Arşiv

Archive for the ‘Адабиёт’ Category

ОЧУН

 

Севгида бир Ғазаб гизли,
Нафратда бир Шафқат зоҳир.
Бир Соя вужудсиз – Изли,
Ўзи Ибтидо ва Охир.

Сўзнинг инкори – Воқелик,
Шуурнинг радди – Манзара.
Ўлимга менгзар Боқийлик,
Фойдага ўхшайди Зарар.

05.10.2019

Reklamlar
Kategoriler:Адабиёт

ҚАДРИЯТЛАРНИНГ ЯНГИ БАҲОСИ

Ўзбек модерн метафорик шеърияти асосчиси Муҳаммад Солиҳнинг шеърларидан бирида “Кийим йўқ тинимсиз, тинимсиз кийишга” шаклидаги гениал бир ташбеҳ бор эди, бугунги Ғарб жамияти ҳозир бу шеърда ифода қилинган ҳолатнинг том аксини яшамоқда. Ғарб жамиятининг ҳозирги маънавий, руҳий ҳолатини юқорида келтирилган муҳташам сатрларга том тескари шаклда “Кийим йўқ тинимсиз, тинимсиз ечмоққа ” шаклида ифода этиш мумкин.

“Йўқотадиган нарсаси қолмаслик” – мудҳиш бир нуқтадир, бу нуқтани ҳаётга (“ҳаёга” дейиш хам мумкин) қўйилган нуқта десак лоф бўлмайди. Қуйидаги расмда оммавий равишда ечилиб, глобал бир миқёсда оғочларга осилган кўйлаклар акс этган.

Албатта, бир декаданс санъати тадқиқотчиси бу контрукцияни “Голгофа” ёки “Оммавий хочга михланиш” дея номлаёрок, бу хусусда узундан узоқ маъруза қилиши мумкиндир. Худди шундай шаклда бошқа бир киши, масалан, бир комик артист бу конструкцияни “Оммавий кийим қуритиш” деб ҳам номлаши мумкин ва эътироф этиш керак, бундай ном, ечилган кир кийимлар санъатнинг сўнгги ифода воситасига айланган жамиятда ушбу инсталлацияга берилган анча тўғри баҳо бўлар эди.

“Илгари “эксперимент” деб аталган нарсалар ҳозир “санъат” деб аталмокда”, деган эди 19 аср мутафаккирларидан бири.

Мақсуд Бекжон

06.04.2019

Kategoriler:Адабиёт

МУҲОЖИРНИНГ ВАТАНИ

Бу ҳилқат билан боғлиқ бўлган хотиралар худди минг йиллар илгари сўнган юлдузнинг нурлари каби муҳожир кўзини ва руҳини аллалашда давом этади. Юлдуз йўқ, аммо унинг нурлари келишда давом этмокда. Бу юлдузнинг аллақачон йўқликка юз тутганини англаши учун боёқиш муҳожирга яна бир неча минг йил керак бўлади.
24.11.2018
Kategoriler:Адабиёт

САМИМИЯТ ТУРЛАРИ

1995 йил ноябр ойида Бокуда бўлиб ўтган BBС радиоси журналистлари семинарида украиналик таниқли журналист Микола Вересень менга ўзининг қизиқ бир кузатишини айтиб қолди, у бу кузатишини:”Сиз мусулмонлар бир-бирларингиз билан самимий, мусулмон бўлмаганлар билан эса, носамимий гаплашасизлар”, қабилидаги сўзлар билан ифода қилди. Мен унга “агар биз сенга мусулмонга муoмала қилгандай муомала қилганимизда эди, сен бизни тушунмаган ва ҳатто биздан хафа ҳам бўлган бўлардинг, чунки, биз сенга минг йиллик анъаналарга таянган ўз ҳатти-ҳаракатларимиз ва калималаримиз ортида ётган мазмунни тушунтириб ўтириш мажбуриятида қолган бўлардик ва сўнг, бу ҳам етмагандай, сен бу изоҳларимизнинг ҳаммасини “ҳазм” қилиб,тушуниб етишингни яна минг йил ўтириб кутишимизга тўғри келган бўларди. Шу сабабли биз сенга сен учун тушунарли бўлган самимиятни кўрсатамиз ва бундан сен хафа эмас, хурсанд бўлишинг керак”, деганимдан сўнг у хохолаб кулиб юборди ва бундай талқинни қабул қилиб, қўлимни самимий қисди.

Ўтган куни бу мавзуга доир, аммо юқоридаги воқеага моҳиятан том тескари бир яна бир ходиса гувоҳи бўлдим: 18 йил қамоқда ётиб, озодликка чиккан акам Муҳаммад Бекжон журналистларга берган интервюсида ўз оғаси Муҳаммад Солиҳ билан ҳаяжон туфайли салом-аликдан наригa ўтиб, дурустроқ гаплашолмаганини айтди – ака-уканинг 18 йиллик ҳижрони олдида ҳеч бир сўз етарлича ифода қувватига эга эмаслиги кундай равшан эди. Айникса, туйғу ва унинг ифодаси ўртасидаги диссонансдан энг эҳтиёт бўлган одам ва унинг “хатим қисқа бўлди, она, сенинг уйқунг каби қисқа, аммо етар юзларингга боссанг..” ва ёки “мен сенга талпиндим, мен сенга чопдим … ва ниҳоят топдим, аммо бир сўз хам айтолмай ёнингдан ўтдим”, сингари эталонга айланган шеърий сатрлар муаллифи шоир Муҳаммад Солиҳ учун бундай ҳолат кутилмаган ҳолат эмас эди. Бу ҳолат икки соат бир ҳужрада жим ўтириб, охирида “жуда яхши суҳбат бўлди”, дея тарқалиб кетган икки мутассaуф ҳақдаги ривоятни эслатди менга. Яъний, самимиятнинг кўриниши эди бу ҳам. Қардош руҳларнинг самимияти, сўзларга эҳтиёж туймаган руҳларнинг самимияти эди бу…

Мақсуд Бекжон

25.02.2017

Kategoriler:Адабиёт

Шеърга ҳалақит берган нарсалар

CIMG1251Кўпинча проза жанрида ёзиш ҳақида ўйлар эканман, беихтиёр  бундан 20 йилча олдин юз берган шу мавзу билан боғлиқ бир вокеа эсимга тушади. 1992 йилнинг ёзи эди. Мен акам Жуманазар билан Дўрмондаги ёзувчилар боғида қурилаётган дала ҳовлимиздан шаҳарга қайтаётиб, шоир Мирза Кенжабекнинг дала ҳовлиси ёнида Мирза аканинг ўзи ва ўзбек прозасининг йирик вакилларидан Шукур Холмирзаев ва Эркин Аъзамовлар ўтирганини кўриб, улар билан узоқдан саломлашдик ва йўлимизда давом этмоқчи эдик, Шукур ака мени чақириб колди ва биз келиб, жамоага қўшилдик. Ҳол-аҳвол сўрашганимизда сўнг Шукур ака ўзига хос бир кўтаринкилик билан ўтган ҳафта Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасида проза жанрининг навбатдаги семинари бўлиб ўтгани ва унда менинг “Ёш куч” журналида чоп этилган иккита ҳикоям муҳокама қилингани ва бу мавзуда доклад қилган “баъзи аҳмоқлар”нинг бу ҳикоялар “ўзбек прозасида янги йўналиш, янги уфқлар очгани” ҳақдаги бемаъни гапларини тинглашга мажбур бўлгани ва сўнгра ўзи минбарга чиқиб, бу аҳмоқ нотиқларнинг таъзирини берганини гапириб берди. “Ука, сен проза ёзма, проза жиддий нарса, сенинг ёзганларинг эса, пижонликдан бошқа нарса эмас”,  деди Шукур ака.

Daha fazlasını oku…

Kategoriler:Адабиёт

ОПИРАЮЩИЕСЯ НА ВЕТЕР

(эссе)

Проходя по пешеходному переходу на ту сторону улицы я ощутил в себе некоторую неловкость, некое смятение. Меня смутило то обстоятельство, что в этой стране, куда я прибыл недавно, как стало известно, пешеходам оказывают большое почтение – машины пропускают их когда они подходят к пешеходному переходу.

Daha fazlasını oku…

ЭРКИНЛИК

Сен филдан эркинроқсан, қумурсқа! Фил, бу чангалзорлар, воҳа, водий ва биёбонлар ҳукмдори сендай эркин бўлолмайди асло. Сендаги эркинлик – балки, эҳтимол, сендан-да кичикроқ бўлган ҳашоратларни ҳисобга олмаганда – ҳеч кимда йўқдир. Филдан фарқли ўларок, сен истаган пайтингда истаганингча бўкиришинг мумкин, бу ҳеч кимни безовта қилмайди. Эркинликнинг жозибаси ҳам шунда эмасми, зотан? Эркинлик – кар қулоқларнинг фароғати эмасми? Сен эркинсан, қумурсқа, сен мутлақо эркинсан, бундай эркинликка филлар ҳавас қилса арзийди. Аммо эҳтиёт бўл, бу филнинг панжалари остида қолиб кетма.

2010

Kategoriler:Адабиёт

МУҲОЖИРЛИКДА

Bilde 012Биз совуқларга парво килмаймиз, чунки, атрофда Баҳор. Аччиқ аёздан қизариб кетган қўлларимиздаги хуржунни елкага осиб, юкдан бўшаган қўлларимизни чўнтакка яширишдан истиҳола қиламиз, чунки, атрофда, боя айтганимиздай, Баҳор ҳукм сурмоқда. Апрел ойида совуққотган қўлларимизга пуфлаб, уларни иситиш эҳтиёжи туяётганимиздан ҳижолат чекамиз, чунки, баҳорда бундай қилинмайди. Биз воқелик эмас, туйғулар ҳукмида, қачонлардир тарк этганимиз Ватан шакллантирган тушунча ва туйғулар ҳукми остида яшаймиз. Руҳ вужуднинг изтиробларини тинглашни истамайди…

2005

Kategoriler:Адабиёт

САСНИНГ ПАСТЛИГИ

Тўппонча ўз қурбонини таҳқирлагувчи даражада секин товуш чиқарарди. Тўппончанинг “писиллаб” отилгани худди шаллақи бир кимсанинг шанғиллагани сингари ҳақоратомуз эшитиларди. Писиллаган товуш ва ўлим бир-бирига мутлақо номутаносиб, уйғун бўлмаган нарсалардай кўринар эди.

Аслида эса, Ўлим бутун “писиллаган” товушларнинг юксак тантанасидир.

2005

Kategoriler:Адабиёт

МАЙСАЛАР, ҚУМУРСҚАЛАР ВА ИЛОНЛАР ХАҚИДА

(Эссе ўрнида)

Уолт Уитменннинг қумурсқа ва майсалар, гиёҳлар ва чечаклар хақидаги шеърияти тўғрисида ўйларканман, “шоирнинг қалби ҳаёт ишқи билан шу қадар тўлаки, унга майса ва гиёҳлардан, қумурсқа ва бошқа шунга ўхшаш майда жоннзотлардан бошқа хеч нарса сиғмайди, бошқа нарсалар бу лимо-лим қалбга кўплик қилади, катталик қилади”, деган фикр туғилди.

Daha fazlasını oku…

Kategoriler:Адабиёт

ҲУКМДОРГА ЛОЙИҚ ХАЛҚ

Агар “ҳар бир халқ ўз ҳукмдорига муносиб”, деган ибора тўғри бўлса, демак, дунёда адолатсизликнинг ўзи йўқ экан. Яъний, ҳар ким экканини ўради. Демак, ҳар куни рўй бераётган адолатсизликлар, аслида, адолатсизлик эмас, балки адолатнинг юксак тантанасидир. Бу иборадан “тақдир ҳақ” ёки “ҳар ким пешонага ёзилганини кўради”, сингари диний ақидаларнинг ҳам тафти келиб туради. Ҳатто ундан (“тақдир” ва “пешона” ҳақидаги гапларга қанчалик зид кўринмасин) “табиий танлов” назариясининг ҳиди келаётганини ҳам сезиш мумкин. Бу ўринда XIX-асрда яшаб ўтган фаранг шоири Шарл Бодлернинг “Гадойларни дўппосланг!” номли кичик бир ҳикояси эсга тушади. Ҳикояни тўлалигича келтирамиз:

Daha fazlasını oku…

Kategoriler:Адабиёт

АСОРАТ

“Тоталитаризм даврида мен ўзимни ҳозиргидан кўра анча эркинроқ ҳис қилардим”,–дейди “Свобода” радиосига интервю берган  рус ёзувчиларидан бири. Бундай пародоксал фикрни сўнгги 10 йил ичида, яъний, Горбачёвнинг “ошкоралиги” бошланган пайтдан то бугун ҳамма жойда декларация қилинаётган “сўз эркинлиги” даврига қадар ўтган вақт ичида тез-тез эшитадиган бўлиб қолдик. Ҳатто баъзилар: “Адабиёт ривожи учун тоталитар тузум зарур, чунки, фақат шундай тузумдагина адабиёт нозик ташбеҳларга бой бўлади, топқир бўлади”, дея бошладилар. Бундай фикрни тарғиб қилаётган одамларни коммунистик тузумни реабилитация қилишга уринаётганликда айблаш қийин.

Daha fazlasını oku…

Kategoriler:Адабиёт

ИЖАРАДАГИ ОДАМНИНГ КУНДАЛИГИДАН

 

 

Сен хунук ҳаракатлар қилмайсан.

Мен сенга узатган пулларни шоша-пиша санай бошламаслигинг учун уларни олдингга табиий бир ҳаракат билан текис ёйиб ташлайман. Сен қўлингни чузмай, пулларни бир зумда кўзларинг билан санаб чиқишинг мумкин. Сен – фаросатлисан.

 

Тақдир тақозоси билан бир дастурхон атрофида ўтириб қолганимзда сенинг бутун тановвул давомида тинимсиз кекиришингни ўзим ҳам, бошқалар ҳам эшитмаслиги учун мени узундан-узоқ йўтал тутади ва ҳеч ким сенинг кекирганингни эшитмайди. Сен – маданиятлисан.

 

Пешонамда сен билан суҳбатлашиш ёзилганига шубҳам қолмаганидан сўнг, мен иложи борича суҳбат мавзуини ҳазиломуз нарсаларга буришга тиришаман. Ҳазил-мутойиба билан машғул бўлиб, сен халқ номидан гапиришни унутасан. Сен – олийжаноб одамсан.

 

1986

Kategoriler:Адабиёт