БЕГОНА
(воқеа)
Амин бўлиш буюк бир неъматдир. Бир метрда неча сантиметр борлиги, бир кило неча граммдан иборатлиги, ўзингнинг қанча килограмм вазнда-ю, сув остида қанча вақт нафас олмай тура олишинг хақдаги билимларнинг бари инсонни мувозанатда сақлаб турувчи амният тошларидир. Инсонларнинг оқибатига, уй деворларининг собитлигига, фаслнинг мавжудлигига ишонч ҳам ана шундай амният тошларидандир.
Энг муҳим амният тошларидан бири эса, инсоннинг ўзини, ўз маънавий ва зеҳний чегараларини ҳеч бўлмаганда тахминан билиши, сезги ва тафаккури имкониятларини идрок этишидир. Бундай мувозанат ва аминлик туйғуси ҳали эндигина туғилган гўдакка ётдир, шунинг учун хам у ўзи меҳмон бўлиб келган дунёга боқиб, ҳаяжoндан қўл ва оёқларини қимирлатар экан, қўл ва оёқларининг қимирлаганинидан ўзи ҳам ваҳимага тушиб, қўрқув ичида йиғлай бошлайди ва йиғлагани сайин қўрқуви кучайиб, қўл ва оёқларини янада кучлироқ қимирлатади, улар қимирлагани сайин эса, қўрқуви янада ошади. Бу қўрқув ўз-ўзини қувват билан таъминловчи, файласуфлар орзу қилган ўша ”мангу ҳаракатлантирувчи” каби бир қувват манбаидир. Бу ”ҳаракатлантирувчи” фаолиятига фақат ташқаридан кимдир, гўдак мисолида эса, унинг онаси ёки отаси гўдакнинг қўл ва оёқларини қундоқлабгина, чек қўйиши мумкин. Гўдакдаги бу амниятсизлик туйғуси – нафақат унинг нотаниш дунёни ётсирашидан, балки, унинг хатто ўз вужуди – қўл ва оёқларига нисбатан туяётган бегоналик ҳиссидан ҳам ҳосил бўлгандир…
Кечқурунлари уйқу олдидан ҳар куни бир йўналиш бўйлаб бир-икки чақирим масофа пиёда юриш дастурим бор эди, бу йўналиш таркибига ўртасидан трамвай йўли кесиб ўтадиган бир айлана йўл ҳам кирарди. Шу пайтгача мен бутун сайрларим давомида ҳали бирон марта ҳам нафақат бу йўл хусусияти хақида, балки, унинг шу ерда мавжудлиги ҳақда ҳам хеч ўйламагандим. Бугун, мамлакатда хукм сураётган насронийларнинг диний байрами туфайли бутун Осло шаҳри аҳолиси ҳордиқ чиқараётган ва йўлларда одамлар ва машиналар жуда сийрак бўлган бир пайтда негадир шу айлана йўл четидаги, шу пайтгача, бир қанча йил давомида, ҳеч эътибор бермаганим ”спорвогн”, яъний, ўзбекчага ”темир йўл” деб таржима қилса бўладиган ёзувни ўқиб, бу ёзув мазмуни хақида ўйлай бошладим.
Бу жуда муҳим бир ёзув эди, бу ёзув инсонларни катта хатардан огоҳ қилмоқда эди: масалан, дейлик, айлана йўл ичига кирган енгил (мен тасаввур қилган бу гипотетик енгил машина қора рангда эди!) машина бу ердан чап тарафга юрмоқчи бўлиб, бурилса, мутлоқ бир тасодиф туфайли айни пайтда қарши тарафдан айлана йўлга кирган ва уни ўртадан кесиб ўтаётган трамвай бу машинага урилиб, машинани мажақлаб ташлаши мумкинлиги ҳақда ўйладим ва сўнгра бундай фаразни бу қадар ҳафсала билан, икир-чикирларигача тасаввур қилганим ўзимга ҳам бир оз нашъа қилиб, йўлимда давом этдим.
Aйлана йўлдан 30 метрча узоқлaшганимда ва бу йўл таҳликаси ҳақда икки дақиқача илгари бошимга келган фикрларни унутиб улгурган ва хаёлим энди бошқа нарсаларга кўчган бир онда орқадан, йўл тарафдан қарсиллаган бир товуш эшитилди. Ўгирилиб қараб, айлана йўл ўртасида, боягина мен мен уни кесиб ўтаётганда пайтда йўлнинг икки йўналишида ҳам ҳеч кўзга ташланмаган ва қандай пайдо бўлиб қолгани қоронғи бўлган бир трамвай, мен ўгирилиб қарагандан сўнг яна 5-6 метрча юриб, тўхтади. Мен аввал трамвайнинг темир излари синиб, юролмай тўхтади, деб ўйладим ва нима бўлганига қизиқиб, орқага, трамвай тарафга қараб юрдим. Трамвай иккита узун вагондан иборат бўлгани учун унинг орқа вагони айлана йўлдан ўтиши мумкин бўлган машиналарга ҳалақит бериши мумкин эди, шунинг учун бўлса керак, уч-тўрт дақиқалик тадорикдан сўнг хайдовчи трамвайни сал олдинроққа, фақат трамвай учун белгиланган йўлга суриб қўйиш учун 30 метрча олдинга хайдади ва шунда трамвай ортидан кўз ўнгимда… олд қисми мажaқланиб кетган бир енгил машина намоён бўлди. Бу ўша, бир неча дақиқа олдин менинг хаёлимдан ўтган қора рангли енгил машина эди. Машина ёнида тўрт киши – иккита аёл ва иккита эркак турарди.
Бу вақт ичида трамвайни четроққа чиқариб улгурган трамвай ҳайдовчиси югуриб орқага, мажaқланган машина эгалари ёнига қайтиб келди ва бу одамлар трамвай зарбидан йўлга тескари бўлиб қолган енгил машина ёнидан сал нарироққа, айлана йўл четига ўтишди – улардан бир киши, афтидан, енгил машина ҳайдовчиси бўлса керак, оёғини ушлаб, ерга, қор устига ўтириб олди. Машинадагилар трамвай машинанинг ўртасига эмас, олд қисмига келиб урилгани туфайлигина омон қолган эдилар. Агар тўқнашув машинанинг ўрта қисмига тўғри келганида, машина ичидаги одамлар хозиргидай четга чиқиб ўтирмаган, балки, машина билан бирга трамвайнинг олдида яна бир неча метр судралган ва ва эҳтимол, машина бутунлай мажақланиб кетган бўларди.
Мени бу воқеа ларзага солди. Мен бир лаҳза ичида ўзимга, атрофга, дунёга нисбатан акл бовар қилмас мудҳиш бир бегоналик ҳиссини туйдим. Бу бегоналик ҳисси юқорида тасвирлаганим гўдакнинг ўз қўл ва оёқларига нисбатан туйган бегоналик туйғусидан анча чуқурроқ эканлигига ҳеч шубҳа йўқ эди. Бу туйғу – нотаниш шаҳарга, нотаниш одамлар орасига, нотаниш маданият ичига кириб қолиб, ўзини бегона ҳис қилаётган ва мувознатини йўқотиб қўйган бир одамнинг туйғусидан ҳам кучлироқ бир туйғу эди. Инсоннинг ўз вазни ва бўйи ҳақдаги, ёши ва билими даражаси ҳақдаги тасаввурларининг руҳий мувозанат учун етарли эмаслигини чуқур ҳис қилдим.
Мувозанат ва амният учун одам ўз хаёл ва фикрларининг қандай рўёбга чиқиши, аниқроғи, бу фикр ва хаёллар воқеаларга туртки берадими ёки олдиндан белгиланган воқеалар (ёзмиш, тақдир, қадар) фикр ва хаёлларга туртки берадими – бу каби мубҳам саволларнинг ҳеч бўлмаганда тахминий жавобларини билиши лозимлигини ҳис қилдим. Бегоналик ҳиссидан қутилиш учун бунда жавобнинг мутлақо зарурлигини пайқадим.
Бегоналик ҳисси нега бўм-бўш кўчада улкан бир трамвай ва машина ҳайдовчиларининг бир-бирини ”кўрмай” қолишлари сабабини билмаганликдан, бу ҳайдовчилар кўзини нима кўр қилганига ва нега бу ”кўрлик” ва таҳлика ушбу воқеа содир бўлишидан бир неча дақиқа олдин бу инсонларга мутлақо алоқаси бўлмаган бошқа бир бегона (яна ”бегона!”) кишининг хаёлига келгани ва бу бегона кишининг у бегона кишиларга нима алоқаси борлиги ҳақдаги саволларга жавоб топилмаганидан келиб чиқмоқда эди…
Мақсуд Бекжoн
27.12.2005
-
23.12.2016, 06:13Бегона « Ўзбекистон Халқ Ҳаракати