БОРЛИҚСИЗ ИСМ
Ўзбек Ватанпарварининг ўз халқига бўлган сабабсиз севгиси ҳақида кўп ўйлайман. Бу севги сабабсиздир, чунки, биринчидан, халқ деган ҳилқатни шу пайтгача ҳеч ким ҳеч қаерда кўрмаган; боз устига, ватанпарвар номи бор-у, ўзи йўқ ушбу ҳилқатдан унинг севилишига сабаб бўлувчи бирон бир яхшилик ҳам кўрмаган.
Аксинча, “халқ вакиллари” сифатида тақдим қилинган зотлардан бу бечора ватанпарвар доим “уйинг куйгур бузғунчи”, “юртбошимизни тинч қўй” қабилидаги лаънат ва қарғишлардан бошқа ҳеч нарса эшитмаган. Агар, худо кўрсатмасин, ватанпарварнинг бошига бирон бир фалокат келса, “халқим” деб ўз жонини гаровга қўйган бу инсонга ёрдам кўрсатиш у ёқда турсин, аксинча, номи бор-у, ўзи йўқ бу борлиқ тамсилчилари “ҳа-а, бузғунчи, қўлга тушдингми,энди жазонгни оласан”, дея мазах қилганига кўп гувоҳ бўлганмиз.
Аксари ёзувчиларимиз 1930 йилларда қатaғон қилинган миллатпарвар ёзувчи ва зиёлиларимизнинг аянчли тақдири ҳақида ҳаяжон билан гапирар эканлар, ўзларидаги бу пафоснинг соғлом ақл соҳиблари наздида нақадар сохта ва кулгули кўринаётганини ҳеч англамайдилар. Улардаги бу пафосни бир пул қилаётган нарса – 30 йиллардаги қатағонларнинг бугун ҳам ушбу ёзувчилар кўзи олдида, бурни тагида давом этаётгани ва буни улар кўришни истамаётгани, бугунги кундаги қатоғонларни ўтмишдаги катағонлар билан боғлашга журъат қилмаётганидир.
Ўзбек классиги, ўзбек ватанпарвари Абдулла Қодирийнинг “Мозийга қайтиб иш кўриш хайрлидир”, деган жумласини ишлатишни яхши кўрадиган ёзувчиларимиз 30 йиллар қатaғонлари ҳақида ёзиб, бугунги қатaғонлар қақида сукут сақлар экан, уларнинг мияларида фақат “Мозийга қайтиб иш кўриш таҳликасиздир” деган фикр чарх урадиган кўринади.
.Мақсуд Бекжон
07.10.2017