Зулмдан қутулиш йўли
ЎХҲ сайти таҳририяти Ўзбекистонлик таниқли сиёсатчилар,журналистлар, ҳуқуқбонлар ва мухолифат фаолларига бир неча саволлар билан мурожаат қилди. Қуйида сиз ЎХҲнинг Норвегия бўлими раиси Мақсуд Бекжон жавоблари билан танишасиз.
Савол: АҚШни ва шунингдек ОИ (Оврупо Иттифоқи) нинг ўзбек режимига нисбатан юргизаётган бугунги сиёсати сизнингча нимани англатади.Яъни, ИАК режимини 2005 йилдаги Андижон қирғини Халқаро ҳамжамият томонидан “унутилдими” ёки “кечирилдими”?
Жавоб: АҚШнинг Андижон қатлиомига муносабати борасида бошқа бир калимани қўллаш керак наздимизда, масалан, “кўз юммоқ”, “четга суриб қўймоқ” каби. Чунки, “унутмоқ” ва “кечирмоқ” туйғуга оид сўзлардир, сиёсатда бундай сўзлар кўпинча миллий қадриятларга оид масалаларда ишлатилиши мумкин. Хўш, Андижон қатлиоми АКШнинг миллий қадриятлари сирасига кирадими? Йўқ, албатта. Худди шундай, “демократия” ва “эркинлик”ларни ҳам АҚШ миллий қадриятлари сирасига киради, дейиш қийин, улар кўпроқ АҚШнинг “миллий қадриятлар” деб эълон қилинган “давлат манфаатлари” сирасига киради. Эътироф этиш керак-ки, АҚШда “давлат манфаати” ва “миллий манфаатлар” ўртасидаги тафовут яққол кўзга ташланиб туради(бу икковининг ҳам кўп ҳоларда “миллий манфаатлар” деб аталиши эса, бошқа масала). АҚШ давлати бугун, режиссер Майк Мур айтганидай, корпорациялар бошқаруви остидаги улкан бир ширкатга айланди, дейиш мумкин ва бу ширкат ичидаги оддий ишчилар(фуқаролар) билан раҳбарият (корпорациялар анжумани) манфаатлари айни нарса, дейиш қийиндир. Ироқ, Афғонистондаги урушлар АҚШ халқига бирон бир фойда келтиргани ҳақда гапириш мумкин эмас, аммо шу билан бирга бу урушлардан жуда катта фойда кўрган гуруҳлар бор-ки, бу гуруҳлар ўзларини “давлат манфаатлари” тамсилчилари деб тақдим қилишади. Андижон қатлиомига АҚШнинг муносабати масаласида ҳам шу воқеликни кўздан қочирмай, мулоҳаза юритиш лозим. Умуман, АҚШнинг Андижон қатлиомига ўхшаш масалаларда тутган позициясини қандай изоҳлаш мумкин? Нега АҚШ бу қатлиомни бошиданоқ, ҳатто Ўзбекистонда ўзининг ҳарбий базалари жойлаштирилганига қарамай, ҳеч иккиланмай қоралади-ю, энди бу қоралашларни “унутиб” қотил режим билан яна дўстликни тиклаш ҳаракатига тушди? Бу саволга жавоб беришдан олдин, АҚШнинг “миллий қадриятлари” масаласига яна бир назар ташлайлик; АҚШ бутун дунёда ўзини демокртия ва эркинликлар курашчиси ва ҳомийси сифатида тақдим этади, аммо айни пайтда Саддам Ҳусайин, Ҳусни Муборак, Каддафи, Каримов сингари диктаторлар билан дўстлашишдан ҳам ҳазар қилмайди ва бу дўстлик кўп ҳолларда “миллий манфаатлар”, “реал политик”, “прагматизм” калималари билан ўралади ва бунга бирон бир эътироз билдириш қийин – бир давлатдан, бошқа бир халқнинг ҳаётига оид бўлган “демократия” ва “эркинлилар” сингари кандайдир мавҳум идеаллар учун ўз манфаатларига қарши ҳаракат қилишни талаб қилиш ўринсиздир. Энди АҚШнинг Андижон қатлиомига муносабати ва баёнотлари ўтган эволюцион йўлни таҳлил қилайлик. Умуман, бундай баёнотлар нима учун керак ўзи, уларни АҚШнинг “давлат манфаатлари” тақозо қиладими? Ҳа, албатта, бундай баёнотлар АҚШ давлат манфаатлари тақозо қилган баёнотларидир, чунки, “давлат манфаатлари” нобарқарор бир режим билан дўстлашишни тавсия қилмайди. Хўш, нега энди бу баёнотлар бугун ўз долзарблигини йўқотди? Чунки, АҚШнинг Андижон қатлиоми Ўзбекистондаги режимни нобарқарор қилади, деган шубҳалари тасдиқланмади, режим ҳеч нарса бўлмагандай ҳукмронлигини давом эттирмоқда, халқ Андижон қатлиомига АҚШ кутганидай муносабат кўрсатмади, демак, АҚШнинг “давлат манфаатлари” бундай стабил бир режим билан дўстлашишни ҳеч инкор этмайди, аксинча, рағбатлантиради, бор-йўғи – шу.
Савол: Ақш, Россия, Хитой ва ОИнинг Марказий Осиёдаги иқтисодий ва сиёсий манфаатлари нималардан иборат деб биласиз?!
Жавоб: Русиянинг Марказий Осиёдаги манфаатлари аввалдан маълум: СССР қулаганидан кейин ўзини бу империянинг меросхўри деб эълон қилган Русия СССРнинг стратегик планларини ҳам мерос қилиб олди ва бугун ҳам шу ўтмиш хаёллари билан яшамоқда. Хитой манфаатларини эса, бир сўз билан “ҳаётий макон”(нем. Lebensraum) яратиш калимаси билан ифодалаш мумкин. Адолъф Ҳитлер режими очиқ олдинга сурган бундай сиёсатни хитойликлар ими-жимида, ўз ўлжасига сездирмай яқинлашаётган бир тимсоҳ сингари(ассимилияция, миграция орқали) амалга оширмоқда. Ва бу сиёсат, шубҳасиз, келажакда минтақа ўлкаларига энг катта муаммо келтирадиган сиёсатлардан биридир.
ОИнинг Марказий Осиёдаги манфаатларини эса, аслида, АҚШнинг бу минтақадаги манфаатларининг инъикосидир, дейиш мумкин. Энди АҚШнинг ўзининг манфаатларига келсак, бу хақда юқорида фрагментар шаклда гапириб ўтдик, аммо бу давлатнинг нафақат Марказий Осиёда, балки, бутун дунёда кўзлаган манфаатларини бир жумла билан ифода этиш мажбуриятида қолсак, уни “глобализация” деб атаган бўлар эдик. Медицина, биология, электроника, информатика, космологиядан тортиб, янги динларгача(саентология) шу глобализация тадбиғига йўналтирилгандир. Масалан, ўтган йилларда дунё оммавий ахборот воситалари орқали роса ваҳима қилинган, аммо кейин маълум бўлишича, аслида, ўзи деярли мавжуд бўлмаган “чўчқа грипи” билан, “чипизация”(одамлар танасига чип жойлаштириш) тарғиботи, глобал иқлим ўзгариши билан (озон катламларининг емирилиши), глобал иқтисодий инқирозлар ўртасида, бир қатор давлатлар орасидаги чегараларнинг олиб ташланаётгани(Оврупо Иттифоқи) ва бир қанча ўлкаларда ягона пул бирлиги(евро) жорий этиш амалларининг ҳаммаси шу глобализация сиёсати маҳсулларидир. Бу сиёсатга кўра, яқин келажакда бутун дунё бир гуруҳ одамлар томонидан назорат қилиниб, бошқарилиши лозим. Масалан, 20 октябрь куни эълон қилинган бир маълумотга кўра, Швейцариянинг Цюрих университети мутахассислари дунёнинг 37 миллион дона энг йирик ширкатлари фаолияталарини математик шаклда анализ қилиб чиқиб, даҳшатли хулосага келишган: маълум бўлишича, бутун дунё ягона “супер корпорация” тарафидан бошларилмоқда ва айнан шу “корпорация” дунё иқтисоди ипларидан тортиб, уни “ўйнатмоқда”. “Воқелик шу қадар мураккаб-ки, биз ҳар хил догмалардан – ҳоҳ у “фитна назарияси” ва ёки “эркин иқтисод назарияси” бўлсин – узоқ туриб, анализ ўтказдик, бизнинг таҳлилимиз реал ҳисоб-китобларга асослангандир”,- дейди комплекс системлар теоретиги Джеймс Глаттфелдер. Дунёни бошқараётган 43 мингта бир-бири билан чамбарчас боғланган ширкатларнинг энг тепасида турган илк ўнлик қуйидагилардан иборат:
- Barclays plc
- Capital Group Companies Inc
- FMR Corporation
- AXA
- State Street Corporation
- JP Morgan Chase & Co
- Legal & General Group plc
- Vanguard Group Inc
- UBS AG
- Merrill Lynch & Co Inc
Цюрих университети тадқиқотчилари фикрига кўра, ҳoзир бутун дунёда “Уолл Стриттни ишгол эт” деб номланган протест кампаниялари шу корпороциялар фаолиятига қарши қаратилгандир.
Савол: Келажакдаги ўн йилликда Марказий Осиё Республикаларидаги (Афғонистонни ҳам қўшиб ҳисоблаганда) сиёсий ижтимоий ва иқтисодий ўзгаришларни қандай тасаввур қиласиз?
Жавоб: Бу хусусда бир тасаввурга эга бўлиш қийин, минтақа нормал, стабил бир шаклда яшаётгани йўқ, жараёнлар тезлиги ва йўналишини худди тиқилган қон томирларидаги қон йўналиши ва тезлигини башорт қилиш каби қийиндир. Бу қон томирларни ёриб юбориши ҳам ва ёки умуман тўхтаб қолиши ҳам мумкин. Башоратлар – фақат стабил ривожланаётган жамиятларда қандайдир мазмун касб этиши мумкин.
Савол: Ўзбекистоннинг давомли Диктатурадан ва қашшоқликдан қутулиш имконияти борми? Асосийси бунга бугунги кунда қайси шаклда эришиш имконлари мавжуд?!
Жавоб: Инсоният ҳали диктатура ва қашшокликдан қутилишнинг курашишдан бошқа бир йўлини ўйлаб тополгани йўқ, биз ҳам ҳозирча фақат шу усулдан фойдаланишга мажбурмиз.
22.10.2011