НАФС ЖАРЛИГИ
25 март куни Ўзбекистон Ахборот Агентлиги саҳифасида сенсацион бир мақола чоп этилди (https://uza.uz/uz/posts/ozbek-olimlari-saratonni-99-foizgacha-davolash-imkonini-beruvchi-yangi-preparat-ishlab-chiqdi_465767). Мақолада айтилишича, Ўзбекистонда дунё табобати тарихида илк бор саратон(рак) ҳасталигига қарши энг самарали бир дори ишлаб чиқилган бўлиб, бу дорининг самарадорлик савияси 99 фоизни ташкил этади. Бу мўъжизавий дори ҳақда Ўзбекистон Фанлар Академияси Ядро физика институти директори, техника фанлари доктори, профессор Илҳом Содиқов батафсил гапириб берган.
Илҳом Содиқов дунё олимлари бу дорини мўъжизавий бир дори деб олқишлашаётганини айтади. Унинг айтишича, бундай дорининг анча самарасиз ва организмнинг бошқа органларига зарарли бўлган ҳорижий аналогларининг битта дозаси ҳозирги кунда АҚШда 70 минг доллар, Европа мамлакатларида 25 минг доллар атрофида сотиляпти. “Бизнинг институтимиз эса, энг самарали ва бошқа органларга зарарсиз бўлган ушбу типини республикамиздаги 3 та онкологик клиникаларга 1,5 минг АҚШ доллари нарх билан етказиб беришни йўлга қўйди”, дейди олим сухбат асносида. Олимнинг айтишича, бу маҳсулот Америка Қўшма Штатлари, Германия, Россиядаги маҳсулотларга нисбатан 10 баробар тоза бўлиши билан бирга, 15-50 мартагача арзон.
Бу сухбат эълон қилинганидан сўнг орадан бир неча соат ўтар-ўтмас Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот ҳизмати “Телеграм” каналида бу хабарни “асоссиз” деган хабар тарқатди. Мужмал бир матндан иборат бўлган бу баёнотда олим келтирган конкрет фактларга қарши бир эьтироз билдирилмаса-да, дорининг олим айтганидай мўъжизавий эмаслиги таькидланади.
Ўзекистон ҳаётидаги бундай кўринишлар советлар пайтидаги жуда кўп буюк ўзбек олимларининг иҳтиролари йўқ қилингани ва ёки бошқа давлатлар олимлари, хусусан, руслар томонидан ўзлаштриб олингани билан боғлиқ воқеаларни эсга солади. Фақат советлар пайтидагидан фарқли ўлароқ, бугунги мустақил Ўзбекистон шароитида муаммо “миллий ифтиҳор, фахр масаласи” эмас, балки, жуда катта миқдордаги даромад, пул масаласига айланган кўринади.
Мадомики, бу дорининг бир дозаси Америкада 70 мимг доллар, Оврупода 25 мимг доллар, Ўзбекистонда эса, 1,5 мимг долларни ташкил этар экан, бу нарҳлар ўртасидаги Жарлик ва Ўпқонларнинг хокимият тепасидаги ҳар кандай юҳонинг инсоф ва диёнатини симириб, ютиб юборишига ҳеч шубҳа йўқ.
Мақсуд Бекжон
26.03.2023