Başlangıç > Адабиёт > Шеърга ҳалақит берган нарсалар

Шеърга ҳалақит берган нарсалар

CIMG1251Кўпинча проза жанрида ёзиш ҳақида ўйлар эканман, беихтиёр  бундан 20 йилча олдин юз берган шу мавзу билан боғлиқ бир вокеа эсимга тушади. 1992 йилнинг ёзи эди. Мен акам Жуманазар билан Дўрмондаги ёзувчилар боғида қурилаётган дала ҳовлимиздан шаҳарга қайтаётиб, шоир Мирза Кенжабекнинг дала ҳовлиси ёнида Мирза аканинг ўзи ва ўзбек прозасининг йирик вакилларидан Шукур Холмирзаев ва Эркин Аъзамовлар ўтирганини кўриб, улар билан узоқдан саломлашдик ва йўлимизда давом этмоқчи эдик, Шукур ака мени чақириб колди ва биз келиб, жамоага қўшилдик. Ҳол-аҳвол сўрашганимизда сўнг Шукур ака ўзига хос бир кўтаринкилик билан ўтган ҳафта Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасида проза жанрининг навбатдаги семинари бўлиб ўтгани ва унда менинг “Ёш куч” журналида чоп этилган иккита ҳикоям муҳокама қилингани ва бу мавзуда доклад қилган “баъзи аҳмоқлар”нинг бу ҳикоялар “ўзбек прозасида янги йўналиш, янги уфқлар очгани” ҳақдаги бемаъни гапларини тинглашга мажбур бўлгани ва сўнгра ўзи минбарга чиқиб, бу аҳмоқ нотиқларнинг таъзирини берганини гапириб берди. “Ука, сен проза ёзма, проза жиддий нарса, сенинг ёзганларинг эса, пижонликдан бошқа нарса эмас”,  деди Шукур ака.

Мен 60-70 йиллар адабиёти ва санъати аҳли ичида ёйғин бўлган “пижон” сўзининг мазмунини билмаганим учун ундан:”Пижон нима дегани?”, деб сўрадим. “Бу сўз французчадан олинган – “олифталик” деган маънони англатади”, деди Эркин Аъзамов гапга қўшилиб.

Мен Шукур акага олифталик қилиш хаёлимда ҳам бўлмаганини, бу насрий матнларни фақат улар шеърларимга ўтиб кетмасликлари учун, яъний, улардан қутилиш учун ёзганимни айтдим (аслида, бу сўзлардан ташқари ўшанда фикр ифодаси учун яна бир кучлирок таъриф ишлатдим-ки, ёшлик пайтимда айтган бу одобсизроқ гапимни эслаб, хозир бир оз хижолат чекаман). Шукур ака: “тем более, прозага шундай муносабатда бўла туриб, сен проза ёзмаслигинг керак, бундан кейин проза ёзмасликка сўз бер”, деган эди, Эркин Аъзамов билан Мирза Кенжабек: “қизиқ экансиз, ёзса-ёзавермайдими, нима ишингиз бор?”, деб гапга аралашдилар.

Аммо Шукур ака менинг ўзбек прозасини бошқа, бўлмағур бир йўналишга бурворишим мумкинлиги ҳақдаги фикрида қатъий эди ва мендан яна бундан кейин прозада ҳеч нарса ёзмаслигим борасида сўз беришимни сўради. Мен ҳам ҳурматли ёзувчимизнинг сўзини ерда қолдиришга кўнглим бўлмай, прозада ёзмасликка сўз бердим, аммо шу билан бирга агар проза шаклида туғилган фикрлар шеърга ўтиб кетиш таҳликаси туғилса, барибир прозада ёзишга мажбур бўлажагим ҳақда ҳам огоҳлантирдим ва айни пайтда бундай ҳолатлар прозани доимий жанримга айлантирадиган даражада тез-тез бўлиб турмаслигини ҳам айтиб, оқсоқол ёзувчимизни тинчлантирган бўлдим.

Аммо Шукур ака менинг бу ваъдамдан унча қониқмади ва ҳатто хайрлашиб, кетаётганимзда ҳам орқамдан яна “сўзингда турасанми?” дея бақирганида мен ҳам орқамга ўгирилиб, “боя айтганимдай, то улар менга шеър ёзишга ҳалакит бера бошламагунича ёзмайман”, дея жавоб бердим.

Вазият ўта фавқулодда, ғайри-одатий бўлгани туфайли менда бундай ҳолатда ўзимни қандай тутишим кераклиги ҳақида ҳам хеч қандай тасаввур йўқ эди. Шунинг учун ҳам бу тушунарсиз ҳолатни тезроқ унутишга ҳаракат қилдим, аммо берган ваъдамни унутганим йўқ эди. Шу сабаб ҳар сафар прозаик нарсаларга қўл ураётганимда ўзимга: “булар шеър ёзишга ҳалақит бераётган нарсалар”, дейишни одат қилдим.

Мақсуд Бекжон

02.06.2013

Kategoriler:Адабиёт
  1. Henüz yorum yapılmamış.
  1. No trackbacks yet.

Bir Cevap Yazın

Aşağıya bilgilerinizi girin veya oturum açmak için bir simgeye tıklayın:

WordPress.com Logosu

WordPress.com hesabınızı kullanarak yorum yapıyorsunuz. Çıkış  Yap /  Değiştir )

Google fotoğrafı

Google hesabınızı kullanarak yorum yapıyorsunuz. Çıkış  Yap /  Değiştir )

Twitter resmi

Twitter hesabınızı kullanarak yorum yapıyorsunuz. Çıkış  Yap /  Değiştir )

Facebook fotoğrafı

Facebook hesabınızı kullanarak yorum yapıyorsunuz. Çıkış  Yap /  Değiştir )

Connecting to %s

%d blogcu bunu beğendi: