Arşiv

Archive for Ekim 1996

ХАЛҚНИНГ ЛАЁҚАТИ

“Ўзбеклар завод ва фабрикаларда ишлай олмайдилар, уларда бундай қобилият йўқ”. Рус империячилари ўйлаб топган бундай гап советлар даврида яшаб кўрган ҳар бир ўзбекка танишдир. Бу шиор билан бир томондан ўзбекларнинг нисбатан тараққийпарвар ва ўқимишли бўлган ишчилар синфига келиб қўшилишининг олди олинар, иккинчи томондан, сиёсий ўчоқ ҳисобланган шаҳарлардаги демографик вазият руслар фойдасига сақлаб турилар эди.

Учинчи томондан, бу шиор умуман республикага Россиядан ишчи кучи олиб келиб, маҳаллий халқни иложи борича ассимиляция қилиш ишига хизмат қилар эди. Афсуски, бу фикр империячилар томонидан эмас, асосан, уларнинг маҳаллий аҳоли ичидан чиққан гумашталари томонидан тарғиб қилинар ва у “халқ иродаси” сифатида намойиш этиларди. Шу баҳонада Ўзбекистонга Россиядан “инсофли одамлар”ни имкони борича кўпроқ кўчириб келтиришга зўр бериларди. Ўзбекларнинг ҳатто инсофли бўлишга ҳам лаёқатлари қолмаган даврларни бир эсланг. Россиядан Ўзбекистонга фақат ишчилар эмас, инсоф ва диёнат ҳам экспорт қилина бошлаган эди. Яқинда “Свобода” радиосининг “Контакты” эшиттируви орқали ўзбекларнинг заводларда ишлашга лаёқатсизлиги ва шунинг учун ҳам заводларда ишлашга лаёқатли рус аҳолисининг Ўзбекистондан чиқиб кетишини ҳеч ким истамаслиги ҳақида ўзбек профессори Толиб Саидов aйтган фикр радио мухбири томонидан кинояли тарзда эслатиб ўтилди. “Мана, ҳатто ўзбек профессори ҳам шундай фикрлайди”, деди мухбир кинояли кулиб. Албатта, ҳатто ўзбек профессорларининг ҳам шундай савияда фикр юритиши қайғули ҳолдир. Аммо бизнинг улардан хафа бўлишимиз ўринсиздир. Негаки, Толиб Саидов каби муҳтарам профессорлар, ўз илмий даражаларига айнан совет қолипларида эришганлар. Улардаги ўзбек халқининг лаёқатига шубҳа билан қараш хусусияти ҳам ана шу коммунистик тарбия маҳсулидир. Ўзбек халқининг лаёқатсизлиги ва жоҳиллиги, порахўрлиги ва босқинчилиги, маданиятсизлиги ва насл-насабсизлиги советлар даврида керагидан ортиқ овоза ва рекламалар қилинди.

“Таёқ доимо каттанинг бошида синади”, деганларидек, ўзбеклар собиқ Иттифоқдаги энг катта халқлардан бири сифатида, Москванинг энг қаттиқ зарбаларини ўзларига олдилар. Ўзбеклар нафақат Ўрта Осиёдаги, балки, бутун Шарқдаги халқлар ичида ўзининг қўҳна давлатчилик тарихи билан ажралиб тургани учун ҳам рус империячилари уларга ўзларининг асосий рақиблари сифатида муносабат кўрсатдилар. Империянинг маҳаллий халқ ичидан чиққан гумашталари эса, халқни “биз мустақил давлат қура олмаймиз”, дея ерга уриб келдилар. Улар ўз фикрига аргумент ўлароқ, “агар Ўзбекистон мустақил бўладиган бўлса, ҳар бир хорижий давлатда биттадан ўз элчихонамизни очишга мажбур бўламиз, бунга пул қаерда”,қабилидаги гаплар билан халқни аврашга урундилар. Бундан бор-йўғи 6 йил муқаддам шу гапларни айтган одамлар бугунги кунда ўзларини Ўзбекистон мустақиллигининг муаллифлари дея танитмоқдалар. Кеча “биз мустақилликка тайёр эмасмиз”, дея оғзи куйганига қарамай, энди бу одамлар “биз демократияга тайёр эмасмиз”, дея яна ўз халқини камситмоқдалар. Иншооллоҳ, бу жабҳада ҳам уларнинг оғзи куйиши муқаррар.

Хуллас, халқни лаёқатсизликда айблашдан олдин, одам, aввало ўзи ҳақида, ўзининг келиб чиқиши ҳақида ҳам бир лаҳза ўйлаб кўрса ёмон бўлмасди. Сиз қайси халқнинг вакили ва сиз эришган поғона не қадар-ки, халқнинг устидан ҳукм чиқаришга ўзингизни ҳақли деб биласиз…

Мақсуд Бекжон

1996

Kategoriler:Сиёсат

КИМГА ҚАМОҚ, КИМГА МУКОФОТ…

Ўзбекистонда юзлаб мачитлар фаолият кўрсатмоқда, жума намозларига минглаб одамлар келади, аммо бу мачитларда одатда ҳукм суриши лозим бўлган юксак маънавий иқлим ва самимият йўқ, эркинлик йўқ. Одамлар бу ерда, асосан, ҳукумат тарафидан қўйилган имом ва муллаларнинг ўзига яраша тўқилган, мавжуд мустабид тузумга ҳамду-санолар ўқишдан иборат бўлган ваъзларини тинглашга мажбурдирлар. Ҳақиқий диний уламолар эса, қамоқларга ташланмоқда, йўқ қилинмоқда ёки қувғин қилинмоқда. Ислом дини Каримов режими томонидан экстремизм ва миллий-диний низолар тимсоли сифатида тарғиб қилиниб, у билан бутун минтақа қўрқитилаётган айни пайтда бошқа динларга нисбатан ғаройиб бир меҳрибонлик кўрсатилмоқда ва ҳатто улар ислом динининг том акси ўлароқ, “халқлар дўстлигини мусаҳкамловчи” дин сифатида тарғиб қилиниб, уларнинг роҳибларига орденлар берилмоқда.

Daha fazlasını oku…

Kategoriler:Сиёсат

НАРСАЛАРНИНГ ЎЗ НОМИ

1994 йилда ҳукумат қарори билан Тошкент Давлат университетининг журналистика факултети тарқатиб юборилган ва орадан бир йил вақт ўтиб, хато англанилди, шекилли, факултет қайта тикланган эди. Ҳозир эса, Ўзбекистонда малакали журналистлар тайёрлаш кераклиги ҳақида гапирилмоқда. Аммо улар қаерда ва қай йўсинда тайёрланиши лозимлиги тўғрисида бирон бир аниқ режа ва таклифлар ҳамон йўқ.

Daha fazlasını oku…

Kategoriler:Сиёсат

МИЛЛАТ ШОИРИ

Шеърият ҳақида гапирар экансан, имкон борича, танқидчиликда удум бўлган атамаларни чеклаб ўтишни истайсан. Зеро, аксарият ҳолларда шеърлар ўз ҳолича, уларга тақилган ёрлиқлар ўз ҳолича яшайдилар. Яъний, ёрлиқ – шеърнинг талқини эмас. Янада кучайтириб айтадиган бўлсак, ёрлиқ нафақат шеърнинг талқини эмас, балки, унинг ўзи шеър бўлишга интилаётган мустақил субстанциядир. Шу маънода ўз танқидий мақолаларини бадиий асар сифатида тақдим этишга интилиб келган рус танқидчиси Лев Анненский кайфиятини тушунса бўлади. Аммо шуни ҳам тан олиш керакки, биз барибир ёрлиқларсиз яшай олмаймиз.

Daha fazlasını oku…

Kategoriler:Сиёсат

“БИРЛАМЧИ” НАРСАЛАР

Ўзбек жамияти ичида, мана,қарийб 5 йилдан бери “иқтисод бирламчими, сиёсат бирламчими”, мавзуида баҳс кетмоқда. Бу баҳс шу қадар узоқ чўзилди-ки, энди у худди “жўжа олдин пайдо бўлганми ёки тухум”қабилидаги асрий мунозаралардан бирига айланди. ҳукумат қатъий равишда “иқтисод бирламчи” дея таъкидламоқда ва шу таъкидга яраша сиёсат ўтказмоқда. Ҳатто жаноб президент Ислом Каримов ўзини сиёсатчи эмас, иқтисодчи дея атайди.

Daha fazlasını oku…

Kategoriler:Сиёсат

РУС ҒОЯСИ

 

Россия сиёсатдонларидан ҳеч ким империячиликка қарши гапирмайди. Бу ўринда Россиядаги коммунистлар ҳам, демократ ва либераллар ҳам, миллатчи-ватанпарварлар ҳам тенг деса, бўлади. Аммо шу билан бирга баъзи бир савдойиларни ҳисобга олмаганда, ҳеч ким очиқдан-очиқ империяни ташвиқ ҳам қилмайди. Бугунги кунда “империя” сўзининг ўрнига Россияда, қўшни халқлардаги Россиянинг босқинчилик сиёсати қошидаги қўрқувни бир оз тарқатадиган, “давлат манфаатлари”, деган калимани ишлатиш удум бўлган. Албатта, бу билан сўз моҳияти ўзгариб қолмайди. Ўзга давлатлар учун мутлақо табиий кўринган “давлат манфаатлари” жумласи Россияда муқаррар равишда “империя манфаатлари” маъносини англатади.

Daha fazlasını oku…

Kategoriler:Сиёсат