БИЗ ЛИЛИПУТЛАР МИЛЛАТИ ЭМАС ЭДИК…
Ўзбек медикларининг маълумотларига қараганда, Ўзбекистоннинг бугунги демографик аҳволи советлар давридагидан ҳам аянчлироқ. “Озодлик” радиосининг шу йил апрел ойидаги дастурларидан бирида, айтилишича, туғилаётган ҳар мингта гўдакдан 50 таси(!!!) ўлаяпти, ҳар мингта гўдакдан 70 тасининг мияси эса, нормалдан кичик туғиляпти. Аҳолининг ўртача бўйи эса, 12 сантиметрга кичрайибди.
Советлар пайтида бундай даҳшатли рақамлардан, ҳатто ўзбекларнинг туғилишини қисқартиришга астойдил бел боғлаган совет империалистларининг ҳам виждони бир оз безовталанган бўларди. Эсингизда бўлса, Горбачев даврида, ўзбек оилаларида туғилаётган ҳар мингта гўдакдан 37 таси ўлаяпти, деган мақлумотдан совет матбуотида анчагина шов-шув кўтарилган эди. Ҳали ўша даврлардаёқ, ўзбек йигитларининг кўпчилигининг бўйи кичик, хаста ва заифлиги туфайли аскарликка ярамаётгани ҳақида юзлаб мақолалар ёзилганини ҳамма эсласа керак. Агар шундай “прогрессия” давом этаверса, яқин ўн йиллар ичида биз кам сонли, кам қонли, кам бўйли ва кам ўйли – ҳам жисмоний, ҳам ақлий жиҳатдан “лилипут” бир миллатга айланиб қолишимиз ҳеч гап эмас.
Бу камлик қилгандай, Ўзбекистонда бугун советлар даврида олиб борилган ва ҳозир ҳам садоқат билан давом эттирилаётган “оилани режалаштириш” номли бир сиёсат ҳам олиб борилаяпти-ки, ундан кўзланган асосий мақсад, шундоқ ҳам демографик ҳалокат ичида яшаётган Ўзбекистон аҳолиси сонини янада қисқартиришдир.
150 миллионлик аҳолига эга бўлган қўшни Русия ҳукумати ўз аҳолиси сонини кўпайтириш ҳақида қайғуриб ётган бир пайтда, Ўзбекисон, ўзининг бор-йўғи 23 миллионлик, унинг ҳам асосий қисми турли хил хасталикларга учраган ва ўлим сони жуда юқори бўлган аҳолиси сонини камайтириш сиёсатини олиб бормоқда. Бу йўлда ҳукумат турли хил “тадбирий чоралар”, агитация ва пропагандалардан ташқари, илгари, советлар даврида кузатилмаган бир ноёб “эксперимент”га ҳам қўл урган-ки, беихтиёр, бугунги ҳукуматнинг “тадбиркор”лигига “қойил” қоласан.
Масалан, советлар даврида туғилишни қисқартириш, очиқроқ айтганда, аборт ва бошқа тадбирларга аҳолини рағбатлантириш учун диний уламолардан фатво олиш – ҳатто Компартиянинг энг топқир раҳбарлари хаёлига ҳам келмаган эди. Ўзбекистонда эса, шундай иш амалга оширилди – Ўзбекистон диний идораси муфтиси Абдурашид Баҳромов ўзбек аёлларига камроқ туғишлари учун фатво берди. Гўё асрлар бўйи аёлларимиз, кимнингдир фатвоси билан туғиб келгандай, динимизда туғилажак гўдакларни ўлдириш таъқиқланмагандай, гўё кимнингдир фатвоси билан динимиз асосларини ўзгартириш мумкиндай.
Қуръони каримнинг Ал-Исро сураси, 31-чи оятида шундай дейилади: “Болаларингизни йўқчиликдан қўрқиб, ўлдирмангизлар – уларга ҳам, сизларга ҳам Биз ризқ берамиз, уларни ўлдирмоқ, шак-шубҳасиз, катта гуноҳдир”. Ўзбекистон ҳукуматининг Советлар даврида бошланган “оилани режалаштириш” ишига диндорларни ҳам сафарбар этиш ташаббусини “шогирд ўз устозидан ҳам ошди”, деган таъбир билан ифодалаш мумкин.
Аммо шу билан бирга ўзбек ҳукуматининг туғилишнинг “зарари” ҳақидаги агитациялардаги мантиқий замин ҳеч ўзгармаган: ўзбек ҳукумати ҳам, худди советлар каби, “аёл қанча кам туғса ва болалар қанча кам туғилса, аёл ҳам, бола ҳам шунча соғломроқ бўлади”, деган мантиқсизликдан бошқа жиддийроқ бир баҳона ўйлаб тополмади.
Советлар пайтида ўзбек оилаларини қисқартиришдан, энг аввало, сиёсий мақсадлар кўзланган эди. Яъний, Совет раҳбарияти қайси миллат кўп сонли бўлса, ўша миллатнинг сиёсий-ижтимоий-маданий иддаолари ҳам каттароқ бўлишини, потенциали ҳам оша боришини яхши биларди. Шунинг учун ҳам, ўзбек аёлларига 2 та бола туққанидан сўнг, унга энди туғмаслик тавсия қилиниб, уларга туғишга қарши турли хил эмлашлар ўтказилаётган бир пайтда, Ўзбекистоннинг ўзида яшаётган рус аёлларига иложи борича кўпроқ туғиш тавсия қилинарди. Ҳатто Россияда туққан аёлларга бериладиган имтиёз ва нафақалар ҳам ўзбек аёлларига бериладиган нафақа ва имтиёзлардан бир неча баробар юксакроқ ва кўпроқ бўлган. Бундай адолатсизлик “Россия федерацияси қонунлари”нинг ўзига хослиги билан оқланарди.
Ўзбекистоннинг бугунги ҳукмдорини эса, “оилани режалаштираркан”, рус империалистлари кўзлаган мақсадларни кўзлаганликда айблаб бўлмайди, чунки, у империалист эмас, ўзи ўзбек бўлмаса ҳам, ҳар ҳолда, унинг Ўзбекистон халқидан бошка халқи йўқ, деб ўйлаймиз.
Бу мустабид ҳукмдор ташкаридаги миллатимизга душман бўлган қандайдир кучларнинг амрини бажаряпти, деган гумонни миядан нарироқ ҳайдаб, у фақат ўз ҳокимиятини сақлаб қолишни, унинг ҳокимиятига қарши чиқадиганларнинг, яъний, душманлар сонини (зеро, бутун бошли бир халқ бу золимнинг потенциал душманидир) имкон борича озроқ бўлишини истамоқда, деган ўй бу мустабидга нисбатан кўрсатилган энг холис, “илтифотли” ўйлардан биридир. Ёки бундан ҳам ортиқроқ марҳамат кўрсатиб, у “ортиқча оғизлар”ни тўйдиролмаслик қўрқуви билан ҳам билан ҳам шундай қиляпти”, дейиш мумкин.
Нима бўлганда ҳам, бу тахминлар “фитна назарияси”ни(“теория заговора”) ҳам тўла инкор этолмайди. Чунки, ўз шахсий манфаатларини “ташқари”нинг манфаатлари билан уйғунлаштиришни Ўзбекистон ҳукмдоридан ўтказиб бажарадиган бошқа бирон бир сиёсатчини топиш қийинлигини ҳамма яхши билади.
Мақсуд Бекжон
11.05.2004