ТАНИШ БИР САССИҚ ҲИД
1987 йилда ўзбек кинорежисери Шуҳрат Махмудов рус тилида ”Ислом алянси” номли бир ҳужжатли филм чиқарган ва бу филм, гарчанд, совет пропагандасига қурилган бўлса ҳам, менда чуқур таассурот қилдирган эди. Бу таассурот сабаби шунда эди-ки, филмда 1920 чи йиллардаги босмачилик ҳаракатидан сўнгги давр мобайнида илк бор мамлакатда Ўзбекистоннинг Совет империясидан ажралиб чиқши учун ҳаракат қилаётган инсонлар борлиги ва улар совет қонунларига кўра жиноий жавобгарликка тортилгани ҳақида ҳикоя қилинаётган эди.
Совет Иттифоқи каби қудратли бир империяга қарши курашга бел боғлаган бу инсонлар оддий ҳунармандлар, ўкитувчилар ва эндигина балоғат ёшига етган ва чуқур диний тарбия олган ёш йигитлардан иборат бир гуруҳ бўлиб, уларнинг лидери эл орасида анча машҳур бўлган бир уламо эди.
Филмнинг таассуротга лойиқ яна бир жиҳати – унда Буюк Британиялик Ширин Акинер исмли бир ўзбек аёли, аниқроғи, Буюк Британия Ташқи Алоқалар университети профессори ҳақида ҳам гап кетар ва филмда у киноя билан ”леди” дея тилга олинган эди. Бу кинояга сабаб бўлган нарса эса, Ширин Акинернинг Фарғонага бориб, у ердаги ўша камоққа олинган озодлик курашчилари фаолияти билан қизиққани бўлган – бу ҳақда филмда чуқур ҳафсала билан гапирилади. Ўшанда Ширин Акинер менинг кўз ўнгимда миллатимиз озодлиги учун қайғураётган чет эллик бир миллатдош ва болшевиклар ҳокмиятни эгаллагандан сўнг ўлкани ташлаб чиқиб кетишга мажбур бўлган исёнчи қаҳрамонлардан бирининг авлоди сифатида гавдаланган эди. Аммо афсуски, бу таассурот русларнинг : ”балиқсиз жойда қисқичбақа хам балиқ ўрнида ўтаверади” деган мақолига уйғун бўлган бир вазиятда туғилган таассурот эканига бугун, Ширин Акинернинг ”Вашингтон Таймс” (16.09.05) газетида чоп этилган ”Ўзбек исёни” номли интервюсини ўқигандан кейин, тўла амин бўлдим.
Ш.Акинернинг ушбу интервюси Андижон воқеаларига бағишланган ва унда шу пайтгача барча холис ва виждонли инсонлар, халқаро кузатувчилар ва инсон ҳақлари ҳимоячилари томонидан тутиб келинаётган позицияга том тескари йўналишда берилган бўлиб, унда Каримов режимининг қонли жиноятлари тўла оқланади. Бу ”олима” ўз интервюсида шундай дейди: ”Албатта, Ўзбекистондаги инсон ҳақлари аҳволи билан боғлиқ вазият мукаммалликдан йироқ, аммо мен бу вазиятнинг Ғарб масрурлик билан ҳамкорлик қилаётган бошқа жуда кўп мамлaкатлардагидан кўра анча ёмонлигига шубҳа қиламан”.
Англиялик бу ”профессор” хонимнинг сўзларидан Ўзбекистондаги қонли режим ҳимоячилари оғзидан келадиган таниш бир сассиқ ҳид уфуриб туради. Унинг бу сўзлари, насл ва насабнинг ўзгармаслиги ҳақдаги назарияга яна бир далилдай бўртиб кўринмоқда. Одам бир пайтлар ўз аждодлари яшаган ўлкадан ташқарида туғилиб, бу бегона мамлакатда бир умр яшаши, шу ўлкадаги қадриятлар билан тарбияланиши ва бу ердаги илм-фан тараққиёти савиясида билим олиши мумкин ва айни пайтда ўзининг наслий(каримовчилар, болшевикчилар насли) инстинктларига содиқ қолиши мумкин экан. Хўш, англиялик профессор хонимнинг Андижон воқеалари билан боғлиқ гаплари қўли ва оғзи қонга ботган Ўзбекистон президентининг ва унинг ялтоқи лаганбардорларининг гапларидан нимаси билан фарқ қилади?
Ширин Акинер ва Ўзбекистондаги қаттол режим лаганбардорлари айтаётган фикр жуда жўн(саводсиз халққа мос деб ўйлашса керак-да!): ”биз унча яхши эмасмиз, аммо дунёда биздан ҳам ёмонроқлари бор! Қолаверса, бу ёмонроқлардан ҳам ёмонроқлари, яъний, ”ислом фундаменталистлари” бор, сиз ана ўшалардан эҳтиёт бўлинг!” Ширин Акинер хоним ҳам айнан шуни такрорламоқда. Фақат бунигина такрорлаш билан чекланиб қолаётгани йўқ. Бу ”профессор” хоним ҳатто Ислом Каримовнинг бу тўполонларни Ғарб давлатлари уюштирди, деган туҳматини ҳам барала такрорламоқда, унинг юқорида келтирганимиз иқтибос давомида айтаётган сўзларига диққат қилинг: ”Албатта, Ўзбекистондаги инсон ҳақлари аҳволи билан боғлиқ вазият мукаммалликдан йирок, аммо мен бу вазиятнинг Ғарб масрурлик билан хамкорлик қилаётган бошка жуда кўп мамлакатлардагидан кўра ёмонроқлигига шубҳа киламан. Менимча, Ўзбекистонни алоҳида ажратиб кўрсатишлари остида бошка сабаблар ётибди. Эхтимол, бу сабаб – баъзи идеалистларнинг, балки, ахвол яхшиланиб колар, деган умидда режимни ўзгартириш истаги билан боғликдир, аммо реалистлар(атамани каранг! МБ) фикрича, ҳокимият тепасига бор-йўғи муросасозроқ(!) бириси келади, холос”.
Акинер бу сўзлари билан Ислом Каримов ва унинг лаганбардорлари сўзларини айнан такрорлабгина қолмай, ҳатто улардан ҳам ошириб ғайрат кўрсатади: аникроқ ва тиниқроқ қилиб, ”муросасозроқ” деган сўзни ишлатади. Яъний, Ғарб билан муроса қилувчи маъносида. Унинг бу гаплари пролетарлар доҳийси ва пролетариатнинг психологиясини яхши биладиган Владимир Ленининг рус шовинизми ҳақдаги:”Энг уччига чиққан рус шовинистлари одатда, руслашган аллақандай бир гуржи бўлиб чиқади.” деган гапини эсга солади. Акинер хонимнинг Ўзбекистондаги қонли режим ҳимоясида кўрсатаётган ғайрати ортида хам мана шундай бир феноменни кузатиш мумкин. У ўз интервюсида, худди Ўзбекистондаги режим ялтоқилари каби Каримовнинг ўзидан ҳам каримовчироқ ва ”ўзбекроқ” бўлиб кўринмокда.
Келинг, ”профессор”нинг сўзлари давомини ўқийлик:”Менимча, ҳокимиятга ким келишидан қатъий назар, у вазиятни аҳоли учун яхши тарафга ўзгартириб ўтирмайди, чунки, мамлакат муаммолари жуда чуқур илдиз отган, бу система муаммоларидир, бу муаоммоларни ҳал килиш учун жуда узоқ вакт керак бўлади”. Хўш, Каримов ва унинг ялтокилари нима деяпти, айнан шу сўзларни такрорламаятими? Улар, бу cўзларни, мана, 14 йилдан бери такрорламокдалар ва бу гапларни яна бир марта такрорлаш учун Акинернинг Буюк Британия кироллиги профессори унвонини олиб ўтиришига ҳеч ҳожат йўқ эди. Бу сўзларни бизда режим томонидан қўрқитилиб, юрагини олдириб қўйган ҳар қандай оддий деҳқон ва ёки режим хизматидаги юзлаб ёзувчи ва журналистлар такрорлаши мумкин, бу мусобақада сизга навбат ҳам тегмайди, профессор хоним. Акинер ўз интервюсида яна Андижон вокеаларида Ғарб уюштирганига шаъма қилиб, шундай ёзади: ”Менинг ишончим комилки, Андижондаги воқеалар олдиндан тайёрлангандир. Ўзбекистон миллий хавфсизлик хизмати айнан шундай деб ҳисоблайди(!) Мен ҳам улардан мутлақо мустақил равишда шуни айтишим мумкинки, май ойи бошларида мен Тошкентда НАТО томонидан молия билан таъминланган диний экстремизм ва терроризмга бағишланган конференсия ўтказишни режалаштираётган эдим, аммо конференсия бошланишидан бир неча ой олдин менга бу конференсия ўтказилмаслиги, чунки, қандайдир воқеалар бунга халал беражаги ҳақда миш-мишлар етиб келди… Менимча, баъзилар(?) Ўзбекистонда бўлажак бу воқеалардан олдиндан хабардор бўлган. Бу воқеаларга кимлар алоқадор, нега бу вокеа юз берди – бу энди бутунлай бошқа мавзу.”
Акинернинг ёзиш услуби ҳайратланарли даражада Каримов ва унинг атрофидагиларнинг гапириш услубини эслатади. Каримов ҳам, унинг ялтоқилари ҳам доим бу ва бунга ўхшаш воқеаларни, масалан 1999 йилдаги Тошкент портлашларини кимлардир уюштиргани ҳакида тинимсиз оғиз кўпиртиришади, аммо ҳеч қаерда аниқ гапиришмайди. Гуё бу, Акинер хоним айтганидай, ”бошқа”, аҳамияти йўқ мавзу. Аммо бутун шовқин-сурон ва шаъмалар доим шу ”бошқа мавзу” атрофида бўлади.
Албатта, бу портлашлар ўз-ўзидан бўлгани йўқ, у мутлақо кимлардир томонидан уюштирилган, агар бу портлашлардан ким манфаатдор эди, деган саволга жавоб топилса, портлашларни ким уюштиргани ҳақдаги саволга ҳам жавоб топилади. Аён бўлиб турган нарса шуки, бу портлашлар Каримов ҳукуматидан бошқа ҳеч кимга фойда келтирмади, Каримов бу портлашлар орқали ўз нолегитим ҳокимияти умрини узайтириб, мухолифатни қатағон қилишга баҳона топди ва мухолифатни кўллаб-кувватлаётган Ғарб олдида мухолифатни бадном қилишга эришди. Агар Акинер хоним чиндан ҳам ҳақиқатни ойдинлаштириш ниятида бўлганида эди, бу нарсалар ҳақида гапирган бўлар эди.
Хўш, нега шу пайтгача Ўзбекистондаги вокеаларга ҳеч муносабат билдирмай келган Ш.Акинер бундай интервю ташаббуси билан чиқди? Нега у ўз интервюсида аскар ва миршаблар томонидан ваҳшийларча катлиом килинган минглаб бегуноҳ гўдаклар, аёллар, қариялар ва ёшлар ҳақида бир оғиз ҳам гапирмаган? Чунки, бу фактлар интервюдан кўзланган мақсадга мувофиқ келмайди, интервюдан кўзланган мақсад эса, маълум – Каримов режимини оқлаш ва унинг умрини яна ҳам узокрокка чўзишдир.
Мени ажаблантирадиган нарса шуки, қандай қилиб, Акинер сингари зеҳниятдаги бир кимса дунёнинг энг демократик давлатларидан бири ҳисобланган Британия университети профессори даражасига муносиб кўрилган? Афтидан, у ерда ҳам юқорида айтганимиздай, ”балиқ йўқ жойда, қисқичбақа ҳам балиқ ўрнида ўтаверади”, қабилида иш кўришганга ўхшайди, яъний, Марказий Осиё минтақасидан келган балиқ назарда тутилаяпти…
Мақсуд Бекжон
16.09.2005