Arşiv

Archive for Ocak 2021

СЮЖЕТ

(С точки зрения прозаика)

Сюжет исчезает. Потому, что исчезает Расстояние (расстояние во времени и в пространстве). Дорога человека сегодня укорочена до предела благодаря развитие транспортных средств, вследствие чего расстояние перестает быть весомой частью сюжета как прежде; степь сужена до мощностей мотора лайнера, где негде и некогда развернуться мысли.   

Чтобы готовить или подогреть еду понадобится намного меньше времени чем прежде: микроволновые печи или другие современные устройства просто созданы для того, чтобы скоротать Расстояние между приготовлением и принятием пищи: исчезает целая церемония приготовления еды, которую мог бы сочно описать рассказчик.

Человек, который долго жил вдали от дома может увидеть своих родных и разговаривать с ними по смартфону и разогнать свою скуку и тоску, которые благотворно служили бы для создания хорошего рассказа при неодолимом Расстоянии между родными.

Исчезает и расстояние между полами: женщины норовят равняться на мужчин, а некоторые европейские страны даже намерены вводит в обиход слово “оно”, такой средний род – пол, который по их плану должен совершенно уничтожить Расстояние между мужским и женским полoм, а еще точнее, уничтожить сам Род человеческий.   

Иногда кажется, что пандемия Ковид19 была создана кем-то именно для того, чтобы люди хранили это исчезающее Расстояние, чтобы сын Человека сумел выжить на этой планете.

МАКСУД БЕКЖАН

27.01.2021

Kategoriler:Uncategorized

СПОРТДА МИЛЛИЙ ШУУР

Бугун Ўзбекистонни дунё миқёсида энг кучли тарзда тамсил этаётган тоифа – ўзбек спортчилари, аниқроғи, бокс, кикбокс ва ММА жангчиларидир. Уларнинг, ҳеч муболағасиз айтиш мумкин-ки, миллий бирлик, миллий шуур, миллий ғурур ва давлатчилик тушунчасининг шаклланишида жуда катта роли бор.

Яқинда кикбокс бўйича Ўзбекистонда ўтказилган жанглардан бирида миллий шуур ҳақидаги мулоҳазаларимизга оид жуда таъсирли бир эпизодга гувоҳ бўлдим. Таниқли ўзбек ММА жангчиси Нурсултон Рўзибоев ўзининг Туркиялик рақиби билан курашар экан, ҳужумга ўтаётган пайтида бирдан кимдир, афтидан, Нурсултоннинг тренери бўлса керак, баланд овозда бақирди:”Қаттиқ урма!”. Ҳар доим “Қаттик ур, қаттиқроқ ур!” дейдиган ўзбек тренерининг ўз қардошига, турк қардошига кўрсатган бундай марҳамати, ҳақиқатан ҳам, таҳсинга лойиқ эди.

Бу ҳодиса ўтказилган анжуманда ҳукм сурган кайфият ҳақида менда жуда яхши, ижобий таассурот колдирди. Агар Нурсултоннинг тренери залдаги ва умуман, мамлакатдаги умум кайфиятнинг бир кўрсаткичи бўлса, умид қиламиз-ки, яқин бир неча йил ичида ўлкада ижобий ўзгаришлар ҳам бўлиб қолади.

МАҚСУД БЕКЖОН

25.01.2021

Kategoriler:Uncategorized

БЕГЛАР ОВУЛИДА

Туш каби мозийдан келар бир хитоб:

“Кеч ёқтилик!”,

“Келинг, келган яхшилик!”…

Буни англатолмас ҳеч қайси китоб,

Бу фақат Хоразмга махсус бахшилик.

“Соғмисиз? Дойимнинг ничик ёғдойи?”

“Тангри ёринг қолсин, биз соғмиз, шукр!

Дойинг ҳам тандорроқ бугун, ҳов дойи,

Жиянингиз келди, уллуси – Шукур!”

Бугун гужумлар йўқ, йўқ ҳовуз, солма,

Боғларнинг ўрнида етти ёт қавм.

Анов уй ўрнида бўларди олма,

Ҳов анов мўлдакнинг ўрнида қовун…

Беглар овулида қолмади беглик,

Аждодлар шарпаси кезар сарсари,

Қадлари пажмурда, бошлари эгик,

Аста кетиб борар йўқликка сари…

22.01.2021

МАҚСУД БЕКЖОН

Kategoriler:Uncategorized

ФАЗИЛАТНИНГ КЎРИНИШИ

Бу бир жуфт шиппак ҳар доим оёқ изидай, олдинма-кетин шаклда ётади эшик ўнгида. Ечилган шиппаклар одатда ёнма-ён туриши, уни кўрган кўзларга турғунлик, сокинлик туйғусини уқтириши лозим, аммо бу қоидалар ушбу шиппакларга, тўғрироғи, унинг соҳибасига оид эмас. Бу шиппаклар ҳолатига қараб, шиппаклар сохибасининг ҳатто бир лаҳза тўхташга ҳам вақти бўлмаганини, шиппакларини йўл-йўлакай ечганини кўриш мумкин. Шиппакларнинг бу тартибсиз ҳолати қусурнинг эмас, фазилатнинг кўриниши эди.

22.01.2021

Kategoriler:Uncategorized

ЁР(Т)ИМНИНГ КУЛГУСИ

Кулгуси ўксук эди,

Бўйи етмас эди севинчга кулгусининг…

Ташлагим келар кулгуси пойига

Бир Сабаб –

Ки, етсин севинчга бўйи.

21.01.2021

МАҚСУД БЕКЖОН

Kategoriler:Uncategorized

МАНСУБИЯТ ХУСУСИДА

Ўзбекистон ҳукумати мустақилликка (бу мустақиллик давлат мустақиллигидан кўра, кўпроқ ҳукумат мустақиллиги эди) эришганидан сўнг келажак авлодни “муносиб” тарбиялаш ҳақида 30 йилдан бери тинимсиз гапирди. Аммо ҳукумат бу “муносиблик”, бу “мансубият” объекти ким ва ёки нима эканлиги ҳақида бирон бир изоҳ бермади. Мамлакатда бу давр ичида туғилиб, вояга етганлар бугун энг ози билан 30 ёшга кирди, ажабо, бу авлодга қараб, ҳукумат “муносиб авлод” тарбияси хакидаги ўз нутқларида кимга ва нимага муносибликни назарда тутганини аниқлаш мумкинми?

21.01.2021

Kategoriler:Uncategorized

ҲАМЖИҲАТЛИККА ХИЗМАТ ҚИЛГАН “ҲАРБИЙ ДЕМОКРАТИЯ”

Туркистон тарихида жамият ичида Эрон, Ҳиндистон, Араб давлатлари, Русия ва ёки Оврупо давлатларида асрлар бўйи кўзга ташланган кескин каста ва табақаланиш бўлмаган. Баъзи тарихчи олимлар жамиятдаги бу кўринишга турк халқлари ичида доим мавжуд бўлган “ҳарбий демократия” маҳсули деб ҳам ҳам қарашади.

Албатта, турк халқларига хос бўлган бундай либерал муҳитни давлатчилик тизимларининг етарлича тараққий этмагани билан боғлайдиганлар ҳам топилади. Аммо сўнгги 2500 йил ичида бутун Овро-Осиёда кўплаб давлатларни қуриб, бу ҳудудлардаги турли хил дин ва ирққа мансуб бўлган кўплаб халқларни собит бир қўл билан бошқариб келган Турк миллатини “давлатчилик” тажрибаси етмаганликда айблаш ақли ноқислик бўларди. Жамиятдаги либерализм – давлатчиликка тескари пропорционал эмас. Бюрократик тизим ва қурилмалардаги қолиплар мутлақо жамиятдаги шахслар ўртасида қолиплар пайдо бўлишини тақозо қилмайди.

Туркистонда ва умуман, Турк улуслари ҳукмрон бўлган ҳудудларда оддий фуқаро ўз қобилияти ва меҳнати орқали давлатдаги энг юксак мақомга эришиши мумкин бўлган. Ҳолбуки, бундай юксалиш жамиятдаги табақалар кескин белгиланган қадимги Оврупо, Эрон, Араб ўлкалари ва ёки Ҳиндистон каби давлатларда имконсиз бўлган. Албатта, Туркистонда феодал зулм, ҳокимиятнинг аҳолига қарши эзувчи солиқ ва ўлпонлари мавжуд эди, аммо бу кўринишлар “каста” ва табақа шаклини олиб, инсонларнинг маънавий қиёфаларида юқорида зикр этилган давлатлардаги сингари чуқур из қолдирмаган. Жмиятда ҳар қандай косиб ва ёки деҳқонда ўз меҳнати, қобилияти ва ёки жасорати билан жамият поғонасидан юксалиш имконияти сақланиб қолган.

Қизиғи шунда-ки, Туркистон жамиятида “каста” ва табақа культини тадбиқ этишга энг сўнгги урунишлар Рус большевиклари тарафидан амалга оширилди. 20 аср бошларида дегани-деган бўлган бу каста номи “большевик” бўлган бўлса, кейинроқ уни “коммунист” деб атай бошлашди. Советлар пайтида коммунистларнинг “каста” ҳолига келгани шунда кўринар эди-ки, жамиятдаги бирон бир шахс коммунист бўлмай туриб, нафақат давлат поғоналаридан, балки, жамият иерархиясида ҳам (илм, маданият, санъат, адабиёт ва ҳакозо соҳаларда) юқорига кўтарилиши қийин эди.

Бир инсон илмий иш қилиши, фан номзоди ва ёки докторлик даражасига эришиши учун у мутлақо коммунист бўлиши лозим бўлган. Ёзувчи ҳам, агар у коммунист бўлмаса, давлат тарафидан ҳеч қандай тарзда рағбатлантирилмаган ва ёки мукофотланмаган. Давлат мансаблари, ҳарбий унвонлар ҳақида эса, гапириб ўтирмаса ҳам бўлади – коммунист бўлмаган киши бу минатақага якинлашолмас ҳам эди. Хуллас, “каста” фақат ирқий ва ёки диний заминга эмас, балки, сиёсий-идеологик заминга ҳам қурилиши мумкин экан.

Аммо тарихий нуқтаи назардан қараганда, Турк улус ва давлатларида на диний, на ирқий ва на идеологик бир каста бўлган. Турк давлатларида Давлатчилик устуни ўлароқ эълон қилинган дин (Тангри, кейинрок эса, ислом – Аллоҳ ) ва турк урф-одатлари ушбу давлат таркибидаги турли бошқа ирқ ва дин мансубларининг эътиқод ва дунёқарашлари учун мажбурий ҳисобланмаган. Бу хусусда Турк Ҳоқонлигидан(6-8 асрлар) қолган битикларда шундай дейилади: “Бировнинг бировдан устун жойи йўқдир. Оқ этнинг қорадан, қоранинг қизилдан ва қизилнинг сариқдан фарки йўқдир”.

Туркистонда қурилган империялар ва Анадолида турк қавми қурган энг катта ва узун умр кўрган Усмонли империясида ҳам асрлар бўйи бутун миллат ва динлар ҳеч қандай диний, миллий ва ирқий тазйиқларга учрамай, империя қурувчиси бўлган турк миллати билан бирга тенг яшаганлар. Бу минтақадаги бутун ички ва ташқи урушлар фақат ҳокимият учун олиб борилган урушлар бўлган – улар бир диний, ирқий ва ёки миллий мазмун касб этмаган.

Ҳатто Хива хонининг Эронга қилган талончилик юришлари ҳам, бу юришлар хонлар тарафидан халқ кўзини шамғалат қилиш учун қанчалик “жиҳод”, “ғазовот” деб аталган бўлса ҳам, улар қулдорлик савдоси учун қилинган юришлардан бошқа нарса эмас эди.

15 аср ўртларида Испаниядаги яҳудийлар мажбурий равишда ўз динидан воз кечтирилиб, насронийликка ўтишга зўрлана бошлаганида яҳудийларнинг катта қисми Усмонли империясидан паноҳ ва нажот топди ва бу ерда ҳеч ким уларнинг дини ва урф-одатларига аралашмади, уларга маҳаллий аҳолига қандай муомала қилинган бўлса, шундай муомала қилинди.

Айни воқеалар туфайли яҳудийларнинг Португалия ва ёки бошқа Оврупо давлатларига қочган қисми эса, яна ўша Испаниядаги каби зулм ва тазйиқлар остида қолди: яҳудийларнинг кўплари ё ўлдирилди, ё сургун қилинди, ё ўз динидан воз кечиб, насронийликка ўтиш мажбуриятида қолди.

МАҚСУД БЕКЖОН

18.01.2021

Kategoriler:Uncategorized

МУҲОЖИРНИНГ КЎКСИДАГИ САНДИҚ

Кўксингнинг бурчагида бир сандиқ бор, у сандиқда Ватан соғинчи ухлайди. Бу сандиқни очишдан сақланасан худди юнон мифологиясидаги офат келтирувчи Пандора қутисини очишдан сақлангандай.

Ўтган асрнинг 70 йилларидаги кунлардан бирида раҳматли отам ўзбек классик мусиқасини тинглар экан, бирдан аксириб юборди ва:”Ана, шамолладим, бунга мана шу қўшиқ сабаб бўлди”, дея хитоб килди. Мен отам нимани назарда тутаётганини тахминан фаҳмлаган бўлсам ҳам, ҳар эҳтимолга қарши:”Музикадан кандай шамоллаш мумкин?” деб сўрадим. “Яхши музика одам руҳини ва вужудини бўшаштиради ва у ҳар қандай ташқи таъсир олдида ҳимоясиз қолади, шундай пайтда одам тез шамоллайди”, деб жавоб берди отам. Бу жавоб отамнинг шамоллашига доир мен қурган тахминни тасдиқлади.

Ҳарбий хизматда, Германиянинг Наумбург шаҳрида биз қиш ойида, ҳатто қор ёғаётган пайтда ҳам белгача яланғоч бўлиб, “марш-бросок” югуришига чиқардик. Ташқарида кийимсиз ҳолда тўнгмаган вужудим казармага келиб, гимнастеркани кийганимдан сўнг бирдан тўнга бошлар эди. Бу тўнгиш – вужуднинг у яланғоч пайтида фаол бўлган ўз-ўзини ҳимоя қилиш инстинктини кўйлак кийилгач, тўхататиб, ҳимоя функциясини энди кўйлакка топширган ондан бошланар эди. Яъний, гап яна ўша отам назарда тутган “бўшашиш” ҳақида кетаяпти. 

Шу ўринда ўзимнинг 1980 йиллар бошида ёзган:

“”Кўчага чиқаркан,

Тавқи лаънат каби олиб юрманг қалбни ўзингиз билан”,

деган шеърий сатрларим эсимга тушади.

Муҳожирлар, кун келиб, ўз кўксидаги гизли сандиқни ҳеч қандай тараддудсиз очишни хаёл қилади. Аммо орзу қилмайди. Зеро, Орзу ҳам, юқорида айтганимиздек, таҳликалидир. 

МАҚСУД БЕКЖОН

16.01.2021

Kategoriler:Uncategorized

РАҲМДИЛЛИК

Отам Мадамин Бег “Жасорати учун” («За отвагу» — высшая медаль в наградной системе СССР.) медали ва бошка бир қанча орденлар билан тақдирланган.



Рахматли отам Мадамин Бег Иккинчи Жаҳон Уруши пайтида ўзида немис аскарларига қарши бир нафрат бўлмагани ҳақида гапирар эди. Уруш бошланган илк ойлардан бошлаб, кўнгилли сифатида урушга юборишларини сўраб, ҳарбий комиссариатга тинимсиз ариза ёзган отамдан бундай эътирофни эшитиш ғалати туюлар эди. Албатта, отамда немисларга нафрат бўлмагани сабабини бобомиз Бегжон Бегни сургун қилиб, сўнгра қатл этган Советларга қарши отамда бўлган нафрат билан ҳам изоҳлаш мумкин. Совет ишчи ва деҳқонлар ҳукумати раҳматли отамни “қулоқ боласи” бўлгани учун то 1942 йилгача урушга чақирмаган, фақат 1942 йилга келиб, фронтдаги вазият жуда оғирлашгани туфайлигина отам сингари “буржуазия” вакиллари ҳам урушга чақирила бошлаган.

“Қулоқ”ларни йўқ қилишда ғайрат кўрсатган баъзи “активист”лар урушга бормаслик учун ўз кўзига нос сепиб кўр бўлаётган ва ёки бошқа тан аъзосига зарар бериб, инвалидлик олаётган бир пайтда ушбу “ишчи-деҳқон” ҳокимияти тамсилчилари тарафидан “қулоқ боласи” сифатида мулки, уй-жойи, ерлари мусодара қилинган ва отаси шу ҳокимият тарафидан қатл этилган отамнинг ушбу ҳокимият учун урушга бундай талпингани, аслида, жуда нодир ҳодиса бўлган.

“Мен урушга байрамга кетаётгандай севинч билан кетганман, илк даъфа фронт линиясига яқин қолганиимизда кеча коронғилигини ёритиб учаётган “катюша” ракеталари кўзимга шу қадар гўзал кўринган эди-ки, канийди, тезроқ ўша жойга етиб борсам, деб юрагим ҳаприқиб кетганди”, – дея хотирлайди раҳматли отам. Аммо отам бу гўзал “катюша” ракеталари ёнига боришга улгурмган, чунки, манзилга йўл ўрмон орқали ўтгани туфайли отам таркибида бўлган батальон ўрмонга кириб, унинг ичида 10 дақиқа юрар-юрмас, бомба ёмғири остида қолган ва бомбалардан бири отамнинг ёнига тушиб, у учиб кетган ва ҳушидан кетган.

“Кўзимни очганимда, кун ёришган, ўзим эса, ўликларнинг устида ётганимни кўрдим, тепамдаги дарахтда эса, рота командиримиз осилиб ётар ва батальоннинг омон қолган қисми эса, аллақачон бу ерни тарк этган эди”, – деб хотирлайди отам. “Мени хайратга солган нарса,- деб хотирасини давом эттиради отам,- немислар кандай килиб, ўрмонда кетаётган батальонни кўриб, уни ўққа тутди? Кейин маълум бўлишича, командирнинг гапига кўра, немис “миномет наводчик”и совет аскарларини улар ўрмонга киришидан олдин кўрган ва уларнинг қанчалик тезликда ҳаракат этаётганини ҳисоб-китоб қилиб, бу тезликни харитадаги йўл йўналиши билан боғлаган ва 10 дақиқа ичида батальон қаерга етиб келиши мумкинлигини тахмин қилган ва шу тахминий нуқтага немис минометчилари ўт очган”.. Хуллас, отам тирик қолган бир неча сафдошлари билан бирга ўз батальони ва ҳарбий қисми изидан етиб бориш учун 2 кун вақт сарфлаган.

Уруш ҳақида отам сўзлаб берган уруш эпизодларидан менга энг кўп таъсир қилгани – унинг ўзи юзма-юз келиб қолган немис аскарига қарши ҳеч бир нафрат туймагани ва аввалига, то немиснинг ўзи таҳдид қилиб, ўлдирилишига сабаб бермагунига қадар раҳм қилиб, уни ўлдирмагани ҳақдаги воқеа бўлди.

Отам бу эпизод ҳақда шундай ҳикоя қилади:

“Хужум пайтида шу қадар қалин бомбардимон остида қолдик-ки, атрофни қалин тутун қоплаб, ҳужум линиясини йўқотганча кўр-кўрона буғдойзор ўртасида олдинга кетаётган пайтимда бирдан қаршимда папирос чекиб ўтирган немис аскарига дуч келиб қолдим. Унга милтиқни тўғрилагандим, у қўлини кўтариб, “мени отма”, дегандай ишоралар қила бошлади, ҳолбуки, тиззасида автомати бор эди. Немис ўзим каби 23-24 ёшлардаги ёш бир йигит эди, раҳмим келди, отмадим. У менинг отиш ниятим йўқлигини кўриб, севиниб кетди ва менга миннатдорчилик сифатида ўз тамакисидан узатди, аммо мен унинг тамакисини олмадим, немиснинг қаршисига ўтириб, ёнимдан ўз тамаки халтачамни чиқардим-да, газета қоғозига тамакини ўраб, чека бошладим. Немис имо-ишоралар билан қўлтиқ чўнтагидан икки-учта расм чиқариб, менга кўрсатди, афтидан, ота ва онасининг расмлари эди. Сўзсиз, имо-ишорадан иборат суҳбатимиз то ўраган папиросимни чекиб бўлганимча давом этди ва сўнгра мен жуда эҳтиёткорлик билан ўрнимдан қўзғалдим ва немисга “мен кетдим” дея ишора қилароқ, ундан қўрқмаганимни кўрсатиш учун орқамга тисарилмай, унга орқа ўгириб, бемалол кета бошладим, аммо икки қулогим орқада – милтиғимни ҳар лаҳзада ишга солишга тайёр ҳолда борар эдим. Шунда бирдан, худди хавотирланганимдек, орқадан автомат затворининг шарақлаб тортилгани эшитилди ва мен шартта ўгирилиб, уни отиб ташладим, гуноҳи бўйнида кетди…”

Отам оддий немис аскарларига ўзида нафрат бўлмагани ҳақда гапирар экан, айни пайтда немис генералларидан жуда нафратланганини ҳам гапирар эди. “Лагердаги асирга тушган немис генералларини “прогулка”га чиқарганимизда улар бизга шу қадар нафрат билан ўқрайиб қарар эдилар-ки, уларга “ўқрайма” дея ёқасидан ушлаб, оркасига тепишга тўғри келарди, аммо шунга қарамай, очликдан оёғида зўрға турганига карамай, гандираклаб кетаркан, яна ўқрайиб кетишини канда қилмас эдилар улар. Аммо оддий немис аскарларини мен ҳеч қачон урмаганман, чунки, сен қандай бўлсанг, у ҳам шундай оддий бир одам деб ҳисоблар эдим ва улар ҳеч қачон генераллари каби бизга ўқрайиб карамас эдилар”.

Рахматли отам 1942 йилда урушга кетиб, 1946 йилда урушдан кайтди, афтидан, Совет ҳукумати унинг урушга бир йил кеч кетганини шундай тарзда “компенсация” қилди. Тўғри, 1943 йилда у қўлидан яраланиб, бир ойлик “отпуска” билан Хоразмга келди ва бир ойдан сўнг яна маршал Рокоссовский армиясида урушни давом этдирди. Аммо орадан бир йил ўтиб, оёғига бомба осколкаси тегиб, у яна яраланди ва 2 ой госпиталда қолди.

(Раҳматли отам ҳаётининг шу жойига доир ўзи сўзлаб берган кичик бир ҳодисани қўшиб ўтишни лозим топдим. Отам урушда яраланиб, Амударё пароми орқали Хоразмга бир ойлик “отпуска”га келаётганида бобомиз Бегжон Бегнинг фожеали қисмати билан боғлиқ бир “эътироф”га шоҳид бўлган. Отам бу ҳақда шундай ҳикоя қилади:”Паромда кекса бир одам билан гаплашиб колдим, исми Матназар экан, у менинг исми-шарифимни, уруғимни суриштириб, бирдан авзойи ўзгарди ва:”Отанг Бегжон Бегни НКВДга мен тутиб берганман, мени кечир, ҳозир қилган ишимдан жуда пушаймонман”, деди. Билдим-ки, бу одам Бухородаги НКВДнинг “вольное поселение” шаклидаги қамоғидан Хоразмга қочиб келиб, кейин бу ердан Тошоузга кетиб қолган отам Бегжон Бегни яна НКВДга тутиб берган “Жаллод” лакабли Матназар экан” . (Изоҳ: Бу воқеалар ҳақда кейинроқ батафсилроқ ёзиш ниятим бор. М.Б).

1945 йилда отам Польшанинг Краков шаҳри комендатурасида хизмат қилди, у оддий аскар бўлганига ва унда ҳеч қандай ҳарбий унвон бўлмаганига қарамай, уни комендатурадаги Оператив бўлим командири қилиб тайинлашди. “Устидан маҳаллий аҳоли тарафидан шикоят ёзилган ва ёки ароқкўрлик билан қўлга тушган совет офицерлари биздан жуда қўрқар, қошимизда ёш боладай бўлиб қоларди”, деб хотирлайди отам. Польша ресторанида совет офицери қандай қилиб, у ердаги аҳолига қарши безорилик қилгани ва унинг отам бошқарган бўлимга қарши қурол ишлатиб, қандай қўлга олингани сингари воқеаларни ҳикоя қилиб берар экан, айни пайтда “яхшиям, биз Краковда қолдик, Берлингача бормадик, эшитишимизга караганда Берлинда жуда ёмон нарсалар бўлган, совет аскарлари немисларнинг ёш болалари ва гўдакларини ҳам дарёга отиб юбораверишган”, дер эди. Отамнинг айтишича, Берлин олинганидан сўнг Сталин 3 кун давомида аскарларга немислардан ўч олишлари учун тўла эркинлик бериб қўйган ва фақат уч кундан сўнг совет аскарлари тарафидан содир этилган ҳар қандай конунбузарлик учун отув қарори жорий қилган.

Хуллас, уруш пайтида кузатилган бундай воқеалар фонида бир-бирига душман бўлган икки тараф оддий аскарларининг бир-бирига карши шахсий адоват туймагани – у қадар ғайри-оддий ҳодиса бўлиб кўринмаса керак, деб ўйлайман.

МАҚСУД БЕКЖОН

13.01.2021

Kategoriler:Uncategorized

УМР

“Бундан 50 йил олдин…”, – дейсан-у, бирдан жим бўласан, ичингдан истеҳзоли бир кулгу келади, чунки, тўсатдан кўз олдингда гавдаланган ЯРИМ АСРЛИК МУДДАТ қошида ўша пайтда юз берган ва ЯРИМ АСРДАН бери эсингда сақлаб келганинг ва ҳозир гапириб беришга шайланганинг у воқеани бирдан унутасан – сўзлар мазмунсиз кўринади.

13.01.2021

Kategoriler:Uncategorized

ЁМҒИР ШИВИРИ

ЁМҒИР ШИВИРИ

“Бу бир Илтифот,

Муҳаббат эмас”, –

Шивирлар Ёмғир…

“Менинг шивиримдан ҳам излама бир нарса,-

шивирлар яна Ёмғир,-

Шивир – туйғу эмас,

Табиатимдир”.

05.01.2021

ШЕПОТ ДОЖДЯ

“Это вежливость, а не любовь, –

Шепчет мне дождь…

“И не принимай так близко к сердцу мой шепот, –

шепчет дождь еще тише,-

Шепот мой – не чувство,

А Натура моя…”

05.01.2021

Kategoriler:Uncategorized

АНЪАНА ВА ЗАМОНАВИЙЛИК МУВОЗАНАТИ

Бу қанчалик парадоксал эшитилмасин, аммо фикр оригиналлиги доим чуқур анъанавийлик устига қурилгандир. Яна ҳам аниқроғи, фикрдаги оригиналлик мустаҳкам Анъана билан Замонавийлик тўқнашган жойда туғилади. Бу қарама-қаршилик, бу тўқнашув бўлмаган жойда фикр ҳам учқунсиз ва ёлқинсиздир. Шу маънода Анъанавийликни “қолоқлик”, “консерватизм”, “даққиюнуслик” ва яна алланималар деб номлаётганлар қаттиқ янглишадилар. Ушбу фикрнинг ҳаммага тушунарли бўлган, содда ўрнакларидан бирини биз Турк рекламаларида кўзга ташланадиган жозибада кўришимиз мумкин. Овруподаги “ўлик” рекламалар билан солиштирганда, Туркияда тайёрланган рекламаларнинг кўпчилигини ҳеч иккиланмай, “санъат асари”, деб аташимиз мумкин.

Анъананинг аҳамияти Замонавийликка пропорционал равишда ўсади ва агар бу пропорция йўқ бўлса, шу ерда фикрий ва руҳий Таназзул бошланади. Бундай Таназзул мисолини биз пропорцияни Замонавийлик ҳисобига бой берган Ғарб дунёсининг бугунги руҳий аҳволи орқали аниқ кўришимиз мумкин. Худди шундай диспропорция Анъанага “муккасидан кетган” ҳолда Замонавийликкка душманча қараган Осиё ва Африка мамлакатларида ҳам тантана қилмоқда. Ер куррасининг бу минтақалардаги аҳволни бир хил деса, бўлади: фарқ фақат ташқи кўринишдадир.

Бугун дунёда Анъана ва Замонавийлик Пропорциясига эришиш учун қаттиқ ҳаракат қилаётган озчилик давлатлардан бири – Туркиядир. Асрлар бўйи Осиё, Африка ва Оврупо минтақаси руҳини ўзида мужассам қилган бугунги Туркия ўзининг бугун юритаётган сиёсати ва кайфи ҳоли билан, ҳеч шубҳасиз, Усмонли Империясидаги кенгликни (бағри кенглик, нуқтаи назар кенглиги, минтақадаги ва дунёдаги таъсир доираси кенглиги ва ҳакозо) намоён қилмоқда, дейиш мумкин.

МАҚСУД БЕКЖОН

01.01.2021

Kategoriler:Uncategorized