Başlangıç > Сиёсат > Юксалган ҳар нарса диктатура душманидир…

Юксалган ҳар нарса диктатура душманидир…

Ўзбекистондаги ижтимоий-иқтисодий вазият борган сари таранглашишда давом этар экан, беихтиёр, ўн йилдан ошиқроқ зуҳр этаётган бу жараён яна қанча давом этади, деган савол туғилади. Ижтимоий-иқтисодий қийинчиликлар резина каби чўзилар экан, халқнинг чидам-бардоши ҳам бу қийинчиликлар билан бирга чўзилмоқда. Ёки бу фикрни шундай шаклда ҳам айтиш мумкин: қийинчиликлар  халқнинг чидам-бардошидай чўзилмоқда… Аммо ҳали шу пайтгача мамлакат ичкарисида на йўғоннинг чўзилгани ва на ингичканинг узилгани ҳақда ҳеч ким гапираётгани йўқ.

Тўғри, одамлар очликдан ўзини осаяпти, ҳатто болаларини ҳам ўлдирмоқда, аммо бундай фожиалар фақат маиший бир норозилик сифатида намоён бўлмоқда. Етар-етмасчилик жонидан ўтган одамлар ҳукуматни танқид қилар экан, сўзининг охирида ҳар эҳтимолга қарши:”яхшиси, сиёсатга аралашмаган маьқул”, деб қўймоқда.

Баьзи Марказий Осиёлик диссидентлар, масалан туркман мухолифатчилари, нега дунё жамоатчилиги Саддам Хусайнни “диктатор” бўлгани учун унинг режимини ағдариш ва ҳатто унинг ўзини жисмонан йўқ қилиш кераклиги ҳақида гапиради-ю, диктаторликда Саддам Ҳусайндан қолишмайдиган Марказий Осиёлик ҳукмдорлар билан ҳамкорлик қиладилар, дея ҳайратланадилар. Шундай ҳайратланган диссидентлардан бўлмиш туркман мухолифатчиларининг бир гуруҳи яқинда дунё жамоатчилигини Туркманистон ҳукмдори Сафармурод Туркманбоши режимини йиқитишда туркман мухолифатига ёрдам беришга чақирди.

Аммо Туркманбоши ёки Марказий Осиёдаги бошқа бир диктатор ва Саддам Ҳусайн ўртасида фарқ бор. Бу фарқ ушбу диктаторларнинг ўз халқига нисбатан юргизаётган сиёсатида эмас, балки, уларнинг ташқи сиёсатида бўлиб, ушбу тафовут сал узоқроқ масофадан, масалан, океан ёки денгиз ортидан яққолроқ кўзга ташланади. Шу фарқни кўриб турган дунё жамоатчилиги Саддамга қарши кураш олиб борар экан, уни “диктатор” деб атаб, хаёлларни бир оз қориштирмоқда.

Бундай тактик жиҳатдан тўгри, аммо стратегик нуқтаи назардан янглиш бўлган бир атама билан Саддам Хусайиннинг сафига, ўзи хам истамай, яна бир қанча дунё жамоатчилиги учун унча таҳликали деб ҳисобланмаётган, боз устига, Ғарб билан ҳамкорлик қилаётган диктаторларни ҳам тизиб қўймоқда.

Бу ерда шундай дилемма пайдо бўлади: ёки Саддам Ҳусайн диктатор-у, Марказий Осиёлик ҳукмдорлар диктатор эмас ва ёки аксинча. Агар икки тараф ҳам диктатор бўлса, уларга кўрсатиладиган муносабат ҳам бир хил бўлиши керак. Агар фақат Саддам Хусайн дикатор бўлиб, бу сўз Марказий Осиёдаги ҳукмдорларга даҳлдор бўлмаса, демак, Ғарб тарафидан ушбу режимларга нисбатан айтиаётган танқидлар ҳам ўринсиз деб ҳисобланиши керак бўлади.

Аммо халқаро дипломатия учун бу ерда ҳам ўзига хос чиқиш йўли бор. Бундай ҳолатлардан чиқиш учун одатда, “автократия” деган атамани ишлатишади. Аммо шуниси борки, Ироқдаги диктатура билан Марказий Осиёдаги, хусусан, Ўзбекистондаги “автократия” сифат жиҳатдан бир-биридан фарқ қилмайди. Фарқ қилса ҳам, бу фарқ миллий пуллар номи “динор” билан “сўм”нинг фарқидай бўлиши мумкин. Аммо моҳият жиҳатдан олганда, ироқ динорининг қадри ўзбек сўминикидан чиндан хам анча фарқ қилади, масалан, 2001 йил декабр ойида икки ” ироқи динор” бир АҚШ долларига тенг бўлган. Ўзбек сўмининг 1 АҚШ долларига нисбати эса, ҳозир 1200-1300 сўмни ташкил этмоқда. Шу маьнода, балки, Саддам Хусайн режимидан туғилаётган хатарни Марказий Осиё режимларидан келаётган хатардан жиддийроқ деб аташ мумкиндир, ким билади…

Нима бўлганда ҳам, кўп нарса Марказий Осиёдаги режимларни дунё жамоатчилиги нима деб аташига эмас, балки, бу ердаги маҳаллий халқлар нима деб аташига боғлиқ бўлиб қолмоқда. Ғарб тарафдан бу режимлар қанчалик танқид қилинмасин, бу танқидларга ичкаридан акс-садо бўлмас экан, бундай танқидлар самарасиз бўлиб қолаверади. Аксга айланиши учун эса, садо юксалган бир тўсиққа урилиши лозим. Теп-текис жойда акс-садо бўлмайди. Бу – нафақат физика қонуни, балки, иймон ва эьтиқод қонуни ҳамдир.

Шунинг учун хам диктаторлик режимлари энг аввало, юксалган ҳар қандай нарсани йўқ этишга шошилади. Улар акс-садо қайтаришга қодир бўлган ҳар нарсани текислаб ташлашга тайёр турадилар.

Ўрта савиядан юксалган минглаб бегуноҳ инсонларнинг қамоқларга ташланаётгани хам мана шундандир.

Мақсуд Бекжон

03.11.2002

Kategoriler:Сиёсат
  1. Henüz yorum yapılmamış.
  1. No trackbacks yet.

Bir Cevap Yazın

Aşağıya bilgilerinizi girin veya oturum açmak için bir simgeye tıklayın:

WordPress.com Logosu

WordPress.com hesabınızı kullanarak yorum yapıyorsunuz. Çıkış  Yap /  Değiştir )

Twitter resmi

Twitter hesabınızı kullanarak yorum yapıyorsunuz. Çıkış  Yap /  Değiştir )

Facebook fotoğrafı

Facebook hesabınızı kullanarak yorum yapıyorsunuz. Çıkış  Yap /  Değiştir )

Connecting to %s

%d blogcu bunu beğendi: