Arşiv
ҚАДРИЯТЛАРНИНГ ЯНГИ БАҲОСИ
Муҳаммад Солиҳнинг шеърларидан бирида “Кийим йўқ тинимсиз, тинимсиз кийишга” шаклидаги гениал бир ташбеҳ бор эди, бугунги Ғарб жамияти ҳозир бу шеърда ифода қилинган ҳолатнинг том аксини яшамоқда. Ғарб жамиятининг ҳозирги маънавий, руҳий ҳолатини юқорида келтирилган муҳташам сатрларга том тескари шаклда “Кийим йўқ тинимсиз, тинимсиз ечмоққа ” шаклида ифода этиш мумкин.
“Йўқотадиган нарсаси қолмаслик” – мудҳиш бир нуқтадир, бу нуқтани ҳаётга (“ҳаёга” деса ҳам мазмун ўзгармайди) қўйилган нуқта десак, лоф бўлмайди. Қуйидаги расмда оммавий равишда ечилиб, глобал бир миқёсда оғочларга осилган кўйлаклар акс этган.
Албатта, бир декаданс санъати тадқиқотчиси бу контрукцияни “Голгофа” ёки “Оммавий хочга михланиш” дея номлаёрок, бу хусусда узундан узоқ маъруза қилиши мумкин.
Худди шундай шаклда бошқа бир киши, масалан, бир комик артист бу конструкцияни “Оммавий кийим қуритиш” деб ҳам номлаши мумкин ва эътироф этиш керак, бундай ном, ечилган кир кийимлар санъатнинг сўнгги ифода воситасига айланган жамиятда ушбу инсталлацияга берилган анча тўғри баҳо бўлар эди.
“Илгари “эксперимент” деб аталган нарсалар ҳозир “санъат” деб аталмокда”, деган эди 19 аср мутафаккирларидан бири.
Мақсуд Бекжон
06.04.2019