Başlangıç > Сиёсат > ТЕЖАМКОР ИҚТИСОД

ТЕЖАМКОР ИҚТИСОД

Советлар салтанатининг йўлбошчиларидан бири бўлган Л.И.Брежнев ўз вақтида мазмуни жиҳатдан “асрларга татигулик” бир шиор кўтариб чиққан ва 285 миллионлик аҳолига эга бўлган буюк бир империя бир қанча йиллар давомида ана шу шиор-метафора билан яшаб келган эди. Бу шиор шундай жаранглар эди: “Экономика должна быть экономной”. Ўзбек тилига ағдарилганида бу шиор ўзининг “жарангдор”лигини бир оз йўқотиб, шундай эшитилар эди:”Иқтисод тежамкор бўлмоғи лозим”. Қизиғи шундаки, совет тадқиқотчиларидан биронтаси иқтисоднинг қандай қилиб “тежамкор” бўлиши мумкинлигини, тежамкор бўлган иқтисод қандай бўлишини тушунтириб бера олгани йўқ.

Балки, бу:”иқтисодни тежаб-тежаб ишлатайлик, иқтисоднинг ўрнига эса, халққа кўпроқ шиор ва ташбеҳлар берайлик”, деганидир, ким билади… Аммо бугунги Ўзбекистонимизда кечаётган ҳаёт мисолида “тежамкор иқтисод” ҳақдаги бу мажознинг унчалик ҳам мавҳум назария эмаслиги ўз исботини топмоқда. Маълумки, Ўзбекистон ўзининг табиий бойликлари билан, айниқса, гази билан минтақадаги энг бой жумҳуриятлардан бири ҳисобланарди. Ўзбекистон ўлкадаги газни узоқ йиллар мобайнида ўзининг табиий газ заҳираларини “келажак авлодлар учун” дея консервация қилиб қўйган Русияга текинга бериб келди ва энди оз қолган газини тежаш максадида баъзи бир тадбирлар кўра бошлади. Бу тадбирлардан бири – газ қувурларига аҳолини газни тежаб ишлатишга мажбур қиладиган “счетчик”лар ўрнатиш тадбиридир. Аммо бу тадбир ҳам халқнинг ночор аҳволи туфайли, яъний, “счетчик”лар сотиб олишга қурби етмагани туфайли аросатда қолиб кетмоқда. Ҳануз “иқтисод тежамкор бўлмоғи керак” шиори остида яшаётган мутасаддилар халққа “счетчик”ни бепул ўрнатиб беришни хаёлларига ҳам келтирмай, катта “тежамкорлик” намунасини кўрсатмоқдалар. Халқнинг “тежамкорлиги” эса, бундан ҳам ошиб тушаётир: гугурт сотиб олишга ҳам қийналиб қолган халқимиз хар бир гугурт чўпини авайлаб-асраб, тежаш мақсадида газни ўчирмай, эртаю-кеч ёқиб қўйиб, умргузаронлик қилмоқда. Хуллас, юртимизда собиқ Совет Иттифоқи раҳбари Л.И.Брежневнинг “Иқтисод тежамкор бўлиши лозим” деган таълимоти ҳаётга тўла тадбиқ этилмоқда.

Мақсуд Бекжон

1998

Kategoriler:Сиёсат
  1. Henüz yorum yapılmamış.
  1. No trackbacks yet.

Bir Cevap Yazın

Aşağıya bilgilerinizi girin veya oturum açmak için bir simgeye tıklayın:

WordPress.com Logosu

WordPress.com hesabınızı kullanarak yorum yapıyorsunuz. Çıkış  Yap /  Değiştir )

Twitter resmi

Twitter hesabınızı kullanarak yorum yapıyorsunuz. Çıkış  Yap /  Değiştir )

Facebook fotoğrafı

Facebook hesabınızı kullanarak yorum yapıyorsunuz. Çıkış  Yap /  Değiştir )

Connecting to %s

%d blogcu bunu beğendi: