АСОРАТ
“Тоталитаризм даврида мен ўзимни ҳозиргидан кўра анча эркинроқ ҳис қилардим”,–дейди “Свобода” радиосига интервю берган рус ёзувчиларидан бири. Бундай парадоксал фикрни сўнгги 10 йил ичида, яъний, Горбачёвнинг “ошкоралиги” бошланган пайтдан то бугун ҳамма жойда декларация қилинаётган “сўз эркинлиги” даврига қадар ўтган вақт ичида тез-тез эшитадиган бўлиб қолдик. Ҳатто баъзилар: “Адабиёт ривожи учун тоталитар тузум зарур, чунки, фақат шундай тузумдагина адабиёт нозик ташбеҳларга бой бўлади, топқир бўлади”, дея бошладилар. Бундай фикрни тарғиб қилаётган одамларни коммунистик тузумни реабилитация қилишга уринаётганликда айблаш қийин.
Чунки, бу фикрни аксарият ҳолларда коммунистик тузумнинг калтабин идеологлари, адабиёт билан тарғибот қоғозининг фарқига боролмай қолган шўрпешона совриндор ёзувчилари эмас, балки, ҳамма нарсани назорат қилиб турувчи даҳшатли тузумга, ўз вақтида пинҳона бўлса-да, қўлини чўнтагига тиқиб бўлса-да, мушт дўлайтирган қобилиятли ёзувчилар айта бошладилар. Бу нима, маҳв бўлган эски душманни соғиниш ҳиссими? Қайсидир маънода, шундай. Аниқроғи, бу – эски душманни эмас, балки, эски руҳий ҳолатни, яъний, руҳнинг ўша пайтдаги курашчан ҳолатини, ўша пайтдаги руҳий “комфорт”ни соғиниш ҳиссидир. Тузум кўпчилик қобилиятли ёзувчилар учун фақат душман эмас, балки, бир пайтнинг ўзида мақсад ва маёқ, ҳатто бошпана ҳам эди. Улар пинҳона ўз бошпаналарига қарши курашар эканлар, кун келиб, ўзларининг мутлақо бошпанасиз қолишлари мумкинлигини хаёлларига ҳам келтирмас эдилар. Бу ўринда советлар даврида ёзилган бир шеърим ёдимга тушади:
Фикр,
Бошпанасиз қолмайин, десанг,
Энди тўхта,
Борар жойинг йўқ.
Бошпана излама ҳур бўлай десанг:
Эркнинг паноҳи йўқ бошида.
Тоталитаризм тугаганидан сўнг баъзи ёзувчиларимизнинг ўзларини етим ҳис эта бошлаганларининг ўзиёқ, бу ёзувчиларнинг ўша тузум фарзандлари бўлганлигини кўрсатмайдими? Етимлик ҳиссини фақат ўша тузумнинг содиқ хизматкорлари бўлган ёзувчиларгина эмас, балки, бу тузумга имкони борича қарши туришга уринган ёзувчилар ҳам ўз бошларидан кечираётган эдилар. Яъний, узундан-узоқ давом этган кураш асносида бу истеъдодли диссидент ёзувчилар ҳам тузум фарзандларига айланган эдилар. Тоталитаризм даҳшати ҳам шунда: у ҳамма нарсани, ҳаммани ютиб юборади: ўзига хизмат қилаётганларни ҳам, ўзига қарши курашаётганларни ҳам.
Тоталитар тузумнинг адабиётдаги артистизм ва “назокат”ни тарбиялаши ҳақидаги фикрда жон бор. Деспотизм одамларни тагдор, жимжимадор гапииришга ўргатади. Минг кўзли махлуқ, яъний, тоталитар тузум ҳукмронлигида ҳар қандай ҳаракат қолипи жуда тор бўлгани туфайли, умум ҳаракатсизлик фонидаги қилт этган ҳаракат ҳам жуда аҳамиятли бўлиб кўринар эди. У пайтлардаги шоир ва ёзувчиларнинг бир сўз ёки бир сатр гапни ёзиб, катта шов-шув уйғотишлари осон эди. Ўша йилларда ёзилган яна бир шеърдан парча келтирамиз:
“Худо” деган сўзни эшитиб,
Қўрқувдан зир титрар иблислар.
У пайтларда қаҳрамон бўлиш эмас, балки, аксилқаҳрамон бўлиш ҳақиқий қаҳрамонлик саналарди. Айниқса, “бир неча марта Совет Иттифоқи қаҳрамони”, деган ғаройиб унвонни кўтариб юрган йўлбошчиларни кўравериб зада бўлганларда, аксил қаҳрамон бўлиш истаги ўта кучли эди. Қолип шуқадар тор эдики, компартияга мадҳия ўқилмаган ёки тушкунроқ кайфиятда ёзилган сатрлар бу қолипдан чиқиб қолар ва бу сатрлар муаллифининг ўзи ҳам, агар дарров хатосини тузатмаса, ё ёзувчилар иттифоқи қолипидан, ёки умуман, Совет Иттифоқи қолипидан чиқариб ташланарди.Қолип жуда тор бўлгани туфайли, ундан чиқиб қолиш хавфи ҳам жуда катта эди. Албатта, қолипга сиғиш учун тобора кичрайиб бораётган инсон, шунга яраша бежирим ҳаракатлар қилиб, назокатли фикрлашга ҳам ўргана бошлайди. Афсуски (балки, “худога шукр”, дейиш керакдир), бу назокатли ва бежирим ишораларнинг бутун гўзаллиги тоталитаризм интиҳоси билан бирга йўқликка юз тутди. Шундай қилиб, энг истеъдодли ёзувчилар ҳам тоталитаризм билан бўлган МУЛОҚОТга ўз умрларини исроф этдилар.
“Тоталитаризм даврида мен ўзимни ҳозиргидан кўра, эркинроқ ҳис қилардим”, деяётган ёзувчи ўзининг йўқотилган эркини эмас, балки, йўқотилган Мақсадини назарда тутаётир. Мақсад эса, тоталитаризмнинг ўзидай жўн ва равшан эди, яъний: “барча таъқиқланган нарсалар ҳақида гапирмоқ”. Баъзи истеъдодли ёзувчилар ўз бошидан кечираётган етимлик ҳисси мана шу мақсаднинг йўқолгани билан боғлиқдир. Бу ҳисни қўққисдан вазнсизлик ҳолатига тушиб қолган одам ҳолати билан тенглаштирса ҳам бўлади. Биз юқорида назарда тутган ёзувчилар тоифасига шартли равишда киритиш мумкин бўлган ўзбек оқсоқол шоирларидан бири бу хусусда: “Советлар пайтида мен нима ҳақда ёзишимни аниқ билардим, энди эркинликка эришиб, нима ҳақда ёзишга ҳам ҳайронман”, деган эди.
Эркинлик ҳам истеъдод учун бир синовдир. Кенгликларга чиққан инсон юраги фақат ҳапқириб, фақат тўлқинланмай, аксинча, қаттиқ сиқилиши ҳам мумкин. Мадомики, биз ҳеч бир кўрсаткичсиз, маёқсиз яшай олмас эканмиз, у ҳолда, бу маёқни ердан ёки тоғдан, ёки коммунизм чўққиларидан эмас, балки, сал тепароқдан излаганимиз маъқул.
Мақсуд Бекжон
1997