ЮНОНИСТОН БИЛАН ЎЗБЕКИСТОН КИМГА ҚАРШИ ИТТИФОҚ ТУЗМОҚДА?
Яқинда Юнонистон мудофаа вазири Акис Чохожолупос расмий визит билан Тошкентга келди. Визит чоғида юнон вазири Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан кўришди. Сўнгра Ўзбекистон мудофаа вазири Ҳикматулло Турсунов билан кўришиб, икки давлат ўртасида ҳарбий ҳамкорлик қилиш ҳақидаги шартномани имзолади.
Юнон мудофаа вазирига Юнонистоннинг Москвадаги элчиси, учта генерал, шунингдек, каттагина ҳайъат ҳамкорлик қилди.
“Ўзбекистон қаерда-ю, Юнонистон қаерда?”… Бу икки давлатнинг ҳарбий ҳамкорлик қилаётгани ҳақдаги хабарни эшитган ҳар бир фикри соғлом одам бошида беихтиёр шундай фикр туғилади. Албатта, бу саволга Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг ўз жавоби бор. Бу жавоб Юнонистон ҳукумати делегациясининг Тошкентга қилган илгариги расмий ташрифи чоғида меҳмонларга қарата президент И.Каримов томонидан шундай ифода этилди: “Ўз ота юртингизга хуш келдингиз, бу ерга бир пайтлар бобокалонингиз Александр Македонский келиб кетган”.
Маълумки, шу пайтгача Ўзбекистонни “ота юртимиз” деган ягона евро-осиёлик халқ – юнонларни ўзига ашаддий душман деб билувчи Туркия турклари эди (сўнгги 25 йил ичида Туркия билан Юнонистон бир неча марта уруш остонасидан қайтди). Энди эса, Ўзбекистон президентининг бир оғиз гапи билан юнон ва турк сингари бир-бирини кўришга кўзи йўқ бўлган иккита халқ ватандош ва қардош бўлиб чиқди. Хўш, Каримовнинг бундай луқмалари ортида нима бекинган?
Бу саволга жавоб бериш учун президент Каримовнинг сўнгги йилларда Туркияга ва умуман, туркчилик ғояларига нисбатан олиб борган сиёсати ва кўрсатган муносабатини бир кўздан кечириб чиқиш лозим бўлади.
Барчага маълумки, 1994 йилдан бошлаб, Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида ўзбекларнинг турк эмас, балки, туркийзабон бўлган алоҳида бир миллат эканлиги ҳақида тарғиботлар олиб борила бошлади. Бу ишга ҳукумат бир қанча академик ва профессорларни сафарбар этди. Президент Каримовнинг туркчилик ғояларига бу қадар “терс” қараши Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатида ҳам намоён бўла бошлади. Озарбойжон -Арманистон уруши пайтида Ўзбекистоннинг Арманистон билан муносабатлари аъло даражада бўлди. Ҳатто ўша пайтдаги Арманистон президенти Тер Петросян ўзининг Москвада чиқадиган газеталардан бирига берган интервюсида Каримовни “Ислом Каримов МДҲ давлатлари президентлари ичида энг ақллиси” деб мақтади.
Турк халқларининг 1996 йилда Бишкекда ўтказилган анжуманида И.Каримов Қибрис турк жумҳурияти раҳбарининг анжуманда қатнашаётганига норозилик билдирди ва “агар бу ерда сиёсий масалалар муҳокама қилинадиган бўлса, биз ҳозироқ зални тарк этамиз” дея ултиматум қўйди.
1996 йилда Олмонияга қилган визити чоғида эса, Ўзбекистон президенти ўзининг Олмония Бундестагида қилган чиқишида тўғридан-тўғри:”Бобомиз Амир Темур Оврупони Усмонли туркларидан халос этди” дея нутқ ўқиди.
Хуллас, президент И.Каримовнинг бундай фикр ва иддаоларидан кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Ўзбекистон президентидаги бундай аксилтуркий кайфият қаердан келиб чиқаётгани ҳеч кимни қизиқтирмайди. Халқни қизиқтирадиган нарса – бу гапларнинг давлат сиёсатига айлантирилаётгани ва халқнинг тарихи бузиб кўрсатилаётганидир. Кимнингдир ўзини “турк эмасман”, деб ҳисоблаши ўзбек халқининг ҳам турк эмаслигини англатмайди, албатта, аммо, яна таъкидлайман, бу гапни айтаётган (ва шунга яраша сиёсат юргизаётган) одам давлат бошлиғидир, масаланинг нозик жиҳати ҳам шундадир.
МАҚСУД БЕКЖОН
1999