РУСЛАРНИНГ ОЛЛОҲ ВА ТАНГРИ ҲАҚИДАГИ “БИЛИМ”ЛАРИ ХУСУСИДА
Сўнгги кунларда Россия ва Туркия ўртасидаги муносабатлар бир мунча совуқлашди. Азалдан бир-бирига рақиб сифатида қараб келадиган бу иккита давлатнинг халқаро майдондаги ҳар бир қадами у ёки бу шаклда доимо бир-бирларининг манфаатларига зид бўлиб чиқади.
Яқинда рус ҳарбий қуролларининг юнонларга қарашли Қибриз ҳудудларига сотилиши билан боғлиқ бўлган можаролар бошланди. Рус матбуоти бундай қулай вазиятни қўлдан бой бермай, дарҳол яна “пантуркизм” хавфи ҳақида жар сола бошлади. Хусусан, “Комсомолская правда” газетасининг 15 январ кунги сонида “Бўзқуртлар (яъний, бўз бўрилар) Туркияни Хитойдан то Болқонга қадар кенгайтириш ҳақида орзу қилмоқдалар” деган мақола чоп этилди. “Россиянинг яшашга ҳаққи йўқлигидан сизнинг хабарингиз борми?–деб бошланади мақола,–айтгандай, Украина ва Белоруссиянинг ҳам яшашга ҳаққи йўқ,–дея провокацион оҳангда давом эттирилади мақола. Дунё харитасида собиқ СССРнинг бошқа республикалари ҳам, Марказий Осиё ҳам бўлмаслиги керак, Хитой ҳам ўз ҳудудларини қисқартириши лозим. Юнонлар ва жанубий славянларнинг мустақилликлари ҳақида эса, гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Бундай фикрларни,–деб давом эттирилади мақола,–Туркиядаги “Миллиятчи ҳаракат партияси”га бирлашган жуда жиддий, зиёли одамларнинг тилидан эшитиш мумкин.
“Миллиятчи ҳаракат партияси” тарафдорлари, Ғарбий Хитойдан Болқонга қадар, шимолда эса, то Финляндияга қадар узанган туркий халқларнинг Турон давлатини қайта тиклашни истамоқдалар”.
Мақола давомида миллиятчилар раҳбари Алпарслон Туркашга характеристика берилиб, у партияни иерархияга, раҳбарга ҳеч қандай сўзсиз бўйсуниш принципига қурди, деб ёзилади. “Бу ҳам етмагандай, у партия ичида ўзларини “бўзқуртлар” яъний, “кулранг бўрилар” деб атовчи жангарилар отрядларини тузди”. Мақоланинг шу ерида муаллиф тарихга кичик бир экскурс қилиб, “бўзқурт” сўзининг келиб чиқиши ҳақида сўз юритади. “Исломдан аввал, турклар бўриларга топинар эдилар,–дейди муаллиф билағонларча. –Туркияда ҳам, худди бошқа ислом давлатларидаги каби, одамлар доимо сабаб-бесабаб “Оллоҳ ёрдамчи бўлсин” деган гапни такрорлайверсалар, турк миллатчилари эса, “Тангри (яъний, маъжусий худо) туркларнинг ҳимоячиси”, дея хитоб қиладилар. Туркаш ва унинг тарафдорлари ислом ва насронийликни ёмонлик сифатида инкор қилишларини ҳамма ҳам билавермайди”,–дея давом эттирилади мақола.
Ҳа, мақола муаллифи Дмитрий Куликнинг демагоглик ва провoкаторлик санъатига қойил қолмай илож йўқ. Мақола бошиданоқ у туркларни бутун дунёга қарши қўйишга астойдил ҳаракат қилади. У ҳар бир давлатни номма-ном санаб чиқар экан, гўё уларга: “Мана, сизларнинг асл душманларингиз”, деяётгандай, уларни туркларга қарши биргаликда курашишга чақираётгандай бўлади. Шу билангина чекланиб қолмай, у туркларга қарши дунёнинг бутун ислом ва христиан халқларини ва ҳатто ислом динининг ўзини ҳам қарши қўйишга уринади. Муаллиф бир халқни астойдил қоралашга бел боғлаган кишига хос бўлган бир жоҳиллик билан “Тангри” калимасини “маъжусийлар худоси” дея талқин этади. Агар бу муаллиф “тангри” калимасининг маъноси ва келиб чиқиши билан астойдил қизиққанида эди, у шубҳасиз, “Тангри”нинг “Оллоҳ” тушунчасида келишини ўзи учун аниқлаштириб олган бўлар-ди. Ҳатто бугунги кунда ҳам, туркий халқлар адабиётида ва кундалик турмушида “тангри” сўзи доимий тарзда ишлатилиб келинаётир ва шу кунгача ҳали бирон марта ҳам, бирон бир ортодокс бу калиманинг “Оллоҳ” тушунчасига зид келиши ҳақида гапирмаган. Зеро, “тангри” сўзи ва тушунчаси ислом динидан ҳам аввалроқ мавжуд бўлганига қарамай, у ягона худо, яъний, Оллоҳ тушунчасининг айни ўзи бўлган. Муаллиф турклар онгида “тангри” тушунчасининг нима билан ассоциациялашгани ҳақида атайлаб гапирмайди. ҳолбуки, Тангри, яна ҳам аниқроғи, Кўк тангри, фалакнинг, арши аълонинг тимсоли эди. Туркларнинг бўрига топинганлари ҳақидаги гап ҳам “тангри” сўзининг мавжудлиги билан инкор қилинади. Муаллиф атайлаб тотемни эътиқод билан чалкаштирган ҳолда мулоҳаза юритади. Агар шу йўсинда фикрланадиган бўлса, у ҳолда Россиянинг тимсоли бўлган икки бошли бургутга ҳам, руслар топинадиган жонзот сифатида қараш мумкин. Умуман, Европадаги, Осиёдаги, Африкадаги халқлар, элатлар, ҳатто шаҳарларнинг ҳам турли ҳайвонлар ёки ўсимликлар кўринишидаги ўз тотемлари бор, аммо ҳеч ким уларни шу ҳайвон ёки ўсимликларга топиниб келганлар, деб ҳисобламайди.
Дмитрий Кулик турк миллиятчилари раҳбари Алпарслон Туркашни Хитойдан то Болқонга қадар чўзилган Турон юртини қайта тиклашга интилаётганликда, исломчилар раҳбари, Рафоҳ партияси лидери Эрбоқонни эса, Қозоғистондан то Мароккога қадар мусулмон давлати ташкил этишга ҳаракат қилаётганликда айблайди. Ва бу икки режага ҳам милитаристик-империалистик хатар сифатида қарайди. Аммо шу билан бирга у биронта ҳам лидернинг бу ҳудудларни қурол кучи билан босиб олиш ҳақида айтган гапини келтиролмайди. Миллиятчилар ва динчилар бу ҳудудлар ҳақида гапирар эканлар, унга фақат ягона маданий макон сифатида қарашларини, рус журналисти билмаслиги мумкин эмас. Чунончи, улар рус миллатчиси Жириновский каби, ўз аскарларининг этикларини Ҳинд океани сувларида ювишни ҳам орзу қилаётганлари йўқ. Улар фақат асрлар мобайнида ўз уруғ-аймоқлари яшаб келган ҳудудлар ҳақидагина гапирмоқдалар, холос. Ҳолбуки, “ҳақиқий рус ерлари” деб, бугун руслар эгаллаб ўтирган ва улар иддао қилаётган янги ерлар ҳеч қачон русларники бўлмаган. Аммо Дмитрий Кулик, худди Инжилда айтилган кимсадек, бировнинг кўзидаги майда хасни кўради-ю, ўзининг кўзида ётган ғўлани пайқамайди.
Мақсуд Бекжон
1997