Arşiv
ИСРОФ ҚИЛМА УФҚНИ
Сўзга харжлама бу мовий осмонни,
Исроф қилма уфқни таърифларга,
Сарфлама ташбеҳга бу тенгсиз онни –
Зое қилма ҳашамни ҳарфларга.
Сени аврамасин башар матлаби –
Таърифга тушкунлик, сўзга ўсаллик.
Кўксингда яшасин Ҳарамда каби
Ирод қилинмaган номсиз Гўзаллик.
10.02.2018
ГИПОТЕТИК ВАТАНПАРВАРНИНГ ГИПНОТИК МУОЛАЖАСИ
(роман учун мавзу)
Ватанпарвар ўз Ватанига бўлган севгисини “фош” қилиш учун, бу севгининг ўзи ўйлагандай самимий эмаслигини, унинг таъмага, манфаатга қурилганини исботлаш учун ўзига саноқсиз сабабларни келтиради, минглаб тахмин ва гумонларни айтади, юзлаб гипотезаларни қуради ва бу тахмин ва гумонларнинг лоақал биттаси ўзининг наздида салгина ҳақиқатга якинроқ бўлиб кўринса, бирдан тинчланади, ўзини анча ақллироқ ҳис қилади, кўксидаги мажҳуллик тарқагандай бўлади, энг муҳими, ўзининг у “қадар ҳам анойи” эмаслиги борасидаги ўз хулосасидан қониқиш туяди ва сўнгра мануният билан: “мен алданганим йўқ” дея изтиробларга чек қўяди…
04.02.2018