БИЗ ҲАЙРАТЛАНМАЙ ҚЎЙДИК…
Ўзбекистон ҳақида матбуотда чоп этилаётган мақолаларнинг фақат сарлавҳаларини кўрибоқ, чуқур умидсизликка тушади одам. Мана, фақат сўнгги бир ой ичида турли хил матбуот органларида чоп этилган мақолаларнинг сарлавҳалари: “Ўзбекистонлик докторлар бонг урмоқда-мамлакат генофонди йўқ бўлиш арафасида”; “Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Орол муаммоси ҳақида кўп гапиришади, аммо уни қутқариш учун деярли ҳеч нарса қилишмайди”; “Ўрта Осиёда яна Сибир дарёларини буриш ҳақда гапира бошлашди”; “Журналистнинг қовурғасини синдиришди”; “Фарғона водийсига радиатсия таҳдид солмоқда”; “Марказий Осиё диний ва ижтимоий портлаш арафасида”; “Ўзбекистонда ишчиларга ойлик берилмаяпти – ишчилар иш ташлаш арафасида”; “Ўзбек мусулмонлари “Иегова гувоҳлари”да нима топишди?” ва ҳакозо.
Кўриниб турибдики, Ўзбекистоннинг шох томирини ушлаб қўйилаётган ташхислар, минг-бир дардга гирифтор одамнинг касалликларидан ҳам даҳшатлироқ. Мақолалар сарлавҳаларини ўқишда яна давом этамиз. “Бутун Амударё ва Сирдарё ҳавзаси радионуклидлар билан заҳарланган”;”Ўзбек хуқуқ химоячиларига қарши репресссиялар”; “Марказий Осиёда нобарқарорликнинг яширин таҳдиди”; “Кўз ўнгимизда замонавий феодал тузумлар пайдо бўлмоқда”; “Ўзбекистон бош ревизори-порахўр”;”Фарғона халифатига яқин қолди”…ва хакозо. Бу Ўзбекистон ва ўзбеклар хақида сўнгги бир неча ҳафта ичида минтақа матбуотида нашр етилган мақолалардан фақат бир қисмининг сарлавҳалари. Аслида, биз Ўзбекистондан келаётган бундай фожиали хабарларга шу қадар кўникиб қолдик-ки, гўё бундай хабарлар энди Ўзбекистоннинг, “нормал ривожланиш” жараёнидай кўрина бошлади кўзимизга. Бошқа томондан олганда, шундай кўриниши хам табиий. Чунки, бир деспотик тузумнинг “нормал ривожланиш жараёни”, аслида, шундан бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас. “Ўзбек миршаблари бир журналистни калтаклаб, қовурғасини синдиришди”, деган хабарни эшитар эканмиз, миямизга беихтиёр: “бу жиноий режимдан, бошқа нимани ҳам кутиш мумкин эди”, қабилидаги бир фикр кечади. Аммо энди аввалгидай хайратланмаймиз, бақириб-чақирмаймиз.
Узоқ умр кўрган мустабид режимларнинг инсонлар онгига таъсир қилиш хусусияти шундан иборат-ки, у – инсонлардаги ҳайратни ўлдиради. Зеро, ҳар қандай узоқ давом этган мўжиза(аниқроғи, фожиа) ўзининг ҳайратлантириш(ёки ғазаблантириш) хусусиятини йўқотади. Яъний, узоқ давом этган фожиаларнинг инсонларга етказадиган энг катта зарари ҳам шунда – инсонларнинг бу фожиаларга кўникиб қолганлигидадир. Шунинг учун ҳам инсонларга:”Фожиаларга кўникиб қолишдан сақланинг, яъний, тезроқ бу фожиаларни даф этинг!” дегинг келади.
Яқинда рус матбуотида нашр этилган бир мақолада “Иегова гувоҳлари” деган диний оқимга қўшилган бир ўзбек аёлининг, собиқ муслима аёлнинг ислом динини назарда тутиб:”мен бу ўлик динни нима қиламан?” дегани ҳақда ёзди. Инсонлардаги кўникиш даҳшатли чегараларгача етиб бориши мумкин. Фожиаларга кўникма ҳосил қилган одам ўз қалбининг ўлганини бутун борлиқнинг ўлими, дея тушуниши мумкин. Аслида, қайсидир маънода – шундай ҳам. Ҳар кимнинг ўз дунёси, тўғрироғи, ўз ички дунёси бор ва унинг ўлими ҳақда эълон қилиш мутлақо шу дунё соҳибининг ҳуқуқидир.
Дарвоқе,Ўзбекистонда, бошқа ҳуқуқлар ҳақида бирон нарса дейиш қийин-у, аммо “Иегова гувоҳлари” га аъзо бўлган аёлнинг гапларига ўхшаш фикрларни ифода этиш ҳуқуқи тўла таъминланган, дейиш мумкин. Масалан, АКШда, Франсия ёки Англияда биронта динни, у қандай дин бўлишидан қатъий назар, “ўлик дин” деб эълон қилиш катта жанжаллларга сабаб бўлган бўларди. Куни кеча, америкалик бир насронй руҳоний Ислом динини “уруш дини” деб атагани учун бутун Америкада ва дунё жамоатчилиги ичида жажнжал кўтарилди ва бу руҳоний ўзининг гаплари учун оммавий ахборот воситалари орқали кечирим сўрашга мажбур бўлди. Аммо Ўзбекистон дегани АҚШ, Франция ёки Англия дегани эмас, Ўзбекистонимизнинг “ўзига хос ва ўзига мос ўз йўли” бор. Бу ерда Франция ёки Англиядаги сингари сал нарсага жанжал кўтарилавермайди. Чунки, бу ердаги одамлар Англия ёки Франциядаги каби тоқатсиз эмаслар, улар мулоҳазали, андишали, бардошли, сабрли, чидамлидирлар. Бу тоқат ва сабр, айниқса, ислом дини ерга урилаётганда бўртиб кўзга ташланади.
Мақоламизни АҚШ Давлат Департаментининг собиқ совет республикаларидаги режимларнинг динларга муносабати ҳақдаги ҳисоботи билан якунлаймиз:
“Ўзбекистонда этник руслар, яҳудийлар ва чет эллик фуқаролар анъанавий мусулмон этник гуруҳларига кўра анча кўпроқ ҳуқуққа эгалар. Айниқса, ўзбекларга нисбатан… Қуръон ўқиш жуда кўп қамоқхоналарда таъқиқланган. Олинаётган хабарларга кўра, ўзбек қамоқхоналаридаги мусулмонлар, агар миршаблар уларни намоз ўқиётган пайтда кўриб қолсалар, шафқатсиз жазоларга тортилмоқдалар, айниқса, исломий экстремист гуруҳларга аъзоликда гумон қилиниб қамоққа олинган шахслар ушлаб турилган қамоқхонларларда бу ҳол яққол кўзга ташланмоқда”. ( АҚШ Давлат Департаментининг ҳисоботидан).
Ҳа, бугун биз ҳайратланмай қўйдик. Ҳолбуки, хайратда ҳикмат кўп эди.
Мақсуд Бекжон
2002