Başlangıç > Сиёсат > ТУНГИ БАЗМ

ТУНГИ БАЗМ

(Мустақиллик кунига бағишланади)

“Тун ярмида, овлоқ бир масканда базм бошланди”…  Бу жумлани ўқиган ҳар қандай кишида тунда ёмон бир ҳаракат бошланган, деган тушунча пайдо бўлади, негаки, жиноятларнинг аксарияти, асосан, тун коронғилигида содир этилади, шунингдек, дунё халқлари фолклорида хам тун – жин ва алвастилар салтанати сифатида такдим этилади: тунда бу маҳлуқлар базмга йиғилиб, ўз борлиқларини байрам қиладилар.

Айниқса, рус фолклорида ва диний қарашларида бу сюжет жуда тараққий топган, бу мавзу ҳатто рус адабиётида ҳам катта ўрин тутади – Гогол асарларини бир эсланг. Рус тилида нопок кучларнинг (русчаси – “нечистые силы”) бундай базми “шабаш” деб аталади. Рус фолклорига  кўра, “шабаш” базми моҳиятан жодугарларнинг Иблисга ўз садоқати ва муҳаббатини намойиш этишдан иборат. Аслида,”шабаш” сўзининг келиб чиқишида ёмон бир мазмун йўқ, “шабаш” калимаси яҳудийларнинг шанба кунига тўғри келадиган, бир ҳафталик меҳнат кунидан сўнг ҳордиқ чикариш, дам олишни назарда тутадиган бир диний байрами номидир. Аммо негадир руслар бу байрам номини мана шундай салбий бир маънода қўллашади. Биз ҳам мақолада бу калиманинг асл эмас, руслар назарда тутадиган кўчма маьносини назарда тутаяпмиз.

Гапнинг қисқаси, 1 сентябр куни кечаси Ўзбекистоннинг Мустақиллик майдонида навбатдаги мустақилик байрами нишонланди. Хўш, нега бу байрам Ўзбекистонда доим кечаси нишонланади? Бунинг бир рамзий маъноси борми? Бу ҳақда режим маддоҳлари нима дер экан? Миршаб ва хавфсизлик ходимлари президент И.Каримовнинг кўз-қулоғи бўлса, зиё(н)ли маддоҳлар унинг оғзи, тили-ку, шундай эмасми? Тўғрироги, бу маддоҳлар юртбошининг оғзидан чиқаётган кир кўпик. Эсингиздами,  ёз(ғир)увчи  маддоҳлардан бири ўзбек халқини шўрванинг кир кўпигига ўхшатган, бошқа бир маддоҳ эса, халқни энасининг ўчоғига кириб кетган жўжага қиёс қилган эди.  Балки, ҳукмдор оғзидаги бу кир кўпиклар изоҳ берар Ўзбекистондаги бу тунги базм феноменига?

Хуллас, мавзуга кайтайлик, Ўзбекистонда 1 сентябр куни  “тун ярмида, овлоқ бир масканда шабаш бошланди”… Маскан ҳақиқатан ҳам овлоқ эди, чунки, базм бошланишидан бир қанча ҳафталар олдин мамлакат пойтахтига вилоятлардан иш излаб, тирикчилик илинжида ва бошқа юмушлар билан келган минглаб одамлар ўз уйларига депортасия қилина бошлади ва базм тунига келиб, шаҳар ва базм майдони бўлмиш Мустақиллик майдони инсонлардан обдон тозалаб бўлинди. Ва базм бошланди…

Базмни, ҳар доимгидай, Ҳукмдор очди, унинг сўзлари, ҳар базмда бўлгани каби “ташқаридаги ичи қора ва ёвуз кимсаларга қарши” хусумат ва аламга тўла эди. Умуман, хусумат ва алам Ўзбекистонда сўнгги 14 йилдан бери ўтказилаётган барча базмларнинг моҳиятига айланган. Базмда севиниш ўрнига йиғилганлар негадир  узоқларда юрган номаьлум “маҳмодоналар”га қарши заҳар сочиш билан машғул бўладилар. Улар “биз севинаяпмиз, шодликдан ёрилай деяпмиз”, дейишади-ю, кўзларидаги ва сўзларидаги алам ва хусуматни яшира олмайдилар ва бу хусумат ва алам ҳар лахзада ўзини ошкор қилади.

Ҳукмдордан сўнг кўз ва лабларига бўёқлар чаплаб ташланган хотин жинсидаги бир жонзот чиқиб, шундай сўзлар билан нағма бошлади: “Эй узоқдаги маҳмодана, сен менга яшашни ўргатма…”. Нағманинг давоми ҳам шундай оҳангда бўлиб, аламли сўзлар бот-бот ҳукмдорга ҳамд-санолар билан алмашиб турди. Кейин саҳнага ҳарбий кийим кийган ва қўлига гитар ушлаб олган бир нусха чиқиб, бу нағмани давом этдирди. У айтган қўшиқ матнидаги сўзлар ҳам юқоридагидан қолишмас эди, у ҳам тинимсиз узоқдаги номаълум душманларга мурожаат қилар ва унинг топган сўзлари ҳам ўша савияда:”эй узоқдаги ватангадо, сен бу юртда ўзингга бир мозор ҳам тополмайсан”, қабилида эди. Кейин саҳнага ҳаммага маълум ва машҳур Юлдуз Усманова чикди ва шундай деб чинқира бошлади:”Юртим, сенга қасд қилганлар паст бўлсин, Хазон бўлсин, хас бўлсин, Колганларга сабоқ бўлсин, дарс бўлсин” ва ҳакозо ва ҳакозо.

“Қолганларга сабок бўлсин, дарс бўлсин”, деганда хонанда, афтидан, шабашчилар базмидан омон қолганларни назарда тутаётган кўринади. Қўшиқнинг, аниқроғи, интернетда эълон қилинган бу қўшик клипининг энг кулминатсион нуқтаси хонанданинг жўшиб кетиб айтган:”Ким англайди юлдуз тўла осмонни??!!” деган пайтда бу қўшикни ўта таъсирланиб тинглаётган  ҳукмдор И.Каримовнинг осмонга қараб, ғалати бир тарзда кўз қисиб қўйган пайтига тўғри келди. Бу саҳна ҳақиқатан ҳам ноёб бир саҳнадир, уни кўришни ўқувчиларга тавсия қиламиз, клип адреси:  http://teleradio.uz/video/256[1sen].wmv

Хуллас, шабаш ҳар доимгидай ўтди, тўғри, бир оз ёмғир шивалаб ҳукмдорни бир оз хавотирга солди ва ўз нутқи якунида, “бу кун шарафига тепамиздаги бу қора булутлар ҳам тарқалиб кетар” қабилида нималарнидир ғудурлади. Балки, унинг тепага қараб кўз қисгани сабабини ҳам, бу хусусда ҳар хил мистик фаразлар қилавермай, шу ердан, яъний, боёқишнинг  ёмғир ёғиб, байрам бузилиши мумкинлигига боғлиқ хавотиридан излаш керакдир, ким билади…

Мақсуд Бекжон

04.09.2005

Reklamlar
Kategoriler:Сиёсат
  1. Henüz yorum yapılmamış.
  1. No trackbacks yet.

Bir Cevap Yazın

Aşağıya bilgilerinizi girin veya oturum açmak için bir simgeye tıklayın:

WordPress.com Logosu

WordPress.com hesabınızı kullanarak yorum yapıyorsunuz. Çıkış  Yap /  Değiştir )

Google fotoğrafı

Google hesabınızı kullanarak yorum yapıyorsunuz. Çıkış  Yap /  Değiştir )

Twitter resmi

Twitter hesabınızı kullanarak yorum yapıyorsunuz. Çıkış  Yap /  Değiştir )

Facebook fotoğrafı

Facebook hesabınızı kullanarak yorum yapıyorsunuz. Çıkış  Yap /  Değiştir )

Connecting to %s

%d blogcu bunu beğendi: