Arşiv
ОЧИҚ ЖАМИЯТ ҲАҚИДА ОЧИҚ ФИКР
“Очиқ жамият” калимаси ўз моҳиятида фақат ижтимоий-сиёсий эмас, балки, биологик мазмун ҳам ташийди. Жамиятнинг ижтимоий-сиёсий ҳаёти ҳам худди баъзи озуқа маҳсулотлари сингари ташқи таъсирга тобе ва таъсирчандир. Усти ёпиқ озуқа маҳсулотлари моғор босиб, бижғигани каби ёпиқ жамиятлар ҳам ҳавосизликдан бижғиб, бузилади. Усти ёпиқ масканлар микроблар учун бир жаннат кабидир. Бугун биз ўлкамизда жамиятнинг устини ўз зулми ва нафси билан ўртиб, бу ўрти тагида жамиятни кемириб ётган минглаб микробларни кўришимиз мумкин. Энди бу зулм ўртисини итқитиб ташлаб, бу микробларнинг юзини очиш, уларни фош қилиш, уларни Адолат қуёшининг нурлари остида куйдириш фурсати келди.
ОЗОДЛИКНИНГ ОҒИР ЮКИ
Озодлик – елкадан қуллик юки олиб ташланганидан сўнг унинг ўрнига юкланадиган яна ҳам оғирроқ бир юкдир. Бу юкнинг номи – Масъулиятдир. Бу юкнинг номи – Иймон, Виждон, Ақл, Инсоф, Тарбиядир. Озодликни ўзининг чиркин ҳисларининг озодлиги деб биладиган, ҳурликни ҳуриш деб биладиган қул зеҳниятли зотларнинг бу Озодлик юкини кўтариши қийиндир.
Демократия яшаш тарзи эмас, балки, яшаш тарзини танлаш учун берилган ҳуқуқдир…
“Халқ демократияга тайёр эмас”, деган гап билан “демократия – куфр низоми” деган гап орасида ўхшашлик кўринмаяптими? Ҳар ҳолда, бу иккита гапнинг ҳам демократияни рад этишдаги ўхшашлигидан бошқа яна бир ўхшашлиги бор, бу – халққа ҳурматсизликдир. “Халқ демократияга тайёр эмас”, деяётган Ўзбекистон президенти И. Каримовнинг гапида хам, ”демократия – куфр низоми” деяётган Хизбут Таҳрир”нинг гапида ҳам халққа эркинлик берилса, у қутуриб кетади, шунинг учун ҳам уни бир ҳайвон сингари доим назорат остида, эркинлик бермай ушлаб туриш лозим, деган фикр ётади.