Arşiv

Archive for Kasım 2018

МУҲОЖИРНИНГ ВАТАНИ

Бу ҳилқат билан боғлиқ бўлган хотиралар худди минг йиллар илгари сўнган юлдузнинг нурлари каби муҳожир кўзини ва руҳини аллалашда давом этади. Юлдуз йўқ, аммо унинг нурлари келишда давом этмокда. Бу юлдузнинг аллақачон йўқликка юз тутганини англаши учун боёқиш муҳожирга яна бир неча минг йил керак бўлади.
24.11.2018
Kategoriler:Адабиёт

КОНФОРМИЗМ ВА ВАТАНПАРВАРЛИК

1980 йиллар охирида, Ўзбекистон Ҳужжатли фильмлар кинсотудиясида ишлаган пайтларимда шу ерда ишлайдиган режиссерлардан бири ўзининг “Ўзбекфильм”да ишлайдиган бир режиссер-ла ўтказган мулоқоти ҳақида гапириб берди. Суҳбатдошимнинг айитишича, “Ўзбекфильм”да ишлайдиган кинорежиссер ўша пайтларда “Қасоскорнинг олтин боши” номли сценарий ёзиб, шу сценарий бўйича олинаётган кинолавҳалар муҳокамасида иштирок этаётган шоир Муҳаммад Солиҳнинг бошқаларга қўяётган талабчанлигидан нолиб, шундай дебди:”Салих от всех требует чтобы они были борцами, но я не борец и не хочу бороться, а ему нравится бороться, пусть сам борется, зачем других к этому принуждать?”(Ўзбекчаси:”Солиҳ ҳаммадан курашчи бўлишни талаб қилади, аммо мен курашчи эмасман ве мен курашишни истамайман, унга эса, курашиш ёқади, ўзи курашаверсин, бошқаларни бунга мажбур қилишнинг нима кераги бор?”). Бундай гапларни ҳатто ўша Қайта куриш сиёсати деб номланган либерализм шабадалари эсаётган бир онда ҳам тез-тез эшитиш мумкин эди. Бу даврдан олдинги Турғунлик ва ундан кейинги Каримов диктатураси ҳақида эса, гапириб ўтирмаса ҳам бўлади.

Аммо қизиғи шунда-ки, бундай инерт ва конформист тоифанинг бир қисми кейинроқ, Каримов режимига қилган узоқ йиллик садоқатли хизматларидан сўнг бирдан, кутилмаганда кўзлари очилиб, шу пайтгача кўзи ўнгида узоқ йиллардан бери амалга оширилган режим жиноятларини “кўра бошладилар” ва “диссидент”га, ҳатто овози энг юксак чиқадиган “диссидент”га айландилар ва ҳатто эски диссидентларга, самимий курашчи, ватанпарварларга насиҳатлар ва ҳатто ифтиролар ҳам кила бошладилар. Бу тоифанинг бир қисми, Ўзбекистон миллий хавфсизлиги тарафидан мухолифат ичига киргизилган каламушлар бўлса, бошқа бир қисми режимга қилган садоқатли хизматига қарамaй, шунга лойиқ мукофот ололмаган аламзадалар эди. У ҳолда ҳам, бу ҳолда ҳам, бу – халқ дарди билан иши йўқ бир тоифа бўлиб, уларнинг асос мақсади – ўз қурсоқлари эди.

Умуман, ҳозирги кунга келиб, ўзбек диссидентлик ҳаракати ичида жуда кўп сохта қаҳрамонлар пайдо бўлди. Аслида, бундай сохта қаҳрамонларнинг яратилиш схемаси жуда жўн, масалан, бу схемага мисол бўладиган, ўзим гувоҳ бўлган бир воқеани сўзлаб бераман. Мустақиллик ҳаракати тафсилотларидан унча хабари бўлмаган диссидентлардан бири Мустақиллик кунига атаб, “Мустақиллик учун курашган инсонлар” сарлавҳаси остида рўйхат туза бошлади ва рўйхатнинг  тепасидаги ўринлардан бирига бир журналистнинг исмини ёзди. Бу журналист ўз номини бундай ғаройиб рўйхат тепасида кўриб, ҳайратга тушди ва “ҳай, биродарлар, мен мустақиллик учун курашганим йўқ-ку, мен доим Совет Иттифоқининг сақланиб колишини истаганман, ҳозир қам Совет Иттифоқи қайтиб келишини орзу қиламан, мен ҳатто Каримов сиёсатига ҳам қарши эмас эдим, фақат 1999 йил воқеларидан кейин, фикрим ўзгарди”,  деди самимият билан. Агар бу журналист самимий бўлмаганида эди, у бугун мутлақо мустақиллик курашчилари рўйхатининг бошида турган бўлар эди.

Мустақиллик арафасида Конформист қандай қилиб, “Диссидент”га  айланишиига доир яна бир ибратли воқеани менга  “бирлик”чилардан бири сўзлаб берган эди. Унинг айтишича, ҳаракат аъзоларидан бирини милиция олиб кетибди, маҳалладилар билан буни муҳокама қилишаётганда, у ердаги конформист фаоллардан бири:”Э, айби бордир-ки, милиция олиб кетган, айби бўлмаса, нимага олиб кетади?” деб ақл авваллик қилибди. Мухолифатчи:”Ҳеч кандай айби йўқ эди”, дейишига қарамай, бояги одам ўз сўзида туриб олибди. Орадан бир ҳафта ўтмай, ушбу конформистнинг ўзи мухолифатчининг олдига йиғлаб келиб, ўғлини милиция олиб кетганини, унинг чўнтагига наркотик ташлаб, қамашганини айтиб, зор йиғлабди. Бундай воқеадан хафа бўлиш ўрнига хурсанд бўлган мухолифатчи уни мазах қилиб:”Айби бордир-ки, қамашган, бизнинг милиция айбсизларни қамамайди, бир ҳафта олдин айтган гаплариниз эсингиздами?”, деб кулган.

Конформизм ва ватанпарварлик туйғуларига оид яна бир воқеа билан рисолани битиришимиз мумкин. “ЭРК” партияcи энди тузилган пайтларда партия раҳбари Муҳаммад Солиҳнинг шофери менга ўз маҳалласидаги қариялардан бири билан ўтказган диалогини гапириб берди. Унинг айтишича, қария Муҳаммад Солиҳ ҳақида гапирар экан, “Нима қилади мансабга интилавериб, тинчгина юравермайдими?” дебди. Бунга жавобан, шофер:”У киши сизлар учун қайғуряпти, сизлар ҳам яхши яшашингизни истайди, у ўзига тўқ, бой одам, агар истаса, ҳозир ҳам мазза қилиб яшаши мумкин”, деганидан кейин чол бирдан ўзгариб, Муҳаммад Солиҳни дуо қила бошлабди.

Хуллас, Конформистдаги комфорт ва дискомфорт ҳисси фақат унинг ўз шахси билан боғлиқ бўлса, Ватанпарвардаги бундай ҳис унинг Халқи билан боғлангандир.

Мақсуд Бекжон

17.11.2018

ЯРАТУВЧАН МАҲКУМЛИК

Илгари уйғур фатализми ҳақида ёзгандим. Шу йил ёз ойида Туркияни кезар эканман, мустақил – иқтисодий, ҳарбий ва сиёсий жиҳатдан ислом дунёсида энг кучли ҳисобланган бу мамлакат аҳолисининг миллий шуурли, ватанпарвар қисмида айнан ўша ишғол остида яшаётган уйғурларда бўлган фатализмни, Қадарга маҳкумлик туйғусини кўрдим. Тасодифан бир автобус ҳайдовчиси билан гаплашиб қолганимда, унинг икки-учта одатий, кундалик  жумлалардан сўнг ҳеч қандай боғсиз, “кўприк”сиз ҳаёт-мамот сингари юксак бир мавзуга кўчиши, ўзларининг ватан ҳимояси учун ҳар лаҳзада ўлишга тайёр эканлиги ҳақида гапира бошлаши мени, худди илгари бошқа ватанпарвар турклар билан суҳбатда бўлгани каби, яна бир марта ҳайратга солди. “Бизнинг кетадиган жойимиз йўқ, бизнинг Ватан учун курашиб, ўлмакдан бошқа ҳеч чорамиз йўқ”, деди у маҳкум бир оҳангда. Ундаги бу маҳкумлик қарийиб ирсий бир туйғу эди – назаримда,турклар Анадолига кўчиб келганидан бери ўтган 900 йиллик давр мобайнида улар кўрсатган бутун қаҳрамонликлар заъмирида ана шу маҳкумлик туйғуси ётгандай..

Хитойликлар томонида ишғол этилиб, улар томонидан ассимиляция ва қатлиом қилинаётган Шарқий Туркистон аҳолиси билан, Туркия ҳудудини 900 йил аввал  фатҳ этиб, бутун бу давр мобайнида ўзларининг маҳаллий аҳоли тарафидан ассимиляция ва қатлиом қилинишига қарши доимий сафарбар ҳолатда бўлган турклар такдирида ва кайфиятида мудҳиш бир ўхшашлик бор эди. Яна бошқа бир турк, Миллиятчи Ҳаракат Партиясининг ветеранларидан бирининг Ватан ҳақида бундан 20 йилча олдин айтган сўзлари янада фожеалироқ эди, у айнан шундай деди:”Агар бир кун душманларимиз бизни бу ердан қувиб чиқарса, бизнинг ота юртимиз – Туркистондан бошқа борадиган жойимиз йўқ”.

Энди, ҳаётининг ҳар лаҳзасини шундай туйғу билан яшаётган бутун бошли бир миллатнинг кундалик ҳаётини тасаввур қилиб кўринг. Боши берк маконга кириб қолган руҳ энергиясининг нақадар таҳликали эканини бир кўз олдингизга келтиринг. Бизнинг боболаримиз Туркистон чўлу-биёбонларида, водий ва воҳа кенгликларида ўзларидан бошқа биронта ёт улусни учратмай от чоптирар экан, улардаги руҳ хам ҳадсиз кенгликларга ёйилиб, сингиб, қаршилик кўрмаган ҳар қандай энергия сингари ўзидаги қувватни йўқотганини, руҳимиз худди камоннинг бўшашиб қолган ипи сингари яроқсиз ҳолга келганини ирсий бир хотира билан чуқур ҳис этамиз.

05.11.2018

Kategoriler:Тарих

СОВЕТ МАНҚУРТЛИГИ ҲАҚИДА

 

(Жириновскийнинг Ўзбекистон сафарига доир мулоҳазалар)

Совет манқуртлигининг табиати мени ҳайратга солади, бу манқуртлик илдизлари ҳақида кўп ўйлайман. Албатта, манқурт психолoгияси заминида зеҳний, маънавий муаммолар билан бир қаторда ижтимоий сабаблар ҳам ётгани шубҳасиздир. Бундай сабаблардан бирининг манзараси, наздимда, қуйидагидайдир:

Совет йўқсиллиги аксарият одамларда маиший турмушга доир буюк бир ҳарислик, ташналикни устувор қилди. Йўқсиллик худди бир Лупа сингари ҳаётнинг энг майда жиҳатларини, воқеа ва ҳодисаларини йирик, аҳамиятли қилиб кўрсатар эди. Шу маънода совет одамлари кўзидаги бу йўқсиллик Линзасини, ҳеч иккиланмай, бахт-саодат манбаи деб аташ мумкин эди. Совет бахтиёрлиги моҳияти “Қоникиш” эмас, “Қаноат” бўлган. Албатта, фалсафий нуқтадан қараганда, бу икки ҳолатнинг бир-биридан фарки йўқ, дейиш мумкин, нега-ки, агар мавзу фақат бахт бўлса, бу бахтгнинг сабаби нима эканлиги кимни қизиқтиради? Яъний, бундай “фалсафий” заминда ҳатто Диоген сингари бочка ичида ўтириб ҳам бахтли бўлиш мумкин.

Бугун совет даврини носталгия билан эслаётганлар йўқсулликдан бунёд бўлган ўша “саодатли онлари”ни соғинаётган қуллардир. Бундай тоифанинг тубан соғинчига на ўз халқининг қуллардай эксплуатация қилингани ва таҳқирлангани, на оғир ҳаётга дош беролмай, ўзини ёққан минглаб ўзбек аёлларининг жувонмаг бўлган умри, на пахта далаларида ишлатилган кимёвий дорилар оқибатида халқ орасида ёппасига пуштсизлик ва хасталикларнинг авж олгани, ўлимлар сони кўпайгани, на Ўзбекистоннинг бутун ер ости ва ер усти бойликлари рус босқинчилари тарафидан талон-тарож қилингани, на мамлакат экологияси ва заминнинг асрларга етгулик даражада заҳарланиб, ифлослантирилгани ва на денгиз ва дарёларнинг қуритилиб, йўқ этилгани моне бўлaолaди. Бундай манфур тоифанинг носталгиясига ҳатто уларнинг ўз аждодларининг босқинчилар тарaфидан қатлиом қилингани-ю, тарих ва маданиятининг бузилиб, йўқ этилгани ҳам ҳеч ҳалақит бермайди.

 

03.11.2018

Kategoriler:Сиёсат