Başlangıç > Сиёсат > ГИПНОЗ ОСТИДА

ГИПНОЗ ОСТИДА

Оммавий ахборот воситалари орқали аҳолини зомбилар тўдасига айлантириб қўйиш мумкинлиги ҳақида кўп гапирилди ва ёзилди. Ўзимиз ҳам советлар давридаги ахборот воситалари тимсолида бунинг гувоҳи ва ҳатто кўпчилигимиз қурбони бўлдик. Ш.Рашидовдан сўнг Ўзбекистон компартияси бош котиблигига тайинланган Усмонхужаев:”Бизни гипноз қилиб қўйишганди”, деб бекорга айтмаганди. Худди Р.Киплингнинг “Маугли” асаридаги баҳайбат илон Као ейишдан олдин ўз қурбонларини гипноз қилганидай, тоталитар тузум ҳам ейишдан олдин ўз қурбонларини гипноз қилиб, уни ҳаракатсиз, қаршилик қила олмайдиган ҳолга келтиради ва сўнгра уни юта бошлайди.

Бугун Ўзбекистонда ана шундай гипноз трансига тушган аҳолини кўриш мумкин. Хорижда ўқиб, Ўзбекистонга қайтиб борганлардан бири ўзининг бу жабҳадаги “тажриба”ларини қўрқув билан гапириб берди:” радио, телевидение, газеталар, журналлар, китобларда – ҳар ерда, фақат бир нарса ҳақда, халқнинг фаравон яшаётгани ҳақда гап кетар экан, беихтиёр сен ҳам бу гаплар таъсири остига туша бошлайсан”,- дейди у. “Жума намозига бориб, у ерда диний нуқтаи назардан айтилган гаплардан жўшиб, уйига қайтган фуқаро телевизор мурватини бурайди-ю, у ерда мачитда эшитган гапларга том тескари мазмундаги гапларни эшитиб, улардан ҳам худди мачитдаги каби қаттиқ таъсирланади ва жўшади. Фақат у мачитда Аллоҳга ҳамду-санолар ўқиган бўлса, уйида, телевизор қошида ҳукуматга ҳамду-сано ўқий бошлайди”, – дейди алам билан хорижда таҳсил олиб, Ўзбекистонга қайтиб борган талаба. “Телевизорда доим бир погонли, бир саллали ва бир ёзувчи чиқиб, миллатнинг бугунги куни ва келажагини “ойдинлаштириб” турадилар, бу уч нусха зиммасига халқнинг барча қатламларини бирлаштириш вазифаси юкланган бўлиб, улар гапирганларида ҳам шу уч қатлам номидан гапирадилар,. Ақлдан озиб қолмаслик учун мен тезда Ўзбекистонни тарк этдим”, – дейди талаба ўзининг ватанида олган “сабоқ”лари ҳақида.

Телевидение ва радионинг таъсир кучи ана шундай. Ўзбекистон матбуотининг вазияти эса, сал бошқачароқ. Телевидение ва радионинг газетадан устунлиги шундаки, бу ерда бирон бир информация, тўғрироги, дезинформация олиш учун мияни зўриқтириб ўтиришга ҳожат йўқ, телевизорга қараб ўтирсанг,  бўлди – ҳар қандай товуш кўз ва қулоқларинг орқали ҳеч қандай монеликсиз миянгга жойлашаверади. Газетани ўкиш эса, бир оз меҳнат талаб қилади, айниқса, ҳаммаси бир хил паст савиядаги, фақат ёлғондан иборат газеталарни ўқиш яна ҳам оғирроқдир. Шунинг учун ҳам бугун Ўзбекистонда чиқаётган газеталарнинг биронтаси ҳам ўзининг ўқувчилари борлиги билан мақтанолмайди. Тўғри-да, нима ҳақда ёзилишини ўқимай туриб ҳам билганингдан кейин бу газетани укиб ўтиришдан нима фойда? Албатта, фуқаролар телевидение ва радиода ҳам нимaлар гапирилишини олдиндан билишади, аммо бу воситаларнинг газеталардан устунлиги, юқорида айтганимиздек, очиқ қулоққа ўз-ўзидан жойлашиб олишидадир – қулоқ очиқ бўлса, бас – бу қулоқнинг ўша пайтда ашула учунми ёки музика учунми очилганининг аҳамияти йўқ…

Газета ходимлари ва ноширлари кун кўриш учун, ҳукумат эса, бу газеталар орқали ўз сиёсатини тарғиб қилиш учун одамларни мажбурий равишда газеталарга обуна қилдирмоқдалар. Ҳатто Ўзбекистондаги “чўнтак” партиялар ва бошқа ташкилотлар ўртасида “ким кўпроқ одамни обуна қилдириш” борасида мусобақалар ўтказилиб, 30-40 минг сумлик мукофатлар ҳам таъсис этилаётир. Аммо бундай тадбирлардан натижа чиқмаяпти. Мамлакатда ҳар куни юз минглаб доллар пул сарфланиб, ўн минглаб одамларга маош берилиб, нашр қилинаётган ҳеч кимга кераги йўқ турли хил номдаги, аммо бир хил мазмундаги юзлаб газеталар ҳали сиёҳи қуриб улгурмаёк, макалатурага айланмоқда. Аммо бундан газеталар халқни зомбига айлантиришда кам рол ўйнаётган экан, деган хулоса келиб чиқмайди. Чунки, бундай бемаънигарчиликларнинг ўзи, яъний, ҳеч кимга кераги йўқ газеталарнинг давлат тарафидан ҳар куни қатъият билан чоп эттирилиб, ўта жиддият билан халқ орасида тарқатилаётганининг ўзи бу ҳолни инсон ақли қабул қиладиган бирон бир мантиққа боғлай олмаётган миллатни зомбига айлантириб қўймокда. Хуллас, эртага ҳам худди 80 йиллардаги каби “бизни гипноз қилиб қўйишган эди”, дейдиганлар етарлича топиладиган кўринади.

Мақсуд Бекжон

1998

Kategoriler:Сиёсат
  1. Henüz yorum yapılmamış.
  1. No trackbacks yet.

Bir Cevap Yazın

Aşağıya bilgilerinizi girin veya oturum açmak için bir simgeye tıklayın:

WordPress.com Logosu

WordPress.com hesabınızı kullanarak yorum yapıyorsunuz. Çıkış  Yap /  Değiştir )

Facebook fotoğrafı

Facebook hesabınızı kullanarak yorum yapıyorsunuz. Çıkış  Yap /  Değiştir )

Connecting to %s

%d blogcu bunu beğendi: