Arşiv

Archive for Mayıs 2020

“ПРАВДИВОЕ” ДЕРЬМО

“Может я и подлец, может я и подонок, но я правдив”, говорит с гордостью этот персонаж, долго служивший репрессивному режиму Каримова в Узбекистане и сейчас живущий припеваючи в Торонто, Канаде. Он потерял оставшийся у него за эти годы последнее человеческое свойства – свойства Лицемерить. Теперь он совершенно “правдив”, он “искренен” как дерьмо, которое без “лицемерие” и “обман”а распространяет вокруг свое зловоние.

28.05.2020

Kategoriler:Uncategorized

ВАТАН ТУЙҒУСИ

Овруподан Туркияга келганимда, мамлакатга келган йўловчилар паспортини текшириб, унга муҳр босадиган ҳаво лиманидаги полис йигитга паспортимни узатганимда, у паспортимни текшириб, менга қайтариб берар экан, жилмайиб: “Биздансин!” деди. Мен ҳам унга кулиб:”Елбетте, сизданим, Турким”! дея жавоб бердим. Бу – ўз Ватанига қайтиб келган бир инсоннинг ўз Ватанида кўриши керак бўлган бир муомала эди.

Мен Туркияда ҳеч қачон ўзимни бегона ҳис қилмаганман, ўзимни доим ўз Ватанимда юргандай ҳис қилганман. Ҳатто бундай Ватан туйғусини ўз туғилиб ўсган юртимда, Ўзбекистонда ҳам бу қадар чуқур ҳис қилмаганман. Чунки, Туркияда ҳеч ким мени Ўзбекистон пойтахтидаги каби ҳар одимимни назорат қилиб, узун йиллар давомида “прописка” масаласи билан қийнамаган.

Туркиянинг ҳеч бир шаҳрида, Ўзбекистоннинг Самарқанд ва ёки Бухоро каби шаҳарларига бориб қолган ўзбек кўрадиган муомалани кўрмаганман: бу ерда ҳеч ким, ўша шахарлардаги каби, ўз тилингда, Ўзбек(Турк) тилида гапирганинг учун сенга душманга қарагандай қарамайди, аксинча, сенга жилмайиб :”Биздансин!”дейишади.

Бугун дунёнинг ҳар бурчагида ўз ватани, Ўзбекистонга қайтолмай инграётган минглаб ўзбекларни ўйлаганимда бошимдан шу каби ўйлар кечди. Ўзбекистон ишғол остидами, мамлакатни кимлар бошқаряпти?

МАҚСУД БЕКЖОН

27.05.2020

Kategoriler:Сиёсат

“ПАРАЛЛЕЛ ДУНЁ”ДАН ХАБАР

Ўзбекистон воқелигида мени энг кўп ҳайратга соладиган нарса – Тарих ва Бугунги кун ўртасидаги параллелдир. Мен бу паралелдаги такрорийликдан эмас (зотан, ўлкамизда зулм такрорийлиги анъанага айланган) балки, бу параллелларнинг бир-бирини умуман “кўрмаслиги”дан ҳайратланаман.

Масалан, ҳукумат томонидан молиялаштирилган ахборот воситаларида ўтган асрнинг 30 йилларида яшаб ўтган ўзбек ёзувчи ва шоирларига нисбатан ўтказилган қатағон ва қатлиомлар ҳақида оташин маърузалар қилинар экан, айни бу маърузалар фонида замонавий шоир ва ёзувчилар ҳам худди ўшандай “ғайрат” билан қатағон қилинаётганини ҳеч ким “кўрмайди”.

Гўё бу зулмлар “параллел дунёда”, арвоҳлар дунёсида амалга оширилаётгандай…

Бугун Ўзбекистондан, аниқроғи, “Параллел дунё”дан олган хабарларимизга кўра, мухолифат лидери шоир Муҳаммад Солиҳнинг шеърларини ўқиган ёш ижодкорлар Давлат Хавфсизлиги Хизмати идораси ходимлари тарафидан, сўроқ қилнмоқда, дўқ-пўписалар билан қўрқитилмокда, уларга “сени Акром Маликнинг ёнига тиқиб қўямиз,” деб таҳдидлар қилинмоқда.

Бу хусусда бир ҳафта олдин “Адабиёт манзаралари журнали” саҳифасида бир ёш шоирнинг мақоласи ҳам эълон қилинганди. Буни ўткинчи воқеа деб ўйлагандик. Аммо Ўзбекистондан бугун олинган хабарларга кўра, бу репрессив ҳаракатлар тенденция ҳолини олмоқда.

Бу ёш ижодкорлар Мухаммад Солиҳнинг шеърларини ва ёки китобларини тарқатгани учун эмас, балки, ўз уйларида бир-иккита дўст йиғилиб, унинг шеърларини ўқиганлари учунгина тазйиқ остига олинмоқдалар.

37 йиллардан бугунги қатағонларнинг ягона фарқи – Сталин пайтида шоирларнинг ўзлари қатағон қилинган бўлса, бугунги ўзбек ҳукумати ҳатто сталинчилардан ҳам каттароқ “жонбозлик” кўрсатиб, ўз юртидан қувғин қилинган шоирнинг шеърларини ўқиган инсонларни ҳам қатағон қилмоқда.

Яъний, бугунги ҳукумат ўз “устоз”ларидан ҳам ўтмоқда.

Биз бу янги ҳукумат рахбарига анча умид билан қараган эдик, унинг И.Каримов разолатини такрорламайдиган даражада фикр соҳиби бўлса керак, деб ўйлагандик.

МАҚСУД БЕКЖОН

24.05.2020

Kategoriler:Uncategorized

ЛОЙИҚЛАРГА ЛОЙИҚ ЖАВОБ

Сўнгги пайтларда тожик миллатига мансуб ирқчиларнинг ўзбек миллати ва ўзбек тилига қарши чиркин ва ҳақоратли сўзлари кўп айтилаётганига гувоҳ бўляпмиз. Бу нонкўр жонзотларнинг ҳаракатлари менга 1980 йиллар бошларида ёзувчи Абдулла Қаҳҳорнинг беваси Кибриё Қаҳҳорованинг(миллати тожик) ўзбек матбуотида чоп этилган бир интервюсини эсимга солди.

Интервюда К.Қаҳҳорова ўзининг тожик шоири Лойиқ Шерали билан учрашувида юз берган нохуш бир ҳодисани ҳикоя қилади. Ўша йиллари ўзбек олимларидан бири Ҳиндистондан 15 асрда яшаб ўтган ўзбек шоири Ҳофиз Хоразмийнинг ҳали ҳеч қаерда чоп этилмаган шеърлари қўлёзмасини келтириб, уни кирилл ҳарфларига ўгириб, ўзбек нашриётида чоп эттирган пайтлари эди. Интервюда айтилишича, К.Каҳҳорова ўзининг Шерали Лойиқ билан учрашуви пайтида тожик шоирига Хоразмийнинг чоп этилган китобидан бир дона совға қилиш учун унга узатади. Ш.Лойиқ китобни қўлига олар экан, Қаҳҳоровадан тожикчалаб “форсчадами?” деб сўрайди, Қаҳҳорова бу саволга “йўқ, ўзбекчада” деган жавоб бериши билан, Лойиқ худди кўксига ўқ теккандай “Оҳ!” деб китобни ерга ташлаб юборади. Бу воқеани Абдулла Каҳҳорнинг беваси афсус билан ҳикоя килади.

Айтмоқчи бўлганим шуки, ўзбеклар, бир турк кавми ўлароқ, бутун бағри кенглиги ва байналмилаллигига қарамай, тожик ирқчилари тарафидан доим мана шундай муамолага лойик кўрилган. Бундай иркчиларга, бундай Лойиқларга ўзбеклар ҳаялламай, улар лойиқ бўлган муомалани кўрсатсаларгина, бу ирқчиликларга чек қўйишлари мумкин. Акс ҳолда, бундай ирқчилик газак олиб, икки миллат ўртасида жуда катта қон тўкилишларига олиб келиши мумкин.

Максуд Бекжон

22.05.2020

Kategoriler:Сиёсат

ххх

Қайси ипга тизиш мумкин бу воқелар шодасин?
Ушбу мажҳул туйғуларнинг оти не?
Қайси исм ила атай бу жонзотлар подасин?
Бу фишқирган маҳлуқларнинг зоти не?

Осон эмас бу оломон ичра халқни ажратмоқ
Буғдой ила курмак каби қоришган.
Балки, бизга шунинг учун қисмат бўлди хажр этмоқ –
Бу иккисин фарқларига боришга…

15.05.2020

Kategoriler:Шеърият

САВОЛ ИШҚИБОЗЛАРИГА

Сўнгги йилларда баъзи ўзбеклар ичида “Муҳаммад Солиҳ халқ учун нима қилди?” деган саволни бериш удум бўлди.

Бу савол ҳеч кимга Муҳаммад Солиҳга берилгани каби кўп берилмади. Шу жумладан, бугун ва ундан олдин Ўзбекистонда ҳокимият тепасида бўлган шахсларга нисбатан ҳам. Ҳолбуки, бундай савол қочкинликда юрган бир мухолифатчига эмас, балки, мамлакатдаги аҳволга тўғридан-тўғри масъул бўлганларга берилганида эди, бунда бир мантиқ бўларди. Албатта, бу саволнинг Ўзбекистон давлати тепасида бўлганларга берилмагани – ушбу раҳбаларнинг ўзбек халқига бу каби саволларга ўрин колдирмайдган даражaда катта яхшиликлар қилганини билдирмайди. Том акси, Ўзбекистонда бугун ҳукм сураётган ёппа таназзул, айнан уларнинг халққа қарши олиб борган зулми маҳсулидир.

Аммо шунга карамай, ҳеч ким уларга “сиз Ўзбекистон учун нима қилдингиз?” деган саволни бермайди. Чунки, Ўзбекистон тақдирини ўз қўлида ушлаб турган раҳбарларга бундай саволни бериш мантиқли кўринса хам, аммо савол берувчилар учун бу таҳликалидир. Мухолифтчига бундай таъна килишда эса, бир таҳлика йўқ, ҳеч ким уни, бундай шаклда “дардиини тўккан”ни тазйиққа олмайди. Қолаверса, ўзини бугунги аҳволга солган раҳбарга шундай савол беришнинг ўзида ҳам ҳеч бир мантиқ йук, чунки, уларга бундай саволни бериш – чўнтагидаги бор пулини қоқиб олган ўғрига:”Сен мен учун нима қилдинг?” деб дағ-даға қилиш сингари кулгулидир..

Муҳаммад Солиҳнинг шахсига келсак, унинг ўзбек халқининг миллат ва жамият шаклида уйғонишида қўшган ҳиссаси беқиёсдир. Бу хизматларнинг буюк бир қисми Совет империяси ҳукмронлиги пайтидаги миллий уйғониш даврига оиддир. Тарих унинг бу хизматларига муносиб баҳо беришига заррaча шубҳамиз йўқ.

Унинг бугун сургунда юргизаётган мухолифлик фаолиятининг аҳамияти ҳам буюкдир. Гарчанд, у ҳокимиятни қозонолмаган бўлса хам, унинг бир лидер, бир мутафаккир ва буюк бир шахс сифатида ўзбек халқининг маънавий таназзул ботқоғида халқ сифатида тўла йўқ бўлиб кетмаслигида катта хизмати бўлди ва бўляпти.

Хуллас, Муҳаммад Солиҳнинг Ўзбекистон учун нима ишлар қилганини ақли расо бўлган ҳамма билади.

МАҚСУД БЕКЖОН

14.05.2020

Kategoriler:Сиёсат