Başlangıç > Сиёсат > КИМГА ҚАМОҚ, КИМГА МУКОФОТ…

КИМГА ҚАМОҚ, КИМГА МУКОФОТ…

Ўзбекистонда юзлаб мачитлар фаолият кўрсатмоқда, жума намозларига минглаб одамлар келади, аммо бу мачитларда одатда ҳукм суриши лозим бўлган юксак маънавий иқлим ва самимият йўқ, эркинлик йўқ. Одамлар бу ерда, асосан, ҳукумат тарафидан қўйилган имом ва муллаларнинг ўзига яраша тўқилган, мавжуд мустабид тузумга ҳамду-санолар ўқишдан иборат бўлган ваъзларини тинглашга мажбурдирлар. Ҳақиқий диний уламолар эса, қамоқларга ташланмоқда, йўқ қилинмоқда ёки қувғин қилинмоқда. Ислом дини Каримов режими томонидан экстремизм ва миллий-диний низолар тимсоли сифатида тарғиб қилиниб, у билан бутун минтақа қўрқитилаётган айни пайтда бошқа динларга нисбатан ғаройиб бир меҳрибонлик кўрсатилмоқда ва ҳатто улар ислом динининг том акси ўлароқ, “халқлар дўстлигини мусаҳкамловчи” дин сифатида тарғиб қилиниб, уларнинг роҳибларига орденлар берилмоқда.

Хусусан, шу йилнинг 1 феврал куни рус провослав черковининг Тошкент ва Ўрта Осиё архиепископи Владимирни Ислом Каримов “Дўстлик” ордени билан тақдирлади. Каримовнинг бу ҳақдаги фармонида архиепископга бу мукофат унинг “жамиятдаги маънавий янгиланиш(!!!), миллатлар ўртасидаги дўстлик ва бирдамликка қўшган катта ҳиссаси учун” берилгани таъкидланади. Ҳа, жамияти насроний роҳиблар томонидан “маънавий янгиланаётган” мусулмонлар ўлкасида бирон нарсадан ҳайратланиш қийин…

Албатта, халқлар дўстлиги ва диний бағрикенглик яхши нарса. Аммо бу бағрикенглик барча динларга нисбатан қўлланиши керак эмасми? Масалан, бошқа динлар қатори ислом динига ҳам? Биз ислом дини пешволарига ҳам мукофотлар берилсин, демоқчимасмиз, бор-йўғи, ислом динига мансуб одамларнинг ҳам энг оддий ҳуқуқлари ҳимояланса яхши бўларди, демоқчимиз.

Тарихдан маълум-ки, ислом дини дунё динлари ичидаги энг бағрикенгидир. Ислом дини тарихида хоч юришлари, инквизитсия ва бошқа дин мансубларини зўрлик билан ўз динидан воз кечириш сингари насронийликдаги кўринишлар бўлмаган. Мусулмон подшоҳлар, православ-насроний Иван Грознийнинг исломдан воз кечишни истамаган татарларни Волга дарёсига чўктиргани сингари, бошқа халқларга зулм қилмаган. 600 йил давомида мусулмон Усмонлилар ҳукмронлиги остида қолган халқлар – у ҳоҳ православ, ҳоҳ католик, ҳоҳ мусавий бўлсин, ўз динига эътиқод қиларкан, ҳеч қачон мусулмонлар тарафидан тазйиққа учрамаган. Ўрта Осиёда ҳам шундай бўлган.

Лекин шунга қарамай, бугун дунёда ислом динига нисбатан алоҳида бир муносабат удум бўлган. “Фундаментализм” калимаси фақат ислом динига нисбатангина қўлланилади. Зотан, бу калиманинг мазмунида ёмон бир маъно йўқ, “фундамент” – пойдевор дегани, бундай олганда, ҳар бир диннинг ўз пойдевори бор, яъний, бошқача айтганда, ҳар қандай бошқа дин мансубларини ҳам “фундаменталист” деб аташ мумкин, гап бунда эмас. Гап – бу калимага юкланаётган салбий маънода.

Масалан, бир нарса тушунарсиз: нега энди Угандадаги 800 дан кўпроқ ёшу-қарининг ҳаётига зомин бўлган насроний кўринишдаги “Охир замон” номли  гуруҳ ёки бўлмаса, Япониядаги ўнлаб одамларни заҳарлаб ўлдирган “Аум-сунрикё” сингари бутпарастлик кўринишидаги гуруҳлар ёки айтайлик, Украинада кенг ёйилган, охир замон келганини башорат қилиб, одамларни оммавий суиқасд қилишга чақираётган ва ёшларни шунга тайёрлаётган насроний йўналишидаги “Белое братство” сингари гуруҳлар “фундаментализм” деб аталмайди-ю, ҳеч кимни ҳеч қачон зўравонликка ёки ўзини ўлдиришга чақирмаган, аксинча, одамларни доимо ҳамжиҳатликка, эзгуликка чақириб келган ислом динига нисбатан “фундаментализм” калимаси ишлатилади? Диний бағрикенглик ва миллатлар ўртасидаги дўстлик, деганда кишининг бошига шундай фикрлар келади.

Албатта, насронийларнинг Тошкент ва Ўрта Осиё архиепископига, “мусулмонлар жамиятини маънавий янгилаётгани” учун мукофот берилишига қарши бирон нарса дейиш қийин – жамият “маънавий янгиланаётган” бўлса, янгиланаётгандир, буни Каримов режими яхшироқ билади. Ахир бекорга сўнгги ўн йил ичида ўн минглаб мусулмонлар қамоққа отилдими?

Ўзбекистондаги “маънавий янгиланишга” доир яна бир хабар: бошқа барча соҳаларда таназзул ботқоғида ётган Ўзбекистонда шампан виноси ишлаб чиқаришда илгарилари ҳеч кузатилмаган бир юксалиш юз бериб, шампан заводи ўз планларини ошириб бажара бошлабди…

Мақсуд Бекжон

1996

Kategoriler:Сиёсат
  1. Henüz yorum yapılmamış.
  1. No trackbacks yet.

Bir Cevap Yazın

Aşağıya bilgilerinizi girin veya oturum açmak için bir simgeye tıklayın:

WordPress.com Logosu

WordPress.com hesabınızı kullanarak yorum yapıyorsunuz. Çıkış  Yap /  Değiştir )

Facebook fotoğrafı

Facebook hesabınızı kullanarak yorum yapıyorsunuz. Çıkış  Yap /  Değiştir )

Connecting to %s

%d blogcu bunu beğendi: