НАФС ЖАРЛИГИ
25 март куни Ўзбекистон Ахборот Агентлиги саҳифасида сенсацион бир мақола чоп этилди
(https://uza.uz/…/ozbek-olimlari-saratonni-99-foizgacha…).
Мақолада айтилишича, Ўзбекистонда дунё табобати тарихида илк бор саратон(рак) ҳасталигига қарши энг самарали бир дори ишлаб чиқилди, бу дорининг самарадорлик савияси 99 фоизни ташкил этади. Бу мўъжизавий дори ҳақда Ўзбекистон Фанлар Академияси Ядро физика институти директори, техника фанлари доктори, профессор Илҳом Содиқов батафсил гапириб берган.
Илҳом Содиқов дунё олимлари бу дорини мўъжизавий бир дори деб олқишлашаётганини айтади. Унинг айтишича, бундай дорининг анча самарасиз ва организмнинг бошқа органларига зарарли бўлган ҳорижий аналогларининг битта дозаси ҳозирги кунда АҚШда 70 минг доллар, Европа мамлакатларида эса, 25 минг доллар атрофида сотиляпти. “Бизнинг институтимиз эса, энг самарали ва бошқа органларга зарарсиз бўлган ушбу типини республикамиздаги 3 та онкологик клиникаларга 1,5 минг АҚШ доллари нарх билан етказиб беришни йўлга қўйди”, дейди олим сухбат чоғида.. Олимнинг айтишича, бу маҳсулот Америка Қўшма Штатлари, Германия, Россиядаги маҳсулотларга нисбатан 10 баробар тоза бўлиши билан бирга, 15-50 мартагача арзон.
Бу сухбат эълон қилинганидан сўнг орадан бир неча соат ўтар-ўтмас, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот ҳизмати “Телеграм” каналида бу “хабар “асоссиз” деган баёнот тарқатди. Мужмал бир матндан иборат бу баёнотда олим келтирган конкрет фактларга қарши бир эьтироз билдирилмаса-да, дорининг олим айтганидай мўъжизавий эмаслиги таькидланади.
Ўзекистон ҳаётидаги бундай кўринишлар советлар пайтидаги жуда кўп буюк ўзбек олимларининг иҳтиролари йўқ қилингани ва ёки бошқа давлатлар олимлари, хусусан, руслар томонидан ўзлаштриб олингани билан боғлиқ воқеаларни эсга солади.
Фақат советлар пайтидагидан фарқли ўлароқ, бугунги мустақил Ўзбекистон шароитида муаммо “миллий ифтиҳор, миллий ғурур масаласи” эмас, балки, жуда катта миқдордаги даромад, пул масаласига айланган кўринади.
Мадомики, бу дорининг бир дозаси Америкада 70 минг доллар, Оврупода 25 минг доллар, Ўзбекистонда эса, 1,5 минг долларни ташкил этар экан, бу нарҳлар ўртасидаги Жарлик ва Ўпқон хокимият тепасидаги ҳар кандай юҳонинг инсоф ва диёнатини бир зумда симириб, ютиб юборишига ҳеч шубҳа йўқ.
Мақсуд Бекжон
26.03.2023