Başlangıç > Сиёсат > НАРСАЛАРНИНГ ЎЗ НОМИ

НАРСАЛАРНИНГ ЎЗ НОМИ

1994 йилда ҳукумат қарори билан Тошкент Давлат университетининг журналистика факултети тарқатиб юборилган ва орадан бир йил вақт ўтиб, хато англанилди, шекилли, факултет қайта тикланган эди. Ҳозир эса, Ўзбекистонда малакали журналистлар тайёрлаш кераклиги ҳақида гапирилмоқда. Аммо улар қаерда ва қай йўсинда тайёрланиши лозимлиги тўғрисида бирон бир аниқ режа ва таклифлар ҳамон йўқ.

Умуман, бугунги Ўзбекистон шароитида “малакали журналист” деганда нима назарда тутилишини ҳам ҳеч ким аниқ билмайди. Ҳукуматнинг “малакали журналист” ҳaқидаги тасаввури билан, халқнинг шундай журналист ҳақидаги тушунчаси бир-бирига унча тўғри келмаётган кўринади. Акс ҳолда, ўзбек матбуоти бошдан кечираётган хасталикка тўғри ташхис қўйилган бўларди. Яъни, хасталик номи “малака дефицити” деб эмас, “сўз эркинлигининг етишмаслиги”, дея аталган бўларди. Журналистларни тишсизликда айблаётган, уларни ботирроқ бўлишга чақираётган ҳукумат одамларининг ўзлари, ушбу ботирликнинг нимада намоён бўлишини узил-кесил айтишга журъат қилолмаяптилар. Жамиятдаги доимий саросима ва қўрқув ҳам шундан. Токи, муаммо номи очиқ-ойдин айтилмас экан, у доимо биз билан бирга яшайверади. Тютчевнинг “Ирод қилинган фикр–ёлғондир”, деган афоризмини “Баён этилган муаммо–йўқдир”, деган шаклда ҳам тушуниш мумкин. Хуллас, бошқача айтадиган бўлсак, нарсаларни ўз номи билан аташни бошлаш лозим. Бу ишда эса, ўзбек журналистларига МДҲнинг бошқа давлатларидаги ҳамкасблари тажрибаси жуда қўл келган бўларди.

Ўтган йил июн ойида Гуржистоннинг Ботуми шаҳрида МДҲ ва Болтиқ бўйи давлатларидаги журналистлар уюшмаларининг қўшма қурултойи бўлиб ўтди. Озарбойжон, Арманистон, Белоруссия, Бошқирдистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Татаристон, Молдавия, Москва ва Петербургдан келган журналистлар уюшмалари раҳбарлари, собиқ иттифоқ ҳудудларидаги “тўртинчи ҳокимият” аталмиш матбуот аҳволи, журналистларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва журналистларнинг ҳамкорликда ҳаракат қилишларига оид масалаларни муҳокама этдилар.

Шуниси эътиборга лойиқ-ки, СССР парчаланганидан бери илк бор, илгари бундай анжуманлардан мутлақо бош тортиб келган Эстония ва Литва журналистлари ҳам қурултойда иштирок этдилар. Украина журналистлари ҳам Россия ва МДҲ давлатларидаги ҳамкасблари билан ижодий иттифоқда иштирок этишга ўз тайёрлигини изҳор қилдилар. Собиқ Иттифоқ ҳудудидаги журналистларининг бундай ҳамжиҳатлиги, журналистлар ҳуқуқлари жуда кўп топталаётган бугунги кунда катта аҳамиятга эгадир. Афсуски, Ўзбекистон ва Туркманистон журналистлари ушбу журналистлар конфедерацияси таркибида йўқлар. Ким билади, балки эртаю-кеч “мустақилликни мустаҳкамлаш” ғояси билан яшаётган ўзбек журналистлари учун ҳар қандай конфедерация сўзи мустақилликни бой беришни англатар. Нима бўлганида ҳам, ўзбек ва туркман журналистлари бу “фикри бузуқлар” орасида йўқ эдилар.

Журналист уюшмалари конфедерациясининг аввал “конференция” деб аталган анжумани аста-секин қурултойга айланди. Конфедерациянинг илгариги номи ёнига яна “халқаро” сўзи қўшилиб, энди у– “Журналистлар уюшмаларининг халқаро конфедерацияси” деб аталадиган бўлди .Қурултойда ташкилий масалалар кўриб чиқилиб, конфедерациянинг олдинги президенти Эдуард Сагалаев ўрнига, Владимир Сухомлинов сайланди. Санкт-Петербург Журналистлари Лигаси раҳбари Анатолий Ежиев эса, конфедерация вице-президенти этиб сайланди. Конфедерациянинг янги, халқаро статуси МДҳ журналистларининг халқаро майдонга чиқишларига, Европадаги ва дунёдаги нуфузли халқаро ташкилотлар ишида фаолроқ иштирок этишларига кенг имкон яратади. Қурултой қатнашчилари постсовет ҳудудларда ўзлари олиб бораётган курашлар ҳақида, ҳукумат ва ўзлари ўртасидаги мураккаб муносабатлар тўғрисида гапириб бердилар. Маълум бўлишича, журналист бошдан кечираётган муаммолар ҳамма жойда бир-бирига ўхшаб кетар экан.

Мақсуд Бекжон

1996

Kategoriler:Сиёсат
  1. Henüz yorum yapılmamış.
  1. No trackbacks yet.

Bir Cevap Yazın

Aşağıya bilgilerinizi girin veya oturum açmak için bir simgeye tıklayın:

WordPress.com Logosu

WordPress.com hesabınızı kullanarak yorum yapıyorsunuz. Çıkış  Yap /  Değiştir )

Twitter resmi

Twitter hesabınızı kullanarak yorum yapıyorsunuz. Çıkış  Yap /  Değiştir )

Facebook fotoğrafı

Facebook hesabınızı kullanarak yorum yapıyorsunuz. Çıkış  Yap /  Değiştir )

Connecting to %s

%d blogcu bunu beğendi: