Başlangıç > Uncategorized > ЎЗБЕКИСТОН ПРЕЗИДЕНТИНИНГ АҚШГА ЙЎЛИ

ЎЗБЕКИСТОН ПРЕЗИДЕНТИНИНГ АҚШГА ЙЎЛИ

АҚШдаги 11сентябр портлашлари бутун дунё сиёсий қарталарини қориштириб юборди – портлашлардан сўнг дунё миқёсидаги геостратегик ҳадафлар ва ҳудудлар ўзгарди; илгариги рақиб ёки душманлар иттифоқчиларга айланди, демократия тарғибчиси ва тимсоли бўлган давлатлар авторитаризм ҳимоячилари ва рамзи бўлган давлатлар билан ҳамкорлик қила бошлади.

Инсон ҳақлари ҳақидаги гапларни 11 сентябрдаги портлашлар шовқини босиб кетди. Бугун АҚШ сингари демократия тимсоли бўлмиш бир буюк давлат Ўзбекистон сингари бир деспотизм тимсоли бўлган бир давлат билан иттифоқдошлик қилмоқда. Яқинда бу деспотик давлат раҳбари Ислом Каримов демократия байроқдори бўлган давлатга расмий визит билан боради. Бу визит, албатта, томонларнинг бир-бирига мос бўлишларини талаб қилади, яъний, АҚШ деспотик бир режим раҳбарини қабул қилар экан, у билан бирга шу раҳбар олиб бораётган сиёсатни ҳам қайсидир маьнода қабул қилган бўлади. Акс ҳолда, ўртада мулоқот бўлмайди, бу табиий.

Худди шундай, Ўзбекистон раҳбари ҳам, АҚШнинг ва умуман, визитни кузатиб турган демократик дунё жамоатчилигининг кўнглини олиш учун уларга ёқадиган нимадир қилишга ҳаракат қилади, мисол учун, шу пайтгача рўйхатга олинмай келинган Мустақил инсон ҳуқуқлари Ташкилоти сингари баьзи бир инсон ҳақлари ташкилотларини рўйхатдан ўтказади, ҳатто сафардан бир-икки кун олдин бир-иккита сиёсий маҳбуслар ҳам қамоқдан озод этилиб қолса, ҳеч таажжубланманг. Чунки, бундай воқеалар Ўзбекистон раҳбарининг 1996 йилда АҚШга қилган сафари олдидан ҳам юз берган эди. Айтгандай, ўша пайтда қамоқдан озод этилган бир неча кишининг деярли ҳаммаси бугун яна қамоқда ўтирибди, ёки ҳукумат тазйиқлари остида мамлактни ташлаб, ҳорижга кетишга мажбур бўлган. Бугун ҳам айни бундан 7 йил олдин юз берган воқеалар айнан такрорланмоқда: Каримовнинг АҚШга сафари олдидан иккита сиёсий маҳбус – шоир Юсуф Жумаев ва журналист Шоди Мардиевлар қамоқдан озод этилди, аммо расмий визит учун бу сал камроқ кўринди, шекилли, ҳукумат саҳийлик қилиб, биратўла Миҳаил Ардзинов бошчилигидаги Мустақил инсон ҳуқуқлари Ташкилотини ҳам рўйхатга олди.

Яъний, ҳаммаси кутилганидай, аниқроғи, илгари кўрилганидай бўлди. Энди фақат Ўзбекистон раҳбарининг АҚШга бориб келишини ва ундан кейинги воқеалар ривожининг ўша эски прогрессияда давом этишини кутиш қолди, холос. Агар пролетарлар доҳийси, коммунистлар кумири Владимир Ленин тирик бўлганида эди, бундай прогрессия ҳақидаги ўша машҳур “бир қадам олдинга, икки қадам орқага” иборасини яна бир марта мароқ билан такрорлаган бўларди.

Вақт эса, ўтаяпти, вақт билан бирга табиийки, одамларнинг умри ҳам. Бир умр давлат бошида ўтириш учун ҳозирги пайтда юз йилнинг кераги йўқ. инсонларнинг ўртача умри 75, Ўрта Осиё жумҳуриятларида эса, бу кўрсаткич яна ҳам пастроқ. Бу муддат халқни зериктириб қўймаслик учун бемалол етади, деб ўйлашмоқда диктаторлар. “Ўтиш жараёни”нинг ўзи катта бир симфония, унинг ичида эса, минг хил вариатсиялар бор, умуман, буни бутун бошли опера деса ҳам бўлади. Аммо “Ўтиш жараёни” операсини тингларкан, ўзбек халқи режим кутганидай ҳеч пинакка кетаётгани йўқ. У ерда, бу ерда норозилик чиқишлари бўлиб турибди; афтидан, режим, ҳаддан ташқари оч қоринга ухлаш қийин эканлигини англамаяпти, шекилли.

Ҳуллас, Ўзбекистон раҳбари АҚШга келишга тайёрланар экан, ўзининг АҚШга йўлини ҳали Ўзбекистон ичидан туриб, тозалашга, бир оз суробга келтиришга урунмоқда – юқорида санаб ўтганимиз кичик бўлса ҳам кўп ўрнида кўрилиши лозим бўлган “юмшатиш” аломатлари ана шу йўл тозалашга бўлган урунишлардан биридир. АҚШ Ўзбекистон ҳукумати таклиф қилган бу “таом”ни қандай ҳазм қилади, бу яқин ўн кун ичида маълум бўлиб қолади, деб ўйлаймиз.

Мақсуд Бекжон

09.03.2002

Kategoriler:Uncategorized
  1. Henüz yorum yapılmamış.
  1. No trackbacks yet.

Bir Cevap Yazın

Aşağıya bilgilerinizi girin veya oturum açmak için bir simgeye tıklayın:

WordPress.com Logosu

WordPress.com hesabınızı kullanarak yorum yapıyorsunuz. Çıkış  Yap /  Değiştir )

Google fotoğrafı

Google hesabınızı kullanarak yorum yapıyorsunuz. Çıkış  Yap /  Değiştir )

Twitter resmi

Twitter hesabınızı kullanarak yorum yapıyorsunuz. Çıkış  Yap /  Değiştir )

Facebook fotoğrafı

Facebook hesabınızı kullanarak yorum yapıyorsunuz. Çıkış  Yap /  Değiştir )

Connecting to %s

%d blogcu bunu beğendi: