Мустақилликкача бўлган масофа
(Мустақиллик куни муносабати билан)
Халқимиз ўз миллий мустақиллигини эълон қилганига 21 йил бўлибди, орадан шунча вақт ўтибди-ю, аммо ҳали ҳам юртимизга ушбу мустақилликнинг нурлари етиб келганича йўқ. Гўё миллатимизга тегишли озодлик мисли кўрилмаган олис бир сайёрада юз берган-у, энди ушбу озодлик нурларининг бизга етиб келиши учун шунча муддат ҳам озлик қилмоқда.
Қуёш нурининг Ерга етиб келиши учун 8 дақиқа ва 19 лаҳза сарфланади, энди 21 йилдан бери бизга етиб келолмаётган Мустақиллик нурларининг қанчалар узоқликдаги бир сайёрадан келаётганини бир тасаввур қилиб кўринг. Аслида, бу узоқлик, бу масофа халқ Шуури билан Мустақиллик туйғуси ўртасидаги узоқлик ва масофадир. Совет колониал тузуми миллатимиз онгидан Мустақиллик ва Озодлик туйғуларини шу қадар узоқлаштирган экан-ки, энди унинг нурлари бизга етиб келиши учун ҳатто 21 ёруғлик йили(“световой лет”) ҳам етмаяпти. Натижада бу қоронғуликка чидамаган баъзилар бугун “бундан кўра, мустақил бўлмаганимиз афзалроқ эди”, дейишгача бормоқдалар.
Бугун бизнинг, мухолифатнинг вазифаси Мустақиллик нурларини халққа тушунтириш, етказиш эмас, балки, Мустақиллик ҳилқатининг ўзини халқнинг қалбига жойлашдан иборат бўлмоғи лозим. Мухолифатнинг вазифаси масофаларни йўқ қилишдан иборат бўлиши керак: ҳоҳ бу – шуур билан тушунча ўртасидаги масофа, ҳоҳ халқ билан ҳокимият ўртасидаги ва ҳоҳ ўзи билан ватани ўртасидаги масофа бўлсин…
Аллоҳ Мустақиллик аталмиш манзилимизни яқин, масофасини қисқа қилсин!
Мақсуд Бекжон
01.09.2012
Oslo