ИБРАТ
Яқинда интернетда ўқитувчиларни калтаклаётган ҳоким акс этган видео лавҳалар тарқатилгандан бери бу лавҳаларни кўрганлар уни қизғин муҳокама этар эканлар, ёдимга тоғам (дойим) Жумабой дойи ҳақда раҳматли отам сўзлаб берган бир ҳикоя тушди. 1960 йилларда, советлар тузумининг энг мустаҳкам бўлган пайтларида, қишлоғимизга туман компартиясининг биринчи котиби, яъний, мавқеи жиҳатдан бугунги туман ҳокими даражасидаги бир мансабдор ташриф буюради. У пахта далаларини текшириб, кезиб юрар экан, қаршисига тасодифан ўша пайтда колхозда кассир бўлиб ишлаётган Жумабой дойим чиқиб қолади. Компартия биринчи котиби уни кўрган заҳоти “Бу бекорчи ким, бор, фалон жойга бориб, фалон кишини чақириб кел” дея ўшқиради дойимга. Дойим ғурурли одам бўлгани учун “бор, ишингни қил”, деб жавоб беради. Бундай муомаладан қутуриб кетган мансабдор дойимни болахонадор қилиб сўка бошлайди. Сўкишни эшитган дойим бир сакраб, ҳокимнинг олдига боради-да, ёнидаги мулозимларнинг ҳай-ҳайлашига карамай, уни бир уриб, ерга ағдаради. Мулозимлар “милитсия чақиринглар” дея қий-чув кўтара бошлагач, дойим тезда у ерни тарк этиб, уйига келади-да, қамалишдан қўрқиб, ҳаялламай Тошўғуздаги (ҳозир Туркманистон ҳудудига қарашли эски Хоразм ерлари) қариндошлармизникига кетиб қолади. У ерда бир неча ой, то ола-ғовурлар бости-бости бўлгунича қолиб кетади. Яъний, дойим ҳокимнинг ҳақоратига жавоб қайтарар экан, бунинг оқибатлари ҳақида ўйлаб ўтирмаган. Бундай кишилар ҳақда 19 асрда рус босқинчиларига қарши кураш олиб борган доғистонлик мужоҳид имом Шомил “Жасур одам таҳлика қаршисида ўз ҳаракатининг оқибатини ўйлаб ўтирмайди”, деган экан.