас, ҳужжатларни ўз вақтида тайёрлаб бермаётган Ўзбекистон ҳукумати масъул экан. Хуллас, туркчиликка қарши ҳаракат ўша пайтда юз кўрсата бошлаган эди. Яъний, бу ҳаракат тўғридан-тўғри сиёсат билан, яъний, Туркияда яшаётган ўзбек мухолифати билан боғлиқ эди. Бишкекдаги йиғинда Каримов Турк жумҳуриятлари вакилларига “Агар бу ерда сиёсий масалалар муҳокама этиладиган бўлса…”, дея ултиматум қўяр экан, албатта, бу билан у йиғинга қатнашиши мумкин бўлган Қибриз турк жумҳурияти вакилларини назарда тутгани йўқ эди. Аслида, Каримовни безовта қилган “сиёсий масала” яна ўша—бу ерда муҳокама этилиши кўзланган “жамиятни демократлаштириш” масаласи эди. Ўзининг “Озодлик”ка берган интервюсида Каримов, ўзидаги ўша безовталик сабабини “ҳал қилинмаган сиёсий масала”, яъний, Туркия ва Озарбойжондан бошқа давлатлар тан олмаган Қибриз турк жумҳуриятининг баъзи йиғинларда қатнашаётганидан норози эканлиги билан изоҳлади. Миқёснинг катталигига қаранг! Албатта, агар Каримов ўз интервюсини “Озодлик”нинг рус шуъбасига эмас, ўзбек шуъбасига берганда, Бишкекдаги йиғин бошланиши олидидан ўзи қўйган ултиматум сабабини бутунлай бошқача изоҳлаган бўларди. Россия учун бериладиган радио эшиттиришлар учун эса, энг мос талқин бу – албатта, “пантуркизм хавфи”дир.
Каримов ўз интервюсида Тожикистон ҳукуматини эскича, яъний, коммунистларча (!) иш тутаётганликда, замондан орқада қолганликда, узоқни кўра билмасликда, мухолифат билан мулоқат қилмасликда айблайди. Тожик мухолифатини мақтаб, уни “конструктив мухолифат”, дея атайди. Тожик ҳукуматига қарши қуролли кураш олиб бораётган тожик мухолифатини “конструктив” дея атаганидан сўнг, “Озодлик” мухбири Каримовдан ўзбек мухолифатига бўлган муносабатини сўрайди. Бунга жаноб Ислом Каримов: “Менинг “Бирлик” ҳаракати асосчилари бўлган ака-ука Абдурахим Пўлатов ва Абдуманноп Пўлатовларга ҳеч шахсий ғаразим йўқ. Марҳамат, улар бемалол Ўзбекистонга қайтиб, “Бирлик” ҳаракатини қайта рўйхатдан ўтказсинлар-у, ўз фаолиятларини давом эттираверсинлар. “Эрк” партияси раиси Муҳаммад Солиҳга келсак, бу ерда масала сал бошқачароқ. Унинг партиясини рўйхатдан ўтказиш ҳақида сўз ҳам бўлиши мумкин эмас”, дея жавоб бериб, Муҳаммад Солиҳни давлат тўнтаришига урунганликда айблайди. Бунга “Эрк” аъзолари устидан 1994 йилда ўтказилган суд натижаларини асос қилиб келтиради. Албатта, бу ерда “Озодлик” мухбири нима учун Каримов Тожикистондаги ҳукуматни ағдариш учун қуролли кураш олиб бораётган тожик мухолифатини “конструктив мухолифат” деб атаяпти-ю, мутлақо сохта айблар билан давлат тўнтаришида айбланаётган “Эрк” партиясини “ноконструктив мухолифат” деяётганининг сабабини сўраб ўтирмади, чунки, бу гапларда ҳеч қандай мантиқ йўқлиги шундоқ ҳам кўриниб турган эди. (Айтгандай, бу ҳақда эшиттиришни олиб борган радио ходими ҳам, эшиттириш сўнгида: “Жаноб Каримовнинг айтаётган гаплари бир-бирига қарама-қарши”, дея изоҳ берди).
Жаноб Каримов “Эрк” партияси ҳақида гапирар экан: “Бу партияни тузишда мен ёрдамлашганман”, дея даъво қилади. Ва шу ернинг ўзидаёқ: “Бу партия ҳали тўла шаклланмай туриб, унинг раиси жаноб Муҳаммад Солиҳ давлат тузумини ўзгартиришда ҳарбий куч ишлатиш усулини ҳам инкор этмаяжагини тинмай таъкидлар эди”, деб юборади. Демак, бундан чиқди-ки, жаноб Каримов ўзига қарши ҳарбий куч билан курашадиган партияни тузишга ёрдамлашган экан-да!
Келинг, Каримовнинг гапларини таржимада эмас, оригиналда, рус тилида яна бир марта кўриб чиқайлик: “Даже в зачаточный период создания партии, было много заявлений, которые говорили об одном, что господин Салих не отрицает военных методов борьбы сушествующим государством, правительством и власти… Например, он мне однажды говорил, что: “Я в любой момент могу 20 тысяч молодых людей-студентов выставить на плошадь Ташкента.” А я говорю: “А по какому поводу?” Ну, а это вроды бы для того, что бы доказать, “что мы сегодня мобильны…”
Жаноб Каримов гапирар экан, ҳар доимгидай, мантиқ ҳақида қайғуриб ўтирмайди. У ўзи ҳам билмаган ҳолда: “Давлат тузумига қарши ҳарбий куч билан курашишга тайёр бўлган “Эрк” партиясига ёрдам бердим”, деган мантиқсиз фикрни айтиб қўяди. Балки, “Эрк” партиясининг рўйхатга олиниши, унга имкониятлар яратилиши – И. Каримовнинг “ёрдами” туфайли эмас, унинг қўрқуви туфайли, яъний, ўша ўзи эслатган йигирма минг талаба-ёшлар олдидаги қўрқуви туфайли амалга ошгандир? Агар шундай бўлмаганда, Каримов бу қадар ўзига зиддиятли гапларни қалаштириб ташламаган бўларди.
Хуллас, Ислом Каримовнинг бу суҳбати ҳақида “Озодлик” радиоси рус шўъбаси ходимлари айтган “Жаноб Каримовнинг айтаётган гаплари бир-бирига қарама-қарши” деган гапидан ўтказиброқ бирон нарса айтиш қийиндир.
Мақсуд Бекжон
1995