Мақсуд Бекжон: халқимиз муаммоларининг экранга чиқишига ҳисса қўшганимдан мамнунман
Мақсуд Бекжон ўзининг шеърлари ва публицистик мақолалари билан танилган.
У 1980-йиллардаги қайта қуриш тўлқинлари имконият яратган сўз эркинлиги даврида ўзбек халқи маънавияти инқирози мавзусида ҳужжатли филмлар тасвирга олган ижодкордир ҳам.
Хусусан, бугунги Ўзбекистон қишлоқларидаги мактаблар аҳволидан кўп ҳам фарқ қилмаган вазият ҳақида “Дардни яширсанг…” ва “Чириётган хотиралар” ҳужжатли филмлари 1980-йиллар охирида суратга туширилган.
“Чириётган хотиралар” Шўро зуғуми туфайли ерга кўмилган муқаддас китобларга бағишланган.
Мақсуд Бекжон СССР Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси бўлган.
Мақсуд Бекжон ўзбек мухолифатининг раҳбарларидан бири Муҳаммад Солиҳ оиласидаги энг кенжа фарзанд ҳамда Муҳаммад Солиҳнинг сиёсий фаолияти сабабли у ҳам Ўзбекистон ҳукуматининг таъқибига учраган.
Мақсуд Бекжон 1994 йилда ҳибсга олинган ва ўша йили Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлган.
Бугунги кунда муҳожиротда истиқомат қилади.
2003 йилда Турк адабиётининг тўла антологияси ўзбек тилида нашр этилган, Мақсуд Бекжон ушбу нашр таржимонларидан бири.
Би-би-си меҳмони Мақсуд Бекжоннинг саволларга жавоблари
Би-би-си: Мақсуд ака, бугунги ҳаётингиз ҳақида гапириб берсангиз. Асосан нималар билан бандсиз, қандай ижодий ишлар билан шуғулланаяпсиз?
Мақсуд Бекжон: Ҳаётимиз оддий, вақтимнинг асосий қисмини, табиийки, тирикчилик қилишга сарфлашга мажбур бўляпман. Аммо шу билан бирга қўлим ёзишдан бутунлай чиқиб кетмаслиги учун у-бу нарсаларни ёзиб тураман, сиёсий мақолалар ёзаман ва ҳоказо. Янги тузилган Ўзбекистон Халқ ҳаракати билан кўп умидларимиз боғланган, унинг фаолиятида иштирок этаяпмиз.
Би-би-си: Шўролар замонига хос кўп нарсалар сингари тушунча ва қарашлар ҳам ислоҳ бўлди, жумладан шеъриятга ва шоирга қараш ҳам. Сиз ҳам шеърият ва шоирликка нисбатан қарашим ислоҳ бўлди, деб айтасизми ёки бу борадаги қарашингиз ўзгармадими? Мақсуд Бекжон: Агар ўз дунёқарашим ҳақда гапирсам, унда Совет даври ва бугунги кун ўртасида бирон бир жиддий ўзгариш юз бермади, деб ҳисоблайман. Фақат адабиёт ва шеъриятга бўлган муносабатим бир оз ўзгарди, бугун мен адабиёт ва шеъриятга илгаригидай жуда жиддий нарса деб қарамайман, аммо шу билан бирга адaбиёт ва шеъриятнинг ёш авлод тарбияси учун нақадар муҳимлиги ҳақдаги илгариги фикрим заррача ҳам ўзгаргани йўқ. Фақат мен учун бу нарсалар ўтилган йўлдир. Шоир образига келсак, унинг ўзбек жамиятидаги анъанавий қиёфаси – бир оз ивирсиган, йўқсил, ароқхўр ва жамиятда қабул қилинган нормалардан сал ташқарига чиқиш имтиёзига эга бўлган бир савдойи, бир сўз билан айтганда, “дарвеш” образи доим кулгимни келтирган. Шоирнинг бундай образи менга самимий кўринмаган. Бундай образ, аксинча, назаримда, истеъдод етишмовчилигини шундай ташқи кўринишлар билан бекитишга уринишдай кўринган. Албатта, бу ўтган барча шоирларга таллуқли эмас, аммо биз ҳозир шоирлар ҳақда эмас, шоирлар ҳақдаги жамиятда мавжуд бўлган тасаввурлар, қолиплар ҳақида гапиряпмизки, бу қолип кўп истеъдодсизларга ҳам шундай образга кириш васвасасини уйғотиб келгани шубҳасиздир. Илгари мен “менинг ёзишим учун менга шeърларимни ўқийдиган ҳеч қандай ўқувчи лозим эмас, мен ўзим учун ёзaман” деб ўйлардим ва шундай ўйлаганимга қарамай, негадир ёзганларимни дарров матбуотда эълон этишга шошилардим ва уларни матбуотда эълон қилгач, яна “мен фақат ўзим учун ёзаман”, дея ёзишда давом этардим. Мен ватанни тарк этиб, ўз ўқувчиларимни йўқотганимдан сўнг ҳам ўзимга “мен фақат ўзим учун ёзаман”, деган гапни уқтираётган бўлсам ҳам, негадир энди менда ёзиш иштиёқи тобора сўниб борди. Шунда мен англадим-ки, “ўзим учун ёзaман” деб ёзганларингни ўқувчиларга тақдим этиш билан “ўзим учун ёзаман”, деб ёзганларингни ҳеч кимга тақдим этолмаслик туйғусининг фарқи катта экан. “Ўзим” деркан, мен ўқувчиларни назарда тутганимни фақат бу ерда – муҳожирликда англаб етдим. Бугун мен аҳён-аҳёнда шеърга ўхшаган бир нарсалар ёзиб тураман, уларни ёзаркан, сўзлар сонини имкон борича қисқартиришга ҳаракат қиламан, токи, шеър ўзи арзийдиган эътибор ва диққатдан ортиғини ўз зиммасига олиб юбормасин. Қуйида шу туйғу билан ёзилган сўнгги шеърларимдан бири, шеър мазмунининг ўзи ҳам ортиқча баҳо берилган нарсалар ҳақидадир: ЎЛИМДАН КАТТАРОҚ… Ғуруримиз каттароқ ўзимиздан, Севгимиз буюкроқдир севгилимиздан, Нафратимиз каттароқ душманимиздан, Нафсимиз улканроқ иштаҳамиздан… Ўлим қўрқувимиз эса, Каттароқдир ўлимнинг ўзидан. 04.07.2011
Kamron Rajabiy, Fairfield, CT, USA: Maqsud aka, sizga savolim, to’qsoninchi yillarda siz “Akamni oq qildim” deb hukumat gazetasiga maqola yozgan ediz, bu qanday bo’lgan, majburlashganmi, bu voqea qanday bo’lgan, yozmasangiz nima bolardi va bundan afsuslanmaysizmi?
Мақсуд Бекжон: Аввало, савол учун раҳмат, хотирангиз яхши экан. Аммо менинг номимдан бунақа мактуб чоп этилгани йўқ. Бундан 20 йилча олдин, мен қамоқда ўтирган пайтда менинг номимдан чоп этилган нарса “Акамга очиқ хат” деб номланган эди. Бу хат чоп этилганида менинг 4 ва 6 ёшлардаги 2 та фарзандим ва хотиним Ички ишлар вазирлиги қамоқхонасида гаров сифатида ушлаб турилган ва мени сўроқ қилганлар бундай мактубга қўл қўймасам, оиламнинг аҳволи ёмон бўлиши ҳақида менга таҳдид қилишган. Кейинчалик бундай номардларча, пасткашларча усул бошқа маҳбусларга нисбатан ҳам кенг равишда қўллангани ҳаммага маълум, ҳатто кўпларининг оилалари маҳбус кўз ўнгида зўрланди ва уларнинг ҳаётлари маҳв этилди. Агар ўша мактубни ўқиган бўлсангиз, у ерда фақат партиянинг ўнгдан ва сўлдан танқид қилинаётгани ва бу ҳақда ўйлаб кўриш кераклиги ҳақидаги гаплардан бошқа нарса йўқ эди. Бу хатга шахсан ўша пайтдаги Ички Ишлар вазири Зокир Алматовнинг ўзи қўшимчалар қўшгани ҳақида менга aйтишди. “Оқ қилиш” ҳақидаги гаплар кулгулидир. Ўзбек урф-одат ва ақидаларидан хабари бор одам фақат ота-онагина ўз фарзандини оқ қилиши мумкинлигини билади, қолаверса, бунга ўхшаган мактубга асло қўл қўймаслигимни миршаблар ҳам яхши билишарди, шунинг учун ҳам улар фақат ҳукумат билан муросага чақирувчи ўртамиёна бир мактубга имзо қўйишни таклиф қилишди ва мен унга имзо чекиб, ўз оиламни бу жаллодлар қўлидан қутқариб олдим. Зотан, эндигина мустақилликка эришган, ҳали Совет империяси таҳдиди бутунлай кетмаган ўлкамизда миллий бирлик нақадар муҳим эканлиги ҳақидаги бундай гаплар партия тарафидан доим айтиб келинган ва бу ҳеч ким учун янгилик эмас эди.
Би-би-си: Акаларингизнинг ҳаёти қандай? Акангиз Муҳаммад Солиҳнинг сиёсий фаолияти ака-укалар ҳаётига ҳам таъсир қилганига, акаларингиз, ўзингизнинг муносабатингиз қандай?
Мақсуд Бекжон: Биз олтита ака-укамиз, битта aкамдан бошқа ҳаммамиз сиёсий сабаблар билан қамалиб чиққанмиз. Ҳозир ҳам акамлардан бири Муҳаммад Бекжон қамоқда қолмокда, у бундан 12 йил олдин, 1999 йилда қамалган эди. Энди акамиз Муҳаммад Солиҳнинг сиёсий фаолияти биз укаларининг тақдирига таъсир қилгани ҳақидаги саволингизга келсак, биз фақат Муҳаммад Солиҳнинг укаси эмас, мухолифат фаоли ҳам эдик. Яъни, қамалишимиз учун шунинг ўзи ҳам етарли эди Ўзбекистондаги диктатура режими учун. Албатта, Муҳаммад Солиҳнинг укаси бўлганимиз учун бизга кўпроқ тазйиқ қилинган бўлиши мумкин, аммо ҳозир Ўзбекистонда тазйиққа учрамаган одамнинг ўзи кам бўлса керак. Ҳозир бутун Ўзбекистон тазйиқ остидадир. Менда ўз кадаримдан афсусланиш деган нарса йўқ, бу тақдирда ёзилган ва бунга яратган Аллоҳдан бошқа ҳеч кимнинг алоқаси йўқ, деб ҳисоблайман. Ташқаридан қараганда биров сенинг тақдирингга сабабчидай бўлиб кўриниши мумкин, аммо асл сабаб Аллоҳдандир ва уни шундай қабул қилишимиз тўғри бўлади.
Зоррофантомас: Мақсуд, сиз 1989 йилда ўзбек киночиси Соли Давлатов билан “Чириëтган хотира” ва бир ерда туриб югураëтган болалар ҳақида ҳужжатли филмлар суратга олган эдингиз. Ўзбек киночилари билан ҳамкорлигингиздан мамнун бўлдингизми?
Мақсуд Бекжон: Албатта, мен 1987 ва 1990 йиллар орасидаги “Узкинохроника”да ўтган уч йиллик умримни самарали ўтган, деб ўйлайман. Энг аввало, мен муҳаррир ва муаллиф сифатида у ерга ўзбек миллий руҳининг ва халқимиз муаммоларининг экранга олиб чиқилишига ўз ҳиссамни қўшганимдан хурсандман. Мен 1987 йилда киностудияга илк даъфа ишга келганимда, у ерда Совет идеологиясининг мустаҳкам турганини ва у ерда бу идеологияни олға сурувчи русийзабон муҳаррирлар командасининг айтгани айтган, дегани деганлигини кўриб, ҳайратланганман. Ўша пайтда марказий ва маҳаллий матбуотда бошланган янгиланиш шамоллари ҳали бу димиққан студияларга кириб келмаганини кўрдим. Соли Давлатов ўша пайтда студиядаги кўзи очиқ, миллий ўзлигини сақлаб қолган режиссёрлардан бири эди. Зеҳният ўлароқ ёппасига руслашган жамоатда бундай режиссёрларни кўриш ҳақиқатан ҳам қувонарли нарса эди. Биз Соли Давлатов билан иккита ҳужжатли фильм қилдик ва иккита фильм ҳам студия муҳокамасида яхши баҳолар олди. Аммо қишлоқ мактабларининг аянчли аҳволи хакидаги “Дардни яширсанг” фильмидаги диктор матнидаги, тўғридан-тўғри рус империализмига қарши айтилган гаплар цензурадан ўтмади ва матннинг шу жойини ўзгартириб, “юмшатиб” беришни илтимос қилишди. Аммо мен бунга кўнмадим, шундан сўнг фильмнинг ўша кадрларидаги матн олиб ташланди ва бу кадр диктор матнисиз берилди. Аммо шунга қарамай, фильм жамоатчилик томонидан яхши қаршиланди, ҳатто бир қанча одамлар менинг ўзимга бу фильмни кўриб йиғлаганларини айтишди. Бу фильм Москвада ўтказилган ҳужжатли фильмлар анжуманида ҳам яхши баҳоланди. Иккинчи – “Чириётган хотира” ҳам жамоатчилик тарафидан яхши кутиб олинди. Бундай фильмлар ўша пайтда халқимизга сув билан ҳаводай зарур бўлган эди, деб ўйлайман. Кейинроқ мен ўша пайтдаги “Узкинохроника” бош муҳаррири раҳматли Алишер Шоғулoмовга Сурхондарёнинг Сариосиё тумани аҳолиси соғлигига ва табиатига ҳалокатли таъсир ўтказаётган Тожикистон Алюминий заводи ҳақдаги лойиҳаларимни кўрсатдим, аммо у бу лойиҳанинг сиёсий жиҳатдан таҳликалиги эканлиги, бу Совет Иттифоқи миқёсидаги стратегик бир объект бўлганлиги туфайли бундай фильм қилишга рухсат бермасликларини айтиб, бу лойиҳани рад этди. Аммо орадан бир ярим йил ўтгач, бундай мавзуларни айтиш вақти келди, деб ҳисоблашди, шекилли, бу заводнинг Ўзбекистон аҳолисига қилаётган ҳалокатли таъсири ҳақдаги фильм студия тарафидан суратга олиниб, экранларга чиқарилди. Адашмасам, фильм сценарийси муаллифи бош муҳаррирнинг ўзи эди. Шунингдек, мен студия раҳбариятига Орол денгизи ўртасидаги “Борса-келмас” оролида 40 йил давомида фаолият кўрсатган биологик қуроллар тажрибаларини ўтказиш полигони ҳақида фильм қилиш борасидаги лойиҳаларимни ҳам тақдим этдим, аммо бу лойиҳанинг ҳам идеологик жиҳатдан таҳликали(чунки, бу объект ҳарбий сир тоифасига мансуб эди), ҳам практик жиҳатдан хатарли эканлиги, яъний, фильмни олувчи гуруҳ саломатлиги учун радиоактив ва биологик таҳликалар мавжуд эканлиги рўкач қилиниб, бу лойиҳа ҳам рад этилди.
Равшан Шамс, Суғд, Спитамен: Ўзбекистон Халқ ҳаракати республика ёшлари орасида бугунги кунда қай даражада танилиб бормоқда? Муҳожирликда яшаб туриб бугунги республика ички сиёсий ҳаётида фаол иштирок этиб бўлади деб ишонасизми?
Мақсуд Бекжон: Албатта, муҳожирликда яшаб, мамлакат сиёсий ҳаётида фаол иштирок этиш қийин, шунинг учун ҳам Ўзбекистон Халк Ҳаракати ҳозир ўлка ичкарисиида ўз фаоллари ва ячейкаларини кўпайтириш ишини изчил олиб бормоқда. Яқин вақт ичида, насиб бўлса, бу ҳаракат натижалари кўриниб қолади, деб ўйлаймиз. Ҳаракатнинг асосий кучи Ўзбекистон ичкарисига тезроқ кириб бориш ва у ерда фаолиятни кучайтиришга қаратилган.
Assalomu alaykum Maqsud aka. Sizga 2 ta savolim bor.1.Muxolifatdagi partiyalarni asl maqsadi nima o’zi, ular bir-biriga dushmanmi? Bunday deyishimga sabab yaqinda janob Choriyev Muhammad Solih akani bahslashuvga taklif qilganidan habarim bor. 2.Muxolifat partiyalari O’zbekistondagi qishloq maktablaridagi o’quvchilar uchun bevosita yoki bilvosita bulsin biror nima qila oladimi? Chunki hozir ahvol juda achinarli. Har bir maktab bittadan fermer ho’jaligiga biriktirib quyilgan. Maktab, fermerlar hohlagan vaqtda ularga yordam berishga majbur. Javoblaringizuchun oldindan rahmat, omon buling. Moskvadan Said.
Мақсуд Бекжон: Ваалейкум ассалом, Саидбек, Аллоҳ барчамизга сабр ва матонат берсин. Энди мухолиф партияларнинг бир-бирига муносабатлари ҳақдаги саволингизга келсак, шуни айтиш керак-ки, Ўзбекситон Халқ Ҳаракатини моҳиятан мамлaкатимиз сиёсий тарихидаги шу пайтгача мисли кўрилмаган ноёб бир сиёсий ташкилот десак, муболаға бўлмайди. Унинг ноёблиги шундаки, илк даъфа турли қарашдаги одамлар – диндорлар, демократлар ва ҳатто атеистик қарашдаги одамлар ва ҳатто илгари бир-бирига зиддиятли қарашдаги одамлар ҳам бир мақсад – халқимизни Ўзбекистондаги мустабид тузумдан халос қилиш йўлида бир ташкилотга бирлашдилар, бу нарса – ҳаракатни халқимизнинг бутун қатламлари манфаатларини кўзда тутган ҳаракат деб айтишга асос беради. Шу маънода бу ҳаракат ҳақиқий халқ ҳаракатидир. Бунинг қадрига етмаган одамнинг ватанпарварлигига ишониш қийиндир. Халқ ҳаракати эшиклари барча учун очиқдир, ўз халқи келажаги ҳақда ўйлаган бирон бир шахс ёки гуруҳ бу ҳаракат халқ манфаатларини ифода этмайди, дея олмайди. Чунки, унинг таркибида бирлашган гуруҳ ва шахслар ҳақиқатан ҳам жамиятимиздаги барча қатламларни, шу жумладан, сиз айтган ўша фермерларни ҳам тамсил этади. Буни кимдир қабул этиш ёки этмаслиги масаласига келсак, бу – халқ ҳаракатининг эмас, балки, халқнинг ҳарaкатини инкор этаётган ўша одамларнинг муаммосидир. Энди Халқ ҳарaкатининг фермерлар бошдан кечираётган қийинчилик ва адолатсизликлар ҳақидаги саволингизга келсак, бунда барча муаммоларнинг ечими бир нарсада – ўлкамиздаги мавжуд тузумни ўзгартиришдадир. Илгари, 1990 йиллар бошларида, то 1992 йилга қадар, мухолифат вакиллари халқнинг бунга ўхшаш муаммоларини маҳаллий ҳудудлардаги давлат ёки жамоат хўжалиги раҳбарларига босим ўтказиш йўли билан ҳал этиш кучига эга эди. Аммо ҳозир бундай қилишнинг ҳеч имкони қолмаган. Режим ўзи учун ҳам, халқ учун ҳам чекиниш йўли қолдирмади. Аслида, мамлакат раҳбарияти ақллироқ сиёсат юргизганида эди, у бир оз ижобий ўзгаришларга йўл бериб, жамиятдаги тaрангликни бир оз юмшатган, халққа ҳам бир оз эркин нафас олиш имконини бериб, шу билан бирга ўз ҳокимиятини легитимлаштирган ва унинг умрини янада узайтирган буларди. Аммо афсуски, режим тарафидан бундай фаросат намоён этилмади.
BBC
29.07.2011