ТУРКИСТОН ҒОЯСИ ҲАҚИДА
Туркистон ҳақида гап кетар экан, Шарқий Туркистон ҳақида ҳам гапирмоқ лозим бўлади. Акс ҳолда, Туркистон бирлиги ҳақидаги гапларнинг бари сафсатадан бошқа нарса эмас.
Бугун Ўрта Осиё жумҳуриятлари раҳбарлари энг кўп гапирадиган мавзу– мустақил давлатчилик мавзуидир. Аммо совет империяси қулаганига, мана, 5 йил бўлибди-ки, Ўрта Осиё жумҳуриятлари мустақил давлатлар сифатида ҳaли ҳам ўзларининг аниқ бир доктриналарига эга эмаслар. Бу ўлкаларда юргизилаётган сиёсат ва амаллар узоқ стратегик мақсаддан эмас, балки, кундалик эҳтиёж ва мажбуриятлар босимидан келиб чиқаётир. Шунинг учун ҳам бу ўлкаларнинг раҳбарлари аксарият ҳолларда, кечагина ўзлари айтган гапларга бугун том тескари гапларни айтиб, амалда ҳам шундай зиддиятларга йўл қўймоқдалар.
Худди шундай сиёсий калтабинлик бугун Шарқий Туркистон масаласида тутилган позицияда ҳам кўзга ташланмоқда. Хитой Ўрта Осиё жумҳуриятлари билан фақат ўз манфаатлари кўзланган битимни, яъний, бўлгинчиликка (сепаратизмга) қарши битимни имзолаб, зудлик билан минглаб Шарқий Туркистонликларни қамоқларга ташлай бошлади. Бундай сиёсий шармсизликдан ўзини озми-кўпми мустақил сезган ҳар қандай давлат, жунбушга келган бўларди. Чунки, мустақил иродали ҳеч бир давлат, ўзи имзолаган битимни бошқа давлат томонидан суистеъмол қилинишини, уни ўзининг обрўйини тўкадиган мақсадлар йўлида ишлатишларини истамаган ва агар шундай фирибгарлик юз берадиган бўлса, бунга, бир сония ҳам иккиланмай, ўз норозилигини билдира бошлаган бўларди.
Аммо “туркчилик”, “туркий халқлар бирлиги” йўлида иш қилишдан кўра, кўпроқ гапиришни яхши кўрадиган Ўрта Осиёлик раҳбарлар, юзага келган вазиятни, ҳеч бўлмаганда, биргаликда муҳокама қилиб кўришга ҳам ўзларида рағбат топмаяптилар. Ўрта Осиёликлар учун бўлгинчилик ҳақида имзоланган бу битимдан қандий манфаат бўлиши мумкин? Агар бу шартнома Хитой билан бўлган алоқаларни яхшилаш учун имзоланган бўлса, у ҳолда, икки томонлама сиёсий ва иқтисодий алоқаларни ривожлантириш ҳақидаги ҳужжатнинг ўзи етарли эмасмиди?
Бу вазиятда Ўрта Осиё давлатларидаги узоқ вақт қарам бўлиб келган давлатларга хос бўлган инертликни, сусткашликни ва ўшаларга хос майда худбинликни кузатиш мумкин, қолаверса, бу ерда “Хитой экспанцияси” ҳақидаги анъанавий қўрқув ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмаган, албатта. Аммо энг ёмони шунда-ки, сепаратизм ҳақидаги бу битим “хитой экспанцияси” хавфини асло сусайтирмайди, аксинча, уни янада реалроқ қилиб қўяди. Чунки, Ўрта Осиё Хитой билан фақат Шарқий Туркистон орқалигина чегарадошдир. Шу маънода Шарқий Туркистон Ўрта Осиё учун Хитой экспанциясига қарши ўзига хос девор ролини ўйнар эди. Бўлгинчилик ҳақидаги имзоланган битим эса, том маънода бу деворни ўртадан олиб ташлаб, Хитой хавфини янада кучайтиради. Шундай қилиб, туркчилик, қардошчилик ғояларини тилга олмай, қарамлик психологиясидан қутила олмаётган давлатлар нуқтаи назаридан қараганда ҳам бу битим минтақа учун ўта хавфлидир.
Ўрта Осиёликлар, энг ози билан, Шарқий Туркистоннинг мустақилликка эришишидан, жуда бўлмаганида эса,, Хитой тазйиқларига учрамай, озми-кўпми мустақил сиёсат юргизишларидан манфаатдор бўлишлари керак эди. Бундай вазиятда улар ҳатто Шарқий Туркистон муаммосидан ўзларининг Хитой билан бўлган сиёсий-иқтисодий манфаатлари йўлида босим дастаги сифатида ҳам фойдаланишлари мумкин эди. Аммо, афсуски, Ўрта Осиёлик раҳбарлар ҳали бундай сиёсий савиягача ўсиб етмаганлар. Аслида, бугунги кунда бундай сиёсат юргизиш учун ўта кучли ва қудратли давлат бўлиш ҳам шарт эмас. Дунёда бугун шаклланаётган муҳит шундай-ки, ҳатто энг кичик ва ожиз саналган халқлар ҳам, энг катта ва кучли саналган халққа қарши туриб, уни бутун дунё томонидан қабул қилинган қонун-қоидаларга риоя этишга мажбур қилиши мумкин.
Туркчилик ғоялари ва ягона Туркистон ҳақида гаприш учун эса, ҳеч бўлмаганда, ўз сўзларини ҳaр ерда ва ҳар доим ҳайиқмай такрорлай биладиган даражада мустақил ва шу сўзларни зиғирча бўлса ҳам тасдиқлайдиган амалий ҳаракатлар қилишга қодир ҳукуматлар бўлиши керак.
Мақсуд Бекжон
1996