ОЛТИН ЎРДА ТИЛИ ТУРК ТИЛИ БЎЛГАН
(“Кодекс куманикус” ҳақида)
13 аср охирларида итальян ва олмон муаллифлари тарафидан “Қипчоқ тили луғати”, яъний, “Кодекс куманикус” китобининг ёзилиши – ўша пайтда бутун Евроосиёда ҳукмронлик қилган “Мўғул-татар” империясининг тили Турк тили бўлганига ёрқин далилдир. 13 асрда Чингизхон ва унинг авлодлари истилолари натижасида Қипчоқ-Турк тили дунё тилига, байналмилал (интернационал) тилга айланган эди.
“Кодекс Куманикус”нинг фақат қипчоқ халқлари билан савдо-сотиқ қилиш учун қўлланма сифатида ёзилганлиги ҳақидаги тахминлар жиддийлик касб этмайди. Чунки, буюк “Мўғул-татар” империяси ҳукм сураётган пайтда бу китобнинг ёзилишига бош қўшган Италия ва Германия сингари ривожланган Ғарбий Оврупо давлатлари вакиллари сиёсий вазнга эга бўлмаган қандайдир кичик бир қабила ва уруғларнинг тилларини ўрганишига эхтиёж туйган бўлишлари мантиққа сиғмайди.
Зотан, “Кодекс Куманикус”дан 200 йил илгари Маҳмуд Қошғорий тарафидан ёзилган “Девони луғатут Турк” китобининг дунёга келиш сабаби ҳам ўша даврдаги Салжуқли Турк давлатининг беқиёс юксалгани билан боғлиқлиги маълумдир. Яъний, луғат ва энциклопедиялар, тарихий қўлёзма ва хроникалар давлатларнинг инсоният тарихида тутган ўринларини кўрсатувчи далиллардир.
МАҚСУД БЕКЖОН
13.11.2020