ЎРНИ АЛМАШГАН ”ЯХШИ” ВА ”ЁМОН”
Кеча ”Озодлик” радиосига интервю берган ўзбекистонлик ишбилармон аёллардан бири мамлакатда тижорат учун мутлақо шароит йўқлиги туфайли ёшлар ёмон йўлларга кириб кетаётгани, яъний, ”Хизби-ут Таҳрир” сингари ташкилотларнинг тарғиботларига алданиб, уларга қўшилиб кетаётгани ҳақда гапирди. Бу гапни эшитган ҳар қандай мусулмонда оз деганда бир таажжуб уйғониши аниқ.
Чунки, халқимизда ”ёмон йўл” ифодаси азалдан бузуқчилик, ўғирлик, талончилик, фирибгарлик сингари ҳаромхўрликларга нисбатан қўлланиб келинар, аммо у ҳеч қачон, кўзлаган мақсадлари тўғри ёки нотўғри бўлишидан қатъий назар, моҳиятан диний мазмунга эга бир жамоа ёки ташкилотга нисбатан ишлатилмас эди. Яъний, биз бугун Ўзбекистонда ”ёмон йўл” деган тушунчанинг ўз мазмунини йўқотиб бўлгани факти билан юзма-юз турибмиз. Яна эслатиб қўйиш лозим, гап ”Хизби-ут Таҳрир” ташкилотининг ”ёмон йўл” ифодаси қамровига кириш-кирмаслиги ҳақда эмас, балки, ушбу ”ёмон йўл” ифодасининг ўзи қайси қамровга кириши ноаниқ бўлиб қолаётгани ҳақда кетмоқда. Негаки, бугун Ўзбекистонда ”ёмон” бўлиш қийин эмас, бунинг учун бор-йўғи ўз ҳуқуқингизни ёки халқ манфаатини талаб қилиб чиқсангиз бўлди – сиз бир зумда дунёдаги энг ёмон одамга айланасиз қоласиз.
Худди шундай, ”яхши” бўлиш ҳам қийин эмас, бунинг учун сиз ўғри, қаллоб, бузуқ, худосиз, шаккок, ялтоқи, ёлғончи, фирибгар бўлишингизнинг ўзи етади, сиз – яхши одамсиз. Нега Ўзбекистонда бундай ҳаромхўрлар яхши саналади, яъний, ҳар ҳолда, ёмон саналмайди? Чунки, ушбу ”яхши ва ёмон” тушунчалари моҳиятини белгилаётганларнинг, яъний, ҳокимиятадагиларнинг ўзлари ана шундай сифатдаги одамлардир. Ҳаромхўр ва бузуқ бошқа бир ҳаромхўр ва бузуққа ”сен ҳаромхўр ва бузуқсан”, демайди – улар бир-бири учун ”ўз одамлари”дир. Ўзбекистон каби яхши ва ёмон тушунчлари моҳиятан бир-бири билан ўз ўринларини алмаштирган, яъний, оёғи осмондан келган бир жамиятда яшамаган файласуфлардан бири: ”Фожиа – ёмон одамларнинг ёмонлик қилишида эмас, балки, яхши одамларнинг жим туришидадир” деган эди. Ўзбекистонда яхши ва ёмон тушунчaлари ўз мазмунини бутунлай йўқотиб бўлмаганига умид билан келтираяпмиз файласуфнинг бу сўзларини…
Мақсуд Бекжон
06.01.2006