ЎЗБЕКИСТОН ПРЕЗИДЕНТИНИНГ АҚШГА ЙЎЛИ

АҚШдаги 11сентябр портлашлари бутун дунё сиёсий қарталарини қориштириб юборди – портлашлардан сўнг дунё миқёсидаги геостратегик ҳадафлар ва ҳудудлар ўзгарди; илгариги рақиб ёки душманлар иттифоқчиларга айланди, демократия тарғибчиси ва тимсоли бўлган давлатлар авторитаризм ҳимоячилари ва рамзи бўлган давлатлар билан ҳамкорлик қила бошлади.

Daha fazlasını oku…

Kategoriler:Uncategorized

ПРЕЗИДЕНТ КИМГА “МУХОЛИФ”ЛИК ҚИЛМОҚДА?

Яқинда Ўзбекистон Вазирлар Кенгаши йиғини чоғида мамлакат раҳбари Ўзбекистондаги иқтисодий аҳволни қаттиқ танқид қилди. “Бу – Каримовнинг сўнгги йиллар ичидаги энг кескин танқидий чиқиши бўлди”, дея ёзишди шарҳловчилар.

Daha fazlasını oku…

Kategoriler:Сиёсат

ЧИНГА “СОВҒА” ҚИЛИНГАН ТУРКИСТОН ЕРЛАРИ

Бундан икки ярим минг йилча илгари яшаб ўтган “хун” номи билан аталган Турк қабилалари ўз ватанларининг ҳар бир қарич ерлари учун жон ва молларини, бутун борлиқларини фидо қилганликлари ҳақда ҳикоя қилувчи шундай ибратли бир ривоят бор:

Daha fazlasını oku…

Kategoriler:Сиёсат

ХИТОЙ ДЕВОРИНИНГ ИЧКАРИСИДА

Мен ўз халқимнинг буюк тарихига қарайман-да, ҳайратдан, “балки, бу қадар эмасдир, балки, кимдир менинг шуурим билан ҳазиллашаётгандир, бир халқнинг тарихи бу қадар бўлмас, бир халқ учун бу қадар кўп буюк инсонлар кўплик қилмасмикан” дея шубҳалана бошлайман. Аммо атрофимга боқиб, мен билан ҳазиллашаётган мавжудотни тополмайман ва “ҳа, халқим хақиқатдан ҳам шунчалик буюк инсонларни етиштириб, шунчалик буюк давлатлар қурган” деган ҳайратимга яна қайтаман.

Daha fazlasını oku…

Kategoriler:Сиёсат

ПАРИШОНХОТИРЛАР МАМЛАКАТИДА

Элимиз паришонхотир. Ким билади, балки, унинг муттасил равишда ўзини “бахтли” ҳис қилишининг сири ҳам мана шу саодат келтирувчи паришонхотирликдадир. Нима бўлганда ҳам ҳали бировнинг ўз паришонхотирлиги учун жазоланганини эшитмадик. Аксинча, мукофот олаётганларнинг ҳаммаси айнан паришонхотирлардир. Ёки, яна ҳам аниқроғи, ўзини шундай қилиб кўрсатаётганлардир.

Daha fazlasını oku…

Kategoriler:Сиёсат

ЎТМИШГА ҚАРАБ ОЛДИНГА…

Бугун Ғарб дунёси “армани генотсиди” ҳақида гапирмоқда ва хар ерда уни “расман  эълон қилиш” иштиёқи кучайган. Нега бугун бундан деярли бир аср илгари юз берган, қолаверса, тафсилотлари мавҳум ва ноаниқ бўлган бир воқеани бутун Ғарб дунёси, барча долзарб ташвишларини ташлаб, муҳокама қилишга тушиб кетди?

Daha fazlasını oku…

Kategoriler:Сиёсат

АТАМАЛАР ЭВОЛЮЦИЯСИ

“Ислом экстремизми фактори”, “ислом фундаментализми фактори”, “ислом фактори”… Терминларнинг тобора юмшаётганини сезаяпсизми? Терминлар юмшаяпти, аммо уларга юкланган мазмун тобора қаттиқлашмоқда.

Daha fazlasını oku…

Kategoriler:Сиёсат

ЮНОНИСТОН БИЛАН ЎЗБЕКИСТОН КИМГА ҚАРШИ ИТТИФОҚ ТУЗМОҚДА?

Яқинда Юнонистон мудофаа вазири Акис Чохожолупос расмий визит билан Тошкентга келди. Визит чоғида юнон вазири Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан кўришди. Сўнгра Ўзбекистон мудофаа вазири Ҳикматулло Турсунов билан кўришиб, икки давлат ўртасида ҳарбий ҳамкорлик қилиш ҳақидаги шартномани имзолади.

Daha fazlasını oku…

Kategoriler:Сиёсат

Из “Дневник”а

МОЛИТВА КАК НАГРАДА

Молитва, изторгнутая из недр твоей души – это не послание к Богу, это сам Бог говорит в тебе. Это эхо Божьего голоса. То есть, молитва и есть результат твоей мольбы, она сама уже является  для тебя наградой.

Daha fazlasını oku…

ЎЧАЁТГАН ОЛТИН ШУЪЛАСИ

Сўнгги пайтларда дунё бозорларида олтиннинг нархи тез суръатлар билан туша бошлади. Яқин орада олтин ўзининг барча нарсаларга қўйиладиган қиймат эквиваленти сифатини тўла йўқотиши мумкин. Баъзи мутахассисларнинг фикрича, энди олтин даври ўтди, энди у ҳам худди кумуш сингари дунё молия саҳнасидан чиқиб кетади. Уларнинг айтишича, айнан мана шунинг учун ҳам ривожланган давлатларнинг марказий банклари ҳозир шоша-пиша ўз олтин захираларидан қутилиб олишга урунмоқда – бу захиралар эса, юзлаб тонналарни ташкил этади. Англия Банки бошқарувчиси Эдди Жоржнинг эътирофича, олтин шуқадар қадрсизланганки, келгуси йилдан иш бошлайдиган Европа Марказий Банки бундан кейин ўз резервларида олтинга таянмайди.

Daha fazlasını oku…

Kategoriler:Сиёсат

ЎЗБЕКИСТОНДА МАФКУРА ВАСВАСАСИ

Мамлакатимиз ўз тарихи давомида ҳеч қачон бугунгидай йўлсизлик, мақсадсизлик, қоронғулик ва калтабинлик холатига тушиб қолмаган бўлса керак; халқимиз ҳеч қачон бугунгидай ўзининг идеал ва орзуларини, анъана ва урф-одатлариниинсонийлик ва ўзаро меҳр-оқибатини йўқотмаган бўлса керак.. Мана, неча йиллардир-ки, халқни бу аҳволга солган Ўзбекистоннинг бугунги ҳукумати халқнинг маҳв этилган орзулари ўрнига, худди болага хўрозқанд излагандай, бир мафкура топиб беришга уруниб ётибди. На бирон бир идеали, на  мамлакатни бошқариш борасида бирон бир режа ёки лойиҳаси бўлган ҳукуматнинг қандай мафкураси бўлиши мумкин?

Daha fazlasını oku…

Kategoriler:Сиёсат

ГИПНОЗ ОСТИДА

Оммавий ахборот воситалари орқали аҳолини зомбилар тўдасига айлантириб қўйиш мумкинлиги ҳақида кўп гапирилди ва ёзилди. Ўзимиз ҳам советлар давридаги ахборот воситалари тимсолида бунинг гувоҳи ва ҳатто кўпчилигимиз қурбони бўлдик. Ш.Рашидовдан сўнг Ўзбекистон компартияси бош котиблигига тайинланган Усмонхужаев:”Бизни гипноз қилиб қўйишганди”, деб бекорга айтмаганди. Худди Р.Киплингнинг “Маугли” асаридаги баҳайбат илон Као ейишдан олдин ўз қурбонларини гипноз қилганидай, тоталитар тузум ҳам ейишдан олдин ўз қурбонларини гипноз қилиб, уни ҳаракатсиз, қаршилик қила олмайдиган ҳолга келтиради ва сўнгра уни юта бошлайди.

Daha fazlasını oku…

Kategoriler:Сиёсат

ТАРИХИЙ ХОТИРАСИЗ ЎТМИШ ҲАМ ЙЎҚ…

(Президент И.Каримовнинг “Тарихий хотирасиз келажак йўқ” номли мақоласига муносабат)

Ўзбекистонда чиқадиган “Мулоқот” журналида(1998 йил, 5 сон) президент И.Каримовнинг “Тарихий хотирасиз келажак йўқ” номли мақоласи чоп этилди. Аслида, бу матнни “мақола” дейиш қийин, чунки, унда бирон бир фикр йўқ, бу нарсани халқ учун ёзилган бир “йўлланма” дейиш ҳам имконсиз, чунки, унда кўрсатилган бирон йўлнинг ўзи ҳам йўқ.

Daha fazlasını oku…

Kategoriler:Сиёсат

КАРВОНБОШИМИ Ё НАРВОНБОШИ?

“Халқ сўзи” газетининг 1998 йил 16 октябр кунги сонида “Ўзбекистон минтақавий карвонбоши” номли улкан мақола чоп этилди. Мақола сарлавҳаси тагидаги изоҳдан ушбу мақоланинг “Бозор иктисодиётига ўтишнинг ўзбек модели мавзуида халқаро илмий-амалий конференциядан сўнгги мулоҳазлар” эканлигидан воқиф бўламиз.

Daha fazlasını oku…

Kategoriler:Сиёсат

ТЕЖАМКОР ИҚТИСОД

Советлар салтанатининг йўлбошчиларидан бири бўлган Л.И.Брежнев ўз вақтида мазмуни жиҳатдан “асрларга татигулик” бир шиор кўтариб чиққан ва 285 миллионлик аҳолига эга бўлган буюк бир империя бир қанча йиллар давомида ана шу шиор-метафора билан яшаб келган эди. Бу шиор шундай жаранглар эди: “Экономика должна быть экономной”. Ўзбек тилига ағдарилганида бу шиор ўзининг “жарангдор”лигини бир оз йўқотиб, шундай эшитилар эди:”Иқтисод тежамкор бўлмоғи лозим”. Қизиғи шундаки, совет тадқиқотчиларидан биронтаси иқтисоднинг қандай қилиб “тежамкор” бўлиши мумкинлигини, тежамкор бўлган иқтисод қандай бўлишини тушунтириб бера олгани йўқ.

Daha fazlasını oku…

Kategoriler:Сиёсат

СЕНДАН БУЮК АЛЛОҲ БОР …

Машҳур  рус файласуфи Николай Бердяев айтганидек, “фақат сохта ҳукуматларгина сўз эркинлигидан қўрқади”…

Қадимда хаста одамларнинг қонини олиб, даволаш кенг удум бўлган. Ортиқча қони олиб ташланган хасталар бир зумда тинчланиб, соғая бошлаганлар. Жамият ҳам инсон вужуди каби бир организмдир. У ҳам қон чиқариб туришга демайлиг-у, дарду-ҳасратларини тўкиб туришга эҳтиёж сезиб яшайди. Дарду-ҳасратни эса, фақат уни очиқ ифода этган ҳолдагина, тўкиш мумкин. Япония, Америка ва Оврупода қўлланилаётган тадбирларга қаранг: бу мамлакатларда кўпинча ўз ишчилари билан ихтилоф қилишни истамаган улкан ширкатларнинг раҳбарлари завод ёки фабрика дарвозалари олдига ўзларининг манекен шаклидаги кўринишларини чиқариб қўйишади. Раҳбардан ёки ўз ишидан норози бўлган ишчилар заводга кираётиб, ичида тўпланиб қолган бутун аламини шу манекенга тўкиб, уни хумордан чиққунча дўппослашлари мумкин. Бундай “қасос”дан сўнг ишчи, албатта, дарров тинчланади ва энди унга ҳаёт аввалгидай фожиали бўлиб кўринмайди. Энди у ўзининг талаблари ҳақида ҳам бир оз ўйлаб кўриш ва уни раҳбариятга қабул қилинадиган шаклда, босиқлик билан етказиш имконига ва фурсатига эга бўлади.

Daha fazlasını oku…

Kategoriler:Сиёсат

МЮНХАУЗЕННИНГ САМАРАСИЗ ТАЖРИБАСИ

Ўзбекистон милициясининг Ўрта Осиё жумҳуриятларида худди ўз уйида юргандай бемалол бегуноҳ одамларни ўғирлаб кетаётгани,  Ўзбекистонда ҳеч қандай сиёсий силжиш юз бермаганини яққол намоён қилмоқда. Шу йил январ ойида Наманган милициясининг, Ўшда яшаётган Қирғизистон фуқароси Зокиржон Нурматовни олиб қочгани, ҳатто Қирғизистон милиционерларини ҳам ғазабга солди.

Вақт ўтган сайин Ўзбекистон ўзининг “минтақа полицайи” сифатидаги шуҳратини орттирса орттираяпти-ки, аммо камайтиргани йўқ. Асрлар бўйи доимо минтақага зиё тарқатиб келган Ўзбекистон, бугунги кунда минтақанинг зулмат таратувчи қора қуёшига айланиб қолмоқда.

Daha fazlasını oku…

Kategoriler:Сиёсат

МАДДОҲЛИК

Азалдан тирикчилик қилишнинг энг осон йўлларидан бири маддоҳлик бўлиб келган. Mаддоҳ тили билан турмушини тебратади. Тилдан бошқа ҳеч нарса талаб қилинмайдиган бундай ғаройиб касб билан ҳозир Ўзбекистонда юзлаб журналист ва ёзувчилар тирикчилик қилмоқда. Уларнинг юзлаб тиллари занглаган тузумни бир оз бўлса-да ялтиратиш умидида ялаб-юлқаб ётибдилар. Бу маддоҳлар ўзларининг қавариб кетган тилларига вазиятга қараб, гоҳ асал, гох заҳар суртиб туришади. Тилнинг асал суртилган томони билан улар тузумни яласалар, заҳар суртилган томони билан тузумни танқид қилганларга қарата заҳар сочадилар. Тилдаги заҳар микдори, одатда, тилдаги асал миқдорига пропорционал равишда оша боради. Бу – лаганбардорлик ва маддоҳлик табиатининг ўзгармас қонунидир.

Daha fazlasını oku…

Kategoriler:Сиёсат

ҲУКМДОРГА ЛОЙИҚ ХАЛҚ

Агар “ҳар бир халқ ўз ҳукмдорига муносиб”, деган ибора тўғри бўлса, демак, дунёда адолатсизликнинг ўзи йўқ экан. Яъний, ҳар ким экканини ўради. Демак, ҳар куни рўй бераётган адолатсизликлар, аслида, адолатсизлик эмас, балки адолатнинг юксак тантанасидир. Бу иборадан “тақдир ҳақ” ёки “ҳар ким пешонага ёзилганини кўради”, сингари диний ақидаларнинг ҳам тафти келиб туради. Ҳатто ундан (“тақдир” ва “пешона” ҳақидаги гапларга қанчалик зид кўринмасин) “табиий танлов” назариясининг ҳиди келаётганини ҳам сезиш мумкин. Бу ўринда XIX-асрда яшаб ўтган фаранг шоири Шарл Бодлернинг “Гадойларни дўппосланг!” номли кичик бир ҳикояси эсга тушади. Ҳикояни тўлалигича келтирамиз:

Daha fazlasını oku…

Kategoriler:Адабиёт

ПАРАДОКСАЛ МАНТИҚ ЁКИ “ДЕМОКРАТИК СТАНДАРТ” ҲАҚИДА

“Известия” газетасида Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг интервюси эълон этилди. Интервю “Ўзбекистон айсберг эмас”, дея номланган. “Президент ўз матбуот хизмати томонидан тайёрланган ёзма жавобларни бир четга суриб қўйиб, жонли суҳбат ўтказишни афзал кўрди”, дейилади суҳбат бошида редакция томонидан ёзилган изоҳда. Интервюда И.Каримовнинг Ўзбекистон иқтисодий-сиёсий модели ҳақида, жумҳуриятнинг ташқи алоқалари хусусида берилган саволларга қайтарган жавоблари келтирилади. Журналистларнинг саволлари ҳам, уларга берилаётган жавоблар ҳам ҳайратланарли даражада, бундан 5-6 йил илгари унга берилган савол ва жавобларни эслатади.

Daha fazlasını oku…

Kategoriler:Сиёсат

АСОРАТ

“Тоталитаризм даврида мен ўзимни ҳозиргидан кўра анча эркинроқ ҳис қилардим”,–дейди “Свобода” радиосига интервю берган  рус ёзувчиларидан бири. Бундай парадоксал фикрни сўнгги 10 йил ичида, яъний, Горбачёвнинг “ошкоралиги” бошланган пайтдан то бугун ҳамма жойда декларация қилинаётган “сўз эркинлиги” даврига қадар ўтган вақт ичида тез-тез эшитадиган бўлиб қолдик. Ҳатто баъзилар: “Адабиёт ривожи учун тоталитар тузум зарур, чунки, фақат шундай тузумдагина адабиёт нозик ташбеҳларга бой бўлади, топқир бўлади”, дея бошладилар. Бундай фикрни тарғиб қилаётган одамларни коммунистик тузумни реабилитация қилишга уринаётганликда айблаш қийин.

Daha fazlasını oku…

Kategoriler:Адабиёт

БОҒДОД ТИНЧ, ХОТИРЖАМ УХЛАНГ…

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ҳокимият тепасига келган илк чоғларида бери бир тактикани қўлллайди, унинг бу тактикаси жуда оддий ва энг муҳими, ишонувчан фуқаролар учун таъсирчан бир тактикадир. Масалан, у жумҳурият ёки вилоят миқёсида ўтказилаётган телевидение ва радио ходимлари, журналистлар иштирок этаётган мажлисда ўзининг мулозимларидан бирини ёки бир қанчасини астойдил тергай бошлайди.

Daha fazlasını oku…

Kategoriler:Сиёсат

“ТАСАВВУФ” АТРОФИДА

Бугун тасаввуф ҳақида кўп гапирилаётир. Айниқса, ёш адабиётчилар ичида тасаввуф ҳақида гапириш, ўзининг ҳали шаклланмаган мушоҳадаларини суфийзм сифатида тақдим этиш удумга айланмоқда. Албатта, бундай кўринишларга ҳам, худди советлар даврида ёзилган мадҳиябозликларга кўрсатилгандай муносабат билдириб, уларни пайқамасликка ҳаракат қилиш мумкин. Аммо мадҳиябозлик ўзининг бутун сохталиги ва иккиюзламачилигига қарамай, ниқобсиз оқим эди. Суфийлик кўринишидаги ниқоб эса, шундай бир улуғвор ниқоб-ки, у билан узоқ вақтгача ўқувчини алдаб юрса бўлади.

Daha fazlasını oku…

Kategoriler:Сиёсат

ЯГОНА ДАВЛАТ ТАМАЛИ

Ўзбекистонда советлар даврининг энг асосий жиҳатларидан бири бўлган– фуқароларни прописка қилиш ишига зўр берилмоқда. Аниқроғи, фуқароларнинг пропискасиз бир қадам ҳам юра олмаслиги учун ҳукумат томонидан барча тадбирлар кўрилмоқда. Маълумки, прописка – тоталитар тузумда инсонларни доимий назорат остида ушлаб туриш учун ўйлаб топилган қуроллардан бири эди. Пропискасиз инсон, инсон эмас эди. Бу нарсасиз одам на ишга қабул қилинар, на уй-жой сотиб олар ёки қура олар эди. Аммо советлар даврида вилоятлардан Тошкентга келган фуқаро пропискасиз бемалол пойтахтга келиб-кетиши ёки бир мунча муддат бу ерда меҳмон бўлиб қолиш эркинлигига эга бўлган бўлса, ҳозирги кунда,қишлоқдан Тошкентга келган деҳқон дарқол маҳаллий милицияга бориб, рўйхатдан ўтиши лозим.

Daha fazlasını oku…

Kategoriler:Сиёсат

РУСЛАРНИНГ ОЛЛОҲ ВА ТАНГРИ ҲАҚИДАГИ “БИЛИМ”ЛАРИ ХУСУСИДА

Сўнгги кунларда Россия ва Туркия ўртасидаги муносабатлар бир мунча совуқлашди. Азалдан бир-бирига рақиб сифатида қараб келадиган бу иккита давлатнинг халқаро майдондаги ҳар бир қадами у ёки бу шаклда доимо бир-бирларининг манфаатларига зид бўлиб чиқади.

Daha fazlasını oku…

Kategoriler:Uncategorized

ХАЛҚНИНГ ЛАЁҚАТИ

“Ўзбеклар завод ва фабрикаларда ишлай олмайдилар, уларда бундай қобилият йўқ”. Рус империячилари ўйлаб топган бундай гап советлар даврида яшаб кўрган ҳар бир ўзбекка танишдир. Бу шиор билан бир томондан ўзбекларнинг нисбатан тараққийпарвар ва ўқимишли бўлган ишчилар синфига келиб қўшилишининг олди олинар, иккинчи томондан, сиёсий ўчоқ ҳисобланган шаҳарлардаги демографик вазият руслар фойдасига сақлаб турилар эди.

Daha fazlasını oku…

Kategoriler:Сиёсат

КИМГА ҚАМОҚ, КИМГА МУКОФОТ…

Ўзбекистонда юзлаб мачитлар фаолият кўрсатмоқда, жума намозларига минглаб одамлар келади, аммо бу мачитларда одатда ҳукм суриши лозим бўлган юксак маънавий иқлим ва самимият йўқ, эркинлик йўқ. Одамлар бу ерда, асосан, ҳукумат тарафидан қўйилган имом ва муллаларнинг ўзига яраша тўқилган, мавжуд мустабид тузумга ҳамду-санолар ўқишдан иборат бўлган ваъзларини тинглашга мажбурдирлар. Ҳақиқий диний уламолар эса, қамоқларга ташланмоқда, йўқ қилинмоқда ёки қувғин қилинмоқда. Ислом дини Каримов режими томонидан экстремизм ва миллий-диний низолар тимсоли сифатида тарғиб қилиниб, у билан бутун минтақа қўрқитилаётган айни пайтда бошқа динларга нисбатан ғаройиб бир меҳрибонлик кўрсатилмоқда ва ҳатто улар ислом динининг том акси ўлароқ, “халқлар дўстлигини мусаҳкамловчи” дин сифатида тарғиб қилиниб, уларнинг роҳибларига орденлар берилмоқда.

Daha fazlasını oku…

Kategoriler:Сиёсат

НАРСАЛАРНИНГ ЎЗ НОМИ

1994 йилда ҳукумат қарори билан Тошкент Давлат университетининг журналистика факултети тарқатиб юборилган ва орадан бир йил вақт ўтиб, хато англанилди, шекилли, факултет қайта тикланган эди. Ҳозир эса, Ўзбекистонда малакали журналистлар тайёрлаш кераклиги ҳақида гапирилмоқда. Аммо улар қаерда ва қай йўсинда тайёрланиши лозимлиги тўғрисида бирон бир аниқ режа ва таклифлар ҳамон йўқ.

Daha fazlasını oku…

Kategoriler:Сиёсат

МИЛЛАТ ШОИРИ

Шеърият ҳақида гапирар экансан, имкон борича, танқидчиликда удум бўлган атамаларни чеклаб ўтишни истайсан. Зеро, аксарият ҳолларда шеърлар ўз ҳолича, уларга тақилган ёрлиқлар ўз ҳолича яшайдилар. Яъний, ёрлиқ – шеърнинг талқини эмас. Янада кучайтириб айтадиган бўлсак, ёрлиқ нафақат шеърнинг талқини эмас, балки, унинг ўзи шеър бўлишга интилаётган мустақил субстанциядир. Шу маънода ўз танқидий мақолаларини бадиий асар сифатида тақдим этишга интилиб келган рус танқидчиси Лев Анненский кайфиятини тушунса бўлади. Аммо шуни ҳам тан олиш керакки, биз барибир ёрлиқларсиз яшай олмаймиз.

Daha fazlasını oku…

Kategoriler:Сиёсат

“БИРЛАМЧИ” НАРСАЛАР

Ўзбек жамияти ичида, мана,қарийб 5 йилдан бери “иқтисод бирламчими, сиёсат бирламчими”, мавзуида баҳс кетмоқда. Бу баҳс шу қадар узоқ чўзилди-ки, энди у худди “жўжа олдин пайдо бўлганми ёки тухум”қабилидаги асрий мунозаралардан бирига айланди. ҳукумат қатъий равишда “иқтисод бирламчи” дея таъкидламоқда ва шу таъкидга яраша сиёсат ўтказмоқда. Ҳатто жаноб президент Ислом Каримов ўзини сиёсатчи эмас, иқтисодчи дея атайди.

Daha fazlasını oku…

Kategoriler:Сиёсат

РУС ҒОЯСИ

 

Россия сиёсатдонларидан ҳеч ким империячиликка қарши гапирмайди. Бу ўринда Россиядаги коммунистлар ҳам, демократ ва либераллар ҳам, миллатчи-ватанпарварлар ҳам тенг деса, бўлади. Аммо шу билан бирга баъзи бир савдойиларни ҳисобга олмаганда, ҳеч ким очиқдан-очиқ империяни ташвиқ ҳам қилмайди. Бугунги кунда “империя” сўзининг ўрнига Россияда, қўшни халқлардаги Россиянинг босқинчилик сиёсати қошидаги қўрқувни бир оз тарқатадиган, “давлат манфаатлари”, деган калимани ишлатиш удум бўлган. Албатта, бу билан сўз моҳияти ўзгариб қолмайди. Ўзга давлатлар учун мутлақо табиий кўринган “давлат манфаатлари” жумласи Россияда муқаррар равишда “империя манфаатлари” маъносини англатади.

Daha fazlasını oku…

Kategoriler:Сиёсат

МУДРАГАН ЖАМИЯТ

Қўрқувнинг шакли йўқ эди. Қўрқув ўзига бир шакл излар эди. У гоҳ сукунат шаклига кирар, гоҳ кимсасиз хонага айланар, баъзан эса, у хонадаги жиҳозларни “кийиб” олар эди. Сўнгра у бирдан тимсоҳ шаклига кириб, сув тўла даҳлиздан (сув қаердан келди?) сенга томон сузиб кела бошлайди. Аммо кейин у, худди сендаги қўрқувни “чўчитиб” юборишдан, қўрқувингнинг қўққисдан “вояга” етиб қолишидан, яъний, тугаб қолишидан (маълум-ки, тушдаги қўрқувнинг вояга етиши – уйғониш билан тугайди) андиша қилгандай, ярим йўлда тўхтайди ва бирдан ҳўкизга шохсиз бир ҳўкизга айланади. Ҳўкиздаги шохнинг йўқлиги ҳам, афтидан,сендаги қўрқувнинг “вояга” етиб қолишидан қилинган андиша маҳсули эди. Вояга етмаган қўрқув, худди мангу ҳаёт каби толиқтирувчи эди.

1996

Kategoriler:Uncategorized

КЎЗ ТЕККАН ТУРКИСТОН ҒОЯСИ

Сўнгги ўн йиллик давр ичида Туркистон ғояси бутун турк жумҳуриятларининг у ёки бу даражада муҳокама қилиб келган мавзусига айланди. Раҳматли Турғут Ўзолнинг “21 аср турк асри бўлади”, деган гапи кўп туркларда руҳий кўтаринкилик уйғотган бўлса, баъзиларининг хавотирига сабаб бўлди. Бу хавотир, ҳали амалга оширилмаган ишнинг олдиндан айтиб қўйилиши туфайли шу иш муваффақиятига “кўз тегиши”дан қўрқаётган ўзбекнинг, туркнинг андишаси эди. Баъзи турк жумҳуриятлари раҳбарлари эса, бу ғояни ўз сиёсатидаги посткоммунистик бўшлиқни тўлдиришнинг воситаси сифатида қабул қилиб, коммунистдан “туркчи”га айланишди ва “Европа – умум уйимиз” сингари ғарбда удум бўлган шиорлардан дарҳол кўчирма олиб, “Туркистон – умум уйимиз”, дея сиёсат юргиза бошлади.

Daha fazlasını oku…

Kategoriler:Сиёсат

РУС ЖАМОАТЧИЛИГИНИНГ ҲАЙРАТИ

Оммавий ахборот воситалари бугун: “Россияда рус нацизми пайдо бўлмоқда”, дея бонг урмоқдалар. Россияда нацизм бугун пайдо бўлдими? Агар нацизм деганда фақат  Гитлер кенг равишда қўллаган свастикани ёки бошқа миллатларга нисбатан паст назар билан қарашга чорловчи варақа ва китобларнинг халқ ичида очиқ тарқатилиши каби ҳолларнигина назарда тутаётган бўлсак, ҳа, у бугун пайдо бўлди. Аммо бу нарсалар нацизмниинг фақат ташқи атрибутларигина, холос. Варақа ва китоблар амалиётга чақирувчи назария, свастика эса, назарияни амалга ошириш учун бирлашишга ундовчи тимсолдир.

Daha fazlasını oku…

Kategoriler:Сиёсат

СЎЗ ВА ИШ

Президент Ислом Каримов август ойида бўлиб ўтган Ўзбекистон Олий Мажлиси сессиясида матбуот ва журналист қандай бўлиши лозимлиги ва муқобил мухолифатнинг зарурлиги ҳақида гапирди. Жаноб Ислом Каримов ўзбек журналистларининг лаёқатсизлиги ва чуқур таҳлилий мақолалар ёзишга билими етишмаслиги ҳақида гапирар экан, журналистларни жамиятдаги ва ҳокимиятдаги қусурларга, коррупцияга қарши курашишга чақирди. “Агар кимда-ким журналистларга тазйиқ ўтказса, унинг умри қисқа бўлади”, деди лўнда қилиб жаноб президент.

Daha fazlasını oku…

Kategoriler:Сиёсат

“ИМТИЁЗЛИ ДЕМОКРАТИЯ” ЁКИ ЯНГИ АТАМА

Бугун Ўзбекистонда ва ундан ташқарида, мамлакатда демократик ўзгаришлар бўлиши эҳтимолдан холи эмаслиги ҳақида гап-сўзлар юрибди. Бу гап-сўз ва миш-мишларга Ўзбекистон президенти И. Каримовнинг Америка сафари олдидан ва ундан кейин ўзининг демократияга мойил эканлиги ҳақида айтган гаплари ва бир неча сиёсий маҳбуснинг қамоқдан чиқарилгани сабаб бўлди. Умуман, Ўзбекистондаги режимнинг юмшаётгани ҳақидаги гапларни баъзи мухолифат вакиллари 1994 йил охирларидан бери айтиб келмоқдалар. Қизиғи шундаки, айнан 1994 йилнинг охирига келиб, “Эрк” партиясининг бир гуруҳ аъзолари давлат тўнтаришига урунганликда айбланиб, қамоққа олинган, дин вакиллари ва диний уламоларга қаттиқ тазйиқлар ўтказилаётган эди.

Daha fazlasını oku…

Kategoriler:Сиёсат

ТУРКИСТОН ҒОЯСИ ҲАҚИДА

Туркистон ҳақида гап кетар экан, Шарқий Туркистон ҳақида ҳам гапирмоқ лозим бўлади. Акс ҳолда, Туркистон бирлиги ҳақидаги гапларнинг бари сафсатадан бошқа нарса эмас.

Daha fazlasını oku…

Kategoriler:Сиёсат

ИСЛОМ КАРИМОВ: “ҚЎРҚМАНГ, БУ ДИКТАТУРА ЭМАС, БОР-ЙЎҒИ—АВТОРИТАРИЗМ…”

1995 йилнинг сентябр ойида Ислом Каримов “Озодлик” радиосининг рус шўъбасига интервю берди. Радио ходимининг айтишига қараганда, у чет эл журналистлари билан 3 соат-у 45 минут суҳбатлашган. Ҳатто халқаро матбуот конференцияларига ҳам шунча вақт ажратмаган Каримов, “Озодлик” мухбири билан тўрт соатга яқин гаплашиб, ҳатто радио ходимларининг ўзларини ҳам ҳайрон қолдирган бўлса, унинг суҳбатда айтган гаплари бутун соғлом фикрли одамларни ҳайратга солди. “Тоталитаризм даври тугади, буни, ниҳоят, тушунишлари лозим, наҳотки,  бу тушунарли бўлмаса?”, дейди Каримов таъна оҳангида аллақандай номаълум диктаторга қарата.

Daha fazlasını oku…

Kategoriler:Сиёсат

ФУНДАМЕНТАЛИЗМ ГЎРКОВИ

Яқинда Ўзбекистон президенти яна бир бор “қўллаб-қувватлаш” ташаббуси билан чиқиб, ҳаммани ҳайрон қолдирди. Бу сафар Ислом Каримов АҚШнинг Эронга қарши эълон қилган савдо ва иқтисодий эмбаргосини қўллашини билдирди. “Мен нима учун Эронга қарши эмбарго эълон қилинганини яхши биламан”, деди у ўзининг бу тадбир ҳақидаги тасаввур ва мулоҳазаларини халқаро валюта фонди вакиллари билан баҳам кўрар экан.

Daha fazlasını oku…

Kategoriler:Сиёсат

БИР ОЙЛИК МАОШ ЁКИ МИНГ КИЛО ПОМИДОР

29-июл куни “Озодлик” радиоси орқали радио мухбирининг иқтисодчи Анвар Йўлдошев билан суҳбати берилди. Бу суҳбат такрорий бўлиб, бир ҳафта илгарироқ ҳам эшиттирилган эди. Албатта, “Озодлик” радиосининг баъзи эшиттиришларни такрорий бериши кўп ҳолларда жуда ўринли ва аҳамиятлидир. Чунки. Ўзбекистон радио-телевидениеси ва матбуотида берилмайдиган, аммо “Озодлик” орқали берилаётган муҳим хабарлар, фикр ва мулоҳазаларни радио мухлислари баъзан эшитолмай қолган бўлишлари мумкин, бу тушунарли. Аммо Ўзбекистоннинг ҳар бир газетасида, радио ва телевидениесида ҳар куни тинимсиз такрорланадиган гапларни “Озодлик” орқали ҳам такрорлашга ҳожат бўлмаса керак. Радио орқали такрор эшиттирилган иқтисодчи Анвар Йўлдошевнинг Ўзбекистондаги иқтисодий аҳвол ҳақидаги мулоҳазалари эса, худди ана шундай сифатдаги гаплардир.

Daha fazlasını oku…

Kategoriler:Сиёсат

БМТ ЎЙИНЛАРИ

Югославиядаги урушлар бетоб дунёнинг касаллигини аниқлаш учун қўйилган ташҳис хизматини ўтади. Бу уруш дунёдаги кучлар тақсимотини, халқаро ташкилотларнинг, хусусан, БМТнинг носамимийлиги-ю, ўйинларини бир қадар ёритиб берди. Бу уруш ислом давлатлари ўртасида якдилликнинг йўқлигини ва уларнинг хал қилувчи кескин вазиятда нақадар журъатсиз эканлиги, Ғарб давлатлари таъсири остида эканлигини фош қилди. Бу уруш, ниҳоят, ҳамма нарса кучга боғлиқ эканлигини яна бир марта яққол кўрсатди.

Daha fazlasını oku…

Kategoriler:Сиёсат

Шеърлар

АЛЛОҲНИНГ КИНОЯСИ

Коинот ҳақида тафаккур қилар экан,
Боши Берк Чексизликка бориб тақалар мутафаккирнинг закоси.

27.03.2024

ХОТИРА КАВШ ҚАЙТАРАР

Хотира бир сигир каби…
Кавш қайтарар яйловда ясланиб,
Ҳазм бўлмаган нарсаларни қайта-қайта.

11.03.2022

ЎЗГА ЎЛЧАМДА

Ҳислар Фикрга айланди,
Эҳтирослар дўнди Тушунчага,
Жазмга айланди Туйғулар.

Мана, Нафратинг турар қаршингда,
Уни соат каби тақишинг мумкин қўлингга,
Ана, Шодлигинг турар қўзинг ўнгида –
Кийишинг мумкин уни бир кўйлак сингари.

Кўзгуга қарайсан,
Ўзингга тақлид килаётган бир муйсафидни кўрасан унда,
Қалбингга қарайсан, унда фақат –
Орзуларнинг кули..…

30.06.2021

БЕГЛАР ОВУЛИДА

Туш каби мозийдан келар бир хитоб:

“Кеч ёқтилик!”,“Келинг, келган яхшилик!”…

Буни англатолмас ҳеч қайси китоб,

Бу фақат Хоразмга махсус бахшилик.

“Соғмисиз? Дойимнинг ничик ёғдойи?”

“Тангри ёринг қолсин, биз соғмиз, шукр!

Дойинг ҳам тандорроқ бугун, ҳов дойи,

Жиянингиз келди, уллуси – Шукур!”

Бугун гужумлар йўқ, йўқ ҳовуз, солма,

Боғларнинг ўрнида етти ёт қавм.

Анов уй ўрнида бўларди олма,

Ҳов анов мўлдакнинг ўрнида қовун…

Беглар овулида қолмади беглик,

Аждодлар шарпаси кезар сарсари,

Қадлари пажмурда, бошлари эгик,

Аста кетиб борар йўқликка сари…

22.01.2021

ЁРИМНИНГ КУЛГУСИ

Кулгуси ўксук эди,

Бўйи етмас эди севинчга кулгусининг…

Ташлагим келар кулгуси пойига

Бир Сабаб –

Ки, етсин севинчга бўйи.

21.01.2021

ЁМҒИР ШИВИРИ

“Бу бир Илтифот,

Муҳаббат эмас”, –

Шивирлар Ёмғир…

“Менинг шивиримдан ҳам излама бир нарса,-

шивирлар яна Ёмғир,-

Шивир – туйғу эмас,

Табиатимдир”.

05.01.2021

ПАРҲЕЗ ҚИЛ БИР ОЗ

Бутун дунёни ҲАЗМ ҚИЛИШ мажбурияти йўқ сенда,

Эй, Инсон ўғли!

03.03.2020

БУҒДОЙ ИЛА КУРМАК ҚОРИШИҚ

Қайси ипга тизиш мумкин бу воқелар шодасин?
Ушбу мажҳул туйғуларнинг оти не?
Қайси исм ила атай бу жонзотлар подасин?
Бу фишқирган маҳлуқларнинг зоти не?

Осон эмас бу оломон ичра халқни ажратмоқ
Буғдой ила курмак каби қоришган.
Балки, бизга шунинг учун қисмат бўлди хажр этмоқ –
Бу иккисин фарқларига боришга…

15.05.2020

ТАФТ

Қояга отилган тош янглиғ
Шуурга урилар Хотира –
Зарбадан учқунлар сачрар атрофга.

Юлдуздан тафт истаган ҳорғин йўлчидай
Бу икки тош орасидан чиққан учқунда
Исинмоқчи бўлар тўнгган бир Юрак.

25.02.2019

ОЧУН

Севгида бир Ғазаб гизли,
Нафратда бир Шафқат зоҳир.
Бир Соя вужудсиз – Изли,
Ўзи Ибтидо ва Охир.

Сўзнинг инкори – Воқелик,
Шуурнинг радди – Манзара.
Ўлимга менгзар Боқийлик,
Фойдага ўхшайди Зарар.

05.10.2019

ИСРОФ ҚИЛМА УФҚНИ

Сўзга харжлама бу мовий осмонни,

Исроф қилма уфқни таърифларга,

Сарфлама ташбеҳга бу тенгсиз онни –

Зое қилма ҳашамни ҳарфларга.

Сени аврамасин башар матлаби –

Таърифга тушкунлик, сўзга ўсаллик.

Кўксингда яшасин Ҳарамда каби

Ирод қилинмaган номсиз Гўзаллик.

10.02.2018

БАҲОРДА ЭШИТАСАН

Феврал эди,
Қаҳратон эди,
Чилланинг қоқ ўртаси эди,
Сўзларим музлади сенга аталган –
Сўзларим ўртада қолди муаллақ.

Энди сен нисоннинг келишини кут,
Кўклам қуёшининг илк нурларида
Сумалаклар билан бирга эриган
Сўзларимни эшитасан сен.

03.02.2018

ТУЙҒУ

Ҳайронман қараб –
Тафаккур ранжир.
Бу нима, ё Раб,
Риштами, занжир?

02.02-2018

ТАҚРИЗ

1

Бу –
Мукаммал бир бўшлиқ эди,
Бу –
Ўзини-ўзи тўлдирган
ЗИЧ бир бўшлиқ эди.

2

Ичидаги туйғу эмас,
Туйғу ҳақидаги ТУШУНЧА эди.

03.10.2018

РЎЗА

Кун одамнинг умридай тез ўтди бугун.

03.07.2014

ЎЛИМДАН КАТТАРОҚ

Ғуруримиз каттароқ ўзимиздан,

Севгимиз буюкроқдир севгилимиздан,

Нафратимиз каттароқ душманимиздан,

Нафсимиз улканроқ иштаҳамиздан…

Ўлим қўрқувимиз эса,

Каттарокдир ўлимнинг ўзидан.

2011

ОВЛОҚ МАСКАН

Асрлардир очилмаган қопқа сингари,

Ғижирлайди юрагимнинг кўҳна эшиги,

Хуш келибсан, қани, қўрқма, киргин ичкари,

Бу қабрмас, севгимизнинг томи, бешиги.

Сен чўчима, гарчи, бу ер бир оз қоронги,

Бир оз захдан жунжиксанг ҳам чида, жонгинам,

Бу овлоқда кўрмайсан сен юрганни санғиб,

Бир ҳужра-ки, инсонлардан ҳоли ва шинам.

Бу гўшага одам оёқ босмаган минбад,

Илк қадам бу – сеникидир, муборак бўлсин,

Сен биласан, феьл-атворим менинг бир оз бад,

Шу сабабдан қўймаган қалб ким бўлса, бўлсин.

Яна шуни сенга айтай, эй қоши қора,

Қулоғингга шипшиб қўяй яна мен шуни,

Одам оёқ босмагандир бу ерга, зеро,

Истамадим унга Оёқ Босилишини…

2006

ВАТАН

Хоразм елимдай ёпишар руҳимга,

Бир хира пашшадай бузади роҳатим,

Мен бардош беролмай бу зайл зуғумга

Шеър айта бошлайман йўқотиб тоқатим.

Қалбимни сўзлар-ла қўрийман пашшадан,

Руҳимдан елимни артаман мажоз-ла,

Аммо бир нашъаванд қай йўсин нашъадан

Халос бўла олар сўз ила, соз-ла?

Хоразм  васваса, мен эса, бир восвос,

Кўзимнинг ўнгидан сурати кетмайди.

Мен денгиз тубига шўнғиган бир ғаввос,

Менга ҳаво, яъний, Хоразм етмайди…

2006

ДУНЁНИНГ ЧЕТИДА

“Изингдан

Дунёнинг четига бўлса ҳам,

Кетаман”,  деган эдинг,

Мана,

Дунёнинг четида юрибмиз.

Сен сўзингнинг устидан чиқдинг, севгилим.

Мана, яшаяпмиз Дунё четида –

Бир-бирининг ортидан

Дунёнинг четига кетган

Одамлар юртида…

2005

ЭДИ…

Буюк бир Чинордай эди Тарих,

Соясида ястаниб ётар эди миллат,

Ширин-ширин хаёллар сурар эди,

Боболарини кўрар эди

Чинорнинг бурушиқ танасида,

Унинг япроқлари шивирида

Туяр эди аждодлари қиличин жарангин,

Кўксини шукуҳга тўлдирар эди сояда ётганларнинг

Чинорнинг юксаклиги,

Улуғворлиги,

Сояда ётаркан,

Миллат хам ўзини тобора,

тобора юксалаётгандай ҳис қилар эди…

Гўё миллат хам тарихга айланган эди…

2003

ЁМҒИР

Ёмғир ёғар экан,

Борлиққа бир Ибо инади,

Ёмғирдан иборат тўрпарда ортидан

Бир сирли, бир жозиб кўринар атроф.

Ёмғир ёғар экан,

Одамлар ва унга ўхшаш бошқа жонзотларнинг ҳам

Ўзгарар хулқ-атвори:

Улар камтарроқ кўринар ёмғир остида,

Бўйинлари бир оз букилган,

Елкалари қисиқ,

Думи борларининг эса,

Думлари ҳам қисилган –

гўё самовий бир Ҳаё

ҳаммани қилгандай асир…

2

Баъзида

Ёмғирни ҳеч нарса билан,

Ҳатто унинг ўзи билан ҳам боғлагинг келмас…

Хусусан,

Кўлмаклар устидан сакраб – сакраб кетаётган анави одамни,

Оёғи остидаги кўлмаклардан ва

Устидан қуяётган ёмғирлардан ҳоли тасаввур қилгинг келар;

Ёмғирсиз – букилган,

Кўлмакларсиз – сакраётган одамни тасаввур қилгинг келар…

2003

ҲАЛИГИ НАРСАЛАР ҲАҚДА

(Ҳалигидай мамлакатда ёзилган шеър)

Учовлан кетар эди кўчадан аста-аста,

Гаплашар эдилар секин-секин

Ҳалиги нарсалар ҳақда…

Учаласи ҳам атрофга боқар эди ўқтин-ўқтин,

Гўё ҳалигидай ерларда

Ҳалигиларни кўриб қоладигандай –

Бошларига ҳалигидай-ҳалигидай хаёллар келар эди:

“Албатта, ҳалигидай деб ўйлашнинг ўзи ножоиз,

Ахир, ҳар ҳолда,

Дунёда ҳалигидай нарсалар бор,

Мабодо, ҳалигидай бўлса…

аммо….

аммо..”

Атрофда эса, ҳалиги…

куз эди,

Ҳаво гўзал эди мислсиз,

Дарахтлардан… ҳалигилар тўкилар эди,

Худди

Уларнинг кўксидаги

Ҳалиги

нарсалар

каби …

2000

КУЗ

Кўчаларда фаррош аёллар

машъум бир хабарни бекитган каби

шоша-пиша йўқотар хазонларни

одамлар кўзидан нарироқ…

“Ранг кўр, ҳол сўр”, деганлар,

ҳол сўрмоқ истаги туғилар заьфарон ранглардан…

Балки, кўнглинг бўшдир ортиқча,

балки, борлиқ сен тасаввур қилгандан кўра

анча жўндир, анча оддийдир…

аммо баьзан

барг хам оғирлик қилар юракка…

2000

АФСОНА

Сана ҳеч эсда йўқ, сана,

Балки, мен кеча туғилдим…

Ёнимда жилмайиб турар Шохсанам –

Демак, кеча эмас, билдим…

Алифбони ўқир Сиёвуш,

Демак, мен анча яшабман.

Хотирда уйғонар узоқ туш –

Болалик – қуриган шабнам…

Севгилим, сочларинг – қиров,

Кўзларинг хорғин, беҳол,

Уларда акс этар биров –

Нотаниш, мўйсафид бир чол…

1994

КУЛГУЛИ ЎТМИШ

Бугун, 1993 йилда туриб, эски қўлёзмаларимни титкилар эканман, 1988 йилда ёзилган шундай сатрларга кўзим тушди:

Бугун

Ватанингдаги ҳар бир қарич ер

Заҳарли жилмаяр кўзингга боқиб.

Бугун Атиргул ўзининг тўрт-бешта тиканини

Қонли бир жанг учун ҳозирлар найзадай.

Бугун

Боғларингдаги булбуллар

Йўлбарсдай ириллар сайраш ўрнига…

Бу сатрлар рус империяси зулмига қарши ёзилган эди. Бугун биз империядан халос бўлиб, “мустақилларча” яшаяпмиз. Ҳозир заҳарли (дефолянтлар туфайли бўлса керак) жилмаяаётган ер ҳам, ўзининг турт-бешта ожиз тиканлари билан кимгадир таҳдид қилаётган нодон гул ҳам, сайраш ўрнига йулбарсдай ириллаётган асабий булбул ҳолати хам ичак узгудай кулгули кўринади…

Чунки, бу “персонаж”лардаги пафос империя билан бирга йитди; юксак трагизм ўрнини, тубан комизм эгаллади. Ўзбекистондаги бугунги тузум ернинг “заҳарли жилмайиши”га, “атиргулнинг фидокорлиги”га ва “булбулнинг шижоати”га арзимайди.

1993

ЎҒИРЛАНГАН ЮРАК

Бу улус

Юрагини олдириб қўйибди Тунга…

У энди ҳамёнини олдириб қўйган аёлдай

Ёзғириб излайди ўз юрагини…

Ўша аёл каби у

Бегуноҳ одамларни айблар қарғаниб –

Яъний,

Ўз юрагини

Тундан ахтариш ўрнига

Кундуздан ахтариб юрар бу бадбахт.

1991

ШЕЪР НИМА?

Оғриқ эмас бу, азиз дўстим.

Бу—юракдир, арчилган пўсти.

Бўм-бўшликдир, йўқликдир ушбу,

Қаноти бор, ўзи йўқ қуш бу.

1991

ҲУСНИ ЗАН

Ё алҳазар,

Ҳар ким ўз юрагини тезрок кимгадир тақдим этишга ошиқади.

Ҳар ким гўё юраги ўзига оғирлик қилаётгандай,

бир лаҳза ҳам иккиланмай,

биринчи дуч келган кимсага уни узатмоқчи бўлади.

Ё алҳазар,ҳар ким ўз юрагини

атиргул деб ўйлайди…

1991

ҚАБРИСТОНДА

Думалаб-думалаб мовий ўтлоқда

Қуёш ёрилгудай бўлиб кулади,

Атрофга кулгуси сачрайди унинг…

Қабр тепасида турар экансан,

Қуёшдан тескари бурасан юзинг

Ва чўнтагингдан чиқариб рўмол

Шошилмай, ҳафсала билан артасан

Манглайингга сачраган кулгу юқларин.

1991

ҲАҚИҚАТ ШУНЧЛАР ОДДИЙ…

Ҳақиқат шунчалар оддий-ки,

Агар бор ҳақиқатни айтгудай бўлсанг,

Сенга ишонмайди ҳеч ким.

Ҳақиқат шунчалар оддий-ки,

Шунчалар жўн-ки, бу ҳақиқат,

Бир чимдим ёлғон ҳам қўшмасанг,

Ишонмас одамлар ҳақиқатингга.

1991

БАЪЗАН ТОМДАН ЧАККА ЎТГАНИ КАБИ…

Баъзан,

Йигирманчи асрнинг

Мислсиз шовқин-сурони,

Ғавғолари оралиғидан

Томдан чакка ўтгани каби

Бир Сукунат сизиб ўтар тепадан

Ва бу улугвор Сукунат

бир зумга босиб юборар,

Темир-терсакларнинг шарақ-шуруғин…

Шунда биз ҳайратдан ушлаймиз ёқа.

1990

БАҲОР

Баҳор содда тушунтирар, гапирар лўнда,

Боз устига қалдирғоч бор, у—моҳир тилмоч.

Баҳор айтган таклифларга ноз қилмай кўн-да,

Менга келиб, эй малагим, юрагингни оч!

Яшилликка дадил қара, юмма кўзингни,

Ранглар сўйлар, осмон сўйлар, сўйлар дўнг-у, қир.

Анқовликка солиб турма, эй гул, ўзингни,

Асли баҳор билан, маккор, сенинг тилинг бир.

1987

ШИДДАТЛИ ОСУДАЛИК

Бу дунёда,

Тиниб-тинчимаган бу дунёда,

Бутун ғазабин тўплаб,

Бор жон-жаҳди билан

Осудаликка талпинаётган қалблар бор,

Холос.

1990

СЎЗ

Қоғознинг мурдадай заҳил юзида
Сўзларнинг бариси, бари китобий,
Ненидир англатар дуо сўзидай
Хатто йўтал каби холис хитобинг!

Сўзларнинг боражак манзили маълум,
Сўзларнинг бўғини яшиндай ўзғир,
Сен сўзни айтишга улгурмай ҳали
Тасаввур ўчоқнинг кулидай тўзғир.

Ҳаммаси равшандир, куйма беҳуда,
Сўз сенинг бошингни еб қўяр бир кун
Ва бошинг ўрнига қўнар беҳидай
Чўнг мазмун касб этган ўша сўз – дуркун!

1990

МЕНГА ХАМ РАҲМ ҚИЛИНГ!

Мен яқинларимга ачинаман…

Бола-чақамга ачинаман…

Дўстларимга ачинаман…

Халқимга ачинаман…

Юртимга ачинаман…

Мени бу ачинишлар тобора ўлдирар…

Менга ҳам жиндай раҳмингиз келсин, деб бакиргим келар,

Менга ҳам шафқат қилинг озгина—

Бу қадар раҳмимни келтирманг менинг…

1990

ШОИРНИНГ ЎЛИМИ

1

Сен—марҳумсан.

Кўникиб улгурмадинг ҳали бу янги ҳолатга.

Энг муайян сезги—ҳароратсизлик.

Ҳозир сен, мабодо, қабул қилишса,

Иштирокиюнлар (коммунистлар) фирқасига

намунали аъзо бўлардинг.

Уйинг тўла меҳмон,

Уйинг тўла Сўз,

ҳамдардлик билдиргани келишган улар:

Бири қари тутдай қадрдон, маъюс,

Бири бойўғлидай камгап, ҳурпайган,

Бири-чи, ғазабнок, омадсиз касдай,

Бирининг юзидан томади заҳар,

Аммо бари самимийдир,

Бари очиқ юз,

ҳатто шодлигини ҳам яширмайди баъзилари.

Сен ўз яқинларингни излайсан Сўзлар ичидан,

Мана,

Мана, уларнинг қадрдон юзлари,

Уларнинг ярмидан кўпроғи—феълдир,

Сени “феълинг қурсин” деб койишганида,

Мана шу феълларни назарда тутишган, балки.

Сен ётибсан,“ҳиссиётга берилмай”,

Рисолада ёзилганидай.

2

…Бу Сўзлар

Яна неларнидир англата бошласайди,

Уларни айта туриб,

Кўкармоқ мумкин бўлсайди яна, совуқ ургандай

Ёки ёна бошласайдинг аввалгидай,

Сўзларни айта туриб,

Дунё ёруғ ёки қоронғу бўлиб кўринсайди кўзингга…

4

Маъракага йиғилган Сўзларнинг бари

Бир пайтлар сенинг хизматингда бўлган,

Улар бугун сени кўмар эканлар,

Ўша даврларни эслаётган бўлишса, ажабмас.

Балки, нафрат билан,

Сен уларни бажаришга мажбур қилган

Қора юмушлар ҳақида ўйлашаётгандир.

5

Ўз шеърингга дафн этишди сени,

Сен умр бўйи танлаган чўяндай сўзлар

Мақбара тошига айланди бугун.

Бу зилдай сўзларнинг остидан

Сен чиқа олмайсан ҳеч қачон.

1990

ҲАҚҚОНИЙ ТУШ БЕР, ТАНГРИМ!

Тушларимда, тангрим, менга вужуд ато эт,

Токи, тонгги туман каби кетмайин тарқаб.

Бу вужудда, токи, душман душманлигини,

Дўстлар эса, дўстлигини этсин намоён.

Бир вужуд бер менга, тангрим, босинқирасам,

Уятли бир вазнсизлик тарк этсин мени.

Мен заминни сезай зилдай пошнам остида,

Баъзан эса, душманимнинг ғўладай бошин.

Алаҳласам, менга тангрим, вужуд эт ато,

Токи сезай унда қоним кўпиришини,

Ёвимга ҳам бир вужуд бер, эй, парвардигор,

Ханжар санчса, арзигулик муқим бир вужуд.

1990

ҚИШЛОҚ

Бу ерда ҳамма нарса мангу:

Асрлик гужумлар,

Эгри-бугри тутлар,

Ўртанган замин…

Ҳатто

Одамлар юзида тош қотган ифода ҳам—

Мангу!

1990

ХУНУКЛИК ТИМСОЛИ

Нега биз маймунни хунук санаймиз—

Нега тошбақа ё илонни эмас,

Ёки отни эмас узун тумшуқли?

Нега бесўнақай фил ёки тимсоҳ

Бадрўйлик тимсоли саналмас?

Нега айнан маймун хунук саналар?

Балки,

Маймуннинг инсонга ўхшаб кетиши

сабаб эрур бизнинг бу ҳукмимизга?…

1990

КУЗАК

Коинот жовдирар гўдакдай ҳоксор,

Митти юлдузлардан таралар илинж.

Секин одимлайсан, атрофинг токзор,

Борлиқ кўксинг каби осуда ва тинч.

Танангни эркалар майин бир долға,

Ҳаводан оналик меҳри уфурар.

Бирдан сен тўхтайсан… кетолмай олға:

Кимдир кўк юзини аста супурар.

Англаб олгинг келар кимнинг сояси,

Кимнинг кўланкаси самода кезар?

Кўкда тентиб юрган кимнинг ғояси,

Қалб кимнинг борлигин туйинар, сезар?

Булутларни секин олар у артиб,

Юлдузлар яна ҳам ярқирар, порлар,

Кўкка ато этар ажиб бир тартиб,

Руҳларни самога, самога чорлар.

Кўкламги чечакдай гўл, содда, лаққи,

Жонинг вужудингга ёпишмас сира.

Ҳаётга нафрат-мас, муҳаббат ҳаққи,

Жонинг вужудингдан бир оз ётсирар…

Майинлик, майинлик, фақат майинлик…

На умр бор бунда, на замон, на вақт.

Бошда ҳам фикр йўқ бирор тайинлик,

Ҳеч қандай тушунча— на “қайғу”, на “бахт”…

Секин одимлайсан, атрофинг токзор…

1990

ФАСЛЛАРГА ҚАРШИ

Мен фаслга алданмайман, дўстгинам, етар,

Айт, биз учун нима ўзи, фасл дегани?

Фасл деган қушча бир зум келар-да, кетар,

Биз қоламиз мангуликнинг ғамин егани.

Фасл кўзни алдагувчи сароб ё рўё,

Умидларни кўкартирар, сўнг айлар хазон.

У қалблардан минг хил шакл ясайди гўё,

Қалб— қалб эмас, бир парча лой—зарра, чанг, тўзон.

Фаслларнинг этагидан тутиб чарчайсан,

Тентирайсан лўли бола каби саргардон.

Ҳозир кўклам сувларига юзинг гар чайсанг,

Лаҳза ўтмай, куз дамидан жунжикади жон.

Биз севамиз ёримизнинг саратонини,

Қонимизни жўштиради унинг кўклами.

Бироқ кўрмоқ истамаймиз сўлғин онини,

Сипқорганда ёз ойининг сўнгги ҳўпламин.

Зотан, барча фаслларнинг охири тупроқ,

Зотан, гулгун ғунчаларни аёзлар ютар,

Инсон эмас, унда зоҳир фасллар кўпроқ

Бизни тортар, мафтун этар ёки чўчитар.

Инсон юзи—фаслларнинг ойдин кўзгуси.

Унда зоҳир бўлар бир-бир тўртта фасл ҳам.

Ўз умридан, ҳеч шубҳасиз, инсон ўзгуси

Агар умрин Фаслга-мас, Руҳга қилса жам.

Мен фаслга алданмайман, дўстгинам, етар…

1990

СОБИТЛИК

Деворлар, сиз собит бўлинг ақалли,

Ақалли сизларни кўрайин муқим.

Коинот турибди амал-тақалли,

Мен эса, инсонман, камтар, камсуқум.

Жисмлар сув каби оқар теграмдан,

Ҳаммаси муваққат, бари омонот,

Мен сўраш истайман қодир эгамдан:

Бу не кўргуликдир, бу не синоат?

Қалам деб ўйласам қўлдаги намни,

Алам деб ўйласам— у-чи, ҳомуза…

тутунни қилсам мен хаёл: санамми?

Санамни бу иқлим ерга томизса…

Кемадай чайқалиб ташлайман қадам,

Ҳаммаси омонот, бари муваққат,

Дунё деб аталмиш бу мулки адам,

Тумандай солланар сокин, бешафқат…

1989

ТУРКИСТОНДА МЕН КИММАН?

Мен валиаҳд—қолган мероссиз,

Бойваччаман—кийинган юпун,

Мен ёлғончи—туролмас ростсиз,

Мен— ҳасрат-ла  севгувчи юртин,

Мен ошиқман—айтмай турган васф,

Мен булбулман—тиллари соқов,

Мен олимман, этмай турган кашф,

Мен сайёдман—қилмай турган ов,

Мен эрклиман—эркни билмаган,

Мен бахтлиман—сезмаган бахтни,

Мен қувноқман—ҳали кулмаган,

Мен валиаҳд—кўрмаган тахтни…

1989

КУЗГИ МУОЛАЖА

Ҳамма ёқда хазон, хазон…

Мендаги истаклар қани кечаги?

Жунжикиб ўрнимдан тураман. Азон.

Чақалоқ чинқирар, узилиб ичаги.

Туйқусдан туғилган кайфият—ёлғон,

Ўзимни алдашдан менга қандай наф?

Бу туйғу азонга оқшомдан қолган,

Демак, оқшом яна қилар уни даф.

Шеърим— умрим эмас, шеърим ўзгадир,

У — мен орзу қилган, ё қўрққан нарса.

Шеърим таъсирида нима ўзгарур:

Ҳеч нима —

истагим… кўп нари борса…

1989

ЙЎҚ НАРСАЛАР

Йўқ нарсалар эзар бизни…

Дейлик, бир Ватан эзар,

Бир бошпана эзар юрагимизни.

Бир меҳр эзар бизни самимий,

Бир карами эзар Оллоҳ Таолонинг.

Йўқ нарсалар босар елкамизда бизнинг,

Йўқ нарсалар эзар юрагимизни.

Йўқ нарсалар оғир бўлар,

Йўқ нарсалар оғир…

Бир ишонч эзар бизни зил каби,

Бир эътиқод эзар тоғдан ҳам улуғ,

Тегирмон тошидай бир озодлик эзар

Ҳарсанг тошдай бир бахт эзар юракларни.

Йўқ нарсалар эзар бизни,

Зеро,

Мавжуд нарсаларнинг йўқ эрур вазни.

1989

МУНГЛИ НАРСА

Дунёдаги энг мунгли нарса

Шамғалат қилинган кўзлардир,

Ундан мунглироқ нарса йўқ…

Мабодо,

Мабодо,

Ундан-да мунглироқ нарса бор бўлса,

Агар мавжуд бўлса шундай бир қайғу,

Билинг-ки, у—Бахтдир

Шамғалат қилинган кўзларда акс этган.

1989

УЛУС

Ҳаммамизнинг чеҳрамизга ҳорғинлик муҳр

босибди—биз еб қўйибмиз ўз ризқимизни.

Ҳаммамизнинг чеҳрамизда фақат муз зуҳур

Этмоқдадир, жунжиктириб бир-биримизни.

Ҳаммамиз ҳам одамови бойқуш мисоли,

Қалдирғочлар янглиғ аммо юрамиз тўп-тўп.

Бир бошпана излаб топмоқ—кураш тимсоли,

Битта бўйра, битта чойнак… эҳ, у ёғи кўп!

Ҳаммамизнинг бошимизда битта таваккал,

Битта илинж— умиднинг қоқ ярмича келган,

Ҳаммамиз ҳам ҳаракатчан мисоли ҳайкал,

Изн сўраб, кўз тикамиз, нотаниш элга.

Раҳмат, деймиз, замонага—мақсад бор бизда,

Мақсадимиз бисёр бизнинг ҳар кимникидан.

Авлодлар ҳам қуруқ қолмас келгувчи издан,

Уларга ҳам етар мақсад… етмасалар ҳам.

1989

СУРАТ

Кўксимда

Бошинг—

Ўксинган,

Қўлимда

Қўлларинг,

Йўлимда

Ўзинг

Ва ғамгин

Сўзинг.

Тепамда

Юлдузлар—

Илдизлар:

Самовий

Толларнинг

Илдизи…

1989

БОШҚА

Телефон жиринглайди устма-уст, шошқин,

Хушхабар келтирган чопардай ҳансираб.

Телефон дастагин оламан… эҳ, кошки…

Аллаким Тошматни сўрайди сансираб.

“Сиз бошқа рақамни терибсиз биродар,

Зеро, мен бошқаман, бошқаман, тушунинг

Агар инсоф бўлса сизда ҳам бир қадар,

Тинчини бузманг-да, бошқа бир кишининг”,

Ва хомуш иламан дастакни жойига,

Одимлай бошлайман—манзилим тўрт қадам.

Бас, етар! Телефон—қабрдир, пойига

Энди гуллар қўйгум то бўйи қадар.

Бироқ, яна жиринглар лаънати “қабр”,

Айланиб қолишни истамас бир тошга.

Саҳро қумларидай тугамас бу сабр—

Мен яна “бошқа”ман, мен—мангу “бошқа!”.

1989

КУЗ

Куз ивирсир…

Куздан-да ивирсиқроқ фасл йўқ.

Русияга отланаётган мўл-кўл мевалар-у,

Сабзавотлардан Ажиб бир муваққатлик уфурар…

Куз ивирсир экан,

Барча меҳмондай сезади ўзини…

Биронта ҳам мезбон йўқ.

1989

БЕКИНГАН…

Сенинг кўзларингда ғазаб бекинган,

Кўксингда бир жаҳл ётибди писиб,

Миянгда бир қасос яшар чекинган,

Турқингдан бир кекнинг келмоқда иси,

Тугилган муштингда мудрар адоват,

Кундузи гизланган чиябўридай,

Тилингнинг учида ухлар бир Даъват,

Донг қотган элингдай кўнглинг тўрида…

1989

РИЁЛАР ДИЁРИ

Тинмай таъқиб этар сени мусибат,

У сени пойлайди ҳар муюлишда.

Киёфанг ўзгарар – кўримсиз ва бад,

Сира чарчамайсан сочинг юлишдан.

Тақводор кўзига кўринган жиндай,

Кўнгилда “йилт” этган бадбин хаёлдай,

Ва ёки тузилиб, бузилган индай,

Номуси топталган ғариб аёлдай

Қарайсан… минора каби сўққабош,

Илдизсиз янтоқдай (йўлларинг оқдай),

Ўчоғинг ўтсиздир, ўчган чўққа бош

урасан, юрасан, турасан – ҳақдай.

Ким нимага лойиқ – Яратган билар,

Сенга раҳм қилмоқ – тайинсиз юмуш…

Фақат юрагимни бир оғриқ тилар,

Фақат тугилмоқда оғриқдан бу мушт.

1989

ТАЪБИР

Мана, Туш—кун каби аёвсиз йўйилган,

Ҳаммаси айтилди—нажот йўқ, излама,

Режалар ётибди, қўй каби сўйилган,

Бефойда, тақдирдан ўзингни гизлама.

Қоядай қулайди мислсиз бир Мазмун,

Ўзини йўқотар баҳйбат бир Маъно

Энди сен аввалги Мақсуд-мас—кўп вазмин,

Бошқа бир кимсасан, на тентак, на доно.

Фикр кўп. Фикрлар кераксиз бир ҳашам,

Тушингдай йўйилар юрагинг бир маром.

Қасирлаб қулайди қасрлар муҳташам,

Ҳаловат булғанган, сен учун у—ҳаром.

Сен шамдай қотгансан, қўлларинг чўрт кесик,

Таъбир бу—йўлбарсдир, ҳамлага шайланган.

Сен карахт мудрайсан, чайқалар бир бешик,

Ҳаёт—Туш, Туш эса, Ҳаётга айланган.

1989

ФАЙЛАСУФНИНГ КАЙФИЯТЛАРИ

Мен ўлим ҳақида ўйлайман—

Чунки, кайфиятим аъло.

Мен ҳаёт ҳақида ўйлай бошлайман—

Кайфиятим энди “мўътадил”лашар.

Ризқ-рўзғор ҳақида ўйлайман охир—

Кайфиятим ёмон,

жуда ҳам ёмон…

1989

КАЙФИЯТ

Муҳаббат кемтикдир,

беҳуда энтикдинг,

туйғулар нафсиз.

Лоқайдлик хавфсиз.

Тош каби мужассам

эрсанг ҳеч севмассан—

сен тошга қил тақлид,

тошлардай бўл яхлит,

шунда сен ботмайсан

севгига: қотмайсан

бир забун сезгида—

қалбингни эзгудай,

севгининг домида

севгининг номидан

гапирсам, инонма,

бу ўтда сен ёнма!

1989

БАХТ

Бахтдан дийданг қотар, қароғим…

Бахт шафқатсиз қилиб қўяр одамни.

Сен эса, Бахтдан қўрқмаяпсан, жигарим,

Худди сўқир одам

Жардан қўрқмагани каби

Сен қўрқмаяпсан

Бахтдан.

1989

ТАБАССУМ БЕЛГИСИ

Кулаётган одамнинг юзида

Бужур пайдо бўлар, одатда.

Вақт ўтиб, бужурга айланса юзим

Мен қандай куламан, севгилим?

1989

СЎЗЛАР ҚАБРИСТОНИДА

Бу ерда хар бир сўз хунук, тасқара,

Бу ерда хар бир сўз бадбин, мунофиқ.

Сўзлар бир-бирини қилар масхара,

Ва  заҳар сочарлар шунга мувофиқ.

Улар фоҳишадай яланғоч, орсиз,

Газетлар ичидан сенга кўз қисар…

Кўчада дайдирлар бетавфиқ, корсиз,

Кўнгил-чи, сокинлик, гунгликни тусар…

Сўзлар тентирайди расталар узра:

“Қани, келиб қолинг, бераман арзон,

Қадоғи фалон пул, ейсиз ҳузур-ла,

Қани, татиб кўринг мевадан ларзон”…

Гўё мева эмас, сўз сотилмоқда,

Гўё мева эмас, сўзни татийсан.

Гўё мевани-мас, у сўзни мақтар…

Қанийди, бир зумга тилини тийса!..

Бас, кетмасам бўлмас олиб бошимни,

Бошим олинмасдан тезроқ кетайин.

Заминда мен яшаб бўлдим ёшимни,

Мен қариб боряпман ҳар жумла сайин.

1989

СЕВГИНИНГ НУҚТАСИ

Тўғри, ҳар ким ўзича кўрар дунёни,

Лекин биз севамиз-ку бир-биримизни…

Кел, бир хил кўрайлик бир хил нарсани:

Мен ахир сочларингни силаяпман сенинг,

Қўлларимни артаётганим йўқ-ку сочингга?!

1989

САТР

Мен ҳалок бўламан агар бир сатр,

Атиги бир сатр гапни ёзмасам,

Менга шу бир сатр йўлни кўрсатур

Ҳаётимни давом эттириш йўлин.

1989

МУБОЛАҒА

Сен ҳаётни эмас,

ҳаёт сени тушуниб борар тобора.

Ҳаёт йилдан-йилга улғаяр, ўсар,

Сен туфайли тажрибаси ортади унинг.

Сени, яъний, оқ-қорани буткул танигач,

Ҳаёт донишмандга айланар бир кун.

1989

ДУНЁҚАРАШ

У зерикиб ўтирмас бошқалар каби,

ҳеч қандай машғулоти қолмаса агар,

Ўз кўйлагининг йиртиқ жойидан

Хотинига термулишни яхши кўрар у.

1989

ЯЛАНҒОЧЛАР МАМЛАКАТИДА

Яланғоч оломон

Ўртага олиб,

Сазойи қиларди уни—

Якка-ю ягона кийимли одамни:

Уни нуқишарди тўрт томонидан,

Кийимидан кулишарди бахти қаронинг,

Бу—

Башарнинг энг соғлом кулгуси эди…

1989

КАРАМСИФАТ ОДАМГА

Карамнинг моҳияти пўстлоқдан иборат бўлгани каби

Сенинг моҳиятинг ҳам

Кийимдан,

Кийимдан,

Кийимдан иборатдир.

1988

МАВРИД

Мен байрам кутмайман, кутаман маврид,
Кунларни ташлайман чоҳга беомон,
Баъзан ўзи келар Мавридим даври,
Гоҳо мен бораман Мавридим томон.

Учраган ҳар чумчуқ эмасдир Анқо,
Дуч келган тепалик Қўҳиқоф эмас.
Маврид-чи, Анқодай – ягона, танҳо,
Ҳеч ким Маврид келса, “бемаврид” демас.

Ҳануз “алмисоқ” деб аталар Тарих,
Ҳануз Маврид узоқ Ўтмишимздан.
Тарихни унутдик ва тарих сари
Йўл олдик қайта биз шу кўҳна издан.

Ҳали кўп чўраклар кетади зое,
Кўп сувлар оқади биёбонларга,
Охири ўзгарар иқлим авзойи
Ва Маврид келади бу ёбонларга,

Фақат таниб олсак бўлди биз уни…

1988

СОЦРЕАЛИЗМ

Майда-чуйдаларга ем бўлар бу руҳ,

Ботқоқдай сўради сени ташвишлар.

Сен уч юз бўлаксан—катта бир гуруҳ,

Елкангда бир бошмас, уч юз бош ишлар.

Яшашни истайсан кийиб қулоқчин,

Баъзан жонга тегар кўзингнинг бори.

Баъзан от сурасан—нўноқ улоқчи,

Баъзан ўз кўнглингнинг чертасан торин.

Яшайвер, яшайвер, алдама, фақат,

Осмон бор-ку, дея ўзни овутма.

Осмон мавжуд, аммо у—етти қават:

Қанотсиз кўнглингни ердан совутма.

1988

ТИНИШ БИЛМАС САТРЛАР

1

омонсиз чайнарди

Тақдиринг сени

сен эса

Тақдирнинг чирик тишларидан бирига

ёпишиб олгандинг жон-жаҳдинг билан

2

вақтингни ялқовликда айблаб

бўралаб сўкасан

нега имиллайсан лаънати танбал

нега имиллайсан

сал тезроқ айлансанг бўлмасми

нега ётиб олдинг

менинг ёнимга

3

сени кўз қорачиғим каби асраган бўлар эдим

агар кўзларимга ишонганимда

4

кек сақлама дўстим

кек ҳам шаробдир

шаробдай кучланар у ҳам кун сайин

кекни шароб каби сақлама узоқ

5

шоирни масхара қилар

ўз дунёқарашининг қафасида ўтирган

одамсимон маймун

6

айтгим келган сўзларни

адаштириб келаман ўзга диёрларга

мени топа олмас сўзларим

7

сариқ чақа бор киссангда

энди шу сариқ чақага арзигулик

режа ҳам туз

8

қизил байроқ каби тинимсиз

оғизда ҳилпирар Тилингиз

9

мен сабаб излайман ғамгинлигимга

бошмоқ излагандай, оёғимга мос

аммо бу бошмоқлар тўғри келмас ҳеч

сабаб излайдурман етим кулгумга

чакмон излагандай, қоматимга мос

лекин тўғри келмас бу чакмонлар ҳам

севгимга излайман муносиб сабаб

тушов излагандай ўз қўлларимга

бироқ тушовларга сиғмас қўлларим

1988

ИБОРАЛАР

Худога шукр,

Энди қовун туширмайсан, халқим,

Негаки, Қовуннинг ўзи йўк сен туширадиган.

Худога шукр-ки, бундан буён

Тарвузинг ҳам тушиб кетмас қўлтиғингдан,

Чунки,

Тарвузи қўлтиғидан тушмас

Тарвузи йўқ одамнинг.

Бундан кейин энди сен, халқим,

Аҳволинг хақида бировга

Оғзингдан гуллаб ўтирмайсан,

Нега-ки,

Гуллайдиган нарсанинг ўзи қолмади мулкингда.

1988

ТАНИШУВ

Беозор одам.

Ҳокисор,

Камсуқум,

Тортинчоқ одам.

Қадди руҳи каби чўккан одам.

Кўзлари пирпираб турувчи одам.

Ҳазили ҳазин одам.

Соғлиги синиқ одам…

Ниҳоят, мен сени танидим, халқим!

1988

ҒАМГИН ЭМАСМАН

1

Куйиниб,

Куйиниб гапирилар,

Ҳоллар ҳақда,

Аҳволлар ҳақда.

Куйишга қодир бўлган барча куяр –

Кигиз мисоли…

Осиёни тутиб борар куйинди ҳиди.

2

Мен ғамгин эмасман,

Сиз адашдингиз,

Тиши ғижирламас ғамгин одамнинг.

Ғамгин одам

Лабини тишламас қон чиққунича.

Бўйнидан томирлари бўртиб чиқмас

Ғамгин одамнинг.

Юрти Ўзбекистон бўлган одам

Ғамгин бўлмас сира, ишонинг.

1988

КЎЧМАНЧИ МАЁҚЛАР

Маёқ

Саёк бўлса,

Ҳолимиз ёмон,

Маёқ – булут каби кўкда дайдиса…

Саҳролар устига шаҳарлар қўниб,

Шаҳарлар устини босар сахролар…

Шаҳарлар ўша дайди булутнинг сояси мисол

Саҳродан-саҳрога,

Саҳродан-саҳрога

Кўчар дарбадар.

Маёқ

Саёқ бўлса,

Ҳолимиз ёмон.

Маёқ саёқ бўлса,

Кеча “авлиё” деб улугғланган зот

Бугун “фирибгар” деб эълон этилар.

Маёқ

Саёқ бўлса,

Ҳолимиз ёмон,

Маёқ

Таёқ бўлса.

Ундан ҳам ёмон…

1988

ҚИЗИМГА

Нега йиғлаяпсан, қизим?

Айт, сен нега йиғлайсан ўзи?

Aхир тушунмайсан-ку, ҳали

“Ватан” сўзини?

“Халқим”,

“Юртим” деган тушунчалар

Сенга ёт-ку, ҳали,

Нега йиглайсан?

“Эрк” деган сўз ҳақида ахир,

Тасаввуринг йўқ-ку, ҳали,

Нега сен беҳуда кўз ёш тўкасан?

1988

СОЯЛАР

Айтилган бу сўзларнинг моҳиятини

Соялардан ўзга ҳеч ким билмайди…

Биз билмаймиз, не ҳақда гаплашаётганимизни,

Не ҳақда бу қадар куюниб гапирдик

Биз – тўртта суҳбатдош – буни билмаймиз:

Буни ҳў анови шарпалар билади,

Улар ҳали, бир кун бизларга

“Тушунтириб” берар ўзларимизни.

1988

АСОССИЗ АСР

Ғазаб,

Ғазаб,

Ғазаб…

Ва

Шалоғи чиққан асаб –

Асрнинг энг ёрқин, ўткир қирраси.

Бошқа ҳеч нарса йўқ…

Гулдан лаззатланмоқ – хотира

(Ярми унутилган туш каби хира)…

Ҳар ким ўз нонини ейди ботириб

Зардобга

Зардобга,

Зардобга…

1988

ШЎРҲОК ЗАМИН ОДАМЛАРИ

1

Афтидан, тузсиз гаплар гапиравериб,

Қаҳрини қўзғатдик заминнинг.

Зора, энди тузли шамоллар эсиб,

Жиндай тиниқлашса ақлимиз…

2

Биз,

Керак бўлса,

Тузларга ҳам бардош берардик:

Фақат,

Фақат…

Сепилмаса эди улар яра устига…

3

Хоразмдан кетаётиб,

Хайрлашай, деб,

Манглайингдан оталарча ўпдим-у, шу зум

Шўртак бир таъм вужудимни ларзага солди…

Оҳ, манглайи шўр синглим,

Мен қандай кетайин сени қолдириб?

Айт, қандай кетаман,

Манглайим шўри?!

1988

ДЕЯРЛИ ШЕЪР

Энди эркинман қарийб,

Қўлда кишаним йўқ деярли.

Баъзан ўпкам тўлиб, ийиб,

Мавжудот излайман суярли.

Қарийб қўшиқ айтаман,

Қарийб мен ҳамма қатори…

Ватаним қарийб—чаман,

Қарийб халқимнинг бор ори.

Деярли авлод бор, мана,

Деярли келажаги порлоқ,

Авлодлар қарийб лаънат

Ўқимас бизларга, руҳ чорлаб.

Деярли жойида юрак,

Кўзларим деярли жойида.

Ватаним деярли керак,

Қарийб мен унинг лойидан…

1988

ТАКРОРНИНГ ЗАРАРИ

ҳадеб такрорлайверсанг

ҳатто исминг ҳам йўқотар ўз маъносини

“фаровонхалқ” деган товуш шу қадар кўп такрорланди-ки

энди биз билолмай гарангмиз

қай ўлкада яшашини бу жонзотнинг

1988

ҲАҚИҚАТ

у анчадан бери қулай фурсат кутиб

тишининг ковагида асраб юрган эди бу ҳақиқатни

бу ҳақиқатни у

гўдаклик чоғидан

ҳатто ҳали

тиши ҳам чиқмаган пайтлардан бери

асраб юрган эди тишининг ковагида

1988

БИР ЁШЛИ ҲАКАМ

бир ёшли ҳакам

ҳали оёғи ҳам тили ҳам чиқмаган

нарсаларни оғзига солиб кўриб

ҳукм чиқарар у аёвсиз

аввал қўғирчоғи ҳақда

кейин онасининг кўйлаги ҳақда

ҳатто менинг шеърлар битилган дафтаримни ҳам

эринмай оғзига солиб кўрди

сўнг кутилмаганда

афтини буриштирди юз-хотир қилмай

1988

АНТИКОММУНИСТ ВАСИЯТИ

Эслаб қол, бу турқни,

Бу турқни унутма, қароғим:

Қип-қизил башара,

Шу қадар қизил-ки,

Ҳеч қачон, ҳеч қачон қизармас.

1988

САРОЙ ШОИРИГА

Тишинг оғриғидан ҳам манфаат изласанг,

Қулоғинг оғриғидан ҳам кўзласанг фойда,

Қоқилиб кетсанг-у, ҳатто шундан ҳам

бир ҳикмат ахтарсанг, бўлгулик ибрат,

Хасис бир судхўрдай нафасинг ютиб,

Қулоқ солиб турсанг ошқозонингга,

Бирон бир лоҳаслик,

Ё бир оғир дард,

Қидирсанг…

тополмай, пир бўлса ҳафсаланг—

Шубҳасиз, бадавлат бўлурсан бир кун…

Шубҳасиз, йўталиб,

Шу йўталдан ҳам

Тилла узукчалар ясайсан ҳали.

1988

ЕТИМ СЎЗЛАР  

Бир пой ковушини йўқотиб қўйган одамдай,

Мен ҳам йўқолган бир пой сўзни излайман.

Кўпинча тополмай,

Бошдаги бир пой сўзни ҳам улоқтириб юбораман йўқликка.

1988

ДАҲЛСИЗ НАРСАЛАР

Оғриқлар ўз ҳолича яшар,

Бу оғриқларни туққан сабаблар ўз ҳолича…

Севгимнинг сенга не даҳли бор,

Севгилим?

1988

ЭРК ҲАҚИДАГИ ЎЙ

Эрк ҳақида ўйлар эканман,

Ажиб бир туйғулар бошимдан кечар.

Ҳайратга тушаман

Осмоннинг мовий ва чексизлигидан.

Мазмунин йўқотар “Бугун” ё “Кеча”.

Ҳайратга тушаман Вақтнинг,

умрнинг “кексиз”лигидан,

Шунда дафтаримнинг сўнгги бетидан

ҳеч нарса ёзилмаган бошига қараб

Тескари тартибда ёза бошлайман.

1988

СЕНГА

Ғайриоддий эрур, ғайриоддийдир,

Ғайриоддий эрур ушбу кечинма.

Сўз эса, малагим, ўта моддийдир,

Сўзларнинг қошида туйғу ечинмас.

Акс ҳолда, бағишлар эдим сенга шеър,

Улуғлар эдим-ку, етгунича сўз,

Лек сўзга фарқи йўқ—осмонми ё ер,

Сўзга фарқи йўқдир—ипакми ё бўз…

Энг гўзал шеъримни сенга бахшида

этган бўлмасмидим сўз—севги бўлса?

Аммо бу шеърларим девор нақшидай

кўз-кўз бўлур эди, халққа мен ўлсам…

Мен эса, истамам бундай ёзмишни—

Чурқ этиб очмасман оғиз сен ҳақда.

Энг гўзал шеъримни худо ёзмишдир

кўксимга! Қолгани бариси сохта!

1988

СЕНГА БАҒИШЛОВ

Йўлда бахтга ташна бир аёл

Келиб қолур сенга рўбарў,

Кўзларида мунгли бир хаёл—

Хаёлида пойинг ўпар у.

У сендаги бор-йўқ хислатни

Азалдан билади … индамас!

Тан олмас у машъум қисматни

Аммо севгига ҳам ундамас!

Севгиси ёввойи ўт мисол,

Қуш мисол эркин ва эгасиз.

Гўёки, ишқ эмас, бу—тимсол,

Гўёки, туйғу йўқ (“нега сиз

севасиз?” демоқлик беўрин)…

Шундай бир ҳилқатдир бу аёл.

Мангу садоқатли бир чўри,

Шундайин безавол бир ҳаё,

Шай турар муҳаббат кўксида,

Куз чоғи етилган мевадай.

Асрайди севгисин ўксиган,

Навжувон қиз эмас, бевадай…

Сенга келиб қолур рўбарў

Бахтга ташна шундай бир аёл…

1988

БИГИЗ ҚИЛМА КЎЛИНГНИ…

Унга бигиз қилма қўлингни,

Пичоқлар санчилган,

Тиконлар урилган одамга

Энди бигиз қадаб нетасан?

1988

УМР

Сочларинг тўкилиб бир куни

Манглайинг очилиб қолар саҳродай,

Шунда бу саҳрода адашиб кетар

Сен авайлаб юрган бир орзу…

1988

ИЛДИЗ ОЧИЛМАСИН…

(Дарахт ҳақда ёзган шоирларга ҳазил)

Ширин табассумга лаблар очилсин,

Қуёшнинг нурида очилсин ғунча,

Очилсин минг сирли ҳар қандай тилсим,

Фақат очилмасин илдиз—ўлгунча.

Эшиклар очилсин меҳмон кутсангиз,

Чеҳрангиз очилсин ҳол сўрмоқ учун,

Бахтингиз очилсин, бахтни тутсангиз,

Фақат, очилмасин илдизнинг учи…

Пахталар очилсин, терайлик, майли,

Деҳқоннинг бахтига очилсин ҳаво,

Мавсумлар очилсин—тоғ, лола сайли…

Илдиз очилмасин, бунга йўқ даво.

1988

СЎЗНИНГ БАҲОСИ

Ифорли гапарни айтишдан аввал,

Термулишдан олдин сенинг кўзингга,

Ҳаёт-мамотимни қилиб келдим ҳал,

Мен жонимни тикдим ҳар бир сўзимга.

Самимий табассум қилмоқлик учун,

Ва севинмоқ учун бутун қалб билан,

Суякларим бесас синганлиги чин,

Келганим чин синган юракни улаб…

1987

ТУН

1

Тун шивирлайди.
Тун фақат шивирлайди.
Бойқуш қичқириғи қичқириқ эмас,
Туннинг сокингина шивирлашидир.
Тунгги бақалар ҳам вақиллар экан,
Шивирлаётганини билмас ўзининг.

Сен ҳам шивирлай бошлайсан беихтиёр,
Оёқ учида юра бошлайсан ихтиёрсиз,
Гўё уйғотиб юборишдан қўрқасан
Қушдай мудраётган туйғуни.

2

Юлдузлар атиги ярим кун яшар,
Атиги ярим кун яшайди ой ҳам.
Туннинг қучоғида тирилар улар,¨
Бу қучоқдан чиқиб, ўларлар шу дам.

3

Тун  сўлим.
Мендаги ғамгинлик қаердан келди?
Ғамғинлик?
Бу изҳор этилмаган шодлик эмасми?

4

Юлдузлар ҳеч нарса эмас, ҳеч нарса…
Ҳатто расм ҳам эмас улар.
Игнанинг тешиги ҳам эмас ҳатто.
Менинг ғазабим қўзир,
Ғажиб ташлагудай ўқраяман юлдузларга,
Аммо ғажиб ҳам бўлмайди уларни.

5

Тун – паранжи ёпинган қиздир.
Унда ҳамма нарса сирли,
Ҳаммаси гўзал,
Тун – тасаввур учун яралган.
Ҳар ким тунни севса,
Ўз тасаввури қадар севади.

6

Шоир ўз маҳбубасини кутаркан тунда,
Ёрининг шарпасини сезди-ю бирдан,
Руҳи сўнгги чўғдай сўнди тўсатдан –
Чунки, унинг севиклиси, вафодор ёри
“Тун қўйни”дан келарди чиқиб…

7

Тун юқмайди бизга…

1987

РИТОРИК ШЕЪР

Ривож берса ишимизга, ўнгланса аъмол,
Зирҳли фикр қуёш каби кўрсатса жамол…
Заҳиралар ишлатилса қалбларга чўккан,
Заҳиралар ишлатилса қалбдаги бўккан,
Жужуқларга роз айтсак биз тенг кўриб ўзни
Ва ўргатсак биз уларга “ЭРК” деган сўзни.

Заҳматкаш англаса, меҳнат нелигин,
Бахтсизлик нелигин англаса бахтсиз,
Кўр эмаслар кўрса,
Эшитса, қулоғи кар бўлмаганлар…

Шу тарзда кўпайса Идрок,
Мудроқ бир майлдан келиб устивор.

Шу алфоз камайса:
Моғор босган матлаб,
Занглаган хотир,
Ўргимчак инига бурканган вужуд…

1987

ЎЗБЕКИСТОН

1

Шеър ёзмоқчи бўлсанг,

Қўлингга луғатни олгин-да аввал –

Сўзларни излаб топ шубҳадан ҳоли.

Агар юзга яқин сўз топа олсанг,

Излаб топа олсанг,

Хар хил шубҳалардан ҳоли юзга яқин сўз

Демак, сен омадли шоирсан, ука,

Демак, сен шеър ёзишинг мумкин –

Шубҳа-гумонлардан ҳоли битта шеър.

2

“Худо” деган сўзни эшитиб,

Қўркувдан

Зир титрар

Иблислар.

3

–Бу нима, биродар?

–Билмайман…

–Яхшиям, билмайсан,

Зеро,

Барча биладиганлар

кайгадир кетишди

БОШ ОЛИБ…

1987

ТУРКИСТОНДА

Яхшиям, шоир девор эмас,

Барча товушларни такрорлайдиган.

Яхшиям, у баъзан орзу қилади.

Гоҳида ҳаётда учрамайдиган

Ноёб товушларни ўйлаб топади.

Агар шоирнинг иши фақат

Акс-садо қайтармоқдан иборат бўлса эди,

Акс-садо билан у нуқул

Ҳаётни акс эттирса эди девордай,

Жарангдор оҳанглар эмас, унинг бўғзидан

Хирқираган товушлар чиқарди тинмай.

1987

УМР ГЎЁ ЎТИЛГАН МАКТАБ

Тасаввуринг бунча қизиққон,

Ақлинг бунча шошма-шошардир!

Кимсалар кўп сенга қизиққан,

Кўнглинг эса, тўқсон яшардир.

Саҳий кўкнинг сенга аталган

Бордир ахир бир сиқим ризқи.

Бироқ сенинг вужудинг толган,

Қуриб қолган сендаги исқин.

Ортдан сени чорлар Истиқбол,

Келажакда кутар Ўтмишинг.

Сенга тақдир кўҳна бир иқбол,

Иқбол билан зарра йўқ ишинг.

Умр гўё ўтилган мактаб,

Ёзмиш эса, хатдир ёзилган.

Шеър тўқийсан йўқ нарса ҳақда,

Ҳандақ ҳақда кўкда қазилган…

1987

МИЛЛАТ

Йўқ йўл эмасдир топталган замин,
Авайлаб юрганинг қалб эмасдир, йўқ,
Денгиздай тўкилган шўр тернинг таъми
Денгизни эслатмас, тўлқинланмас, йўқ…

Бари бизникидир, шахсийдир бари,
Ўтмишдан ҳеч нарса ола билмадик.
Бизга мерос эмас тамға кўтариб,
Сафарга отланмоқ, кўзларда – ҳадик.

Бу шеърлар васият эмас аждодлар
Биз учун ўтмишдан ёзиб қолдирган,
Бизга мерос эмас занглаган ёдлар,
Ҳаёт мерос эмас – юрак олдирган.

Бизга мерос эмас, тавозе, қуллуқ,
Ўлакса жонларнинг чиркин ёлғони,
Меросга қолмади бизларга қуллик,
Меросга олмадик ноннинг қолганин.

Барча мерослардан маҳрумдирмиз биз…

1986

ЁМҒИР ЁҒСА

Ёмғир ёғса,

Шамол турса,

Нега уйга кетгим келар менинг,

Нега ширин-ширин оғрир кўксим

Шамол турса,

Ёмғир ёғса?…

Ёмғир ёғса,

Шамол турса,

Мени ҳам эсларми кимдир,

Кетгиси келгандай юртига

Кўксимга кетгиси келарми унинг?

Ёмғир ёғса,

Шамол турса,

Нега шундай бўлаверар ахир?

Шамол хўрсиниқмас,

Кўзёши эмас-ку, ёмғир?

Шамол турса,

Ёмғир ёғса,

Нега масофалар қисқарар?..

1986

СУРУР

Ёзилган нарсалар ёзилди – улар

Танангни тарк этган мадор, кўз нури,

Юзлаб варақларда устимдан кулар

Мен қўйиб юборган ҳаёт сурури.

Шеъримга тарбия бериб мен ўзим

Унинг тарбиясин олибман беҳос,

Бу сўз меники-мас, бу-шеърнинг сўзи,

Айтганим – шеърларнинг такрори, холос.

Ўзга бир ғурурни ахтармок лозим,

Шеърнинг бўйи етмас ўзга бир ғурур.

Шеър шаҳоншох эмас, мен-чи – мулозим,

Демак, сирларим бор, шеърим билмас сир.

Бугун сатрларнинг кетидан қувмоқ

Саробнинг ортидан чопмоқ билан тенг.

Хўш, нега кунларим ўтаркан қувноқ

Шеърлар ёзмоқ ила машғул бўлай мен?

Ёмғирлар ёғмоқда, чақинлар чақар,

Кунларим ўтмоқда гулдурос солиб,

Менинг ёзганларим бари – бир чақа,

Шеърларим, сиз мени қолдиринг ҳоли!

Ҳаёт куйдирмоқда кафтимни, мана,

У кафтдан бу кафтга отаман уни,

Барча кунларимни фақат бир сана,

Бир сана белгилар, унутмам буни!

1986

ЖИПСЛИК САБАБИ

Худонинг қўлидаги одамлармиз биз:

Худо ғазабланса,

Муштумин қисса,

Бизлар жипслашамиз яна яқинроқ…

1986

СЎЗ ФАҚАТ СЎЗ ЭМАС…

Гапингга билдиргим келмас эътироз,

Тилингга не келса, айтавер, майли,

Сўзлар менинг учун товуш эмас – роз,

Ўзни унутганман сўзлар туфайли.

Сен эса, уларни айтасан осон,

Сен учун “сўз”-”сўз”дан бошқа нарса-мас,

Энг ноёб сўзларни ўйлаб топасан,

Кечирган ҳаётинг бунга арзимас.

Фақат сўзлаётиб сен эҳтиёт бўл,

Ахир ҳар бир сўзнинг ўрни бор қалбда,

Сўзлар билан тўлса агар ўнг-у сўл,

Сен ҳалок бўлурсан бир бўм-бўш дарддан.

1986

БИР ОҒРИҚ…

Кузги ёмғир каби батафсил,

Итдай садоқатли бир оғриқ…

Оғриғим не дея аталсин,

Мен унга қандай ном берайин?

Юртим иқлимидай барқарор,

Халқим ишончидай собит у,

Шам каби ёнар у, ярқирар,

Қачон ёниб тугар бу оғриқ?

1986

ТУНГГИ СУҲБАТ

Мунча бақирмасанг тонгги хўроздай,

Салгина секинроқ гапир эй, нодон,

Бошимизга тушган кўргулик оздай,

Яна қараб турар кимдир ойнадан…

Ахир бола-чақа, уй-жой дегандай,

Сенингдек шир бўйдоқ эмасман-ку мен!

Сенсиз ҳам кунларим заҳар егандай

Ўтади… йўқ, сенга келолмасман тенг!

Бундай гапларингни ташла яхшиси,

Кел, қулоқ осайлик тунгги сасларга,

Бу озод элимнинг озод бахшиси

Эшит, қўшиқ айтар ҳушёр, мастларга.

Пардани тушириб қўйганинг маъқул –

Сирли нигоҳлардан бадан жунжикар.

Латифа айтайлик, айтайлик нақл,

Балки, ўйларимиз бир ердан чиқар…

1986

ДУШМАН

Менга оғир ботар сенинг шивиринг,

Гўё фақат иккимизга тегишли бир сир

Бизни бошқалардан тумордай асраб

Тургандай шипшийсан қулоқларимга.

Не гуноҳ иш қилдимки, шивирлайсан сен

Менинг қулоғимга ўз сирларингни?

Сенинг ишончингни қачон қозондим –

Мен қачон қуладим бундай жарликка?!

1986

ОЗОДЛИК РАМЗИДАЙ…

Қорайиб турган бу чуқурлик нимадир,

Қайлардан келди бу бошдаги жароҳат?

Бошимга вазнсиз оғирлик инадир,

Миямга ёйилар нотаниш бир роҳат.

Бошдаги бу дарча эркинлик рамзидай,

Ланг очиқ тургандай зиндоннинг эшиги –

Оҳиста чиқаман фикримнинг изидан,

Унутар бир зумда фикрим ўз бешигин.

Остона ҳатлагач сезаман иқлимнинг

Таҳдидли нафасин, риёли шивирин,

Қарайман бир чети кемтикдир ақлимнинг,

Бир чети оғрийди азобли ва ширин.

Очундан мен талаб қилганим у нарса

Ақлимнинг ярмидир, шу кемтик жойидир.

Сен уруғ бўлсанг-у, экилсанг, унарсан,

Ақлим ҳам бир уруғ… экилган ойидир…

Бироқ бошимдаги бу тамға не бўлди,

Бошимдан не ўтган – бу ненинг туёғи?

Бошим балчиқ эмас, балчиқли бир йўлдан

От ўтган десангиз…

билмайман у ёғин…

1986

ТУШ

1

…юракнинг сатҳидан беш минг чақирим

пастрокда, йўсинлар ҳансираб ётган,

жилғалар юзида кўҳна бир ирим

акс этган ва қуёш тинимсиз ботган

масканда учратдим ўзимни бехос,

дайдиб юрганимни кўрдим тубанда,

илоҳсиз, мақсадсиз, даҳрийларга хос

бир кимса эдим мен, бир шаккок банда;

ўз елкаларида зил хотиротнинг

юкини қул каби кўтариб олган,

дол каби эгилган, букилган зотнинг

руҳи эдим ўзим, ҳориган, толган:

фикр туғиларди бир илон каби –

бошим илонларнинг уяси эди,

мен ҳали очмоққа улгурмай лабим

фикрлар фикрнинг бошини ерди,

сўнг ғолиб келган у ягона илон

тишлаб олар эди ўз қуйруғини –

ўзининг ҳалқадай вужуди билан

менга ўтказарди ўз буйруғини:

оёғим ҳалқада, қўлим ҳалқада,

мен қайга борардим юра олмасам,

аммо юмалашим мумкин, ҳар қалай,

юмалаб кетаман шунда солмага…

2

…олисда, ортимдан қоп-кора ридо

кийган бир номаълум, бир сирли кимса

аста одимларди мен томон, жудо

қилмоқ учун мени шубҳадан – кимсан,

деган сўроғимга жавобсиз ва лол…

негадир севардим шубҳани – менга

шубҳадан айрилмоқ келарди малол

(қўрқардим, дея ҳеч айтгим йўқ сенга),

мендаги гумонга бўлган муҳаббат,

фош бўлган сирларга менинг нафратим

мени қийнар эди дўзахдан -да бад –

оловга айланган эди ҳасратим,

бироқ ҳеч айрилгим келмасди ундан,

гумонсиз қолишдан қўрқардим – ёлғиз:

қора ридо кийган мавжудот шунда

мени ўз пойига чўктирмоққа тиз

жазм этган эди, маккор, афтидан,

чунки, у ҳеч қолмай этарди таъқиб,

ненидир яширар эди кафтида,

бўйинга ненидир олганди тақиб,

ненидир авайлар эди ақлида,

ненидир, билмайман, билмам – ненидир –

қора ридо кийган кимса шаклида

юриб келар эди очилажак сир;

ўрнимдан жилишга урундим – бекор,

вазнсиз эдим мен бир арвоҳ каби,

иложсиз эдим мен, қўлимдан ҳеч кор

келмасди, бир қўрқув эди сабаби:

шунда мен англадим – бунчалар ночор,

бунчалар тадбирсиз фақат уйқуда,

фақат тушдагина бу қадар хор-зор

бўлмоқлиги мумкин инсон, аслида…

…ниҳоят, уйғондим, уйғондим, мана,

асл ҳаёт ётар менинг қаршимда,

бироқ нимагадир, негадир яна

кўксимни шубҳалар, гумонлар тимдар,

яна ўша қомат, қоп-қора ридо,

яна таҳликага тушган гумоним,

мендаги шубҳага сирини фидо

қилмоқ бўлаётган нотаниш ғаним:

шунда мен англадим – уйғонмоқ лозим,

асл ҳаётдан ҳам уйғонмоқ керак:

бироқ, айт, мен қандай уйғонай, созим,

билсанг, айт, қай йўсин уйғонмоқ керак?..

1986

МУСТАҚИЛ ТУЙ0У

Кўксимда бир давъо яшайди, қаримас,
У сира тан олмас, мағлуб ё ғолибни,
Токи у бор экан, кўксимдан аримас
Некбинлик – у бузар истаган қолипни.

Ўзича кун кун кўрар бу қайсар иддао,
Бирок у тажриба орттирмас ҳеч қачон.
Мендаги орзу ва ундаги муддао
Бир жойга талпинар мисоли яхлит жон.

Ўйлайман баъзида:”Бу даъво ўринсиз,
Даъвонинг кўзи кўр, қулоғи гарангдир!”..
Аммо у интилган манзилни кўринг сиз,
Интилган нарсаси – омониз бир жангдир…

Қариган кўксимда навқирон бир Даъво…

1986

ЮРАК САЛТАНАТИ

Сен хам ўзингга хос жажжи бир шоҳсан,
Сен ҳам юрт сўрайсан қалбингдай катта,
Мулкинг юрагингдай кенг, аммо шахсан
Ўзинг бошқарасан бу мулкни, аттанг.

Аттанг, фарқламайсан: кимдир фуқаронг,
Ким у, ўнг қўлингда ўтирган вазир?
Салтанат – юрагинг – кенг, аммо аранг
Сиғар бу ўлкангга мен қилган назр.

Бугун мен дайдирман – беқут, беватан,
Сенинг юрагингдан бўлиб бадарға,
Лекин мен… Қувгинди бўлсам ҳам зотан,
Мен жимман… Ватанни бўлмайди қарғаб…

1986

ДАҲЛИЗНИНГ ДОИМ ОЧИҚ ТУРГАН ЭШИГИГА

У ёққа ўтдик сени кўрмай,

Бу ёққа ўтдик сени пайқамай,

Доим очиқ турган эшик – эшикми?

Албатта,

унутдик биз сени

Доим очиқ турган даҳлиз эшиги…

1986

УЗВИЙЛИК

Ҳақиқатга олиб борувчи ягона йўл –

Фикрларнинг узвийлиги.

Аммо бу узвийлик

Ўз думини ғажиётган кўппакни эслатса,

Нима қиласиз?

Унда сиз кўппакни

Бир боплаб тепинг:

Зора, ҳақиқат

Кўппак қочиб кирган тешикда бўлса!

1986

ДЎСТЛАР

Дўстларим бор менинг хам, мана,…
Бетгачопар, очиқ, жангари,
Улар ортдан килмаслар таъна,
Башарангга айтишар барин.

Улар қодир ўн йилча кутиб
Сенинг қайтмоғингни сафардан,
Келолмасанг, таънасин ютиб,
Сени кутиб яшашга ҳар дам…

1986

ПАРИШОНХОТИРЛИК

Неларни истайсан сен яна,

Интилганинг – у не саодат?

Юлдузлар бор, тун бор-ку, мана,

Кенгликлар бор – рангсиз, беадад.

Изтиробинг бу кунлар аро

Паришонхотирлик меваси.

Факат кўз ҳақ, у кўзлар – қаро,

Факат Сўз ҳақ – шоирнинг саси…

Ва ихтиёр ҳақдир сендаги,

Тинмай юраётган шу соат,

Шу бетин ҳаракат кундаги,

Кундаги, кундаги саодат…

1986

САБАБ

Мана, сенга яна бир сабаб,

Қувонч учун ёки ғам учун,

Севинч ёғар ташда бўралаб,

Ғам ёғмоқда, кўринмас учи.

Тушкунликка туш ёки севин,

Гумонсира қордан, хавфсира,

Ҳисга дўндир топиб бир эвин,

Ёғаверса, тинмаса сира.

Умидларинг боғлансин қорга,

Руҳинг топсин қор узра қўним,

Қорхат ёзгин севимли ёрга –

Сабаб ёғар кўкдан бетиним…

1986

ОЧУН

Руҳинг дақиқалар исканжасида,

Лаҳзага сиғмоқчи бўлар кайфият.

Беҳол типирчилар кун панжасида

Чечакдай таъсирчан, яхши бир ният.

Кўксингни бир зумлик шукуҳ ўпирар,

Қувончдан жимирлар вужудинг бир дам.

Ҳамма нарса сутдай тошар, кўпирар,

Сўнг яна сут каби қайтади бирдан.

Соат деворига урилиб гангир,

Ҳали забони йўқ гўдак – хотира,

Йўлинг ўтилмаёк, қўққисдан чанггир,

Сени кутиб ётмас титраб, қалтираб.

Тўлғоқдан инграюр сония – юкли:

Қурби етармикин унинг туққани?

Табассум туғилар ғам-ташвиш юқли,

У сени танийди, у сени танир…

1986

ЮМУҚ КЎЗЛАР БАХТИ

(“Сиёсатга аралашмайман”, деганларга бағишлов)

Кўзингни юмасан – юмилар оғриқ,

Кўзингни юмасан – йитади кадар.

Қийноқларинг асли кўзингга боғлиқ,

Кўзларингни юмсанг, кетишар бадар.

Дунё руҳсорини қўйма ичингга,

Кўзларингни чирт юм, кирмасин беҳос.

Чин ёлғонга дўнсин, ёлғонлар чинга,

Қовоғингга улкан тегирмонтош ос.

Атрофда кезади нусхалар масрур,

Қайғу нелигини билмайди улар.

Сурув-сурув бўлиб кезишади “ҳур”,

Бир-бирига боқиб, бахтиёр кулар.

Улардан ўрнак ол, улардай яша,

Турмуши уларнинг тақлидга лойиқ.

Сен ҳам ўпқонларга ўзингни ташла,

Агар жарга отса, ўзин ҳалойиқ.

Кўзларингни чирт юм, кирмасин инсоф,

Кўзларингни чирт юм, кирмасин зиё,

Кўзи юмуқларнинг бахти қордай соф,

Кўзи очиқларнинг кўргани – зиён.

Қийноқларинг фақат кўзингга боғлиқ…

1986

ПОЙТАХТДА

Ҳар қалай, хорижда юрганимиз йўқ,

Кўчалар номини тополмай баъзан

Ҳар хил ўткинчидан йўл сўрасак ҳам,

Ҳар қалай, бу – “Тошкент”,

“Ташкент” эмасдир…

Ҳар қалай, мусофир эмасмиз бунда,

Негаки, тумонот лисонлар ичра

Қулоққа чалиниб қолар баъзида

Бизнинг она тил ҳам, ўзбек тили ҳам.

Ҳар қалай, биз ўз юртимиздамиз,

Кўчманчи ўтмаган бўлса ҳам аждодларимиз,

Гарчи, биз улардан фарқли ўлароқ

Ҳужрадан-ҳужрага кўчсак ҳам тез-тез,

Бошпана топилар бизлар учун ҳам .

Ҳар калай, “Тошкент”дир Тошкент ҳали ҳам,

Ҳар калaй, у “Ташкент” эмасдир ҳали…

1986

ФАЙЛАСУФ

Бутун борлиғини

Унга қурбон қилган аёлдан

Миннатдор бўлгиси келмасди унинг:

“Бу – қурбонлик эмас, –

деб ўйларди у –

Бу – ўша аёлнинг эҳтиёжидир”.

1986

СУКУТ

Терс йўлдан кетаман қасдма-қасд,

Ўзгарар қўлдаги аламнинг рангги,

Мен юрган йўлдаги баланд-паст

Довонлар чекинар жимликдан гангиб,

Улар кутган нарса – ҳайиқириқ,

Улар айтажак гап – акс-садодир.

Довонлар турадир томоғин қириб,

Жим бўлсам, уларнинг сўзи адодир.

Энди ”Сукут” аталар нутқим,

Довонлар нутқимга этолмас тақлид.

Менда бор безовта бир қутқу,

Фақат у сукунат ичида ҳақли.

1986

ТАНИШУВ

Муҳаббатни бағритош қиздан ўрганди,

Синчкловликни – қиларга иши йўқлардан.

Гўзалликни илк бор чангда кўрганди,

Очликни ўрганди қорни тўқлардан.

Энди у бир куни атрофга боқиб,

Эрк билан танишиб олар, шубхасиз.

1986

ЭРК

Эрк –

Чиройли тамаки қутисига битилган

“Чекиш – соғлиғингизга зарардир”

Деган ёзув каби холисдир.

Баланд симёғочга ёзилган

“Чиқма, ўласан”, деган сўзлардай

Лоқайд шивирлайди Эрк.

Эрк ундамайди,

Огоҳлантирар:

Чақмоқ чақишидан олдин жимгина

Огоҳлантирганидай булутлар.

Эрк –

Уятчан гўдакдай камгап,

Қўлидан келмайди насиҳат этмоқ,

Ҳамма тенг акс этар унинг кўзида.

1986

ТУШУНЧАЛАРНИНГ ФАРҚИ

Гар кўнглинг тусаса, оёқ яланг юр,

Аммо ялангоёқ бўлма ҳеч қачон.

1986

ОСИЁДА ҚИШ

Қуёш ёздагидай юрар чимматсиз,

Одамлар яширмас кийимга танин,

Қиш тентирар кўкда ёлғиз, умматсиз,

Қўмсар олисларда қолган ватанин.

Ҳордиқ чиқармоқда бунда Осиё,

Ётар у тортинмай, узала тушиб,

У интиқ кутади турна сасин ё

Бошига қўнувчи ўша Бахт қушин…

1986

ВАТАН

Иқлим ҳам шунчалар бўларми илиқ,

Кўксимда барг ёзар минг бир хил гиёҳ,

Ойни қаранг, ойни – бу нима қилиқ?

Тиришар дилимни қилмоққа сиёҳ.

Кўксимни тўлдириб нафас олгани,

Кўрқиброқ турибман асли мен авом,

Кўрқиброқ турибман ерда қолгани,

Бу осмон кўксимда этганда давом…

1986

ЭРТАНИ АЛҚАБ..

Охири не бўлар, худога аён,

Тораяр кун ўтган сайин доира,

Англаб етолмайман, бу не жараён,

Ким у менга қарши тишини қайрар?

Юз берган туйғулар бариси бекор,

Улардан ҳозир ҳам тишим қамашар,

Ҳислар доираси кундан-кунга тор,

Қалбда бошланмоқда ажиб томоша.

Дўстлар юзидаги эски кечинма,

Кўнглимга сабабсиз ялқовлик ҳайдар,

Ҳеч кимнинг олдида, Юрак, ечинма,

Ҳеч кимнинг олдида – ўлгунга қадар!

Тораяр кун ўтган сайин бир ҳалқа,

Мен ҳамон яшайман Эртани алқаб.

1986

ЕТИМ ТОНГ

Тонг етим, тонгдан ҳам етимроқ ким бор?

Кел, унга сен – она, мен – ота бўлай,

Токи у бечора ҳар гал умидвор

Боқмасин кўзлари ҳасратга тўла.

Токи, сал юпансин бизнинг меҳр-ла,

Бизларга мақтансин чиройи билан,

Ўзини овутсин бизни сеҳрлаб,

Ки, биз хам чиқайлик Туннинг измидан.

Ахир Тонг эгасиз, эгаси йўқ уй,

Юракни эзгудай ҳувиллаб ётар,

Кел, уни тўлдирсин биз танлаган куй,

Ҳам бизга бошпана бўлсин Тонготар!

1986

ДАСТУРИЛАМАЛ

Кичраймоқ,

Кичраймоқ,

То Ўзингга қадар кичраймоқ

Ва оний ҳузурла рақибга боқмоқ,

Ғалаба нишонин рақибга тақмоқ!

Сўнг портлаш,

мислсиз бир портлаш билан,

Рақибни кўкларга кўтармоқ

Ва ташлаб юбормоқ шу юксакликдан –

У ҳам билсин, майли, парвоз нелигин!

1986

ҚАЧОН ВА ҚАЕРДА?

(шоирга хазил)

Куз чоғи, япроқлар тўкилажак пайт,

Дафна дарахти остида ёлғиз

Ўзингнинг энг ёрқин қўшиғингни айт:

Бу пайтда меҳнатинг кетмагай беиз.

Ўз барглари билан дафна дарахти

Юксак тақдирлайди оқ манглайингни,

Шеърларинг, албатта, чиқажак бахтли

Ва Тақдир кўтарар чўнг танглайингни.

Қоядай виқорли пешонанг узра

Ҳилпираб узилар дафна барглари,

Бошингни буюк бир гулчамбар безар,

Шодликка айланар шеърий дардларинг…

Унутма, кеч кузда, дафна остида

Юксак тақдирланар ҳар битта сўзинг…

1986

МАФКУРА

Мен ўқий олмадим,

Ўкий олмадим

Зулмат қўйнидаги

У ёзувларни –

Зулумот қўйнига

Ёруғлик ҳақида

Кўмир-ла битилган у ёзувларни.

1986

АРАФА

Шипшийдон эмасдир йўллар,

Бийдай дала эмас тасаввур.

Эй, тилим, ўғлингни қўлла,

Сен рангсан, мен-чи, мен – мусаввур.

Ифода этмоқлик оғир

Нелар кечганини кўнгилдан.

Ранг эмас, ненингдир доғи

Қолар юрагимда зилдай.

Жарга қарамоқдан қўрқиб,

Кундалик ташвиш-ла овора,

Ўзингга эртаклар тўқиб,

Қани, юраверсак биз, зора.

Сиримиз бой бермай ташда,

Хотиржам етсак биз ҳар тонгга.

Қўрққандай жарга қарашдан

Қарамай у тубсиз осмонга.

Мен гўё минг йил яшадим,

Яшадим ва энди сезяпман:

Мана, етилар недир жим,

(У оғир, қалбларни эзяпти)

Етилар, мевадай маҳкум,

Қуёш чиқмоғидй муқаррар,

Энди йўқ ҳеч кимнинг ҳаққи

Ҳар куни ўлишга юз карра!

1986

САРҲУШ ЗАМИН

Боши айланади Заминнинг тинмай,

Гўё сайёралар базмида кеча

Кўп ичиб қўйган-у меъёрни билмай,

Энди сарҳуш ётар қувватин тежаб.

Бетиним айланган бу сарҳуш бошга

Тушлар кириб чиқар ранг-баранг:

У гўё турганмиш омонот тошдай

Тубсиз бир ўпқоннинг четида аранг,

Унинг бошидаги беш миллиард фикр,

Беш миллиард эзгу ё қонхўр ўй-хаёл

Ё хунук алфозда тушарлар зикр,

Ё сузиб юрарлар чўпдан ясаб сол,

Ухлаб ётар экан, уйғонмоқ истар,

Халос бўлмоқ истар ёмон тушлардан,

Тезроқ уйғонай деб йилларни қистар

Ва нажот ахтарар сирли кучлардан…

Тинмай айланади Заминнинг боши…

1986

ҚОР

Қорлар, қорлар, ёғингиз бетин,

Балки, оғриқ босилар қалбда.

Балки, кўрмоқ инсонлар бетин

Енгиллашар қор шуъласида.

Қорлар, ёғинг, мен излаб ташбеҳ

Ўтирмайин ғариб кулбада,

Ташқарига чиқай шодон, беҳ,

Менга ҳамроҳ бўлсин гулбадан.

Қорлар, ёғинг, сиздан нажотим,

Ёғаверинг излар устига,

Оқланадир балки, ҳаётим,

Ёғинг, умр ками-кўстига…

Ёғинг, ёғинг, қорлар, бетиним…

1986

ЎСАЁТГАН ХОТИРА

1

Ағанаб чиқаман тун бўйи,

Биқинимга ботиб, уйқу бермайди

Шағал тошлар каби фикрлар.

Яшашга ҳалақит бераётган нарсаларни

Юлиб ташлагим келар, ўтни юлгандай,

Хусусан,

Бошимни силайман ўзимнинг,

Бошим

Танамдан ўсиб чиққан улкан ғуррага ўхшар,

Фахрланса, арзийдиган баҳайбат ғурра…

2

Коса,

Унинг ичида аллақандай таом…

Косани кўтариб,

Қайларгадир шошар вужудим.

Кимнидир излайман кимсасиз оломон ичидан.

Кимнидир кутаман,

Кутаман сира келмаётган меҳмонни,

Меҳмон эса йўқ…

Бошимнинг косаси ичида эса,

Совуб қолган мия чайқалар илҳақ.

3

Мен ўз сезгиларимнинг подасиман.

Сезгиларим—беҳисоб чўпонларим

Мени ҳайдаб борар номаълум уфққа.

Мен қўй эмасман,

Аммо менинг ҳам

Ваҳм босар юрагимни аҳён-аҳёьнда

Кўплигини кўриб чўпонларимнинг…

4

Мен ҳам қадрлашни ўрганаман,

Мен ҳам қадрлашни ўрганаман бир кун,

Ишни юлдузлардан бошлайман,

Улар негадир тобора

Хиралашиб борар кўкда тун сайин.

Қадрлашни ўрганаман Вақтимни,

Вақт солинган ҳамёним бўшаб бораётир…

Мен одамларни қадрлашни ўрганаман,

Уларни эъзозлай вақт борида,

Зеро камаймоқда уларнинг сони,

Озайиб бормоқда куррада Инсон.

5

Ўша ўрисларнинг Қорбобоси каби,

Мен ҳам совға тайёрлайман ўзимга.

Қорбобо бўм-бўш қопларни тўлдирар,

Мен эса, тўлдираман бўм-бўш кунларни

Ва уларни жўнатаман ўзимнинг номимга—

Келажак сари.

Кун деб аталмиш бўм-бўш қанорларни тўлдираман эринмай

Эринган кунларимнинг ичидан эса,

Совға эмас, ўзим чиқаман,

Ҳазиллашмоқ истаган масхарабоздай.

6

Мен ўз атрофимда

Уйилган қовоқларни кўряпман,

Уларнинг ҳар бири

Қабрдай дўппаяр манглай остида,

Биламан, бу дўппайган қабрлар ичида

Мен ётибман,

Мен!

1986

ИҚРОР

Сувараклар—

Тўкин нонуштанинг даракчисимас,

Унут бўлган бурчнинг Элчиларидир…

Мана,

Суварак ўрмалар кўксида унинг,

Бадани жимирлар

Муздай сув каби—

Қимир этмай ётар,

Қимирлаб қўйиб,

Суваракни чуқурроқ туймоқдан қўрқар…

1986

ДАВРА

1

Мутаффакирона бир қиёфа билан,

Давлат арбобининг салобати-ла,

Мутаассибларга хос бир ишонч билан

Тушлик овқат ҳақда сўз юритар у.

2

Саккизоёқ янглиғ юмшоқдир:

Бошқа жонзотларни ўлдиргувчи қўрғошин ўқлар,

Унинг вужудига кириб ўзлари

Мислсиз юмшоқликдан ҳалок бўлишар.

ИШҚ РИТОРИКАСИ

Хаёлимда фақат сиз борсиз,

Хаёлингиз билан яшайман.

Менинг битта хаёлим бор, у—сиз,

Хаёлим-ла ўлишга шайман.

Ҳар хил хаёлларга бориб,

Қийнаманг мени…

1986

ИЗҚУВАРНИНГ АНДИШАСИ

Кўзларда

Орзунинг излари…

Бу излар кетидан тушмоққа қўрқар изқувар —

ким билади,

қай манзилга элтар уни бу излар…

1986

ФИҒОНЛАР ОРТИДА

Фиғони фалакка ўрлаган эркам,

Бу тутунлар аро,

Бу туман аро

Мен сенинг чеҳрангни излайман кўрдай,

Афсус, тополмайман, ахтариб сени,

Тутун қуюқ,

Афсус,

Бу тутун қуюқ—

Сенинг фиғонингдан кўтарилган дуд.

1986

ЯНА ҲАЁТНИНГ МАЗМУНИ ХУСУСИДА

Қаттиқ тикиласан бирон нарсага,

Кўзингни қадайсан турғун жисмга,

У жисм қалтирай бошлайди аста,

Ўрнидан кўчади у қимир этмай,

Ўрнидан қилт этмай силкина бошлар…

Шунда хавотирга тушиб сен

Жисмдан кўзингни олиб қочасан,

Қочасан жисмдан олиб кўзингни—

Яна қарамоққа қўрқасан…

1986

ВАТАНДАН УЗОҚДА

1

Иқлим бошқа,

Ақлим бошқа,

Чеҳрам бошқа,

Овозим ҳам ўзгариб борар,

У ингичка тортар кун сайин,

Ватанга боғланган ип каби.

2

Агар яшаётган бўлсак,

Демак, сабаби бор бунинг ҳам.

Гумроҳликдан иборатдир,

балки, бу сабаб—

Эҳтимол, гумроҳлик…

Нега гумроҳликни сабаб демайлик?

1986

МАНТИҚ

Иккининг ярими бир бўлган чоғда,

Қора бўлса агар оқнинг сояси.

Кимдир ютса, кимдир қолганда доғда,

Ибтидо англатса, ўз ниҳоясин,

Демак, мен ҳам сени севиб, ҳақдирман,

Тартибот шу йўсин бўлган тақдирда…

1986

ЎЗБЕК ТИЛИ ДАРСИ

(болаларга)

Хўроз қичқирди-ю,

Булбул сайради,

Қўзичоқ маъради,

Бўкирди ҳўкиз.

Қўнғиз ғўнғиллади,

Ҳурди този ит,

Менга тўнғилладинг,

Сенга гапирсам.

1986

АГАР

Ҳақиқатни билиб олардим,

Мингта кўзим бўлган тақдирда,

Айлантирмас эди бошимни ҳеч ким,

Мингта кўзим бўлганда агар…

Агар мингта кўзим бўлганда эди,

Ишонмас эдим мен биттасига ҳам.

1983

МУҲОЖИР

Юраклар унут бўлиб қолсин Гўшада,

Эркин бўлиб чиқайлик Бизлар кўчага.

Тавқи лаънат каби

Олиб юрманг қалбни

Ўзингиз билан.

1983

МУҒОМБИР ОСМОН

Гўёки фалакнинг парвойи фалакдир…

Бор эҳтироси билан,

Бутун кучин тўплаб,

Фалак исбот қилмоқ бўлар менга

Ўз лоқайдлигин.

1983

ҚЎРҚИНЧЛИ ТИНЧЛИК

Кўчада кимдир

Ваҳший овоз билан бўкирар тинмай:

“Яшасин тинчлик!

Тинчлик!

Тинчлик…!”

Буни эшитиб, бошимизга

Қўрқинчли, қўрқинчли ўйлар келади…

1983

ҚОР

“Қор, бир зум шошилма! Бошқаларга ўхшамайман, деб уялаверма. Бошка қорларга қўшилиб кетай, токи, бошқа қорлардан ажралиб турмай, деб ўзингни қийнайверма.Сен оддийсан, тинчлан – учиб юрган бошқа саноқсиз қор учқунларидан ҳеч фарқинг йўқ, сендан ҳеч ким ҳайратланаётгани йўқ, хотиржам бўл!”.

Лекин қор гапларимга қулоқ солмайди. У ўзининг дунёда ягона эканлигига, бошқа қор учқунларига сира ҳам ўхшамаслигига чуқур ишониб ва шундат уялиб, тезроқ бошқа қорларга қўшилиб кетишга интилаверади ва ниҳоят, уларга қўшилиб, кўздан йўқолади.

1983

ЯШАШ ТАРЗИ

Қувонган нарсангдан қувонма фақат,
Қувонсанг, қувонгил бошқа нарсадан.
Тўлама шодлигинг учун нафақа,
Яширин шодликдан увишсин бадан.

Дубулғамас, кулоҳингни кий,
Лекин тўкма ҳеч қачон ҳасрат.
Сўкиб юрма, забонингни тий,
Сен қаҳрингни зарб учун асра.

1983

ТАРБИЯ

Фикр чўзилувчан,

Қаттиққўл тарбиячи

Ўқувчининг қулоғидан чўзгани каби

Энг илғор,

Энг ўткир фикрни

Қулоғидан ушлаб,

ўзга қутбгача чўзишинг мумкин.

Фикр чўзилувчан:

Шўрлик ўқувчининг қулоғи каби

Узайиб кетар у “тарбия”миздан.

1983

СИЙМО

Бу сиймо қонталаш юрак маҳсули,

Оташли шуурнинг алаҳсираши,

Бу сиймо ёлғизлик, умид таҳсили,

Муаллақ илинжнинг жим қалтираши.

Бу сиймо йўқликдан келган бoр нарса,

Сен интилиб сира етмаган юлдуз.

У – кўксингда ётган бир оғир харсанг,

Қалбдаги кўкламнинг ўрнин босган куз.

Мажҳул туйғу каби маҳкум ва мубҳам

Идрокнинг зурёди бу нозик чеҳра:

Сен маҳкум этилган мангулик шубҳа

Ва сира ушалмас орзунинг сеҳри.

У сенга муносиб, сен каби мавҳум,

У ҳам орзу қилар сени, афтидан,

У ҳам сенинг каби юрак-бағри хун,

Исинар сен каби орзу тафтида.

1983

МУАЛЛАҚ

Осмон барча учун осмон,

Уни тушунмоқ ё туймоқ

Ё қийин ва ёки осон.

Осмонни мумкиндир суймоқ,

Ёки лаънатламоқ мумкин –

У ё қора эрур ёки оқ.

Осмон ҳеч кимга тутмас кин,

Арзандаси йўқдир кўкнинг,

У ёки ёлгондир ёки чин.

Бу не – кадарми ё шодлик,

Ўзим хам билмайман буни,

Бу не – зиндонми, озодлик?

1983

ДАҲЛСИЗ НАРСАЛАР

Мен ўрганиб нима қиламан

Қуёшдан кўзимни яширмасликни.

Қўлни ҳам ўргатиб юрмайман чўққа

Ушламоғим учун бемалол чўғни.

Қоядан йиқилиб омон қолмоқни

Машқ ҳам қилмайман томдан сакраб мен.

Эй гўзал, севгим ҳам сен учун шундай,

Сенга нима зарур унга кўникиб?

1983

СУКУНАТ ЧЕГАРАСИДА

Содир бўлмоғи шарт ҳозир нимадир,

Бўлмаса, не зарур бу қадар шиддат?

Зўриққан сукутда, айт-чи, нима сир

Бекинган – наҳотки, ўлик бир муддат?

Ахир ниманингдир ибтидоси бу,

Бу – ниҳоя демак нималаргадир.

Яъний, кимларнингдир сўнг видоси бу,

Яъний, висол демак яна кимгадир.

Дунёда энг айёр нарса – сукунат,

У қила олади қизлар каби ноз.

Сен унга ўзингни бепарво кўрсат,

Кўрсатгин ўзингни бефаҳм мижоз,

Шунда сабри тугар унинг албатта,

Ва очар, чидамай, сенга сирини.

Бу сирни кўра бил, у жуда катта,

Сукунат ортидан кўра бил уни.

1983

ҲОЗИРЛИК

Бугун шамолларнинг нафаси совуқ,

Хабарлар келтирар улар кўп нохуш:

Гўё яқин эмиш хазонрез кунлар,

Совимоқчи эмиш ҳар иссик оғуш.

Гўё узоқларда, қайда, билмайман,

Бир киши отланган эмиш сафарга,

Ўзи-ла қорларни олиб келармиш,

Қуёшни кўмармиш у чуқур жарга.

Гўёки, гўёки, менинг севгилим

Мендан яширмоқчи бўлармиш қўлин…

Қандайдир бир наби қорли саҳрода

Саргардон юрармиш йўқотиб йўлин.

Ва ҳар бир тирик жон бўлармиш огоҳ

Ўзи олаётган ҳар бир нафасдан,

Ғалати эҳтиёж туярмиш улар –

Эркка чиқмоқчидай гўё қафасдан…

Бугун шамолларнинг нафаси совуқ,

Ундан ҳам совуқдир менинг нафасим!

1983

ЙЎЛДА

Зиммангда бировнинг зилдай Ишончи,

Зўрға одимлайсан кўтариб уни –

Тиззангга баъзида титроқ югурар.

Гоҳида ёнингдан бир яшин каби

Шовқин-сурон солиб суворий ўтар –

Ишончни от қилиб минган суворий.

1983

ТОНГГИ ТАЪҚИҚЛАР

Сен тонгда рангларга бунча тикилма,

Улар кўзларингга сиғмас барибир –

Нарсалар минг марта улғаяр тонгда.

Тонгда оёқ яланг юришинг қийин –

Кундузи малолсиз босган тошларинг

Тонг чоғи оёғингга ботарлар қаттиқ.

Сен тонгда эслама,

Эслама мени…

1983

КЕКСА КОММУНИСТНИНГ ХОТИРАЛАРИ

– У пайтлар кўп эди

Халқ душманлари,

Уларни дарров билиб олса бўларди –

Тоза қўлларидан,

Тоза кўйлагидан,

Тоза юришидан,

Тоза туришидан…

Ҳозир қолмаган бундай душманлар.

1983

“ИТОАТГЎЙ”ЛИККА УНДОВ

“Бор, тошингни тер” десалар,

Сен, албатта, тошингни теришинг лозим –

Йўлда ётган барча тошлар сеники.

Қўлингда тош билан

Келсанг сен қайта

“Бор, тошингни тер” деб

Айтолмас ҳеч ким!

1983

“ЭРК”НИНГ КЎРИНИШИ

Бепарво қолади сева туриб ҳам,

Нафрати айланар зўр лоқайдликка,

Қувонган чоғида чекиб туарар ғам,

Қўшиқ айтаётиб бўғилар ҳиққа.

У ётар пайқамай хавф ва хатар-у,

Шодликни, хўрликни, қора-оқликни,

Шуларнинг барини “Эрк” деб атар у,

“Софлик” деб атайди тек ётмоқликни.

1982

ТЕМИР ЗИРҲ ВА НИШ

(“Йўқотилган авлод” туркумидан)

Майда ушоқларга бўлинган киши,

Парча-парча бўлиб кетган бир инсон,

Арининг темирга ўқталган ниши,

Ёйилиб йўқ бўлган дарёга тимсол.

Ўтин терган каби терди ўзини,

Ўтин терган каби – ношуд ўтинчи!

Мана, териб юрар айтар сўзини,

Ана, териб юрар йўқотган тинчин.

Ўзини излайди чойхоналардан,

“Зукко”лар ичидан ўзини терар,

Ўзин судраб чиқар майхоналардан,

Тинмай ўз-ўзига танбеҳлар берар:

“Курашмоқ, курашмоқ, курашмоқ керак,

Бироқ нелар учун курашайин мен?

Курашми ўзингга танбеҳлар бермак

Ёки баҳслар қилмоқ ҳар ким билан тенг?

Ёки шеърлар битмоқ кураш ҳақида

Ўзимиз ҳам билмай, у не курашдир…

Ҳар куни, ҳар соат янги ақида,

Тўқимок курашга… бари абасдир!”…

Арининг темирга ўқталган ниши,

Ёйилиб йўқ бўлган дарёга тимсол –

Майда ушоқларга бўлинган киши,

Парча-парча бўлиб кетган бир инсон…

1982

СИЛСИЛА

Омон бўл, мен кетдим, яхши қол,

Йўлларни унутма мен юрган,

Мен эккан гулларни териб ол,

Сўзларим унутма буюрган.

Омон бўл, билмадим сен билан,

Қачон кўришамиз қайта биз,

Муҳаббат ва нафрат – силсила,

Демак, юракларга қайтамиз.

1982

ТУГУН

Ҳар ҳолда, одамнинг мушти ҳам – тугун,

Бошқа тугунлардай коинотдаги,

Ҳар ҳолда,

Бу тугунни ечмоқ учун ҳам,

Инсон қўли ҳақда

Анча-мунча нарса билмоқлик зарур.

1982

УМРГА ТАТИГАН ЛАҲЗА

Унут,

Унут,

Неки туйган бўлсанг барини унут,

Қалбингдан бўш ўрин ҳозирла –

Энди сен бошқа бир нарсаларни кут!

Етар,

бир лаҳзалик умрни

Йилларга, асрга тенгламоқ,

Бўш ўрин ҳозирла қалбингдан –

Янги бир лаҳзага бўш ўрин!

1982

ФАЛСАФИЙ ЧУҚУРЛИК

Бу фикр шу қадар чуқур эди-ки,

Бу чуқурликда турган файласуфга

Фақат осмон кўринарди,

Фақат юлдузлар.

1982

ХОРИЖДА

Осмон – бу кулбанинг томидир,

Булутлар – дордаги бир чойшаб,

Сувлари бошимга томадир,

Хаёлинг, ўйларинг бекор гап.

Кунларга боқмагин қизиқиб,

Уларни пайпаслаб кўрмагин,

Уларнинг туси йўқ, чизиғи,

Изламоқ беҳуда уст-тагин.

Булутлар дордаги кир чойшаб,

Сувлари томадир бошимга,

Мен бундай ёмғирга тутмам лаб,

Ўхшатмам кўзимнинг ёшига.

1982

СЕН УЧУН

Бу гуллар сен учун экилган гуллар,

Бу қуёш сен учун сочмоқда нурин.

Баъзида юрагим қаттиқ шувиллар:

Юрагим сен учун асрар ўз қўрин.

1982

ФАРИШТАЛАР КУНИ

Улуғвор тус олмиш мўъжаз бинолар,

Шаҳар кийиб олмиш қиш туманини,

Дарбон аёл ҳориб, чуқур тин олар,

Ажиб бир кайфият чулғар ҳаммани.

Дерлар, хайр бордир мутлоқ ҳар ишда :

Туман зич -хотиржам яшашинг мумкин,

Ҳар инсон ўзини бир зум фаришта

Дея ҳисоблаши мумкиндир бу кун.

1982

БАҲОР ТОВУШЛАРИ

Жим,жим! Қулоқ солинг,

Шитирлар қамиш,

Сувнинг ўртасида,

Анхор ичида

Шитирлар камиш,

Олис юлдузлардан қайтар акс-садо –

Қамишдай қовжироқ,

Қамишдай қуруқ.

Қамишнинг шитири –

Тунги товушларнинг энг қақрагани…

Сувда,

Анҳор ичида туриб,

Сув тилаб, илтижо қилади қамиш…

1982

“УЯТЧАН” ОДАМ

Яланғоч девордан,

Гиламлар осилмаган,

Яланғоч девордан уялади у –

“Ҳокисор” бир одам,

“Уятчан” одам.

1982

ХАЛҚ ИБОРАЛАРИ

(ҳазил)

Юрагимни Ҳовучлаб қаршингга чиқдим,

Бироқ қарамадинг сен Ҳовучимга,

Чунки, мендан олдин сенинг ёнингга

Кимдир етиб келди Ўпка Қўлтиқлаб.

1982

СЕН ВА МЕН

Сен яхши биласан қишнинг хислатин

Ва қишга ҳозирлик кўрасан энди.

Мен эса, кузакдан ёзни изладим,

Бугун дея билдим Эртаги кунни.

Сен яхши биласан ўрнингни доим,

Жойингдан қилт этиб қўзғолгинг йўқдир,

Мен эса, ўрнимни билмайман, жойим

Қай ерга интилсам, ўша ердадир.

Сен яхши биласан, қанотларинг йўқ,

Кўкларга учишни қилмайсан орзу,

Мен-чи, қанотимга теккан каби ўқ

Ярамнинг битишин кутаман интиқ.

1982

ШОИРНИНГ МАКТУБИ

Бизга таянч керак, дўстим,

Қўлтиқтаёқмас…

Дунё безовтадир, дунё серғавғо,

Таянчсиз яшамоқ кўп оғир унда…

Кимнингдир таянчи болаларидир,

Кимнингдир дўсти бор суянадиган,

Ёрига суянар яна кимлардир..

Мендаги таянч эса, сал бошкачароқдир,

Мен умрим сўнгига таянмокдаман,

Бутун умрим бўйлаб чўзилган руҳим

Таяниб турибди умрим сўнгига!

1981

БАЛКИ…

Балки тўкилмасди япроқлар,

Балки, турналар ҳам учиб кетмасди.

Ва эҳтимол ёмғир бу чоқлар

Эзмасди бунчалик, нола этмасди.

Кунлар совумасди бизлардан,

Музга айланмасди сувларнинг бағри,

Бизни ҳар одимда шодлик изларди,

Шамолнинг бунчалик келмасди қаҳри.

Агар бирга бўлганимизда

Ушлаб қолармидик, балки, фаслни.

1981

ФАСЛ ВА ЗАРБА

Сен зарбани кутдинг,

Худди

Фаслни кутгандай…

Фаслни кутгандай

Кутдинг зарбани –

Бир хил итоат-ла

Кутдинг уларни.

Энди айт, биродар,

Сен қандай фарқлайсан

Фасл ва зарбани?

1981

МУШАКЛАР

Мушаклар отилар кўкка тинимсиз,

Кўк, қизил… ва яна қандайдир ранглар,

Барча қийқирмоқда… сиз нега жимсиз,

Сиздаги сукутни ким тўғри англар?

Минглаб қиёфалар бир зум ёришар,

Ҳатто китоб ўқиш мумкиндир бир зум.

Кўк, қизил… ва бошқа ранглар қоришар,

Мушак кўтарилар – залворли гурзи…

Мамлакат бахтиёр, масрурдир ғоят,

Дев каби кўкларга чўзар қўлини –

Бир лаҳза йўқолар ҳар қандай соя:

Мушаклар ёритар халқнинг йўлини…

1981

ШАҲАР

Соат милларини шоширмас ҳеч ким,

Ушлашга ҳам уринмас ҳеч ким уларни,

Сен ёлғиз кезасан шаҳар бўйлаб жим,

Одимлаб ўлчайсан узун кунларни.

На бирор қайғу бор, на бирор ташвиш,

Хурсандчиликнинг ҳам йўқлиги тайин,

Киролмай эшикдан қараб турар қиш,

Узоқ ивирсир куз, чиқиб кетмайин.

Муҳаббат ҳам бунда гўё йилдирим,

Идрок кечикади доим юракка.

Ҳар куни эрталаб қиласан ирим,

Фақат етишмайди шаҳарда ҳакка.

Етишмайди бунда яна нелардир,

Тасаввур ғуборли, англамоқ қийин:

Кўз олдингга чангли қишлоқ келади,

Содда юзлар пайдо бўлади кейин…

1981

ЖАЗИРАМА

Шамолнинг ҳоли йўқ югурай деса,

Булбуллар соқовдай ғўлдирар,

Сукунатнинг бўм-бўш ичини эса,

Чивинлар шовқини тўлдирган.

Вазифаларингнинг қоқ ўртасида

Турганга ўхшайсан сен ҳам муаллақ.

Ёз каби кўнглингга урар баъзида

Ажратиб ўтириш ким ноҳақ, ким ҳақ…

1981

Kategoriler:Шеърлар

“ТУРКИЙЗАБОНЛАР” КИМ?

1994 йилнинг январ ойида “Ўзбекистон овози” газетасида (4.01.94 ва 20.01.94 кунги сонларида) ўзбекларнинг турк эмас, “туркийзабон”лиги исботлашга урунилган иккита мақола кетма-кет чоп этилди. “Турк”ми ёки ўзбек?” деб номланган биринчи мақола муаллифи филология фанлари доктори, профессор Насимхон Рахмонов бўлса, иккинчи мақола муаллифлари академиклар Аҳмадали Асқаров ва Бўрибой Ахмедовлар бўлиб, мақола “Ўзбек халқининг келиб чиқиш тарихи” деб номланган. Турк халқларининг бир-бири билан яқинлашиш, бирлашиш ва ўзлигини англаш жараёни кетаётган бир пайтда бундай мақолаларнинг “Ўзбекистон овози” (собиқ “Совет Ўзбекистони”) газетида кетма-кет чоп этилиши кишини сергаклантиради. Гўё “социалистик нуқтаи назардан туриб, илмий асослашлар”, “пантуркизмга қарши ўт очишлар” даври яна қайтаётгандай…

Н. Раҳмонов ўзининг “Турк”ми ўки “ўзбек?” номли мақоласини шундай бошлайди: “Ҳозирги Туркия давлатининг асосий аҳолиси турклар, нафақат ўзбеклар, балки, туркийзабон аҳолининг ҳам қардоши эканлиги икки карра икки – тўртдай гап. Улар Ўзбекистонни ота-юрт дейдилар. Чунки, улар минг йиллар нарида шу ердан кетганлар.” Жумлани илмий жиҳатдан тўғри бўлган ана шундай фикр билан якунлаган муаллиф бир абзацдан сўнг бирданига ўз фикридан қайтади ва шундай ёза бошлайди: “Марказий Осиё аҳолиси қадимдан туркийзабон эди. Турклар эса, хунларнинг авлоди эдилар.”

Муаллиф ўз мақоласининг давомини “турк” сўзининг нақадар нисбий эканлигини исботлашга қаратиб, шундай ёзади: “…турк ҳеч қачон бир қабиланинг номини ифодаламаган”. Шундай дер экан, муаллиф “ўзбек”деган сўз ҳеч қачон бугун ўзларини ўзбек деб атаётган халқларнинг бир қабиласини ифодаламаслигини, “турк”ларда қанча кўп қабила бор бўлган бўлса, “ўзбек”ларда ҳам шунча кўп қабила борлигини (ўзбекнинг бутун турк халқлари ва қабилалари номларини ўз ичига олган 92 уруғини эсланг), ҳатто бу қабилаларнинг маданий-маиший турмуши ҳам бир-биридан фарқли эканини эсламайди. Биз Бухоро, Самарқанд, Хивадаги тарихий ёдгорликларнинг ўзига хос жиҳатлари ҳақида, бу ҳудудларда яшайдиган уруғларнинг мусиқий санъатларидаги, урф-одатлардаги, “миллий” (бу сўз том маънода эмас, шартли равишда – нисбий маънода ишлатиляпти) либослардаги, тилдаги ўзига хосликлар ҳақида гапиришни яхши кўрамиз. Хўш, бу қабилаларнинг қайси бири ҳақиқий “ўзбек”? Яъний, уларнинг энг “ўзбекроғи” қайси?

Мақоланинг давомига назар ташлайлик: “Назаримда “турк” номи ўзбек тили луғати таркибига шу даражада сингиб бораяпти-ки, бунда “ўзбек” номи маънисиз, руҳсиздай. Агар шундай жараён давом этаверса, Ватан деган муқаддас тушунчага, миллий туйғуларга путур етиши мумкин”. Аввало, шуни айтиш лозим-ки, “турк” номи ўзбек тили луғатига “шу даражада” сингиб бораётгани йўқ, мабодо, шундай бўлаётган бўлса, буни фақат олқишлаш лозим, чунки, бу – тарихий ҳақиқатнинг ғалабаси бўлади. Колаверса, бу ҳолат ўзбеклар ичидаги маҳаллийчилик иллатини йўқ қилади. Энди нима учун турк номи қошида ўзбекнинг “маънисиз, руҳсиздай” кўриниши масаласига келсак, буни ҳатто муаллифнинг ўзи ҳам тушунтириб беролмаса керак. Ўз номи қошида, ўзлиги олдида миллат ҳеч “маънисиз, руҳсиздай” кўринадими? Ватан деган муқаддас тушунчага келсак, биз ўз ватанимизни Сталин белгилаб берган ҳудудлардан анча кенгроқ деб биламиз ва бу нарса бизнинг “миллий туйғуларга путур” етказмайди, аксинча, уни яна ҳам ўстиради, кенгайтиради.

Қолаверса, Шайбонийхон лашкарига қарши курашган ва биз ўзимизнинг боболаримиз деб ғурурланадиган соҳибқирон Амир Темур ҳам, унинг вориси Бобур ҳам ўзларини “турк” деб атаган. Cоветлар даврида эса, ўзбекларни дунёдаги энг порахўр халқ сифатида кўрсатишга урунишди – нега энди профессорларимизнинг миллий ғурурига бундай ҳақоратлар путур етказмайди-ю, ўзбекнинг турк эканлиги ҳақидаги фикр путур етказади? Бизнинг ғуруримиз турклигимизда эмасми? Умуман, “ўзбек”калимасини 1924 йилда коммунистларнинг доҳийси Владимир Ленин расмийлаштирди. Туркистон номи йўқ қилиниб, унинг ўрнига бир қанча янги, ясама жумҳуриятлар, шу жумладан, “Ўзбекия” ҳам ташкил этилди. Бир муддатдан сўнг эса, “миллийлик принципи”га амал қилинган бўлиб, “Ўзбекия” номи “Ўзбекистон”га алмаштирилди.  Агар биз ўзимизни бизга бошқа халқлар (масалан, руслар ёки овруполиклар) берган номлар билан аташни тўғри деб топсак, у ҳолда, биз ўзбек деб ҳисоблаётган Темур, Улуғбек, Бобур каби улуғларимизнинг ҳам рус ва Оврупо олимлари томонидан “мўғуллар”деб аталишига кўникишимиз лозим: Ҳиндистонда узоқ давр мобайнида ҳукмронлик қилган бобурийлар ҳам “буюк мўғуллар” бўлиб чиқади. Худди шундай мантиқ билан “дойч”ларни русча қилиб, “немис”, “хунгар” ёки “мажор”ларни – “венгер”, “ўзбек”ларни – Чор империяси пайтида кенг қўлланилган “сарт” номлари билан атайвериш мумкин. Умуман, агар ўзбеклар Ўзбекистондаги аксилмиллий режим пропагандасига учадиган бўлса, ўзининг бутун тарихидан маҳрум бўлади. Чунки, 16 асргача булган тарихимизда “ўзбек” номи билан боғланган бирон бир давлатчилик мероси йўқ. Бизни турклигимиздан маҳрум қилмоқчи бўлаётганлар айнан мана шуни яхши билганлари ҳолда, режали равишда пропаганда олиб бормоқдалар. Уларнинг Самарқанд ва Бухоро ўзбекларники эмас, деган иддаоларини бутун ўзбеклар яхши билади-ку! Бизнинг турк эмас, фақат ўзбек бўлишимизни исташларидан кўзлаган мақсадлари ҳам мана шунда – бизни ўз тарихимиз ва маданиятимиздан маҳрум қилишга урунишдадир…

Бу ўринда 18 – асрда яшаб ўтган буюк франсуз мутафаккири Монтескёнинг турклар ҳақидаги фикрларини келтириш жоиз бўлади, деб ўйлаймиз. Монтескё турклар ҳақида гапирар экан, уларни ҳамма жойда “татарлар” деб атайди. У хунлар, турк хоқонликлари, салжуқийлар, хоразмшохлар, усмонли турклари, темурийлар, бобурийлар ва чингизийлар империялари ўртасида ҳеч қандай фарқ кўрмайди, уларга бир халқ – татарлар деб қарайди. Франсуз мутафаккирининг бу фикри, унинг, юқорида номи зикр этилган ўзбек академиклари ва профессорларидан кўра, ўзбеклар тарихини яхшироқ билишидан далолат беради. Матнни тўлалигича келтирамиз, зеро, у жуда ибратлидир:

“Шон-шуҳрат ва буюк истилолар бобида дунё халқларининг биронтаси ҳам татарларга тенг келолмаган. Бу халқ – жаҳоннинг ҳақиқий ҳукмдоридир: бошқа барча халқлар гўё унга хизмат қилиш учун яратилгандай. Бу халқ империялар яратгувчи ва империяларни маҳв этгувчидир: у барча замонларда жаҳонга ўзининг қудратини намоён қилиб келган, у доимо халқлар бошига ёғилган офат бўлган. Татарлар икки марта Хитойни истило қилдилар ва ҳозиргача уни ўз ҳукми остида сақламоқдалар. Улар Буюк Мўғул империяси деб аталган чексиз-чегарасиз ҳудудларда ҳукмронлик қилишмоқда. Улар Эроннинг ҳукмдорларидир, улар Кир ва Гистаспнинг тахтларида ўтиришмоқда. Улар Московияни босиб олишди. Улар турк номи остида, Европа, Осиё ва Африкадаги бепоён ҳудудларни ишғол қилишди, улар дунёнинг учта қитъасида ҳукмрондирлар. Агар узоқроқ даврлар ҳақида гапирадиган бўлсак, Рим империясини маҳв этган халқлардан бирининг ҳам айнан татарлар эканига гувоҳ бўламиз. Чингизхоннинг истилолари олдида Александрнинг ғалабалари ҳеч нима эмас. Афсуски, бу музаффар халқнинг ажойиб қаҳрамонликларини улуғлайдиган солномачилари кам бўлган. Қанчадан-қанча ўлмас қаҳрамонликлар вақт шамоллари остида унут бўлди! Татарлар асос солган қанчадан-қанча давлатлар тарихини биз ҳали билмаймиз! Бу жанговор халқ фақат ўзининг бугунги шон-шуҳрати билан банд бўлиб, ўзининг келажакда ҳам енгилмаслигига чуқур ишонгани ҳолда, тарихдаги буюк ғалабаларини мангулаштириш ҳақида заррача ҳам қайғурмади”. (Нашр: Монтескё. “Форс мактублари”. 198- бет. Москва, 1956.)

Энди академиклар А. Асқаров ва Б. Аҳмедовларнинг “Ўзбек халқининг келиб чиқиш тарихи” номли мақоласини кўриб чиқайлик. Муаллифлар мақолани шундай бошлайдилар: “Маълумки, миллат капиталистик жамият маҳсули”… Албатта, қизил алмисоқдан (яъни, коммунистлардан) мерос қолган бундай кулгули гапга диққатни қаратиб ўтирмай, тезроқ масаланинг моҳиятига ўтишни истаймиз, аммо бундай “цитата”лар олимларимизнинг тафаккур томирларини суғориб турган булоқлар эканини эслатиб ўтмасак, масалага ойдинлик киритиш нуқтаи назаридан янглишлик бўлган бўларди. Коммунистик назария бўйича, капиталистик жамият тарафидан яратилган миллатлар, шу жамиятнинг антиподи бўлган коммунистик жамият тарафидан йўқ қилинади ва охир-оқибат дунёда бир халқ ва бир тил қолади. (Бу қайси халқ ва қайси тил бўлишини эса, ҳар ким ўз хаёл кучи даражасида белгилаши мумкин.) Аммо афтидан, олимларимиз, миллатнинг пайдо бўлиш сабаби ҳақдаги ўзларига қадрдон бўлган назарияни шунча-ки, ўзлари айтмоқчи бўлган фикрга унчалик тўғри келмаса ҳам, “ўрганган кўнгил” қабилида айтворишган, шекилли. Чунки, улар баҳс қилаётган 10, 11 ёки 14 асрларда ҳали ер юзида капитализм йўқ эди. Умуман, Туркистон ерларида ҳеч қачон капитализм бўлмаган. Балки, энди пайдо бўлиб қолар… Зора, ўшанда биз ҳам миллат бўлиб шаклланиш бахтига муяссар бўлсак…

Мақола таҳлилида давом этайлик: академикларимиз ўз мақолаларини шундай давом эттирадилар: “Ўзбеклар халқ сифатида 10 асрга келиб шаклланди: ҳудудий, иқтисодий, маданий, тил ва тип бирлигига эга бўлди… Ўзбеклар, баъзи бировларнинг ноилмий фикр юритишига қарши ўлароқ, турк эмас, балки, туркийзабондир. Тўғри, тилимиз туркий, лекин турк тили билан ўзбек тили ўртасида фарқ катта. ҳозирги ўзбек адабий тилини соф турк тили, деб бўлмайди. Ўзбекнинг тили, тарихи ва маданияти ҳам соф туркники эмас. Унинг жисмоний – биологик қиёфаси, неча минг асрлик тарихи ва маданиятининг шаклланишида четдан келган (қайси четдан – ўнгданми ё чапдан? ғарбданми ё шарқдан? М.Б.) этник қатлам билан ерли туб аҳоли қони, тили, руҳияти, тарихи ва маданияти чатишиб, қоришиб кетган”.

Бу матндаги халқнинг шаклланганини исботлаш учун келтирилаётган далилларга эътибор беринг: ҳудудий, иқтисодий, маданий, тил ва тип бирлиги… Бу “принцип”ларни бир кўздан кечириб чиқайлик:

1. Ҳудудий бирлик. Бундай бирлик Ўзбекистон ҳудудида ҳеч қачон барқарор бўлмаган: ҳудуд доимо гоҳ кичрайиб, гоҳ каттайиб, гоҳ майда бўлакларга бўлиниб турган.

2. Иқтисодий бирлик. Бу бирлик ҳам ҳудудий бирликка бевосита боғлиқдир, яъний, иқтисодий яхлитлик сиёсий ўзгариш ва янги давлат субъектларининг ёки хонликларнинг пайдо бўлиши билан ўзгариб турган.

3. Маданий бирлик. Бундай бирлик ҳам то бугунга қадар амалга ошмаган вазифалардан бири бўлиб қолмоқда. Бу хусусда биз юқорида гапириб ўтдик (миллий либослардаги – бу ерда “миллий” сўзи шартли равишда айтиляпти – урф-одатлардаги ўзига хосликлар).

4. Тип (антропологик) хусусиятлар. Ўзбекистонда бундай хусусиятлар ҳам ҳар хил. Бугунги ўзбеклар бир қарашдаёқ бир-бирининг қайси “тип”га мансублигини ажрата оладилар. Айниқса, барча турк қавмларини ўзига қоришитириб юборган ўзбекларда “тип бирлиги” бўлиши мумкин эмас. Шу маънода, агар ўзбеклар, олимларимиз айтганидек, кимлардир билан “қоришиб-чатишган” бўлса, бу “қоришиб-чатишганлари”нинг барчаси  турк уруғларидир.

5. Тил бирлиги. Ҳали бугунгача “ўзбек тили” деб аталаётган Хоразм “ўзбекча”си билан Фарғона ёки Тошкент ўзбекчаси ўртасида катта тафовут бор. Ҳатто агар Хоразм ўзбеги ўз лаҳжасини расмий қабул қилинган ўзбек адабий тилига мосламай гапирса, тошкентлик ёки водийлик ўзбек ҳеч нарсани тушунмаслиги мумкин. Чунки, хоразмлик ўғуз-қарлуқ лаҳжасида гапириб, ҳозирги ўзбек адабий тилида бўлмаган, аммо Навоий давридаги турк(ўзбек) адабиётида кенг қўлланилган “ошоқ” (паст), “оё”(кафт), “ал”(қўл) каби нотаниш сўзларни ишлатади. Навоий ижодида эса, юқоридаги каби сўзлар кенг кўламда ишлатилган. Чунки, Навоий “ўзбек” тилида эмас, турк тилида ёзган. Балки, шунинг учун ҳам ҳозир гоҳ у ер, гоҳ бу ерда Навоий асарларини ҳозирги замон ўзбек адабий тилига “таржима” қилиш ҳақидаги кинояли гаплар туғилаётгандир? (Иброҳим ҳаққуловнинг ”Занжирбанд шер қошида” номли китобига Эркин Воҳидов томонидан ёзилган сўзбошига қаранг). Бугунги ўзбек адабий тилининг нақадар сунъий тил эканлигини олим бўлмаган одамлар ҳам яхши билади. Ҳар хил вилоятдан келган иккита ўзбекнинг бир-бирларини тушунмай, анграйиб туришларининг сабаби ҳам тил ислоҳотидаги мана шу зўравонликда, сохта илмийликдадир. Бугун Ўзбекистон ҳудудларида яшаётган ва паспортларига “ўзбек” деб ёзилган уруғлар турк тилининг барча лаҳжаларида гапирадиган қавмлардир. Бугунги ўзбеклар қипчоқ лаҳжасида ҳам, ўғуз лаҳжасида ҳам, қарлуқ лаҳжасида ҳам гапирадилар. Бу ҳол, бобомиз Амир Темурнинг: “Биз туркларнинг бош бўғинимиз” деган гапини тасдиқламайдими? Академикларимизнинг “ҳозирги замон ўзбек адабий тилини соф турк тили деб бўлмайди”, деган гаплари тўғри. Чунки, бу адабий тил, юқорида айтганимиздек, сунъий равишда яратилган тилдир, яъний, лаҳжаларимиздаги унга кириши мумкин бўлган ва асрлар бўйи Туркистон адабиётида ишлатилиб келинган туркий сўзлар киритилмай, уларнинг ўрни форс ва араб сўзлари билан тўлдирилган. Яъний, советлар ўзбек алифбоси устида ўтказган “эксперимент”ларини (тинимсиз, ўзгартириш ва “тозалаш”дан иборат ) тил сиёсатига ҳам тадбиқ қилдилар. Ўзбек имло луғати (Тошкент, “ФАН” нашриёти, 1976 й.) ўта даражада қашшоқ ва ғариб. Унинг ярмидан кўпроғини бегона тиллардан кириб келган сўз ва терминлар ташкил этади. Ўзбек изоҳли луғати (Москва, “Рус тили” нашриёти, 1981 й.) эса, ундан ҳам баттар. Гўё олимларимиз ўзбек (турк) тилидан кўра, бегона тилларни яхшироқ биладигандай, яна ҳам аниқроғи, яхшироқ кўрадигандай. Ўзбек тилининг имло, изоҳли, синоним (агар шундай луғат тузилса) луғатлари Ўзбекистондаги барча лаҳжаларни ўзига жамламоғи керак. Қолаверса, бошқа турк халқлари луғатларидаги биз унутиб юборган туркча сўзларни ҳам луғатимизга қайтадан киритиш масалаларини кўриб чиқсак, фойдадан ҳоли бўлмасди. Айниқса, чуваш, ёқут, гагауз каби умумтурк маданияти таъсири доирасидан чиқиб қолган турк халқларининг луғатлари диққат билан ўрганиб чиқилса, ёмон бўлмасди. Биз “тил сунъий равишда яратилмаслиги керак”, дея оғиз кўпиртирамиз-у, ўзимиз турк тилимиздаги лаҳжаларнинг ўзбек адабий тилига кириб келишига сунъий тўсиқлар қўямиз.

Ўзбек адабий тилининг “соф турк тили эмас”лиги ҳақидаги иддаолар борасида ўз мулоҳазаларимизни айтдик. Аммо “ўзбекнинг тарихи ва маданияти ҳам соф туркники эмас”, деганда нимани кўзда тутган ҳурматли академикларимиз? Умуман, “соф маданият”, “соф тарих” дегани нима ўзи? Биронта халқ ўз маданияти ва тарихини бошқа халқлар билан алоқада бўлмай, ярата оладими? Француз маданияти, италиён маданияти, испан маданияти бор, аммо “соф француз маданияти”, “соф италиён маданияти”, “соф испан маданияти” деган маданият йўқ. Маданиятлар доимо бир-бирига таъсир ўтказади ва бу табиий ҳолдир.

Академикларимиз яна шундай ёзадилар: “ҳозир Ўрта Осиёда турк эмас, балки, туркий тиллар асосида ташкил топган ўзбек, қирғиз, қозоқ, туркман ва қорақалпоқ деган халқлар бор”. Тўғри, аммо бир муддат академикларимиз айтганлари сингари “ягона ҳудудий бирлик”ни ташкил этган Ўзбекистон ҳудудида ҳам Бухоро ва Хоразм республикалари ташкил этилган эди. Яъний, академикларимиз олға сураётган “халқнинг шаклланишидаги асосий фактор – ҳудудий бирлик” принципи бўйича мушоҳада юритадиган бўлсак, ўшанда худди туркман ва ўзбек халқлари сингари бухорий ва хоразмий халқлари вужудга келишига сал қолганди. Агар бу иш “муваффақиятли” амалга оширилганида, балки, фарғоний ёки қўқоний халқлари ҳам вужудга келармиди, ким билади дейсиз… Бизнинг олимларимиз зўр бериб исботламоқчи бўлаётган – ўзбекнинг турк эмас, бор-йўғи “туркийзабон” эканлиги, аслида, ўзбекнинг “қоришиб-чатишиб”(ким билан?) кетган бутунлай бошқа бир миллат (қандай миллат?) эканлиги ҳақидаги тўқима, қадимги Хитой донолари айтиб кетган бир афоризмни эсга солади: “Қоронғи уйда қора мушукни излаб топиш қийин, айниқса, бу уйда ҳеч қанақа мушук йўқ бўлса”…

Биз ҳам бу ташбеҳга ҳамоҳанг килиб, шундай дейишимиз мумкин: “Қоронғи тарих ҳам қоронғи уй кабидир, бу қоронғиликда ҳам қора халқни, келиб чиқиши қоронғи бўлган сизнинг кора халкингизни  излаб топиш қийин, айникса, бундай халкнинг ўзи йўқ бўлса…”

Мақсуд Бекжон

1994, феврал.

Тошкент

Kategoriler:Тарих

ИЖАРАДАГИ ОДАМНИНГ КУНДАЛИГИДАН

 

 

Сен хунук ҳаракатлар қилмайсан.

Мен сенга узатган пулларни шоша-пиша санай бошламаслигинг учун уларни олдингга табиий бир ҳаракат билан текис ёйиб ташлайман. Сен қўлингни чузмай, пулларни бир зумда кўзларинг билан санаб чиқишинг мумкин. Сен – фаросатлисан.

 

Тақдир тақозоси билан бир дастурхон атрофида ўтириб қолганимзда сенинг бутун тановвул давомида тинимсиз кекиришингни ўзим ҳам, бошқалар ҳам эшитмаслиги учун мени узундан-узоқ йўтал тутади ва ҳеч ким сенинг кекирганингни эшитмайди. Сен – маданиятлисан.

 

Пешонамда сен билан суҳбатлашиш ёзилганига шубҳам қолмаганидан сўнг, мен иложи борича суҳбат мавзуини ҳазиломуз нарсаларга буришга тиришаман. Ҳазил-мутойиба билан машғул бўлиб, сен халқ номидан гапиришни унутасан. Сен – олийжаноб одамсан.

 

1986

Kategoriler:Адабиёт