КЎЗ ТЕККАН ТУРКИСТОН ҒОЯСИ
Сўнгги ўн йиллик давр ичида Туркистон ғояси бутун турк жумҳуриятларининг у ёки бу даражада муҳокама қилиб келган мавзусига айланди. Раҳматли Турғут Ўзолнинг “21 аср турк асри бўлади”, деган гапи кўп туркларда руҳий кўтаринкилик уйғотган бўлса, баъзиларининг хавотирига сабаб бўлди. Бу хавотир, ҳали амалга оширилмаган ишнинг олдиндан айтиб қўйилиши туфайли шу иш муваффақиятига “кўз тегиши”дан қўрқаётган ўзбекнинг, туркнинг андишаси эди. Баъзи турк жумҳуриятлари раҳбарлари эса, бу ғояни ўз сиёсатидаги посткоммунистик бўшлиқни тўлдиришнинг воситаси сифатида қабул қилиб, коммунистдан “туркчи”га айланишди ва “Европа – умум уйимиз” сингари ғарбда удум бўлган шиорлардан дарҳол кўчирма олиб, “Туркистон – умум уйимиз”, дея сиёсат юргиза бошлади.
Аммо бу – Туркистон бирлиги учун олиб борилаётган сиёсат эмасди, бу ўз режимининг мавжудлигин оқлаш сиёсати эди. Ва бу нарса тез орада кўзга ташланиб қолди. Туркистон жумҳуриятлари ўртасидаги бугунги муносабат асло “умум уй”га талпинаётган қардошларнинг ўзаро муносабатларини эслатмайди. Бугун Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон жумҳуриятлари ўртасида таҳликали бир таранглик вужудга келган-ки, негадир бу ҳақда ҳеч ким гапирмаяпти. Оммавий ахборот воситаларида фақат “Қирғизистон ҳукумати Ўзбекистон ҳукуматига норозилик нотаси юборди”, “Тожикистон раҳбарияти Ўзбекистон раҳбарларини огоҳлантирди”, “Қозоғистон расмийлари ўз қўшниларига нисбатан экспансив сиёсат юргизаётган Ўзбекистонга қарши Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон билан бирликлда коалитсия тузажаклари ҳақида баёнот берди” қабилидаги хабарлар берилаяпти, холос. Ҳолбуки, вазият анча жиддий, агар фавқулодда ташаббус кўрсатилиб, вазиятни юмшатиш учун сиёсий музокаралар олиб борилмаса, бу давлатлар ўртасидаги зиддият тобора чуқурлашиб бориши ва худо кўрсатмасин, 90 йилдаги Ўшда юз берган хунрезликларнинг яна бир кўриниши такрорланиши ёки умуман, давлатлар ўртасида глобал ихтилофлар туғилиши мумкин.
Оврупо давлатлари ўртасидаги девор йўқ қилиниб, бу ерларда умум иқтисодий майдон юзага келтирилаётган бир пайтда, асрлар давомида бир давлат таркибида бир халқ сифатида яшаб келган ва бугун Россия империясидан халос бўлган туркистонликлар бир-бирларига эшик очиш у ёқда турсин, ҳатто советлар даврида ва ундан олдин мавжуд бўлган бирликни ҳам йўқотиб, ҳатто бир-бирига душманларча қараб, ўз эшикларини бекитмоқдалар ва бир-бирига қарши виза системасини жорий қилмоқдалар.
Сўнгги ярим йил ичида Ўзбекистон ҳеч қандай музокараларсиз, ҳар қандай нормаларга зид равишда ўзларини мустақил деб эълон қилган қўшнилари ҳудудларига даҳл қила бошлади. Ўзбек аскарлари Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон ҳудудларидан бир қанча километр узунликдаги майдонларни “ўзлаштириб”, Ўзбекистоннинг давлат чегараларини “белги”ламоқдалар ва бу ҳол юқорида номи зикр этилган давлат ҳукуматларининг тоқатини тоқ қилмоқда. Албатта, бундай воқеалар кўпайгани сайин, минтақанинг нафақат бугунги куни, балки, келажаги ҳам мажҳуллаша бормоқда. “Келажаги буюк давлат” сингари баландпарвоз шиорлар бугунги кун ҳақиқати қошида аччиқ ҳазилга ўхшаб қолаётир. Бундай дезинтегратсия жараёни яна қанча чуқурлашади, буни ёлғиз Оллоҳ билади. Фақат шуниси аниқ-ки, турк халқлари ўртасида пайдо бўлаётган бу жарликка бу халқларнинг келажаги ҳам тушиб кетиши мумкин. Бунда Оллоҳ сақласин.
Мақсуд Бекжон
1996