Заҳарланган Туркистон эли
Озод бўлган собиқ совет жумҳуриятларининг турли бурчакларида, гох Қирғизистонда, гох Қозоғистонда, гоҳ Ўзбекистонда, гоҳ бошқа жумҳуриятларда совет давридан қолиб, ерни, сувни, ҳавони заҳарлаётган радиоктив чиқиндилар, химиявий ва биологик қуроллар, уран чиқиндилари топилгани хақидаги хабарлар тез-тез тарқалиб туради. Бундай хабарлар шу қадар кўп-ки, бир давлатнинг, у қандай жоҳиллар давлати бўлмасин, атроф-муҳитни шу қадар заҳарлаши мумкинлигига ишонолмай қолади киши.
Ўз келажагидан умиди бўлган бир давлат, ўз келажагига бу қадар кўп болта уриши мумкинлигига ишониш қийин. Ҳар ҳолда, инсоният тарихида илк бор фазога ракета учирган, илм-фан ривожи, ҳарбий технолгияси билан дунёни ҳайратга солган бир давлатда бу муваффақиятлар билан бирга ёнма-ён шундай жоҳиллик ҳам ҳукмронлик қилиши ғалати кўринмайдими?
Агар совет империяси идеологияси ва у қолдирган мерос, совет рахбариятининг кейинроқ ошкор бўлган махфий инструксиялари диққат билан ўрганиб чиқилса, бу ерда бирон бир мантиқсизликни кўрмайсиз. Хусусан, қайта қуриш йиллари рус матбуотида эьлон қилинган, 1949 йилда Полшада топилган собиқ совет раҳбарияти “ижоди”га доир бир махфий инструксияни тарих қоронғиликларини ёритувчи шундай бир хужжат деб аташ мумкин.
Албатта, қайта қуриш тўлқинида рус матбуотида эьлон қилинган ва кейинроқ баьзи ўзбек газеталари тарафидан таржима қилиниб, чоп этилган ушбу хужжатнинг мутлақо ҳаққонийлиги ҳақда биз бирон нарса айтолмаймиз. Аммо бу хужжатда, совет империяси таркибига киритилган давлатлардаги аҳолига ва бу ерлардаги ер ости ва ер усти ресурсларига, экологияга қандай муносабатда бўлиш ҳақдаги махфий кўрсатмаларда ўша пайтдаги совет воқелигидан заррача ҳам оғиш кўринмайди.
Совет раҳбарлари ўзлари хукмронлик қилган колонияларда айнан ўша инструксияда кўрсатилганидай сиёсат олиб бордилар. Яъний, ерни, ер ости ичимлик сувларини, ҳавони химикатлар, химиявий завод ва фабрикалар, ядровий чиқиндилар билан заҳарладилар. Улкан дарё ва денгизларни қуритдилар, бутун бу ҳаракатларни улар махаллий халқларга нисбатан империялистик-шовинистик бир нафрат билан амалга оширдилар.
Шу кунларда Қашқадарё вилоятининг Хонобод қишлоғи ҳудудида жойлашган ҳарбий аэродромда АҚШ аскарлари тарафидан собиқ совет армиясидан қолган заҳарли газлардан иборат химиявий қуроллар омбори топилгани ҳақдаги хабар кўп шов-шувларга сабаб бўлмоқда. Русия раҳбарияти ўзининг бундай омборга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини айтаётган бўлса ҳам, кузатувчилар бу заҳарли арсеналнинг осмондан тушиб қолмаганини эьтироф этмоқдалар.
Совет раҳбарияти, аниқроғи, Русия раҳбарияти Орол денгизи ўртасидаги биологик қуроллар полигони мавжудлигини ҳам 40 йил давомида инкор қилиб келган эди. Ҳозир бу полигонни, ҳамда Хонободдаги захарли омборни АҚШ мутахассислари тозалашга уринмоқдалар.
Умуман, собиқ совет худудларида, айниқса, Ўрта Осиёда, бирон бир худуд йўқки, у захарланмаган, ифлосланмаган бўлсин. Узоққа бориб ўтирмайлик. Фақат сўнгги бир ой ичида шу мавзуга оид оммавий ахборот воситаларида тарқалган хабарларни кўздан кечирайлик. “Немис тўлқини” радиоси рус редакциясинг 15 май кунги эшиттиришларидан бирида шундай дейилади: “Фарғона водийси экологик ҳалокат ёқасида турибди; кучли ёмғирлар Марказий Осиёдаги энг катта ядровий чиқиндилар омбори пойдеворини ювиб кетди. Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоқистонга қарашли, 10 миллион аҳоли яшаётган худудлар экологик ҳалокат ёқасига келиб қолди.
Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасида, Тян-Шан тоғи ёнбағирларидаги Мойлисой анҳори ёнида, 1946 йилдан бошлаб, бу ердаги фойдаланиб бўлинган уран шахталарига бутун Совет Иттифоқидан, Чехословакиядан ва Шарқий Европадан олиб келинган ядровий чиқиндилар кўмиб келинган. Бу ядровий қабристоннинг умумий майдони минг гектарни ташкил этади.
Тахминий ҳисобларга кўра, 40 йил давомида бу ерга 2 миллион кубо-метр миқдорида заҳри қотил кўмилган. Шоша-пиша кўмилган бу ядровий чиқиндилар соатига 4 минг микрорентген миқдорида радиатсия тарқатмоқда. Бу эса, ҳар қандай нормалардан юксакдир. Қирғизистон парламенти хисоб-китобларига кўра, бу ядровий чиқиндиларни реабилитатсия қилиш учун бир неча юз миллион доллар маблағ лозим. Аммо минтақада бундай пулнинг ўзи йўқ. Ҳозир радиоктив моддалар Майлисойга, у ердан эса, Сирдарёга келиб қуюлмоқда. ”Фарғонага кўринмас ўлим тахдид қилмоқда” дея огоҳлантиради “Немис тўлқини” мухбири.
Албатта, империалистик давлатнинг бу жиноятлари маҳаллий халқлардан сир тутилан. Аммо минтақада хозир ҳукм юргизаётган собиқ коммунист раҳбарлар ўша пайтда ҳам империянинг юқори мансабдорлари сифатида фаолият кўрсатишган ва шубҳасиз, Туркистон халқларига нисбатан қилинган бундай жиноятлардан уларнинг хабари бўлган ва эхтимол, шунинг учун хам улар бугун бу ҳалокатларни бартараф этиш учун ҳеч нарса қилмаяптилар.
Мақсуд Бекжон
16.06.2002