“БИРЛАМЧИ” НАРСАЛАР
Ўзбек жамияти ичида, мана,қарийб 5 йилдан бери “иқтисод бирламчими, сиёсат бирламчими”, мавзуида баҳс кетмоқда. Бу баҳс шу қадар узоқ чўзилди-ки, энди у худди “жўжа олдин пайдо бўлганми ёки тухум”қабилидаги асрий мунозаралардан бирига айланди. ҳукумат қатъий равишда “иқтисод бирламчи” дея таъкидламоқда ва шу таъкидга яраша сиёсат ўтказмоқда. Ҳатто жаноб президент Ислом Каримов ўзини сиёсатчи эмас, иқтисодчи дея атайди.
Яқинда инсон ҳуқуқлари бўйича Тошкентда ўтказилган конференция арафасида “Озодлик” мухбири президент Каримовдан, бугунги кунда сиёсатнинг бирламчи эканлиги бутун дунёга маълум бўлди, дея шу ҳақда президент фикрини сўраганида, президент кутилганига зид ўлароқ, кескин тарзда яна “аввал иқтисод, кейин сиёсат”, деб жавоб берди. Яъни, мантиқан мулоҳаза юритиладиган бўлса, Тошкентда инсон ҳуқуқлари бўйича конференциянинг ўтказилиши, бир-иккита сиёсий маҳбуснинг қамоқдан озод этилиши ва умуман, жамоатчиликка сўз эркинлигига интилиш сифатида тақдим этилаётган, (аслида эса, коммунистлардан қолган, ўз-ўзини танқид қилиш методологиясидан иборат бўлган) формализм, фақат иқтисодий юксалишлар натижасидагина юзага келган экан. Хўш, иқтисодий юксалишларнинг ўзи нималарда намоён бўлмоқда? Ўз иқтисодий потенциали, ресурслари, демографик вазияти, яъни, ишчи кучи сони ва сиёсий стабиллиги билан минтақадаги энг кучли саналган ва 5 йил ичида гуллаб-яшнаши лозим бўлган ўлкадаги иқтисодий аҳвол қандай? Аҳолининг маиший турмуши ночорлашган бўлса, ночорлангандир-ки, аммо яхши томонга ўзгаргани йўқ. Бундан 3-4 йил олдин роса шов-шув қилинган “Mersedes-benz”қўшма корхонаси ҳақида бугун деярли ҳеч ким гапирмайди. Андижондаги “Daewo” ҳам унинг маҳсулотларини реализация қилиш борасидаги аниқ бир стратегияга асосланиб қурилмаган, ҳозирча унинг на ички, на ташқи бозори мавжуд. Ушбу фирмалар фақат давлатнинг улкан гарантлари туфайлигина республикада ўз филиалларини очишга журъат қилганлар.
Бугунги кунда валюта операциялари ўтказаётган 16 та банкдан 14 таси ёпиб ташланиб, фақат 2 таси қолдирилди. Ҳукуматнинг бундай қароридан чет эл фирмалари вакиллари саросимага тушиб қолдилар. Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси жаноб Сафоев бу тадбирнинг республика валюта фондини ҳимоя қилиш учун амалга оширилганини айтиб, чет эл фирма вакилларини безовта бўлмасликка чақирди ва улар тузилган битимлар доирасида ўз манфаатларидан маҳрум бўлмасликларини таъкидлади. Яъний, давлат хоҳлаган пайтда хоҳлаган банкни ёпиб, хоҳлаган фирмага ўз гарантини бериши мумкин. Республикада шаклланган бозор иқтисоди моҳияти мана шундан иборат. ҳукумат “аввал иқтисод, кейин сиёсат”, дер экан, айнан мана шу нарсани назарда тутади. Яъний, иқтисод қўлингда бўлса, сиёсат ҳам қўлингда бўлади. Буни халқимиз лўнда тарзда “пул бўлса, чангалда шўрва” деб ҳам ифода этади.
Афсуски, бу кинояли мақолни ўйлаб топган халқнинг на қўлида пул, на чангалида шўрва бор. Ҳақиқий иқтисод яратилиши учун энг аввало халқнинг қўл-оёғи занжирлардан озод бўлиши, унинг эркин меҳнат қилиш имконияти яратиб берилиши лозим. Бу эса, сиёсатдан бошқа нарса эмас.
Мақсуд Бекжон
1996