“ЭКО” ВА “ЗЕКО”ТУРИСТЛАР
Ўзбекистон ҳукумати қуриб битаёзган Орол денгизи бўйларидаги аянчли аҳволни кўрсатиш учун бу минтақага “экотурист”ларни жалб қилиш ҳақда қарор қабул қилиб, бу иш учун давлат ғазнасидан 5,8 миллион долларлик маблағ ажратди. Ўзининг “оригинал” қарашлари билан танилган Каримов режими бу масалада ҳам Ўзбекистоннинг “ўзига хос ва мос” йўли борлигини дунёга писанда қилди.
Энди шу ташаббусни ривожлантириб, Орол денгизи бўйларидаги аянчли аҳволни кўрсатиш учун Ўзбекистон ҳукумати шу минтақадаги дунёда бетакрор бўлган “Жаслиқ” қамоқхонасини ҳам туристлар учун очса, Ўзбекистоннинг ҳақиқатан ҳам ҳали дунёдаги ҳеч бир халқ юриб кўрмаган “ўз йўли” борлигини яна бир марта намойиш қилган бўлар эди. Фақат бу машҳур қамоқхонага келганларни энди “экотуристлар” деб эмас, балки, “зекотуристлар” деб аташ (рус тилидаги “заключенный”(маҳбус) сўзининг қисқартирилган ҳолда, “”зек” шаклида, жаргонда айтилишидан олинган)деб аташ ҳукуматнинг мақсадига мувофиқ бўларди.
Умуман, Ўзбекистон ҳукуматининг бундай жабҳаларда туризмни кучайтириш потенциали каттадир, ҳозир ҳукумат айни пайтда ҳиндистонлик туристларни Андижонга кўпроқ жалб этиш ишига зўр бермокда. Албатта, ҳиндистонликларнинг Ҳиндистон ҳукмдори Бобур ватанига қизиқишлари мумкинлигини тушуниш мумкин, аммо бу туристлар бундан атиги бир неча йил олдин шу Ҳиндистон ҳукмдори Бобур номидаги майдонда минглаб бегуноҳ одамлар ҳеч бир сабабсиз қатл этилгани ҳақда ҳам маълумот олсалар, бу мамлакат ҳақдаги тасаввурлари янада тўлароқ бўлган бўларди. Ҳукумат бу таклифни мухокама қилиб кўрса, ёмон бўлмайди.
Шу билан бирга айтиш кераки, ким билади, балки, ҳукумат ичида ўз ҳукмдоридан безиб бўлган ва виждони омон қолган баъзи мансабдорлар айнан шу мақсадларда, яъний, туристларни бу “экстремал минтақалар”га олиб келиш орқали дунё жамоатчилиги эътиборини мамлакатдаги аянчли аҳволга жалб этишни кўзлагандир?
Ҳеч кимникига ўхшамаган ўз йўлига эга Ўзбекистонда ҳар нарса бўлиши мумкин.
МАҚСУД БЕКЖОН, Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг Норвегия бўлими раиси
20.11.2011