Arşiv

Archive for Şubat 2017

САМИМИЯТ ТУРЛАРИ

1995 йил ноябр ойида Бокуда бўлиб ўтган BBС радиоси журналистлари семинарида украиналик таниқли журналист Микола Вересень менга ўзининг қизиқ бир кузатишини айтиб қолди, у бу кузатишини:”Сиз мусулмонлар бир-бирларингиз билан самимий, мусулмон бўлмаганлар билан эса, носамимий гаплашасизлар”, қабилидаги сўзлар билан ифода қилди. Мен унга “агар биз сенга мусулмонга муoмала қилгандай муомала қилганимизда эди, сен бизни тушунмаган ва ҳатто биздан хафа ҳам бўлган бўлардинг, чунки, биз сенга минг йиллик анъаналарга таянган ўз ҳатти-ҳаракатларимиз ва калималаримиз ортида ётган мазмунни тушунтириб ўтириш мажбуриятида қолган бўлардик ва сўнг, бу ҳам етмагандай, сен бу изоҳларимизнинг ҳаммасини “ҳазм” қилиб,тушуниб етишингни яна минг йил ўтириб кутишимизга тўғри келган бўларди. Шу сабабли биз сенга сен учун тушунарли бўлган самимиятни кўрсатамиз ва бундан сен хафа эмас, хурсанд бўлишинг керак”, деганимдан сўнг у хохолаб кулиб юборди ва бундай талқинни қабул қилиб, қўлимни самимий қисди.

Ўтган куни бу мавзуга доир, аммо юқоридаги воқеага моҳиятан том тескари яна бир ходиса гувоҳи бўлдим: 18 йил қамоқда ётиб, озодликка чиккан акам Муҳаммад Бекжон журналистларга берган интервюсида ўз оғаси Муҳаммад Солиҳ билан ҳаяжон туфайли салом-аликдан наригa ўтиб, дурустроқ гаплашолмаганини айтди – ака-уканинг 18 йиллик ҳижрони олдида ҳеч бир сўз етарлича ифода қувватига эга эмаслиги кундай равшан эди. Айникса, туйғу ва унинг ифодаси ўртасидаги диссонансдан энг эҳтиёт бўлган одам ва унинг “хатим қисқа бўлди, она, сенинг уйқунг каби қисқа, аммо етар юзларингга боссанг..” ва ёки “мен сенга талпиндим, мен сенга чопдим … ва ниҳоят топдим, аммо бир сўз хам айтолмай ёнингдан ўтдим”, сингари эталонга айланган шеърий сатрлар муаллифи шоир Муҳаммад Солиҳ учун бундай ҳолат кутилмаган ҳолат эмас эди. Бу ҳолат икки соат бир ҳужрада жим ўтириб, охирида “жуда яхши суҳбат бўлди”, дея тарқалиб кетган икки мутассaуф ҳақдаги ривоятни эслатди менга. Яъний, самимиятнинг кўриниши эди бу ҳам. Қардош руҳларнинг самимияти, сўзларга эҳтиёж туймаган руҳларнинг самимияти эди бу…

Мақсуд Бекжон

25.02.2017

Kategoriler:Адабиёт