ЯГОНА ДАВЛАТ ТАМАЛИ
Ўзбекистонда советлар даврининг энг асосий жиҳатларидан бири бўлган– фуқароларни прописка қилиш ишига зўр берилмоқда. Аниқроғи, фуқароларнинг пропискасиз бир қадам ҳам юра олмаслиги учун ҳукумат томонидан барча тадбирлар кўрилмоқда. Маълумки, прописка – тоталитар тузумда инсонларни доимий назорат остида ушлаб туриш учун ўйлаб топилган қуроллардан бири эди. Пропискасиз инсон, инсон эмас эди. Бу нарсасиз одам на ишга қабул қилинар, на уй-жой сотиб олар ёки қура олар эди. Аммо советлар даврида вилоятлардан Тошкентга келган фуқаро пропискасиз бемалол пойтахтга келиб-кетиши ёки бир мунча муддат бу ерда меҳмон бўлиб қолиш эркинлигига эга бўлган бўлса, ҳозирги кунда,қишлоқдан Тошкентга келган деҳқон дарқол маҳаллий милицияга бориб, рўйхатдан ўтиши лозим.
Акс ҳолда, унинг бошига кўп савдолар тушиши мумкин. Масалан, Тошкентдаги Ўрикзор маҳалласи ёки Ипподромда пропискасиз мардикорлик қилаётган ёш-яланглар милиция томонидан ўтказиладиган рейдлар давомида бир неча кунга дом-дараксиз йўқ бўлиб кетганлар. Кейин маълум бўлишича, улар уч-тўрт кун давомида, казо-казоларнинг уйларида текинга мардикорлик қилишган экан.
Тошкентлик бир тижоратчининг гапириб беришича, у, вилоятлардан келган тўртта ёшни ўз корхонасига ишга олиб, уларни шартнома бўйича ишлатмоқчи бўлибди. Уларга овқатланишлари учун пул бериб, мева-чева харид қилишлари учун бозорга юборган экан, улар дом-дараксиз кетибдилар. “Фақат кечқурунга яқин улардан бири йиғламсираб, уйга келиб қолди,– дея ҳикоя қилади тижоратчи, – Маълум бўлишича, бозорда милиция томонидан рейд ўтказилиб, улар милиция маҳкамасига олиб кетилган ва ўша ерда қамаб қўйилган экан. – Мен қолган учта йигитни қутқариб олиш учун уларнинг менда сақланаётган паспортлари ва барча ҳужжатларимни олиб милиция маҳкамасига бордим,–дея ҳикоясини давом эттиради тижоратчи. –Бориб, милиция ходимига ўртада тузилган меҳнат шартномаларини кўрсатсам, у менга: “Нега бўлмаса бу йигитларни “присмотрсиз”, яъний, қаровсиз ҳолда кўчага қўйиб юбордингиз?”, дея ўдағайлади. “И-е, кап-катта одамларни биров қўлидан ушлаб, бозорга олиб бориши керак экан-да, саводингиз борми ўзи, ака?”, деган эдим, миршаб кулиб юборди ва “майли, бу сафар қўйиб юбораман”, деб бизга кетишга рухсат берди”.
Мана, Ўзбекистоннинг бугунги ҳаётидан бир лавҳа. Ўзбекистоннинг бир вилоятидан иккинчи вилоятига ўтиш– деярли хорижий мамлакатга бориш билан тенг бўлиб қолмоқда. Гўё бутун Ўзбекистон муҳожирлардан иборатдай. Ягона Туркистон ҳақида гапиришни яхши кўрадиган мутасаддилар ҳатто ягона Ўзбекистон тамалини ҳам кўтара олмаётган кўринадилар. Прописка муаммосининг яна ҳам долзарблашиши – ҳали советлар давридаёқ юзага келган, аниқроғи, ҳукумат томонидан атайлаб яратилган маҳаллийчилик касалининг янада кучайишига олиб келади. Маҳаллийчилик касалига мубтало бўлган миллатни эса, бошқариш осон. Советлардан қолган “Бўлиб ташлаб, ҳукмронлик қил”, принципи ўзбеклар ичида синовдан ўтган усулдир.
Прописка муаммоси оддий фуқароларнинг ҳуқуқларини қанчалик чекласа, давлат мансабдорларининг имтиёзларини шунчалик кенгайтиради. У– порахўрликка кенг йўл очиб беради. Мамлакатни полицайлар давлатига айлантиради. Албатта, бу далилларга қарши ҳукуматнинг ҳам ўз далиллари бор. Ҳукумат бу йўналишдаги ўз тадбирларини оқлар экан, Россия ёки МДҳнинг бошқа биронта давлатида худди шу йўсинда олиб борилаётган сиёсатни пеш қилиши мумкин. Юзаки қараганда, бундай далиллар анча асосли кўринади. Аммо бу муаммолардаги вазият чуқурроқ ўрганилса, Ўзбекистон ва бу давлатлар ўртасидаги тафовут яққол кўриниб қолади. Биринчидан, Ўзбекистонга, – Россияга ёки Украинага каби,–миллионлаб муҳожир ва қочқинлар кириб келаётгани йўқ. Афғонистон билан чегарадош бўлган Ўзбекистонга, ҳатто Афғонистондаги уруш энг юқори палласига чиқиб, ўн минглаб қочқинлар Ўзбекистон давлатидан бошпана сўраганида ҳам, уларга бу ҳудудларга киришга рухсат берилмади. (ҳолбуки, мавқеи жиҳатдан Ўзбекистондан анча орқада турган Қирғизистон ёки Туркманистон каби давлатлар ҳам Афғон қочқинларини ўз ҳудудларига қабул қилдилар). Россия ёки Украинадаги прописка сиёсати (айтгандай, ҳозир Украина парламентида пропискани бутунлай йўқ қилиш масаласи муҳокама қилинмоқда) асосан муҳожирларга қаратилган бўлса, Ўзбекистонда у асосан ўз фукароларига қаратилгандир. Чунки, ушбу юқорида номи зикр этилган мамлакатларда Ўзбекистондаги каби ҳукумат томонидан қувғин ва таъқиб остига олинганлар йўқ, яъний, фуқароларнинг ҳар бир қадамини назорат қилиш, у ерларда Ўзбекистондаги каби долзарб масала эмас. Хуллас, прописка каби коммунистик сарқитлар Ўзбекистондаги бугунги ҳукумат иқтидорда қолган муддатча сақланиб қоладиган кўринади.
Мақсуд Бекжон
1997