Başlangıç > Сиёсат > ТАРИХИЙ ХОТИРАСИЗ ЎТМИШ ҲАМ ЙЎҚ…

ТАРИХИЙ ХОТИРАСИЗ ЎТМИШ ҲАМ ЙЎҚ…

(Президент И.Каримовнинг “Тарихий хотирасиз келажак йўқ” номли мақоласига муносабат)

Ўзбекистонда чиқадиган “Мулоқот” журналида(1998 йил, 5 сон) президент И.Каримовнинг “Тарихий хотирасиз келажак йўқ” номли мақоласи чоп этилди. Аслида, бу матнни “мақола” дейиш қийин, чунки, унда бирон бир фикр йўқ, бу нарсани халқ учун ёзилган бир “йўлланма” дейиш ҳам имконсиз, чунки, унда кўрсатилган бирон йўлнинг ўзи ҳам йўқ.

“Биз қачонгача ўз тарихимизни бировларнинг нуқтаи назари, қаричи билан ўлчаймиз?” деб савол беради президент ўз мақоласида. Албатта, тарихимизни ўз қаричимиз билан ўлчашимиз ва унга нисбатан ўз нуқтаи назаримиз бўлмоғи лозим, аммо давлатбошининг “нуқтаи назари”нинг ўзида ҳам бирон бир “нуқта”ни топиш қийин: муаллиф ўз мақоласида бор-йўғи, ўзбекларнинг турк ёки хун эмас, балки, бошқа халқ эканлигини уқтиришга урунади, холос. Аммо мақоладан кўринадики, ўзбекларнинг хунлардан “бошқа халқ” эканлиги асло ўзбек халқининг “хунларга ўхшамаган, маданиятли, қадимий” халқ эканлиги маъносида келмайди, бу фикрни муаллиф, ўзининг қуйидаги надоматли хитоблари орқали ифода этмоқчи бўлади: “Ўзбек номи қачон пайдо бўлган? Совет тарихшуносларининг ёзишича, гўё 16 асрда бизнинг заминимизни Дашти Қипчоқ ишғол килгандан кейин ўзбек номи пайдо бўлган эмиш. Ахир биз Мавораннаҳр деб атайдиган икки дарё оралиғида унгача ҳам халқ яшаган-ку! Ёки бу халқ бошқа халқ бўлганми? Мантиқ қани бу ерда?”

Муаллифнинг “ёки бу халқ бошқа халқ бўлганми?” деган саволини ушбу мақоланинг лейтмотиви деса бўлади, фақат бу “лейтмотив” очиқ айтилган фикр шаклида эмас, балки, таажжубга тўла саволлар орқали ўқувчи онгига сингдиришга урунилади. Зотан, 20 йилдан ошиқроқ вақт мобайнида ўзбек халқига қарши геноцид сиёсати юргизаётган бу одамнинг худди шундай шаклда мушоҳада юритиши табиий бир ҳолдир, ёки бошқача айтганда, унинг ўзбек халқига қарши юргизган геноцид сиёсати унинг халққа нисбататн ана шундай муносабати мевасидир.

Энди И.Каримовнинг.”Мантиқ қани бу ерда?” деган саволига келайлик. Мантиқ шундаки, миллатимиз ҳар доим ҳам ўзбек деб аталмаган. Яъний, президент Каримов излаб топган мантиқсизлик халқнинг ўзгармас, собит ўзлигини унинг ўзгарувчан(ўзгарган) номи билан боғлашга урунишдан келиб чиқмоқдадир. Бу усул ўзбек халқига душманлик кайфиятидаги барча сохта “тадқиқотчи”лар қўллаб келаётган усулдир. Масалан, тилимиз “ўзбек тили” деб аталишдан илгари “чиғатой тили” деб аталган ва бу факт, табиийки, бизнинг миллатимизнинг “чиғатой” эканлигини англатмайди. “Чиғатой” калимаси ўз таркибига бутун Туркистон ва Шарқий Туркистонни   олган маъмурий ҳудудга берилган ном бўлиб, бу ном шу ҳудудда яшаган аҳолининг, этник келиб чиқишидан қатъий назар, барчасига нисбатан қўлланилган. Бу ҳудудда яшаган аҳолининг асосий қисмини бугунги ўзбекларнинг аждодлари ташкил этгани туфайли, “чиғатой тили” деганда, асосан, ўзбек тили тушуниладиган бўлган.   Яъний, мантиқ шундан иборат-ки, бир неча минг йиллик давлатчилик тарихимиз мобайнида улус ўлароқ бизнинг номимизнинг ўзгариб тургани бу ерда яшаган халқнинг ҳам доим ўзгариб, бошқа бир миллатлар билан алмаштирилиб турилганини англатмайди. Ҳатто мўғуллар истило қилганидан кейин ҳам Туркистонни мўғулллар эмас, маҳаллий аҳоли ичидан  тайинланган ноиблар бошқарган, чунки, бир кўчманчи қабила вакилининг ўтроқ маданиятга, ўтроқ яшаш тарзига эга бир халқни бошқариши имконсиз бўлган.

Умуман олганда, президент Каримовнинг бу “рисола”сига концептуал шаклда жавоб бериб ўтиришга зарурат йўқ, чунки, унинг мақоласида бундай ёндошишга арзийдиган бирон бир концепциянинг ўзи йўқ. Шунинг учун ҳам бу мақоладаги узуқ-юлуқ хитобларга биз ҳам қисқа-қисқа жавоблар бериш билан чекланиб қўяқоламиз. Масалан, муаллиф Атиллага ворислик хусусида шундай ёзади:”босқинчига ворис бўлиш фахр эмас, иснод-ку, бу иғвога учсак, эртага Европа биз ҳақда нима дейди?”

Муаллифнинг:”…босқинчига ворис бўлиш фахр эмас, иснод-ку” деган жумласи нафақат муаллифнинг дунёқарашини, балки, унинг тарихга, тарих илмига бўлган қараши ва муносабатини,  илмга ёндошиш шаклини ҳам очиқ намойиш этади. Юртбошининг бу гапи заъмирида “тарихимздаги барча иснод саналган фактларни йўқ қилиб ташлаб, фақат ифтихорга сабаб бўладиган нарсаларни қолдириш керак” деган “доктрина”ни кўриш мумкин. Бундан ташқари, ўз мақоласи бошида “қачонгача биз тарихимизни бировларнинг нуқтаи-назари, қаричи билан ўлчаймиз”, дея надомат қилган давлат раҳбарининг энди ўзи Европа “нуқтаи-назари ва қаричи” ҳақида қайғуриши жуда кулгули ва айни пайтда аянчли кўринади. Қолаверса, Каримов ўз ҳукуматининг асос тарғибот ва ташвиқот объекти бўлган Амир Темур шахси ҳам жуда кўп халқлар тарафидан “босқинчи” деб аталишидан хабари йўқ кўринади. Агар хабаари булса хам, Темурнинг юришларини у “босқинчилик” эмас, бор-йўғи бир “истило” деб мушоҳада қиладиганга ўхшайди.

Мақола давомидаги мана бу сатрларга бир қаранг:”Ўзбекистоннинг обрўйини кўтариш бир четда қолиб, аллақандай атиллаларга ворис бўлиш бизга мутлақо ярашмайди. Мен бунга қатъиян қаршиман”.

Муаллифнинг бу сатрлари рус ёзувчиси А.Чеховнинг “Олим қўшнига мактуб” номли ҳажвия-ҳикоясидаги  қаҳрамоннинг ёзиш ва фикрлаш услубини эслатади. Эсингизда бўлса, бу қаҳрамон ўзининг олим қўшнисига ёзган мактубида қўшнисининг “қуёшда доғлар бор” деган назариясини “бундай бўлиши мумкин эмас, чунки,  ҳеч қачон бундай бўлиши мумкин эмас!” қабилидаги “аргумент” билан инкор этади.

Юртбошининг атрофида унга: “илм, шу жумладан, тарих илми ҳам “мен бунга қаршиман”, “иғвога учиш”, “иснод” деган эҳтиросли гаплар воситасида бунёд этилмайди, тарихий ҳаққонийлик ” бундай тушунча ва хитоблар устига қурилмайди, биз, аждодларимиз ким ва қандай шахс бўлганидан қатъий назар, кайфиятга, шароитга қараб, уларни танлай олмаймиз” деб тушунтирадиган бир зот йўқ.

Энди бевосита “Атиллага меросхўрлик” ҳақида икки оғиз сўз: Атилла бир турк ҳукмдоридир ва у ўша пайтларда Туркистонда яшаган бошқа турк қавмларининг, яъний, бизнинг аждодларимизнинг қариндошидир, аммо биз ўз тарихимизни ва ўзлик ҳиссимзни айнан Туркистон билан боғлаймиз, чунки, Турк қавми Ўрта Русиядан тортиб, Ҳимолой тоғларигача, Дунай дарёси ва  Ўрта ер денгизидан тортиб, Узоқ Шарқ, Сибир, Хитой ва ва Мўғулистонгача чўзилган чексиз ҳудудларда яшаган улкан бир  қавмдир.

Мақолани таҳлил этишда давом этайлик, журналнинг 14 бетида муаллиф шундай ёзади:”Халқимизнинг миллий туйғусини, ғурурини уйғотадиган тарихий-илмий хулосалар қани? Нима учун бу масалада олимларимиз ўртасида беҳуда тортишувлар бўлмоқда?” Журналнинг 15 саҳифасида эса, бу гапларга том қарама-қарши бўлган қуйидаги сўзларни ўқиймиз:

“Ёшларга қанча тез йўл очиб берсак, илмда, ижодда шунча кўп изланиш, баҳс бўлади. Изланиш, баҳс, мунозара бор жойда эса, ҳақиқат юзага чиқади, тараққиёт бўлади”.

Энди бу “таълимот”ларга амал қилишга жазм қилган олимларнинг аҳволини бир тасаввур қилинг: уларнинг бутун ғайрати ва куч-қуввати асосан қайси баҳс-мунозара ва тортишув “беҳуда”-ю, қайси бири, аксинча, “ҳақиқатни юзага чиқарувчи ва тараққиётга хизмат қилувчи” эканлигини аниқлашга сарф килиниб, бундай “сафарбарлик”дан сўнг уларда на илм билан шуғулланишга  иштиёқ ва на бирон бир ташаббус қолади.

Умуман, ўзбек олимларининг бугунги аҳволи совет давридагидан ҳам кўра мавҳумроқ ва аянчлироқдир. Совет даврида, ҳар ҳолда, олим илмий иш ёзаркан, “юқори”нинг талаблари нимадан иборатлиги ҳақда аниқ бир тасаввурга ва ўзига хос йўлланмага эга бўлган, ҳозирги ҳокимият сиёсати эса, уларнинг илмий шуурларини бутунлай боши берк кўчага олиб кириб қўйди – олимлар юртбошининг “таълимотлар”идан сўнг нима ҳақда гапириш мумкин-у, нимани четлаб ўтиш кераклигини ҳам билолмай, гаранг бўлиб қолмоқдлар.

Масалан, телевидение орқали Атилла ҳақида батафсил маълумот берган бир олим хусусида Президент ғазаб билан шундай ёзади: “Кўрсатув бошловчиси, олим одам завқ-шавқ билан Атилланинг кимга уйланганини, тўй кечаси кимнинг кўрсатмасига кўра, ким томонидан заҳарлаб ўлдирилганигача оқизмай-томизмай томошабинга етказди, ҳатто Атилланинг туғилган кунигача аниқ айтди. Ўша олимдан Берунийнинг туғилган кунини айтиб беринг, десангиз, айта олармикин, худо билади”.

Агар бу бечора олим Атилла ҳақидаги маълумот Беруний ҳақдаги маълумотга зид келишини билганида эди, албатта, “йўлбошчи”нинг йўлидан юриб, Атилла ҳақида гапириб ўтирмаган ва фақат Беруний ҳақида гапирган бўларди.

Юртбоши ўз мақоласи давомида шундай ёзади: “Тафаккур” журналига берган интервьюмда Амир Темур бобомизнинг “Куч – адолатда” деган фикрини ривожлантириб, “Куч – билим ва тафаккурда” деган ғояни ўртага қўйдим. Тафаккур, маърифат, маънавият қаерда-ю, Атилла қаерда?”

Бу сатрлардаги тарихий миқёсга, ўтказилган параллелга каранг: Атилла, Амир Темур, Каримов… Уч нафар тарихий миссионер… Майли, муаллифнинг миссионерлик туйғуларига кўп ҳам тегинавермай, мақолани ўкишда давом этайлик, иқтибос:”Чуқурроқ ўйлаб кўрайлик, Атиллани рўкач қилиб, бизга сиз узбеклар ҳам кўчманчи халқсиз, демоқчи эмасмилар?… Тилимизда “тагли-тугли”, “палаги тоза” деган иборалар бор. Бу бир жойда муқим яшаган, ўз турмуш тарзига, аҳлоқ-одоб мезонларига, ақидалари ва тафаккур тарзига эга бўлган хонадонларга айтилади… Бизнинг миллий борлиғимиз, маданиятимиз илдизи, томири ўтроқ бўлган.”

Кўчманчиларнинг аҳлоқ-одоб мезонлари, ўз ақида ва тафаккури бўлмайди, деган фикрни ким муаллиф қулоғига шипшиди экан? Бутун инсоният, энг “ўтроқ” ҳисобланган халқлар ҳам бир пайтлар кўчманчи бўлган. Ва аксинча, асрлар буйи энг кўчманчи саналган лўлилар ҳам бугунги кунда ўтроқ ҳолда ҳаёт кечирмоқда. Уларнинг ҳам ўз маҳаллалари бор, масалан, Тошкентдаги “Очовот маҳалла” ёки Самарқанддаги “Лўли маҳалла” каби…

Юртбошининг ибораси билан айтганда, “ўзбекларга рўкач қилинган” Атилла борасидаги ўз фикримизни  юқорида айтдик. Бугунги Ўзбекистон минг йиллар давомида Туроннинг, Туркистоннинг қалби бўлиб келган ва бундан кейин ҳам, иншооллоҳ, шундай бўлиб қолади. Ўзбекнинг бугунги қиёфаси миллатни эмас, балки, Л.Гумилевнинг ибораси билан айтганда, “супер этнос”ни тамсил этади. Ўзбек халқи бугунги кунда Турк улусининг мавжуд бўлган бутун уруғларини ўзида мужассам қилгандир. Шу маънода улус сифатидаги мавқеи жиҳатдан бугунги Ўзбекларни фақат Усмонли турклари, яъний, ҳозирги Туркия турклари билангина тенглаштириш мумкин. Ўзбеклар хам худди Усмонлилар сингари Туркларнинг барча улусларини ўзига жамлагандир. Бу жамлик узун тарихимиз мобайнида ушбу иккита қардош халққа хос бўлган юксак маданият, давлатчилик шуури, саҳийлик  ва бағрикенглик хусусиятлари устига барпо қилиб келинган.

Хуллас, юртбошининг рисоласидаги айтилган гапларни “рисоладагидай” дейиш қийин, хўш, у ҳолда, бу рисоланинг ёзилишига туртки бўлган сабаб нима экан, балки, муаллифнинг фикридаги қоришиқликларга мақола ёзилиши учун кўрсатилган сабаб бир оз ойдинлик киритар? Бу ҳақда муаллифнинг ўзи кутилмаган бир самимият билан шундай шундай ёзади: “Ўйлаб кўрайлик, тарих фани маҳсули – унинг хулосаларидан аввало ким фойдаланади? Сиёсатчилар эмасми? Ўз сиёсатини оқлаш, уни олға суриш, тарғиб этиш, узвийлигини таъминлаш, обрўсини кўтариш учун улар тарих фани хулосаларига мурожаат қилади”.

Тарихнинг нима учун кераклигини энди тушундингизми, азиз уқувчи? Мана шундай мақсад билан ёзилган халқимизнинг тарихини бир тасаввур қилиб кўринг. Айтгандай, буни тасаввур қилиб ўтиришга эхтиёж йўқ, совет даврида ёзилган тарихимизни эслашингизнинг ўзи кифоя, бу даврда бутун тарихимиз муаллиф орзу қилгандай “ҳукумат сиёсатини оқлаш, уни олға суриш, обрўсини кўтариш” учун ёзилган эди. Муаллифнинг собиқ коммунист раҳбар бўлганини хотирласак, унинг тарихга бундай ёндошишидан ҳайратланишга ўрин ҳам қолмайди.

Хўш, тарихдан ўз сиёсатини оқлаш учун “унумли фойдаланиш”га киришган юртбошининг ўз тарих талқини воситасида олдинга сураётган ғояларининг совет давридаги ғоялардан фарқли жойи борми? Бор, албатта. Советлар бутун тарихимизни фақат халқни эзиб, эксплуатация қилиб келган мустабидлар тарихи сифатида кўрсатиб,  ўзларини эса, халкни бу мустабидлардан қутқарган ҳалоскорлар деб талқин қилган ва халқни буржуазия таъсиридан иҳоталашга урунган бўлса, Каримов ўзини мустақиллик курашчиси сифатида кўрсатиб, халқни нафақат собик совет мафкураси таъсиридан, балки, умуман, ҳар қандай таъсирдан, айниқса, халқнинг ўзлигини англашига туртки бўлиши мумкин бўлган туркчилик ғояси  таъсиридан сақлашга бел боғлагандир. Ўзининг бу мақсадини у ўз мақоласидаги қуйидаги сўзлари билан аниқ ифодалайди:”Туркийзабон халқ бор, турк халқи бор – бунинг фарқини ҳар бир фуқаромиз, аввало фарзандларимиз билиб олсинлар”. Хўш, юртбошига ўзбекнинг турк эмаслигини исботлаш нима учун керак?

Бу саволга жавоб топиш учун Ўзбекистон президентининг йиллар давомида олиб борган ички ва ташқи сиёсатидан бир оз хабардор бўлиш ва ҳукумат буюртмаси билан ёзилиб, Ўзбекистон матбуотида чоп этилаётган ўзбекларнинг миллий мансубиятига доир мақолалар ҳақида бир оз маълумотга эга бўлиш лозим. Маълумки, Ўзбекистон ҳукумати ўзининг сўнгги йиллардаги ташқи сиёсатида турк халқларининг интеграциясига совуққонлик билан қараб келди ва ҳатто баъзи ҳолларда унга мухолифлик (1996 йилда Қирғизистонда бўлиб ўтган турк халқлари қурултойи пайтида юз берган воқеаларни ва Туркияда ўқиётган ўзбек талабаларининг Ўзбекистонга чақириб олиниши сингари воқеаларни эсланг) қилиб келди. Ички сиёсатда эса, турк халқларининг бирлашиши ғоясига қарши тарғиботлар олиб борилиб, шу йўналишда матбуотда бир қатор мақолалар чоп этилди. Масалан, “Ўзбекистон овози” газетасида 1994 йилда чоп этилган “Туркми ёки ўзбек?”, “Ўзбек халқининг келиб чиқиш тарихи”  сингари мақолалар шулар жумласидандир. Бундай тарғибот бугун ҳам “ўзга ғоя ҳукмронлигига йўл қўймаслик” баҳонасида кенг жабҳада олиб борилмоқда. “Ўзга ғоя”нинг нимадан иборатлигини эса, зукко ўкувчи дарров англаб олишига шубҳа йўқ, бу – халқнинг ўзлигини таниши, тарихий хотирасининг тикланишидир. “Тарихий хотирасиз келажак йўқ” деган гапни айтган одамнинг ўзи халқнинг хотирасини йўқ қилишда жонбозлик кўрсатиб, халқнинг келажагига болта урмоқда. Тарихий хотирасиз факат келажак эмас, балки, ўтмиш, тарих ҳам йўқлигини “ҳукумат сиёсатини оқлаш, уни тарғиб қилиш” учун тарих ёзаётганлар англамайдиларми?

Мақсуд Бекжон

1998

Kategoriler:Сиёсат
  1. Henüz yorum yapılmamış.
  1. No trackbacks yet.

Bir Cevap Yazın

Aşağıya bilgilerinizi girin veya oturum açmak için bir simgeye tıklayın:

WordPress.com Logosu

WordPress.com hesabınızı kullanarak yorum yapıyorsunuz. Çıkış  Yap /  Değiştir )

Google fotoğrafı

Google hesabınızı kullanarak yorum yapıyorsunuz. Çıkış  Yap /  Değiştir )

Twitter resmi

Twitter hesabınızı kullanarak yorum yapıyorsunuz. Çıkış  Yap /  Değiştir )

Facebook fotoğrafı

Facebook hesabınızı kullanarak yorum yapıyorsunuz. Çıkış  Yap /  Değiştir )

Connecting to %s

%d blogcu bunu beğendi: