ПАРАДОКСАЛ МАНТИҚ ЁКИ “ДЕМОКРАТИК СТАНДАРТ” ҲАҚИДА
“Известия” газетасида Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг интервюси эълон этилди. Интервю “Ўзбекистон айсберг эмас”, дея номланган. “Президент ўз матбуот хизмати томонидан тайёрланган ёзма жавобларни бир четга суриб қўйиб, жонли суҳбат ўтказишни афзал кўрди”, дейилади суҳбат бошида редакция томонидан ёзилган изоҳда. Интервюда И.Каримовнинг Ўзбекистон иқтисодий-сиёсий модели ҳақида, жумҳуриятнинг ташқи алоқалари хусусида берилган саволларга қайтарган жавоблари келтирилади. Журналистларнинг саволлари ҳам, уларга берилаётган жавоблар ҳам ҳайратланарли даражада, бундан 5-6 йил илгари унга берилган савол ва жавобларни эслатади.
Хусусан, бу интервюдан Ўзбекистон модели ҳақидаги саволлар ҳали ҳам актуаллигича қолиб келаётганига гувоҳ бўлиш мумкин. Тўғри, президентнинг жавобларида баъзи ўзгаришлар ҳам пайдо бўлган. Масалан, жамиятни деидеологизациялаштириш зарурлиги ҳақида президент айтган фикрни олайлик. Эсингизда бўлса, бундан бор-йўғи 2-3 йил илгари, Каримов ҳукумати ўз ихтиёридаги бутун тарғибот ва ташвиқот каналларини ишга солиб, жамиятга, унинг ривожланиши учун бир миллий ғоя яратиб бериш зарурлиги ҳақида бонг урган эди. Миллий ғоя яратилмади, чунки миллий ғоя яратилиши учун жамиятда, энг аввало, миллий шуур бўлиши лозим эди. Миллий шуур эса, маълумки, фақат эркин жамиятдагина бўлади. Доимий таҳқир ва хўрлик, ҳақирлик остида яшаётган элдан миллий шуур, миллий ғурур талаб этиш кулгулидир. Президент буни англаб етибди шекилли, энди тўла ғоясизлантириш йўлини танлабди. Аммо орадан кўп ўтмай, бу йўлнинг ҳам нотўғрилигига амин бўлажакмиз. Чунки, бугунги асосий муаммо жамиятни ғоявийлаштириш ёки ғоясизлантиришда эмас, балки, унинг қўл ва оёқларига чулғанган оғир кишанларни олиб ташлаб, ўз иқтидори ва имкониятларини тўла ишга солишига ва шу орқали ўзи учун нормал бир ҳаёт қуриш учун имкон яратиб беришдадир. Бугунги ҳукуматнинг асосий принципларидан бири бўлган – жамиятни деидеологизациялаштириш иши, балки, 1991 йилда, коммунистик империядан эндигина қутилган чоғда долзарб бўлган бўлиши мумкин эди. Аммо бугун бу нарсани кун тартибига қўйиш – яна бир идеологияни, яъний, идеологиясизлаштириш идеологиясини яратиши муқаррар. Чунки, авторитар тузум шароитида давлат бошлиғи оғзидан чиққан ҳар қандай гап дарҳол догмага айлантирилиши яхши маълум.
Президент Каримовнинг “бизнинг ўз моделимиз бор”, деган гапидан келиб чиқиб, “Известия” ходимлари унга шундай савол берадилар: “Хўш, Ўзбекистон қандай моделни танлаган: Туркия моделиними, Хитой моделиними ёки жанубий Корея моделиними?” Албатта, Ўзбекистоннинг, аниқроғи, Ўзбекистон ҳукуматининг сўнгги 6-7 йиллик “тараққиёт йўлини” кузатиб борган одам бу саволлар ортида бекиниб ётган аччиқ кинояни тезда фаҳмлаб олади. Чунки, Ўзбекистон раҳбарияти бу муддат ичида бир неча бор ўз ориентациясини ўзгартирди ва охири мутлақо гарангсираб қолган халққа, “бизнинг ўз моделимиз, ўзбекча моделимиз бор”, дея бошлади. Бугун биз шу “модел” натижаларини кўриб турибмиз.
Президент Каримовнинг Россия ва Туркия ҳақидаги фикрлари ҳам диққатга сазовордир. Журналистларнинг: “Нега Ўзбекистон Россияга бўлган қизиқишини йўқотмоқда?” деган саволига президент шундай жавоб беради: “Ўзбекистон Россияга бўлган қизиқишини йўқотгани йўқ. Ҳозир мен сизга русча мактабни битирган, рус адабиётини ўз миллий адабиётидан кўра яхшироқ биладиган, рус кишисининг табиатини, ҳатто қалбини яхши биладиган бир одам сифатида жавоб бераман. Рус қалбини ҳамма ҳам билавермайди. Маълумки, рус қалбини аршин билан ўлчаб бўлмайди, уни тушуниш оғир. Аммо мен рус табиатини биламан. Шундай экан, мен учун аксиома бўлган нарса шундан иборат: биз ўзбекларни рус халқидан, рус маданиятидан, рус цивилизациясидан, рус тарихидан айириш қийин. Бу аксиома”.
Бир оздан сўнг президент Каримов ўзининг Туркия ҳақидаги фикрларини ҳам билдириб ўтади: “ҳеч кимни хафа қилишни истамайман-у,– дейди у,– аммо баъзи бировлар учун ўгит сифатида қуйидаги фактни эсингизга соламан. Мустақиллигимизнинг биринчи йилларида Туркия бизга таълим-тарбия, маданият, маънавият масалаларида катта оғалик қилишга уруниб кўрди. Аммо амалда ишонч ҳосил қилишди-ки, улар ҳам бизлардан кўп нарсаларни ўрганса ҳалақит қилмас экан. Айтгандай, Туркияда 2 мингдан ортиқроқ талабаларимиз ўқиётган эди, ҳозир бор-йўғи 200 тача қолди”.
Ўрта Осиё турк жумҳуриятлари раҳбарларидан биронтаси ҳам Россия ҳақида гапираётиб, Туркияни, Туркия ҳақида гапираётиб эса, Россияни тилга олмай ўта олмайди. Улар учун Россияда Туркия мавзуи, Туркияда эса, Россия мавзуи мувозанат тоши вазифасини ўтайди. Улар айтаётган Туркистон ва туркчилик ғоялари салмоғи ҳам, мана шу мувозанат тоши салмоғи билан теппа-тенгдир. “Известия”даги интервюнинг, Ўзбекистон президентининг Туркияга қиладиган сафари олдидан эълон этилиши ҳам мана шу фикрни тасдиқлайди.
Интервюдаги энг диққатга сазовор жой, албатта, жумҳурият тараққиётига ғов бўлиб турган ўзбек менталитети ҳақидаги фикрдир. Президент Каримов бу хусусда шундай дейди: “ҳа, биз бугун демократик стандартларга унча мос келмаяпмиз. Аммо сабаб – қонуний базанинг йўқлигида эмас. Ажойиб қонунлар мажмуасини яратиш мумкин – Конституция, инсон ҳуқуқлари, миллий озчилик, виждон эркинлиги ҳақида, қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятининг бўлиниши ҳақидаги қонунларни қабул қилиш, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар системасини яратиш мумкин. Буларнинг ҳаммаси бизда бор, аммо мен сизга бир савол бераман: Хўш, энг чекка қишлоқларда яшайдиган одамларнинг фикрлаш тарзини қандай ўзгартириш мумкин? Уни дунё томонидан қабул қилинган стандартлар даражасига қандай кўтариш мумкин?”
Ажойиб мантиқ, шундай эмасми? Яъний, бутун бошли бир халқни демократик стандартлар даражасига кўтариб чиқариш осон иш эмас… Балки, масалага сал бошқачароқ ёндошиш керакдир, яъний, бутун бошли бир халқни демократик стандартлар даражасига кўтариб ўтирмай, аксинча, демократик стандартларни халқ даражасига туширмоқ, уларни (стандартларни) халқ орасида ёймоқ тўғрироқ бўлмайдими? Чунки, шу пайтгача бирон бир инсон боласи халқни ўз елкасида кўтариб, уни тепароққа олиб чиқиб қўймаган, аксинча, халқнинг ўзи доим ҳар қандай одамни ўз елкасига олиб, истаган чўққисига чиқариб келаяпти. Чўнтагига милиционер томонидан солиб қўйилган наша туфайли қамалиб кетаётган бегуноҳ деҳқон бу ишнинг адолатсизлик эканлигини, яъний, нодемократик эканлигини тушуниши учун яна қандай демократик стандартлар даражасигача кўтарилиб чиқиши керак? Умуман, бу демократик стандартларга деҳқоннинг бўйи етмаса, бу стандартларнинг кимга кераги бор? Тепадаги мансабдорларгами? Афтидан, шундай. Чунки, демократия меваларидан фақат тепадагиларгина фойдаланиб келмоқда. Улар “демократик” деб тан олинган сайловлар, қонунлар орқали давлат тепасига келадилар ва яна шу қонунлар орқали ўзларининг имтиёзларини, ҳуқуқларини ҳимоя этадилар. Қаердадир тепада, халқнинг бўйи етмайдиган жойда турган “демократик стандарт” фақат мана шуни англатиши мумкин, холос.
Интервюнинг давомига қаранг, бу иқтибосни мантиқсизлик намунаси сифатида олий ўқув юртлари дарсликларига киритса бўлади:
“Бу инсонлар (яъний, халқ. МБ) ҳали ҳам совет тоталитар ҳокимияти томонидан 75 йил давомида сингдирилган нормалар билан яшамоқдалар. Бизда тарадиционализм жуда ривожланган, аҳолининг 60 фоизи қишлоқларда яшайди ва уларда традиционализм инерцияси жуда ҳам кучли. Советлар даврида биз коммунистик догма ва қонунларга унча мос келмаган бўлсак, бугунги кунда демократик қонунларга мос келмаяпмиз. Бизга вақт керак”.
Фикр бўлмаганида, мана шундай мантиқсиз гаплар туғилади. Президент бир томондан, ўзбек халқини, эски совет қолипларидан чиқа олмаётганликда айбласа, иккинчи томондан, ўзбек халқи ҳеч қачон бу қолипларга сиғмаган деган фикрни тасдиқлашга урунади.
Каримов: “Халқимиз 75 йил давомида совет тоталитар ҳокимияти томонидан сингдирилган нормалар билан яшашда давом этмоқда”, дейди. Ҳа, бу гап тўғри. Ўзбек халқи ҳақиқатан ҳам совет тоталитар ҳокимиятидан қолган нормалар билан яшаяпти. Аммо бунга ким айбдор? Шу нормаларни сақлаб келаётган ҳукумат эмасми? Албатта, президент, “мен ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги нормаларни эмас, маънавий-зеҳний нормаларни назарда тутаяпман”, деб эътироз билдириши мумкин. Бунга яна президентнинг, аниқроғи, унинг шу интервюда Карл Марксдан олиб келтирган қуйидаги цитатаси билан жавоб берамиз: “Бытие определяет сознание”, яъний, “онгни борлиқ белгилайди”. Шундай эмасми, ўртоқ марксист?
Парадокс яхши нарса, у билан баъзан мантиқ орқали айта олмаган фикрларингни изҳор этиш мумкин. Аммо гап шундаки, ҳатто парадокслар ҳам маълум бир маънода мантиққа қурилган бўлади, акс ҳолда, улар ўз мазмунини йўқотади.
Мақсуд Бекжон
1997