Сайт ҳақида

Бу – Мақсуд Бекжоннинг шахсий блогидир. Мақсуд Бекжон ҳақида қисқача маълумот:

1961 йилда Хоразмда туғилган. Ўрта мактабни битиргач, 1979-1983 йиллар оралағида Москвадаги М.Горъкий номли адабиёт институтининг шеърият бўлимида таҳсил олди. 1983-85 йилларда Германияда ҳарбий хизматда бўлди. 1987 йилдан 1990 йилгача “Узкинохроника” – Ўзбекистон ҳужжатли ва илмий-оммбаоп фильмлар киностудиясида редактор бўлиб ишлади. Бу йиллар ичида унинг “Дардни яширсанг”ва  “Чириётган хотира” номли фильмларга ёзган сценарийси бўйича иккита хужжатли фильм суратга олинди. 1988 йилда Мақсуд Бекжоннинг “”Умид таҳсили” ва “Мўътадил ранглар” номли шеърий китоблари чоп этилгач, ўша йили СССР ёзувчилар Союзига қабул қилинди.

Мақсуд Бекжоннинг 1989 йилдан кейинги бутун ҳаёти мухолифат ҳаракати билан, “ЭРК” партияси фаолияти билан боғлиқ бўлди. 1994 йилда, мухолифатга қарши ҳукумат тазйиқлари ҳаддан ташқари кучайиб кетди. Бир неча марта милиция тарафидан олиб кетилиб, сўроқ қилинган ва айни пайтда уй-жойи тортиб олиниб, уй жиҳозолари Тупроққаладаги асосан сургун қилинган одамлар яшайдиган саҳродаги бир поселкага олиб бориб ташланганидан сўнг М.Бекжон Ўзбекистондан чиқиб кетишга ҳаракат қилди, аммо Хоразмга, акасининг уйига келганида  бу ерга маҳаллий милиция ходими келиб, Тошкентда қолган ва ўша куни учокда Хоразмга  келиши лозим булган  хотини ёнидаги 4 ва 6 яшар иккита фарзанди билан бирга Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги тарафидан қамоққа олингани ҳақда хабар берди ва ўзининг хам Тошкентга, болаларининг ёнига бориши кераклиги  ҳақида буйруқ келганини айтди. Шундан сўнг М.Бекжон Туман Ички Ишлар бўлими бошлиғи кузатуви остида Хоразм вилояти Ички Ишлар вазирлиги бошлиғи ҳузурига олиб келинди ва бу ердан бир неча соат ичида 3 нафар милиция ходими назорати остида самолет орқали Тошкентга жўнатилди. Тошкентда уни 5 кишидан иборат оператив гуруҳ кутиб олиб, унинг қўлига кишан солинди ва ўша аэропорт биносининг ўзида “ёнидан 9 дона ўқ ва наркотиклар чиқди”, деган сохта айбнома билан қамоққа олинди. У қамоққа олинганидан сўнг унинг Ички Ишлар бўлими изоляторида сақланаётган иккита фарзанди ва хотини озод этилди.

Қамоқда бир ярим ойча қолганидан сўнг, М.Бекжон “мамлакатдан чиқиб кетмаслик” ҳақидаги тилхатга имзо чекиб, озодликка чикди. Аммо кўп ўтмай, мамлакатни тарк этди ва орадан ярим йилча ўтганидан сўнг оиласини ҳам Ўзбекистондан олиб чиқди.

М.Бекжон 1999 йилда Норвегиядан сиёсий бошпана олди. 2001 ва 2003 йилларда Инсон ҳақлари ташкилоти Норвегия Хелсинки Комитетида ишлади. 2003 йилда Хелсинки Комитети вице-президенти Гуннар Карлсен билан бирга ўзбекчада “Инсон ҳуқуқлари асосолари” номли китобни чоп эттирди. Китобнинг Ўзбекистонга доир қисми М.Бекжон қаламига мансубдир.

1998 ва 2003 йиллар давомида М.Бекжон рафикаси Марзия Ибодуллоҳ билан бирга Туркия Турклари адабиёти антологиясини туркчадан ўзбекчага таржима қилди. Китоб 2004 йилда Туркия Маданият Вазирлиги тарафидан нашр этилиб, Ўзбекистон ичида тарқатилди. Китоб ноширлри илтимоси билан таржимонлар исми очиқ айтилмай, тахаллус остида чиқди.

  1. Henüz yorum yapılmamış.
  1. No trackbacks yet.

Yorum bırakın