ҲАМЖИҲАТЛИККА ХИЗМАТ ҚИЛГАН “ҲАРБИЙ ДЕМОКРАТИЯ”
Туркистон тарихида жамият ичида Эрон, Ҳиндистон, Араб давлатлари, Русия ва ёки Оврупо давлатларида асрлар бўйи кўзга ташланган кескин каста ва табақаланиш бўлмаган. Баъзи тарихчи олимлар жамиятдаги бу кўринишга турк халқлари ичида доим мавжуд бўлган “ҳарбий демократия” маҳсули деб ҳам ҳам қарашади.
Албатта, турк халқларига хос бўлган бундай либерал муҳитни давлатчилик тизимларининг етарлича тараққий этмагани билан боғлайдиганлар ҳам топилади. Аммо сўнгги 2500 йил ичида бутун Овро-Осиёда кўплаб давлатларни қуриб, бу ҳудудлардаги турли хил дин ва ирққа мансуб бўлган кўплаб халқларни собит бир қўл билан бошқариб келган Турк миллатини “давлатчилик” тажрибаси етмаганликда айблаш ақли ноқислик бўларди. Жамиятдаги либерализм – давлатчиликка тескари пропорционал эмас. Бюрократик тизим ва қурилмалардаги қолиплар мутлақо жамиятдаги шахслар ўртасида қолиплар пайдо бўлишини тақозо қилмайди.
Туркистонда ва умуман, Турк улуслари ҳукмрон бўлган ҳудудларда оддий фуқаро ўз қобилияти ва меҳнати орқали давлатдаги энг юксак мақомга эришиши мумкин бўлган. Ҳолбуки, бундай юксалиш жамиятдаги табақалар кескин белгиланган қадимги Оврупо, Эрон, Араб ўлкалари ва ёки Ҳиндистон каби давлатларда имконсиз бўлган. Албатта, Туркистонда феодал зулм, ҳокимиятнинг аҳолига қарши эзувчи солиқ ва ўлпонлари мавжуд эди, аммо бу кўринишлар “каста” ва табақа шаклини олиб, инсонларнинг маънавий қиёфаларида юқорида зикр этилган давлатлардаги сингари чуқур из қолдирмаган. Жaмиятда ҳар қандай косиб ва ёки деҳқонда ўз меҳнати, қобилияти ва ёки жасорати билан жамият поғонасидан юксалиш имконияти сақланиб қолган.
Қизиғи шунда-ки, Туркистон жамиятида “каста” ва табақа культини тадбиқ этишга энг сўнгги урунишлар Рус большевиклари тарафидан амалга оширилди. 20 аср бошларида дегани-деган бўлган бу каста номи “большевик” бўлган бўлса, кейинроқ уни “коммунист” деб атай бошлашди. Советлар пайтида коммунистларнинг “каста” ҳолига келгани шунда кўринар эди-ки, жамиятдаги бирон бир шахс коммунист бўлмай туриб, нафақат давлат поғоналаридан, балки, жамият иерархиясида ҳам (илм, маданият, санъат, адабиёт ва ҳакозо соҳаларда) юқорига кўтарилиши қийин эди.
Бир инсон илмий иш қилиши, фан номзоди ва ёки докторлик даражасига эришиши учун у мутлақо коммунист бўлиши лозим бўлган. Ёзувчи ҳам, агар у коммунист бўлмаса, давлат тарафидан ҳеч қандай тарзда рағбатлантирилмаган ва ёки мукофотланмаган. Давлат мансаблари, ҳарбий унвонлар ҳақида эса, гапириб ўтирмаса ҳам бўлади – коммунист бўлмаган киши бу минатақага якинлашолмас ҳам эди. Хуллас, “каста” фақат ирқий ва ёки диний заминга эмас, балки, сиёсий-идеологик заминга ҳам қурилиши мумкин экан.
Аммо тарихий нуқтаи назардан қараганда, Турк улус ва давлатларида на диний, на ирқий ва на идеологик бир каста бўлган. Турк давлатларида Давлатчилик устуни ўлароқ эълон қилинган дин (Тангри, кейинрок эса, ислом – Аллоҳ ) ва турк урф-одатлари ушбу давлат таркибидаги турли бошқа ирқ ва дин мансубларининг эътиқод ва дунёқарашлари учун мажбурий ҳисобланмаган. Бу хусусда Турк Ҳоқонлигидан(6-8 асрлар) қолган битикларда шундай дейилади: “Бировнинг бировдан устун жойи йўқдир. Оқ этнинг қорадан, қоранинг қизилдан ва қизилнинг сариқдан фарки йўқдир”.
Туркистонда қурилган империялар ва Анадолида турк қавми қурган энг катта ва узун умр кўрган Усмонли империясида ҳам асрлар бўйи бутун миллат ва динлар ҳеч қандай диний, миллий ва ирқий тазйиқларга учрамай, империя қурувчиси бўлган турк миллати билан бирга тенг яшаганлар. Бу минтақадаги бутун ички ва ташқи урушлар фақат ҳокимият учун олиб борилган урушлар бўлган – улар бир диний, ирқий ва ёки миллий мазмун касб этмаган.
Ҳатто Хива хонининг Эронга қилган талончилик юришлари ҳам, бу юришлар хонлар тарафидан халқ кўзини шамғалат қилиш учун қанчалик “жиҳод”, “ғазовот” деб аталган бўлса ҳам, улар қул савдоси учун қилинган юришлардан бошқа нарса эмас эди.
15 аср ўртларида Испаниядаги яҳудийлар мажбурий равишда ўз динидан воз кечтирилиб, насронийликка ўтишга зўрлана бошлаганида яҳудийларнинг катта қисми Усмонли империясидан паноҳ ва нажот топди ва бу ерда ҳеч ким уларнинг дини ва урф-одатларига аралашмади, уларга маҳаллий аҳолига қандай муомала қилинган бўлса, шундай муомала қилинди.
Айни воқеалар туфайли яҳудийларнинг Португалия ва ёки бошқа Оврупо давлатларига қочган қисми эса, яна ўша Испаниядаги каби зулм ва тазйиқлар остида қолди: яҳудийларнинг кўплари ё ўлдирилди, ё сургун қилинди, ё ўз динидан воз кечиб, насронийликка ўтиш мажбуриятида қолди.
МАҚСУД БЕКЖОН
18.01.2021