Başlangıç > Сиёсат > “БОҒДОДДА ҲАММА ЁҚ ТИНЧ!”

“БОҒДОДДА ҲАММА ЁҚ ТИНЧ!”

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ҳокимият тепасига келган илк чоғларида қандай тактикани қўллаган бўлса, бугун ҳам ўша тактикасини собитлик билан давом эттирмоқда. Жаноб президентнинг тактикаси жуда оддий ва энг муҳими, ишонувчан фуқаролар учун таъсирчан бир тактикадир. Масалан, у киши жумҳурият ёки вилоят миқёсида ўтказилаётган телевидение ва радио ходимлари, журналистлар иштирок этаётган мажлисда ўзининг мулозимларидан бирини ёки бир қанчасини астойдил тергай бошлайди.

“Нимага сизлар ўз бурчларингни бажармайсанлар?” деб жаноб президент астойдил надомат қиладилар. ҳолбуки, президентнинг амрини бажармаслик ёки ўз бурчини бажармасликка биронта ҳам мулозим журъат эта олмайди. Аммо бундай фикр, саҳнага маҳлиё бўлиб ўтирган оддий фуқаронинг хаёлига келмайди. У ҳар доимгидай “Президентимиз ўзининг атрофидаги ноқобил мулозимлари билан роса қийналиб кетди-да. Бечора, бир ўзи тўрт томонга югуришга мажбур”, деган хаёл билан ўтираверади. Президент тактикаси, асосан, мана шундай одамлар учун мўлжаллангандир.

Президентнинг яқинда “Озодлик” орқали эшиттирилган энг сўнгги нутқларидан бирида ҳам ўша эски тактикани кўриш мумкин. Жумҳуриятда ер ислоҳоти ўтказилаётгани ҳақида гапирар экан, президент шундай дейди: “Мен катта-катта стратегик масалаларни ўйлашим керак, бу юртнинг келажагини ўйлашим керак, нафақат, айтайлик, иқтисод масаласини, нафақат, айтайлик, ҳаёт масаласини, хавфсиз-лигини ўйлашим керак. Одамзотнинг тинчлигини сақлашим керак. Жамоатнинг тинчлигини сақлашим керак. Барака топгур, иқтисодий ислоҳотлар бўйича ҳам кимдир ўйлаши керакми? Мана, бугунги мажлис кимнинг ташаббуси билан бўлди? Шу инсофданми? Агар ер ислоҳотлари ўтказилмаса, одамларнинг ҳам тафаккури ўзгармайди…”.

Президентнинг иши– муаммо ҳақида гапириб, унга жамоатчилик эътиборини қаратишдан эмас, балки бу муаммони ҳал этишдан иборат бўлмоғи лозим. Акс ҳолда, президентнинг мухолифатдан фарқи қолмайди. Мухолифат эса, ер ислоҳоти ўтказилиши кераклиги ҳақида доимо гапириб келди. Хусусан, “Эрк” газетида ер ислоҳоти бўйича партиянинг дастурлари ҳам эълон этилган эди. Шу маънода баъзи бир кимсаларнинг “на ҳукуматнинг, на мухолифатнинг ер ислоҳоти бўйича бирон бир режалари йўқ”, деган гаплари нотўғри. Мухолифат вакиллари ер ислоҳоти бўйича етарлича гапирди ва бу гапларни эшитишни истаганларнинг ҳаммаси эшитиб улгурди. Энди масала, мухолифатнинг вақти-вақти билан ер ислоҳоти бўйича ўз режаларини ҳукуматга етказиб бериб туришига эмас, балки, бу режаларни амалга оширишни мутлақо истамайдиган ҳукуматнинг ўзини ўзгартиришга келиб тақалаяпти. Ҳозир муаммонинг асосий сабабини янгича фикрнинг тақчиллигидан эмас, балки, ҳар қандай янгича фикрга тўғаноқ бўлаётган эски коммунистик структуранинг ҳали ҳам сақланиб қолганлигидан изламоқ керак.

Олий Совет номини Олий Кенгаш, Ўзбекистон компартияси бош котиби номини Президент, УзЛит (цензура ташкилоти) номини яна нималардир деб ўзгартирган билан моҳият ўзгариб қолмай-ди.

Жаноб президент ўз нутқида “Агар ер ислоҳоти ўтказилмаса, одамларнинг ҳам тафаккури ўзгармайди”, дейдилар. Бу ерда табиий равишда бир қанча саволлар туғилади: Нега энди одамларнинг тафаккурини ўзгартириш керак? Уларнинг тафаккурида хатолик борми? Умуман, ер ислоҳоти одамлар тафаккурини ўзгартириш учун ўтказиладими ёки унинг ўзи алоҳида бир қадриятми? Агар гап меҳнатга лаёқат, хусусий мулкчилик институтининг йўқолиб кетганлиги ҳақида кетаётган бўлса, комил ишонч билан айтиш мумкинки, ўзбеклар, ҳатто совет тузумининг энг босқинли йилларида ҳам хусусий мулкчи туйғусини йўқотгани йўқ, шунинг учун ҳам хусусий мулкчилик туйғусидан маҳрум бўлган руслар доимо ўзбекларни ҳақоратомуз равишда “торгаш”, яъний, савдогар деб, ерга уришга ҳаракат қилганлар. Бугунги кунда эса, русларнинг ўзи, бутун миллати билан “торгашлик”қилмоқда ва бу миллатимиздаги ирсий тафаккурнинг нақадар муқим ва собит эканлигини исботламоқда. Шундай экан, миллат тафаккурини ўзгартиргандан кўра, бир ҳовуч эски коммунистлар тафаккурини ўзгартирган осонроқ эмасмикин? Яна ҳам осонроғи, бир ҳовуч фикри қотиб қолган одамларни қайта тарбиялаб ўтиргандан кўра, уларни илғор фикрли кишилар билан алмаштириб қўяқолган маъқул эмасми?

Хуллас, президентнинг бу нутқи Ўзбекистонда ҳеч нарса ўзгармаганлигини яна бир бор яққол намоён қилди. Президент бундан 7 йил олдин қандай сўзларни қўллаб нутқ ўқиган бўлса, бугун ҳам ўша сўзларни ишлатиб нутқ ўқимоқда. Унинг нутқлари худди араб эртакларида тунги шаҳар қоровули айтадиган: “Боғдодда ҳамма ёқ тинч, тинч ухлайверинг, Боғдод аҳли”, деган сўзлар каби халқ онгини аллалашга йўналтирилгандир.

Мақсуд Бекжон

1997

Reklamlar
Kategoriler:Сиёсат
  1. Henüz yorum yapılmamış.
  1. No trackbacks yet.

Bir Cevap Yazın

Aşağıya bilgilerinizi girin veya oturum açmak için bir simgeye tıklayın:

WordPress.com Logosu

WordPress.com hesabınızı kullanarak yorum yapıyorsunuz. Çıkış  Yap /  Değiştir )

Google fotoğrafı

Google hesabınızı kullanarak yorum yapıyorsunuz. Çıkış  Yap /  Değiştir )

Twitter resmi

Twitter hesabınızı kullanarak yorum yapıyorsunuz. Çıkış  Yap /  Değiştir )

Facebook fotoğrafı

Facebook hesabınızı kullanarak yorum yapıyorsunuz. Çıkış  Yap /  Değiştir )

Connecting to %s

%d blogcu bunu beğendi: