Başlangıç > Сиёсат > ХАЛҚНИНГ ЛАЁҚАТИ

ХАЛҚНИНГ ЛАЁҚАТИ

“Ўзбеклар завод ва фабрикаларда ишлай олмайдилар, уларда бундай қобилият йўқ”. Рус империячилари ўйлаб топган бундай гап советлар даврида яшаб кўрган ҳар бир ўзбекка танишдир. Бу шиор билан бир томондан ўзбекларнинг нисбатан тараққийпарвар ва ўқимишли бўлган ишчилар синфига келиб қўшилишининг олди олинар, иккинчи томондан, сиёсий ўчоқ ҳисобланган шаҳарлардаги демографик вазият руслар фойдасига сақлаб турилар эди.

Учинчи томондан, бу шиор умуман республикага Россиядан ишчи кучи олиб келиб, маҳаллий халқни иложи борича ассимиляция қилиш ишига хизмат қилар эди. Афсуски, бу фикр империячилар томонидан эмас, асосан, уларнинг маҳаллий аҳоли ичидан чиққан гумашталари томонидан тарғиб қилинар ва у “халқ иродаси” сифатида намойиш этиларди. Шу баҳонада Ўзбекистонга Россиядан “инсофли одамлар”ни имкони борича кўпроқ кўчириб келтиришга зўр бериларди. Ўзбекларнинг ҳатто инсофли бўлишга ҳам лаёқатлари қолмаган даврларни бир эсланг. Россиядан Ўзбекистонга фақат ишчилар эмас, инсоф ва диёнат ҳам экспорт қилина бошлаган эди. Яқинда “Свобода” радиосининг “Контакты” эшиттируви орқали ўзбекларнинг заводларда ишлашга лаёқатсизлиги ва шунинг учун ҳам заводларда ишлашга лаёқатли рус аҳолисининг Ўзбекистондан чиқиб кетишини ҳеч ким истамаслиги ҳақида ўзбек профессори Толиб Саидов aйтган фикр радио мухбири томонидан кинояли тарзда эслатиб ўтилди. “Мана, ҳатто ўзбек профессори ҳам шундай фикрлайди”, деди мухбир кинояли кулиб. Албатта, ҳатто ўзбек профессорларининг ҳам шундай савияда фикр юритиши қайғули ҳолдир. Аммо бизнинг улардан хафа бўлишимиз ўринсиздир. Негаки, Толиб Саидов каби муҳтарам профессорлар, ўз илмий даражаларига айнан совет қолипларида эришганлар. Улардаги ўзбек халқининг лаёқатига шубҳа билан қараш хусусияти ҳам ана шу коммунистик тарбия маҳсулидир. Ўзбек халқининг лаёқатсизлиги ва жоҳиллиги, порахўрлиги ва босқинчилиги, маданиятсизлиги ва насл-насабсизлиги советлар даврида керагидан ортиқ овоза ва рекламалар қилинди. “Таёқ доимо каттанинг бошида синади”, деганларидек, ўзбеклар собиқ Иттифоқдаги энг катта халқлардан бири сифатида, Москванинг энг қаттиқ зарбаларини ўзларига олдилар. Ўзбеклар нафақат Ўрта Осиёдаги, балки, бутун Шарқдаги халқлар ичида ўзининг қўҳна давлатчилик тарихи билан ажралиб тургани учун ҳам рус империячилари уларга ўзларининг асосий рақиблари сифатида муносабат кўрсатдилар. Империянинг маҳаллий халқ ичидан чиққан гумашталари эса, халқни “биз мустақил давлат қура олмаймиз”, дея ерга уриб келдилар. Улар ўз фикрига аргумент ўлароқ, “агар Ўзбекистон мустақил бўладиган бўлса, ҳар бир хорижий давлатда биттадан ўз элчихонамизни очишга мажбур бўламиз, бунга пул қаерда”,қабилидаги гаплар билан халқни аврашга урундилар. Бундан бор-йўғи 6 йил муқаддам шу гапларни айтган одамлар бугунги кунда ўзларини Ўзбекистон мустақиллигининг муаллифлари дея танитмоқдалар. Кеча “биз мустақилликка тайёр эмасмиз”, дея оғзи куйганига қарамай, энди бу одамлар “биз демократияга тайёр эмасмиз”, дея яна ўз халқини камситмоқдалар. Иншооллоҳ, бу жабҳада ҳам уларнинг оғзи куйиши муқаррар.

Хуллас, халқни лаёқатсизликда айблашдан олдин, одам, aввало ўзи ҳақида, ўзининг келиб чиқиши ҳақида ҳам бир лаҳза ўйлаб кўрса ёмон бўлмасди. Сиз қайси халқнинг вакили ва сиз эришган поғона не қадар-ки, халқнинг устидан ҳукм чиқаришга ўзингизни ҳақли деб биласиз…

Мақсуд Бекжон

1996

Kategoriler:Сиёсат
  1. Henüz yorum yapılmamış.
  1. No trackbacks yet.

Bir Cevap Yazın

Aşağıya bilgilerinizi girin veya oturum açmak için bir simgeye tıklayın:

WordPress.com Logosu

WordPress.com hesabınızı kullanarak yorum yapıyorsunuz. Çıkış  Yap /  Değiştir )

Twitter resmi

Twitter hesabınızı kullanarak yorum yapıyorsunuz. Çıkış  Yap /  Değiştir )

Facebook fotoğrafı

Facebook hesabınızı kullanarak yorum yapıyorsunuz. Çıkış  Yap /  Değiştir )

Connecting to %s

%d blogcu bunu beğendi: