РУС ЖАМОАТЧИЛИГИНИНГ ҲАЙРАТИ
Оммавий ахборот воситалари бугун: “Россияда рус нацизми пайдо бўлмоқда”, дея бонг урмоқдалар. Россияда нацизм бугун пайдо бўлдими? Агар нацизм деганда фақат Гитлер кенг равишда қўллаган свастикани ёки бошқа миллатларга нисбатан паст назар билан қарашга чорловчи варақа ва китобларнинг халқ ичида очиқ тарқатилиши каби ҳолларнигина назарда тутаётган бўлсак, ҳа, у бугун пайдо бўлди. Аммо бу нарсалар нацизмниинг фақат ташқи атрибутларигина, холос. Варақа ва китоблар амалиётга чақирувчи назария, свастика эса, назарияни амалга ошириш учун бирлашишга ундовчи тимсолдир.
Амалиёт-чи, у нимадан иборат эди? Буни рус совет империяси қарамоғида яшаб кўрган, рус бўлмаган барча миллатлар ўз бошларида синаб кўрдилар. Барча миллатлар ҳар куни ўзларини социализмдай буюк бахтга эриштирган ва энди порлоқ коммунизм сари етаклаётган “рус оғалари” шаънига ҳамду-санолар ўқиш мажбурияти остида яшар эдилар. Бу халқлар учун рус тили муқаддас, рус турмуш тарзи эса, барча халқлар эришиши лозим бўлган юксак чўққи сифатида белгиланган эди. Автобусда кетаётган оддий бир рус ароқхўри рус бўлмаган, маҳаллий аҳоли ичидан чиққан зиёлига бемалол: “Сизларни биз одам қилдик”, деб айтавериши мумкин эди ва бу, ўша пайтларда ҳамма учун нормал бир ҳол саналарди. Шу маънода, совет жумҳуриятларида яшаётган ҳар бир оддий рус кишиси маҳаллий аҳоли томонидан “давлат одами, расмий шахс” сифатида қабул қилинарди. “Ўрис билан тортишма, улар закончи бўлади”, деган гапни эшитмаган одам бўлмаса керак. Аслида, бу гап замирида “закон, яъний, қонун улар тарафда”, деган ижтимоий қўрқув ётарди. Ғарб давлатларининг кўзини шамғалат қилиш учун эълон қилинган “интернационализм” ҳам фақат бир томонлама ишларди. “Интернационализм” деганда барча миллатларнинг бир-бирига муносабати эмас, балки, барча рус бўлмаган миллатларнинг русларга бўлган муносабати назарда тутиларди. Бирон ташкилот ёки маҳкамада мажлис кетаётиб, мажлисдагиларнинг йигирматаси ўзбек бўлиб, биттаси рус бўладиган бўлса, мажлис, албатта, рус тилида олиб бориларди.
Руслар ҳамма жойда имтиёзли миллат саналарди: улар навбатсиз иш, уй-жой, машина билан таъминланардилар. Шовинизм рус совет империяси сиёсатининг ўзаги эди. Советлар пайтида Ўзбекистонда қурилган йирик корхона ва заводларнинг тўқсон фойизидан кўпроғи иккинчи жаҳон уруши пайтида Россиядан эвакуация қилинган заводлардир. Бугун Жириновский каби рус миллатчилари: “Биз сизларга завод ва фабрикалар қуриб бердик”, дея миннат қилишганда, энг аввал ўша, эвакуация қилинган заводларни назарда тутишади. Агар уруш бўлмаганида, Ўзбекистонда бу заводлар ҳам қурилмаган бўларди. Рус совет империясининг рус бўлмаган халқлар яшаётган ҳудудларда олиб борган экологик, демографик, ижтимоий сиёсати ҳақида ҳам ҳамма яхши билади. Биз бу сиёсат оқибатларидан ҳалигача халос бўлолганимиз йўқ. Ҳозир эса, рус матбуоти қаердандир рус нацистлари пайдо бўлгани ҳақида ҳайрат ва қўрқув билан ёзмоқда. Хусусан, “Известия” газетасининг 1995 йил 9-декабр кунги сонида, биринчи бетда “Жамиятимиз хавф остида” деб номланган мақола чоп этилган. Мақолага униформалар кийган юзлаб одамларнинг қўлларини нацистларча чўзиб, саф тортиб турганини акс эттирувчи фотосурат ҳам илова қилинган.
“Бу сурат,–деб ёзилади мақолада,–ўлкамизнинг узоқ бир бурчагида эмас, Москванинг Новогирево микрорайонида олинган. Баркашовчилар” номи билан машҳур “рус миллий бирлиги” фаоллари ҳар ҳафтада очиқдан-очиқ мана шу паркда йиғин ўтказишади. Улар бировдан қўрқиш у ёқда турсин, ҳатто намойишкорона шовқин-сурон билан, шахдам қадам ташлаб, ўз кучларини ҳаммага кўрсатиб қўйишни истамоқдалар. Улар “жамоат тартибига” ўзалирининг “русча тартиб”ларини қарши қўймоқдалар. Уларнинг “Рус миллий бирлиги” номли 500 минг нусхада чоп этилувчи газетасини Москванинг ҳар бир метро станциясидан сотиб олиш мумкин. Газета очиқдан-очиқ шовинизмни тарғиб қилиш билан бирга, ўз сафларига қўшилишни истаганларни Терлетский паркига келишга чорламоқда.Кўз олдимизда нафақат гуманизм принциплари, балки, Россия Федерацияси қонунлари ҳам оғир солдат этиклари остида топтаалмоқда. Энг даҳшатлиси – жамоатчилик “рус тартиби”га, рус нацизмига кўника бошлади. Нацизм жамоатчилик идеологиясидаги оддий бир норма сифатида қабул қилина бошланди. Рус нацистлари телевидение экранларидан туриб, “қораялоқлар, Москвадан даф бўлсин!” дея бемалол бақирмоқдалар. Улар кўчалардан марш билан ўтмоқдалар. Улар бугун қонуний йўллар биилан ҳокимиятга талпинмоқдалар”.
Россия матбуотининг ҳайрати чексиз. Жамоатчилик ўзини гўё эндигина бу нарса билан тўқнаш келган содда чақалоқдай тутмоқда. Бу ҳам Россия империясидан қолган иккиюзламачиликнинг бир кўринишидир.
Мақсуд Бекжон
1996